Ҳавла бинти Азвар (разияллоҳу анҳо)нинг укаси Зарор (разияллоҳу анҳу) Дамашқ иртиботида бўлган жанг майдонида кофирлар қўлига асир тушиб қолди. Холид ибн Валид (разияллоҳу анҳу) бу кишини озод қилишлик учун ҳаммани кофирлар билан жангга сафарбар қилди. Жанг майдонида Холид ибн Валид (разияллоҳу анҳу) шавқу-завқ билан шеър ўқиган ҳолда кофирларга юзма-юз бўлаётган пайтда, от устига минган ва қўлида эса узун найзаси бўлган бир чавандозни кўриб қолди. Бу чавандозда оқиллик, ҳушёрлик ва жанг маҳорати борлиги зоҳир эди. Устига қора рангли либос кийиб, шу билан баданининг ҳамма жойини тўсган, белини қора дастор билан боғлаган ва ҳаммадан илгарироқ, худди ўқ каби ҳаракат қилар эди.
Холид ибн Валид (разияллоҳу аҳу) бу киши ким эканлигини билишликни орзу қилиб шундай деди: “Аллоҳга қасам-ки, бу киши жуда ҳам ғаюр киши экан…”
Мусулмонларнинг лашкарлари душманга яқинлашган пайтда бу киши душманга худди бургут товуқлар устига ҳамла қилгандек ҳамла қилар ва бунинг ортидан душманнинг доду-фарёдлари кўтарилар эди. Бу киши жасурлик ва баҳодирлик сифати билан душман лашкарлари ичкарисига кириб, уларнинг сафини барбод қилиб, қанчадан-қанча аскарларни ҳалок қилар эди.
Ҳар бир қилган ҳамласида ўн ёки ундан кўпроқ бошларни танасидан жудо қилиб қайтиб чиқар эди. Мусулмонлар бу киши Холид ибн Валид (разияллоҳу аҳу) бўлсалар керак деб ўйлашар эди.
Жангдан сўнг Рофеъ бин Умайр (разияллоҳу анҳу) кўп таажжубланиб Холид ибн Валид (разияллоҳу аҳу)дан: “Бу киши ким?” — деб сўради. Холид ибн Валид (разияллоҳу анҳу) эса: “Мен ҳам ҳайронман, бу киши ким бўлса!?” — деб жавоб берди.
Иккинчи марта кофирларга қарши умумий ҳамла бошланди. Холид ибн Валид (разияллоҳу анҳу) лашкарнинг олдида турган пайтда бу номаълум чавандоз ўқ каби душман сафига кириб кетди. Румликларнинг бирор аскари бу кишининг қаршисига чиқишга тайёр эмас эди. Шунинг учун рум аскарлари бу киши билан муқобила қилишликдан қўрқиб ўзини четга олиб қочар эди.
Бу чавандоз эса майдонда туриб уришар, бирор нарсадан қўрқмас, аксинча душман аскарлари бу кишидан қўрққанлигидан қочиб кетарди. Номаълум чавандоз душман сафидан ажралиб мусулмонлар сафига қайтаётган пайтида худди қизил атиргулдек душман қонига бўялиб қоларди. Бир сафар қайтиб келганида Холид ибн Валид (разияллоҳу анҳу) бу кишига яқинлашиб: “Эй жасур жангчи, Аллоҳнинг душманлари билан жангга чиқиб ўз юрагингизни совитиб олдингиз, сиз кимсиз?” –деб сўради.
Бу киши бирор нарса демасдан яна жангга тайёрланди. Холид ибн Валид (разияллоҳу анҳу) иккинчи марта яна сўради: “Сиз менга ва бошқа мусулмонларга енгиллик ато этдингиз, сиз ким бўласиз?… Бунчалик бепарвосиз, айтинг ахир, сиз кимсиз?!”
Ниҳоят бу киши Холид ибн Валид (разияллоҳу аҳу)га жавоб берди:
“Мен сизга итоатсизлик қилиб жавоб беришликдан юз ўгирмадим,… Лекин мен уяламан, чунки мен аёлман, мен ўз дардим учун жанг майдонига чиққан эдим.”
Холид ибн Валид (разияллоҳу анҳу) ҳайрон бўлган ҳолда яна сўради: “Сиз қайси аёлсиз?”
“Мен Зарор ва Ҳавла (разияллоҳу анҳумо)ларнинг сингиллари бўламан, акам Зарор асир бўлганлигини эшитиб майдонга чиқдим ва сиз гувоҳ бўлган ишларни амалга оширдим.”
Холид ибн Валид (разияллоҳу анҳу) буни эшитиб кўз ёш тўкди ва бу аёлнинг акасини озод қилишлик учун яна ҳаммани жангга сафарбар қилди. Бу сафар жангда Ҳавла (разияллоҳу анҳо) ҳам иштирок этди ва лашкарнинг аввалги сафида туриб жанг қилди.
Рофеъ ибн Умайр (разияллоҳу анҳу) айтади: “Мен Ҳавла бинти Азвар (разияллоҳу анҳо)ни Холид ибн Валид (разияллоҳу анҳу)нинг бир тарафида туриб шу даражада жанг қилаётганини кўрдим-ки, бу воқеани кўрган румликлар шундай дейишар эди: “Агар барча араблар шу киши каби шижоатли ва баҳодир бўлишганида, биз ҳаргиз булар билан жанг қила олмас эдик.”
(Футуҳуш-Шом китобидан, 1/40)