Иблис алайҳи лаъна ҳақида. 1-қисм: Адаштириш босқичлари

МАҚОЛАЛАР

Иблиснинг тарихи

 Ер юзида инсонлардан олдин жинлар (оловдан яратилган махлуқлар) истиқомат қилишган.

  Жинлар Аллоҳнинг барча амру-наҳийларини тарк этиб, ер юзида бузғунчилик тарата бошлаганларида, Аллоҳ уларнинг устига фаришталарни юборди. Фаришталар жинларнинг кўпчилик жинларни ҳалок этдилар. Оз сонли жинларгина, орол ва ғорларда жон сақлаб, тирик қолдилар.

  Осмонга эса фаришталар ўзлари билан кичик бир жинни олиб кетдилар. Унинг номи Иблис бўлиб, у фаришталар билан биргаликда ибодат қиларди ва ўз ибодатида фаришталар билан бир сафда эди.

  Аммо Аллоҳ таоло лойдан бир махлуқ яратиб, унга нурдан яралмиш фаришталарни сажда қилишга буюрди. Мазкур буйруқ уларнинг садоқатини гўёки синаш эди. Фаришталар, албатта, ушбу буйруққа итоат этиб, барчалари сажда қилдилар. Магар Иблис Аллоҳнинг буйруғидан бош тортди.

  (Аллоҳ) деди: “Сенга буюрган пайтимда нима сени сажда қилишдан тўсди?” “Мен ундан (Одамдан) яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг”, деди у. (Аъроф:12)

  Иблис, узоқ йиллар фаришталар сафида ибодат қилиб келган Иблис, бирданига такаббурлик қилиб, Раббининг биргина амрига бўйсунмади. Унга жавоб қадай бўлди? Аллоҳ бунга қандай жазо қўллади?

(Аллоҳ) деди: “Бас, ундан (яъни, жаннатдан) чиқ! Энди сен, шак-шубҳасиз, (Менинг даргоҳимдан) қувилган – малъунсан. Ва албатта то жазо (қиёмат) кунигача сенга (барчанинг) лаънати бўлур” (Хижр:34-35).

  Шундай қилиб, Аллоҳни биздан кўра кўпроқ таниган, фаришталар билан бир сафда ибодат қилиб келган Иблис ўз такаббурлиги оқибатида Аллоҳнинг биргина амридан бўйин товлаши биланоқ, кофирлар қаторига ўтди, Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди, Қиёматгача малъунга айланди ва абадул-абад дўзахий бўлди.

  Мусулмон киши учун мана шу ерда муҳим бир нукта бор. “Мусулмон, муслим” сўзлари “Аллоҳга таслим бўлувчи, Раббининг ҳар бир амрига итоат этгувчи” деган маънони англатади.

  Мусулмон бугун ушбу номга қанчалик лойиқ? Ҳар қадамда Парвардигорнинг буйруқларини поймол этаётган тавба қилиш ва Раббига қайтишни ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаётган бир пайтда, ўзини “Аллоҳга таслим бўлувчи” деб номлашга ҳақлими? Ё қалбида (аниқроғи хаёлда) ишониб, бироқ диндан ўзига хуш келган ишларнигина қилиб қўйиб, нафсига оғир туюлганларини тарк этиб кетавериш кифоями?

  Аллоҳ бандаларидан Ўз буйруқларига тўлиқ ва бутунлай итоат қилинишини талаб этади. Агар бундай бўлмаганида, Иблис кофирлардан бўлиб қолмасди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Аллоҳнинг буйруқларига тўлиқ ва бутунлай итоат этмаётган кишилар Иблиснинг йўлидан кетаётган бандалардир ва Қиёмат куни унинг ортидан гуруҳ-гуруҳ бўлиб жаҳаннам қаърига улоқтириладилар. Нақадар ёмон оқибат!

 Иблисга тавқи лаънат илингач, у Аллоҳдан Қиёмат кунига қадар мухлат бермоғини сўради:

 “Менга улар тириладиган Кунгача (қиёматгача яшаш учун) муҳлат бер”, деди у.

 (Аллоҳ) деди: “Сен муҳлат берилганлардансан”.

  У айтди: “Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман.

 Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан”.

  (Аллоҳ) айтди: “Ундан (жаннатдан) жирканч ва мағлуб ҳолда чиқ! Қасамки, улардан кимда-ким сенга эргашса, албатта жаҳаннамни сизларнинг барчаларингиз (сен ва сенга эргашганлар) билан тўлдирурман.

  Эй Одам, сен эса жуфтинг (Ҳавво) билан жаннатни маскан тутиб, хоҳлаган жойингиздан таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки, у ҳолда золимлардан бўлиб қолурсиз.

  Сўнг шайтон уларни беркитилган авратларини очиб юбориш учун васвасага солди ва: “Парвардигорингиз фақат фаришталарга айланмаслигингиз ёки (жаннатда) абадий яшаб қолмаслигингиз учунгина сизларни бу дарахтдан қайтарди”, деди.

 Ва уларга: “Албатта мен сизларга холисларданман”, деб қасам ичди.

  Бас, алдов билан уларни (тубан ҳолатга) тушириб қўйди. Ўша дарахтдан тотиб кўришлари биланоқ авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. (Шунда) уларга Парвардигорлари нидо қилиб (деди): “Сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва албатта шайтон сизларнинг очиқ душманингиз демаганмидим?!”

 Улар: “Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр-зулм қилдик. Агар бизларни мағфират ва раҳм қилмасанг, шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз”, дедилар.

 Аллоҳ айтди: “Бир-бирингизга (яъни шайтон инсонга, инсон шайтонга) душман бўлган ҳолингизда (жаннатдан) тушингиз! Энди сизлар учун маълум бир вақтгача (яъни ажалингиз етгунча) ерда қарор топиб фойдаланиш бор.

 Унда яшайсизлар ва унда ўлурсизлар ва ундан (ҳисоб-китоб учун) чиқарилурсизлар, деди У. (Аъроф:14-25)

  Шу ўринда савол туғилади: нима сабабдан Иблис кофир бўлди-ю, Одам кофир бўлмади, ахир иккиси ҳам Аллоҳнинг амрига итоат этмади-ку? Сабаб шуки, Одам тавба қилди, лекин Иблис тавба қилишни ўйлаб кўргани ҳам йўқ. Зеро бандалар дунёда, ҳаёт пайтларида тавба қиларканлар, гуноҳлари нақадар улкан бўлса-да, Аллоҳ таоло тавбаларини қабул этади. Аммо вақт бой берилгач, дунёдан ўтгач, Қиёмат кунида тавба-тазарруъ ўтмайди, фақат ажр-мукофот ёки азоб-уқубатга рўбарў қилинадилар. Инсоннинг бу дунёдаги ҳаёти – синов муддати, синовларнинг бири – Иблис. Иблис Одам авлодини Аллоҳнинг ҳақ йўлидан адаштириш учун бор кучини сарфлайди. Аллоҳ бу ҳақда бизни огоҳлантиради:

  “Эй Одам болалари, шайтон Оталарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни уятли аҳволга солиб қўйиш) учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин! Чунки у ва унинг малайлари сизларни ўзингиз билмайдиган тарафдан кўриб турадилар (яъни қандай алдашганини сезмай қолишингиз мумкин). Албатта Биз шайтонни иймонсиз кимсаларга дўст қилиб қўйганмиз”. (Аъроф:27).

 Иблиснинг малайлари – жин, инсон ва ҳайвонлардан бўлмиш унга ишловчи, унга эргашувчилардир.

  Шундай қилиб, шайтон (унга лаънатлар бўлсин), Аллоҳнинг ҳузуридан қувилган ўша соатдан бошлаб, бугунги кунга қадар ягона мақсади – Одам зурриётини адаштириш. Мана шу узоқ муддат мобайнида у малъун васваса, алдов ва адаштириш соҳасида ниҳоятда улкан тажриба тўплаб, ўзининг инсонлардан бўлмиш малайларига ўргатади.

  Бу тажрибали душманга қарши тура олиш учун, душманни таний олиш лозим, унинг кучли ва заиф тарафлари, адаштиришининг услуб ва даражалари, у кира оладиган эшиклар ҳамда унга қарши қўйиладиган қўрғонларни билиш зарур. Улар ҳақида бизга маълумот бера оладиган манбаъ – албатта, Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатидир.

  Ҳаётда фақат икки йўл бор: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) орқали бизга етказилган Аллоҳнинг йўли ва турфа хил, ранг-баранг, аммо охир-оқибат ловуллаган абадий дўзахга қулатувчи сўқмоқлардан иборат Иблис йўли.

 Аллоҳнинг йўли абадий жаннатга олиб боради, Иблис йўли – абадий жаҳаннамга.

 Ақл-хуши соғлом инсон ўзи учун жаннатдан воз кечиб, жаҳаннамга рози бўлмайди.

  Ушбу рисолада биз Иблис ва унинг йўли ҳақида суҳбатлашамиз. Аллоҳга холис ибодат қилишни истаган ва ўз оқибатини абадий жаннатда бўлишини хоҳлаган мусулмон биродарлар ва муслима опа-сингиллармиз Иблиснинг макр-хийласига қарши тура олиш учун ушбу рисоладаги маълумотлардан фойдалансинлар.

 Сизларни Аллоҳга топширдик!

Улашинг :
Тег:
𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *