Неча йил яшайсан фоний дунёда?
Ана, бор, етмиш йил, дейлик, яшадинг.
Офату ташвишлар қилмай ғамбода,
Худди подшолардек ошинг ошадинг.
Қанчалик лаззатли бўлса ҳам ҳаёт,
Нозу неъматларга кўмилган, ширин,
Мангуга таққослар экансан, ҳайҳот,
Кўринар ҳақиқий баҳоси тайин.
Қай оқил мангулик ҳаётин ахир,
Алишар биргина лаҳзали дамга?
Бу зиён савдони англаш учун бир,
Пулга чақиб бериш керак одамга.
Раббинг лутф кўрсатди, озгина фурсат,
Яшасанг дунёда У айтганича,
Сенга мангу Жаннат берилар албат,
Ўлиш йўқ, касал йўқ, қарилик ҳечам!
Кишилар маскани бир-бирдан олис,
Бири бирисидан бўлар юқори.
Дунёда қилинган амаллар боис,
Масканлар, неъматлар фарқ этар бари.
Келгил, Жаннатдаги битта неъматни,
Сенга ҳикоятин қилайин баён.
Ўқиб ул жойдаги қолган лаззатни,
Таққосла, ҳақиқат кўринар аён.
Жаннатга энг сўнгги кирар одам-чун,
Ернинг ўн чандони — маскан бўладир.
Ундаги неъматлар, кенгликлар бутун,
Ўйласанг, инсоннинг ақлин оладир.
Яна бир ривоят келишича, ҳар,
Мўъминнинг гавҳардан чодири бўлар.
Шишадек бул гавҳар товланар юз тур,
Унда ҳури ғилмон хизматин қилар.
Ё Раб, Ўзинг қўлла бандангни ҳар вақт,
Алданиб қолмасин фоний дунёга.
Сенинг ризойингга кўз тиксин фақат,
Интилсин доимо мангу Маъвога.