ҲАЗРАТИ МАРЯМ бинти Имрон ибрати

ҲИКОЯЛАР

Аллоҳ таоло Ҳазрати Марямни инсонларга ўрнак қилиб кўрсатган ва аёллар орасида афзал эканига ишорат этган: «АллоҳимонкелтирганзотларгаиффатисақланганИмронқизини(мисол) келтирди» (Таҳрим, 12).

«Яна ўз номусини сақлаган аёлни (яъни, Марямни эсланг). Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик ва уни ҳамда ўғлиии барча оламлар учун ибрат қилдик» (Анбиё, 91).

«Аллоҳ сени танлаб олди ва поклади ҳамда бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди» (Оли Имрон, 42).

Марямнинг туғилиши

Ҳазрати Марямнинг отаси Имрон Довуд (алайҳиссалом) насабидан бўлган олим киши эди. Онаси Ҳанно анча вақтгача ҳомиладор бўлмади. Бир куни Ҳанно бир дарахт соясида ўтирганида полапонларини озиқлантираётган қушларни кўриб қолади. Бу ҳолат унинг фарзанд кўриш орзуини аланга олдириб юборади. Фарзанд ато этишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо-илтижо қилади. Агар фарзанд кўрса, уни Аллоҳ йўлида Байтул Мақдисга назр қиламан деб онт ичади. Ҳанно фарзандини ўғил бўлади деб ўйлаганди. Марям дунёга келгач:

«Роббим, мен киз туғдим ва унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни илтижо қиламан», дейди ва ичган қасамига содиқ қолиб, кичкина Марямни Байтул Мақдисга топширади. Марямни тарбиялаш Ҳаннонинг холасининг эри Закариё (алайҳиссалом) зиммасига тушади.

Закариё (алайҳиссалом) Марям учун масжиддан бир меҳробни ажратади. Марям бу ерда давомли ибодат ва дуо билан машғул бўлади. Закариё қачон унинг ҳужрасига кирса, у ерда қиш куни ёз мева-чеваларини, ёз кунлари эса қишда бўладиган ноз-неъматларни кўрар эди. Закариё (алайҳиссалом):

«Ё Аллоҳим, бу нарсалар сенга қаёқдан келади?» деб сўраганида, Марям: «Булар Аллоҳнинг ҳузуридандир. Албатта, Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур», деб жавоб қилади.

Ҳазрати Исонинг (алайҳиссалом) дунёга келиши

Бир куни фаришталар Марямга Аллоҳнинг амри билан бир фарзанд туғишини ва унинг исми ал-Масиҳ Исо ибн Марям бўлишини хабар қиладилар. Яна туғиладиган чақалоқ дунё ва охиратда шарафли ва Аллоҳнинг ризосига эришган бандалардан бўлишини, бешикдалигидаёқ гапиришини билдирадилар.

Бу хабарни эшитган Ҳазрати Марям:

«Ё Раббим, менга бирор эркак тегмаган бўлса, қаёққан менда фарзанд бўлсин?» деб сўрайди.

Аллоҳ таоло амр этади:

«Бу шундай, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратади. Қачон бирон ишни ирода қилса, унга: «Бўл!» дейди. Бас, у иш бўлади».

Ҳазрати Марям кунчиқар томонга бир маконга бориб, аҳли оиласидан беркиниб олади. Шунда Жаброил (алайҳиссалом) эркак киши сувратида пайдо бўладилар. Марям уни кўргач, қўрқувдан:

«Мен Аллоҳга сиғиниб, сендан паноҳ беришини илтижо қилурман. Агар Аллоҳдан қўрқувчи бўлсанг, менга зиён етказмагин», дейди. Жаброил (алайҳиссалом) унга фақат бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун Аллоҳнинг амри билан келганини билдирадилар. Ҳазрати Марям яна:

«Менга одамзот тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам, менда қаёқдан фарзанд бўлсин?» дейди ва Жаброилдан (алайҳиссалом) изоҳлаб беришини сўрайди. Малоика:

«Бу иш Парвадигорингга осондир. Аллоҳ таоло туғилажак болани одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўзи томонидан бўлган раҳмат қилур. Бу иш Аллоҳнинг амри ва тақдиридир», дея жавоб беради. Сўнг Аллоҳ таоло Ҳазрати Марямга Ўз руҳидан Жаброил (алайҳиссалом) орқали пуфлади ва Марям ҳомиладор бўлди. Ой-куни яқинлашиб, Ҳазрати Исо (алайҳиссалом) дунёга келди.

Ҳазрати Марям кўзи ёриган дамда очиққан, чанқаган ва ниҳоятда қийналган эди. Сув ва емиш йўқ, руҳи тушкун эди. У:

«Бу кунимдан кўра илгарироқ ўлиб, унутилиб кетсам эди», дейди. Шунда хурмо дарахти ортидан Жаброил (алайҳиссалом) нидо қилади:

«Ғамгин бўлма, Раббинг оёқ остингдан бир ариқ оқизиб қўйди. Мана шу қуриб қолган хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлайди. Еб-ичгин ва руҳингни туширма.

Бас, агар одамзоддан бирортасини кўриб қолсанг ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса:

«Мен Аллоҳ йўлида рўза тутмоқни аҳд қилганман, бугун бирор инсонга сўзламайман», дегин».

Ҳазрати Марям фарзандини кўтариб, қавми орасига келади. Уни кўрган кишилар:

«Эй Ҳоруннинг синглиси, сен ҳеч ким қилмаган ишни қилдинг-ку! Ахир отанг ёмон одам ёки онанг фоҳиша эмас эди-ку!» дедилар. Ҳазрати Марям бир оғиз ҳам гапирмай, гўдакка ишора қилди. Инсонлар:

«Бешиқдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз?!» дея ажабландилар. Шу пайт чақалоқ тилга киради:

«Мен Аллоҳнинг бандасидирман. У зот менга Китоб — Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди. Шунингдек, Аллоҳ мени онамга меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади.

Менга туғилган кунимда ҳам, вафот бўладиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлур». Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Оли Имрон сураси 59-оятида:

«Албатта, Исонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одам Атонинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра «Бўл», деди. Бас, у (жонли одам) бўлди», дея марҳамат қилади.

Ҳазрати Марямнинг фазилати

Аллоҳ таоло томонидан юксак фазилат берилган ва фаришталар хизматини қилган Ҳазрати Марямни пайғамбарми ёки Жаноби Ҳақнинг валий қулими, деган мавзу олимлар ўртасида кўп баҳс-мунозара бўлган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар:

«Эркаклардан камолга эришганлар кўпдир. Аёллардан эса Марям бинти Имрон ва Фиръавннинг завжаси Осиёдан бошқа камолга эришганлари йўқдир. Аёллар орасида Ойишанинг устунлиги тирид*нинг бошқа егуликлар ичида устунлига каби-дир»(Бухорий, «Анбиё», «Фазоилу Асҳабин Набий», «Атъима»; Муслим «Фазоилус Саҳоба»; Термизий «Атъима»; Ибн Можа «Атъима»; Аҳмад ибн Ҳанбал). Баъзи олимлар бу ҳадисни далил қилиб, Ҳазрати Осиё ва ҳазрати Марямни Пайғамбар деб таъкидлаганлар. Чунки инсон зотининг энг комиллари биринчи Пайғамбарлар, сўнг валийлар, сиддиқлар ва шаҳидлардир.

Аммо бу фикрга кўпчилик мужтаҳидлар қарши чиқишган. Ҳазрати Осиё ва Ҳазрати Марям аёллар орасида энг юксак даражага эга бўлганлари учун ҳадисда уларга «камолга эришган» деб таъриф берилганини айтадилар.

Қирманий: «Аёллардан пайғамбар чиқмагани ҳақида ижмоъ қабул қилинган», деб таъкидлайди. Бироқ Имом Ашьарийнинг (ҳижрий 260 йил) аёллардан олти пайғамбар чиққанини айтгани нақл этилган. Булар: Ҳазрати Ҳаво, Сора, Ҳазрати Мусонинг онаси, Осиё, Ҳожар ва Марямдир («Саҳиҳи Муслим»). Ал-Куртубий (ҳижрий 611 йил) эса шундай деган:

 «Соғлом нуқтаи назарга кўра, Ҳазрати Марям бир пайғамбардир. Чунки Аллоҳ таоло унга фаришта орқали ваҳий юборган. Ҳазрати Осиёнинг пайғамбарлигига далолат қилувчи нақл йўқдир».

Хулоса ўлароқ, шуни айтиш мумкинки, Ҳазрати Марям Аллоҳ таолонинг Ўзига яқин этган валий қулларидан биридир. Аллоҳ ундан рози бўлсин. Омин…

*Тирид — арабларнинг энг севикли овқатларидан. Тўғралган нон устидан сўнг қайнатилгансув қуйиб, тайёрланади.

Tagged
𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *