Бугун дунё жадаллик билан ривожланиб бораётган бир замонда бутун инсоният заиф бўлиб кўриняпти кўзимга. Ҳатто дуосининг қабул бўлмаётганидан кўнгли тўлмай, нолиб юрганларга ҳам гувоҳман. Бу борада ўзимни мисол қилиб келтиришим мумкин. Ёшлик пайтларимда Аллоҳга қилган илтижоларим қабул бўлмаётганига, Аллоҳнинг дуоларимга жавоб бермаётганига ақлим етмасди. Ваҳоланки, У ҳар нарсани билиб, кўриб тургувчи Зотдир.
Яқинда ҳаёт саҳифаларимни варақлаб туриб, Аллоҳнинг ҳар бир ишни ҳикмат ила қилгувчи буюк Зот эканига яна бир бор амин бўлдим…
Мен Аллоҳдан куч сўрагандим, У менга бир қанча қийинчиликларни инъом етди. Уларни энгиб ўтиш давомида ана шу сўраган нарсамга эга бўлган эканман.
Аллоҳдан ақл сўрагандим. У мени ҳаёт муаммоларига дучор қилиб, бу илтижойимни ҳам амалда тасдиқлаб берган экан.
Қилаётган ишимга ривож сўрагандим. Аллоҳ эса мени ишга кўмиб ташлаб, ҳаётимнинг жўшқин ўтишини таъминлаб берган экан.
Мен Аллоҳдан иймон сўрагандим, Аллоҳ илтижоларим асосида иймонимни мустаҳкамлаётган экан. Аллоҳдан жасорат сўрагандим. У менга мусулмонларга ёрдам қўлини чўзишдек имкониятни бекаму кўст яратиб берган экан.
Мен Аллоҳдан ҳаловат сўрагандим. У менга қалб бериб, иймон ила уни безатиб қўйган экан. Ундан яна ҳусн сўрагандим. У менга бутун қўл, бутун оёқ, бутун тана инъом қилган экан.
Мен Аллоҳдан тўғри йўлни сўраган эдим, У менга энг тўғри йўл бўлмиш Исломни кўрсатиб қўйган экан.
Мен Аллоҳдан дуоларимнинг қабул бўлишини сўраган эдим. У ҳамма илтижоларимни Ўзининг буюклиги билан таъминлаб қўйган экан.
Хуллас, мен сўраган нарсаларимга эришган эканман… Ўзига шукур!