Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Қайғуларни кетказгувчи, ғамларни кушойиш қилгувчи Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар бўлсин!
Сўнг …
Ўғилгинам, ушбу мактуб сенинг онангдандир. Мен бу мактубни анчагина тараддудланиб ва ийманиб ёздим. Қаламни қўлимга бир неча марта олган бўлсамда, кўзларимдан қуйилган ёшлар туфайли ёза олмадим. Кўз ёшларимни тўхтатсам, қалбимнинг фарёдлари бошланди.
Ўғилгинам, ўтган узоқ вақтдан кейин сени баркамол, оқил ва ҳиссиётларини қўлга олган эркакдек кўриш бахтига муяссар бўлдим. Бу сатрларни ўқиш зиммангдаги менинг ҳақларимдан бири бўлиб, ўқиб бўлганингдан кейин бундан илгари кўнглимни парчалаганингдек, уни ҳам йиртиб отарсан!
Ўғилгинам, бундан йигирма беш йил аввал доктор хотин менинг ҳомиладор бўлганимни айтган кун, ҳаётимнинг энг ёруғ кунларидан бири бўлган эди. Ўғилгинам, оналар бу гапнинг маъносини жуда яхши биладилар. Ҳомиладорлик – қувонч ва сурурнинг онадаги жисмоний ва руҳий қийинчиликларнинг бошланиши билан қоришишидир. Ўша муждадан кейин мен сени ўз қорнимда тўққиз ой севиниб ташидим. Ўрнимдан қийналиб турар, қийналиб ухлар, қийналиб ер ва қийналиб нафас олар эдим. Бироқ бу қийналишлар кунлар давом этишига қарамай сенга бўлган муҳаббатимни заррача бўлсада камайтира олмади. Билъакс, кундан–кун сенга бўлган шавқу муҳаббатим ортиб борди.
Ўғилгинам, мен сени қийналиб ва оғриқ устига оғриқ билан кўтариб юрган бўлсамда, сенинг қимирлашинг, вазнинг ортиши билан севинар эдим. Ҳолбуки, сен юк каби оғир эдинг!
Кунлар ўтиб бир кечанинг тонги балқди. У кеча кўзларим мижжа қоқмади. Қоғозга тушуришга қалам, гапиришга тил ожиз бўлган оғриқ ва аламларни чекдим. Оғриқлар шу даражада эдики, ҳатто йиғлай олмас эдим. Ўша лаҳзаларда ўлимни бир неча марта кўз олдимга келтирдим. Ва сен дунёга келдинг! Чинқирган товушинг кўзларимдан оққан севинч ёшларга уйғунлашиб, чеккан оғриқ ва аламларимни унуттирди. Сени меҳр билан бағримга босиб, юзларингдан ўпдим!
Ўғилгинам, кунлар тунларни, тунлар кунларни қувалади. Сени бағримда ташир, қўлларим билан ювинтирар, кўкрагимдан озиқлантирардим. Сенинг ороминг учун тунлари бедор бўлардим… Сенинг эҳтиёжларингни тайёрлаш учун кунларимни ўтказардим… Ҳар кунги орзуйим сенинг табассумингни кўриш, қувончим эса бирон нарсани талаб қилсанг ўшани муҳайё қилишда эди. Бу, менинг энг бахтиёр онларим эди.
Кунлар ўтар ва мен сенинг беминнат хизматкоринг, тинмай оқ сут берган булоғинг, ором билмаган ишчинг, ҳаққингга тавфиқ ва эзгуликларни тилаган дуогўйинг эдим. Сен улғайиб йигитлик ёшига қадам босар экансан, кўзимни сендан олмас эдим. Бўйдоқлик даврингда сен ёқтирган қизни олиб бериш учун гоҳ у томон, гоҳ бу томонга елиб, югурдим.
Уйлантириш замони яқинлашиб, тўйни ҳам тайинладик. Янги ҳаётинг ҳақида хаёл сурар экан кўзларимдан севинч ёшлари, айрилиқ онини тасаввур қилар экан ўкинч ёшлари қуйилар эди.
Тўйдан кейинги кунлар ва лаҳзалар мен учун оғир ва секин ўтар эди. Чунки сен ўзгардинг ва мен таниган ўғлимга ўхшамай қолдинг. Юзингдаги табассум, оғзингдаги ширинсуханлик йўқолиб, юзингда тундлик пайдо бўлди. Сен, мени ва ҳаққимни унутдинг … Орадан кунлар ўтган бўлсада кўзларим дарвозага термулган, остонадан ҳатлаб келишингни кўриш ва ширин сўзларингни эшитиш илинжидаман… Лекин сендан дарак йўқ! Кўзларим ҳануз йўлингда! Лекин қорангни кўрмайман! Телефоннинг гўшагини олишдан ҳам қўрқиб қолганман! Чунки, қўнғироқ ҳам қилмайсан. Оҳ, кечаларнинг зулмати! Кунларнинг узунлиги! Ўғилгинам, нега келмайсан?! Нега қўнғироқ қилмайсан?! Наҳотки, сенга беминнат хизмат қилган онангни унутган бўлсанг?!
Ўғилгинам, мен сендан арзимаган нарсанигина сўрамоқчиман… Илтимос, мени ҳам ўзингга энг яқин бўлсаларда, сендан узоқларда турадиган дўстларинг қаторида кўр! Ўғилгинам, сени бир неча дақиқа бўлса ҳам кўришим учун бир ойдаги битта бекатинг менинг ҳузурим бўлсин!
Ўғилгинам, қаддим дол бўлиб, касалликлар домига тушдим. Жойимдан қандай қийналиб турсам, шундай қийналиб ўтираман. Юрагим эса сенинг муҳаббатинг билан урмоқда!
Биров сенга яхшилик қилса, ўша яхшилиги учун унга мақтовлар айтасан. Онангнинг сенга қилган яхшиликлари эса, қиймат тайинланмайдиган даражада бебаҳодир! Мен сенинг хизматингни йиллар давомида қилдим! Бунинг мукофот ва тақдири қани?! Ўғилгинам, наҳотки шунчалар банд ва тошбағир бўлиб кетган бўлсанг!
Ўғилгинам, ҳаётингдан бахтиёр эканингни эшитган дамларимда қувончимга қувонч, суруримга сурур қўшилади. Лекин ҳайратланаман: Сен мен тарбия қилган ниҳол эмасмисан?! Мен сенга қандай гуноҳ қилдимки, кўришга тоқатинг бўлмаган, кўриб кетишинг оғир ботган душманингга айландим?! Сенга муомала қилар экан бирон кун хатога йўл қўйдим–ми ёки хизматларингни тўкис бажара олмадим–ми?! Мени ҳам қўлингда хизмат қилиб, маошларини олаётган хизматкорларингдек кўр ва менга ҳам шафқат кўрсат ва қилган хизматларим ҳаққини бер! Яхшилик қил! Ахир Аллоҳ таоло яхшилик қилганларни суяди-ку?! Ўғилгинам, бир марта бўлса ҳам ўша тунд ва ғазабнок жамолингни кўрсат! Сендан жамолингдан бошқа нарсани сўрамайман.
Ўғилгинам, юракларим оқиб, кўз ёшларим қуриди. Сен ҳаётингни давом эттирар экансан, одамлар гўзал ахлоқинг, жўмардлигинг ва саховатинг ҳақида кўп гапирадилар.
Ўғилгинам, наҳотки мендек заифа ва маҳзуна аёлга раҳминг келмаса?! Ғаму андуҳларим мени тугатди. Кўз ёшларим қуриди. Наҳотки, онага бўлган меҳрни ҳам унутган бўлсанг?!
Ўғилгинам, жаннат дарвозаси олдингда турибди. Унинг сари йўл ол. Жаннатнинг дарвозасини қоқ ва остонадан табассуминг ва очиқ чеҳранг билан кириб кел! Шояд мен ўша онда сени ҳадисда келганидек Роббимнинг раҳмати билан кутиб оларман: «Она (ёки ота) – жаннат дарвозасининг ўртасидир: хоҳласанг уни зое қил, хоҳласанг ундан айрилма!» (Термизий 1900; Имом Аҳмад 27551).
Ўғилгинам, мен сенинг болалик чоғингдан савобли ишларни қидириб юрганингни ва хайрли ишларни қилиб улғайганингни яхши биламан. Бироқ сен бугун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини унутдинг: «Аллоҳга энг севимли иш ўз вақтида ўқилган намоз, кейин эса ота–онага яхшилик қилиш, кейин Аллоҳ йўлидаги жиҳоддир!» (Имом Бухорий 527; Имом Муслим 264).
Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан муқаддам қўйилган ўша савоб, олдингда турибди. Аллоҳга севимли бўлган амалларни қиладиган сендек одам нега турибсан?!
Ўғилгинам, мен сенинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилга олган кишилардан бўлиб қолмаслигинг учун Аллоҳга сиғинаман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч марта: «Хор бўлсин!»– дедилар. Саҳобалар: «Ким, ё Расулуллоҳ?» деб савол беришганида: «Кексайган пайтларида ота–онасининг ҳар иккисини ёки бирини топган ва жаннатга кира олмаган одам!»– деб жавоб бердилар (Имом Муслим 6675).
Ўғилгинам, мен ҳеч кимга шикоят қилмайман ва қайғуларимни атрофларга ёймайман. Чунки шикоятим булутлар оша кўтарилиб, самолар давозасига етиб борса оқпадарлик фалокатлари сенга ва хонадонингга ёғилади … Йўқ! … Йўқ! … Мен ундай қилмайман. Чунки сен менинг жигарпорам, қалбимнинг райҳони ва дунёйимнинг кулган чеҳрасисан!
Ўғилгинам, ўзингга кел! Сочларингга оқ оралаб, кунлар ўтиб сен ҳам кекса отахон бўласан. Жазо эса қилган амалингнинг жинсидан келади. Сен ҳам фарзандларингга мушфиқ онангдек кўз ёшларини тўкиб мактуб ёзасан … Даъвогарлар эса Аллоҳнинг ҳузурида тўпланишади!!
Ўғилгинам, онанг ҳаққида Аллоҳдан қўрқ ва ундан айрилма! Чунки, жаннат унинг пойи остидадир. Онангнинг кўз ёшлари қуриди, қайғулари эса тоғлар мисоли!
Ана энди хоҳласанг онангнинг мактубини йиртиб ташла!!
Ўғилчам, унутма, ким солиҳ амал қилса ўзининг фойдаси, ёмон амал қилса зарари учундир!