Яҳудийлар даҳосини ўлдирган йигит ҳикояси

ҲИКОЯЛАР

  Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Рофиъ номли яҳудийни ўлдириш учун Абдуллоҳ ибн Атик ва Абдуллоҳ ибн Атаба икковини бир неча киши билан жўнатдилар. Улар Абу Рофиънинг қўрғони яқинига бордилар. Абдуллоҳ ибн Атик уларга:

 – Шу ерда туриб туринглар, мен бориб хабар олиб келаман, деб бир ўзи қўрғон томон кетди.

   Абдуллоҳ ибн Атик ўзи шундай ҳикоя қилади: “Қўрғон эшиги олдига бориб пойлаб турдим. Бирдан эшик очилиб, йўқотган эшакларини ахтариб бир неча киши ташқарига чиқиб қолишди. Мени таниб қолишларидан қўрқиб, худди ҳожат ўтаётган одам каби бошимни або билан ўраб ўтириб олдим. Эшикбон:

– Кирадиганлар эшикни беркитмасимдан кирсинлар,- деб бақириб қолди. Ичкарига кирдим-да, дарвоза яқинидаги от-эшаклар боғланадиган жойга беркиниб олдим.

   Бир неча нафар Абу Рофиъ ҳузурида кечки овқатни ейишиб, сўнг бир вақтгача суҳбатлашиб ўтирдилар-да, кейин уй-уйларига тарқалишди. Товушлар тиниб, жимлик бўлиб қолгач, жойимдан чиқдим. Эшикбон эшикни қулфлаб, калитни девор тирқишига қўйганини кўрган эдим. Калитни олиб, эшик қулфини очиб қўйдим-да, посбонлар кириб кетган уйларни устидан қулфлаб қўйдим. Абу Рофиъ ётган уйнинг зинасидан баланд айвонига чиқдимда, у ётган хонага кирдим. Кеча жуда қоронғу бўлиб, чироқлар ўчирилган эди. Эр қаерда-ю, хотин қаерда ётганини билиб бўлмас эди.

–        Абу Рофиъ, – деб чақирдим.

–      Ким бу? – деди у. Товуш келган томонга мўлжаллаб қилич солдим, қилич хадафга тегмади. Сўнг овозимни ўзгартириб гўё ёрдамлашмоқчи бўлиб:

–        Нима гап, эй Абу Рофиъ?– дедим.

–     Онанг туғмай ўлгур, қарамайсанми?! Биров кириб олибди, менга қилич солди,– деди. Мен товуш келган томонга яна қилич солдим. Буниси ҳам тегмади. Шунда у бақириб юборди. Хотини ҳам ўрнидан туриб кетди. Бир оз нари бориб овозимни ўзгартириб ёрдам бергувчи кишига ўхшаб яна келдим. У чалқанча ётган эди. Тепасига келиб, қорнига қиличимни тираб, бор оғирлигимни ташладим. Ҳатто суяклари ғисирлаганини эшитдим. Шоша-пиша ташқари чиқдим. Шошилганимча зина олдига келдим-да, зинадан тушаётиб, йиқилиб кетдим. Шунда оёғим лат еди. Уни рўмол  билан боғлаб олиб, шерикларим олдига келдимда:

–   Йиғи товуши чиқмагунча мен ҳеч қаёққа кетмайман,- дедим. Тонготар пайти қўрғондан йиғи овози кўтарилди. Шерикларимга етиб олдим. Росулуллоҳ ҳузурларига бордик. Бўлган воқеани гапириб бердим. Сўнг боғланган оёғимни кўрсатдим.

–     Оёғингни узат! – дедилар. Мен оёғимни узатган эдим. У киши муборак қўллари билан силаб қўйдилар. Оёғим гўё ҳеч нарса бўлмагандек асли ҳолига қайтди”.

Улашинг :
𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *