Савол: Баъзи ибодатларни қилишда лоқайд бўлган муваҳҳиднинг ҳукми нима?
Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради:
Бу муваҳҳиднинг иймони камаяди. Айрим гуноҳларни қилган одамнинг иймони ҳам аҳли суннат ва жамоат фикрига кўра озаяди. Чунки аҳли суннат ва жамоат: «Иймон – талаффуз, амал ва эътиқоддир. У тоат–ибодат билан кўпайиб (кучайиб), гуноҳлар билан камаяди»– дейдилар. Бунинг мисоли, узрсиз рамазон рўзасининг ҳаммасини ёки бир қисмини тутмасликдир. Бу катта гуноҳ бўлиб, иймонни камайтириб, кучсизлаштиради. Ҳатто айрим уламолар бундай гуноҳни қилган одамни «кофир» деб ҳисоблашади.
Лекин, тўғриси, модомики рамазон рўзасини тутиш фарз эканини инкор этмаган экан, кофир бўлмайди. Фақатгина, баъзи кунларда лоқайдлиги ёки дангасалиги туфайли рўза тутмаган бўлади. Шунингдек, лоқайдлиги сабабли закотни вақтида бермаслик ҳам гуноҳ ва иймон заифлиги ҳисобланади. Айрим уламолар уни тарк қилган одамни «кофир» деб ҳисоблашади. Силаи раҳм қилмаслик, ота–онага оқ бўлиш ҳам иймоннинг заифлиги ва камайиши туфайлидир. Бошқа гуноҳлар ҳам шу ҳукмдадир.
Аммо намоз ўқимаслик иймонга зид бўлиб, уламоларнинг қувватли қавлларига кўра, гарчи унинг фарзлигини инкор этмасада, муртадликни тақозо этади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
«Ишнинг боши – Ислом, устуни – намоз, (баланд) чўққиси – Аллоҳ йўлидаги жиҳоддир» (Термизий 2541);
«Биз билан у (кофир ва мушрик)лар ўртасидаги аҳд – намоздир. Шунинг учун намозни тарк қилган одам кофирдир» (Насоий 459; Термизий 2545; Имом Аҳмад 22987).
Бунга далолат қилган бошқа ҳадислар ҳам кўп.
Манбаъ: «Турли фатволар ва мақолалар девони», 1 жузъ.