Эй Рабиъа, уйланмайсанми?

ҲИКОЯЛАР

  Рабиъатул Асламий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилиб юрар эдим. (Бир куни): – Эй Рабиъа, уйланмайсанми? – деб қолдилар. Мен Аллоҳ номига онт ичиб: – Ё росулаллоҳ, уйланишни истамайман. Оила тебратишга имконим ҳам йўқ, (қола берса) бирор бир нарса мени сиздан машғул қилиб қўйишини суймайман, – дедим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ҳеч нима демай) бурилиб кетдилар.
Бир муддат хизмат қилиб юрдим, сўнгра росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга юзланиб, иккинчи бор: – Эй Рабиъа, уйланмайсанми? –дедилар. (Бу гал ҳам): – Уйланишни истайман. Оила тебратишга имконим йўқ, (қола берса) бирор бир нарса мени сиздан машғул қилмоғини суймайман, – деб (айни) жавобни қайтардим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (аввалгидек ҳеч нима демай) бурилиб кетдилар.
Бир оздан сўнг ўзимга келиб, Аллоҳ номига онтким, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё ва охиратимга нима фойдали эканини мендан кўра яхшироқ биладилар. Агар яна бир бор: «уйланасанми?» десалар, ҳа, ё росулаллоҳ, амрингизга (тайёрман), буюринг, дейман, деб қўйдим.
(Ўйлаганимдек) росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (учинчи бор):
–  Эй Рабиъа, уйланмайсанми? – дедилар. Мен (дарҳол):
– Ҳа, (уйланаман), истаганингизни буюринг, – дедим.
– Фалончининг хонадонига бориб, мени сизларга росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юбордилар. Фалончи аёлни менга никоҳлаб беришларингни буюряптилар, дегин, – дедилар.
У аёл (Мадинадаги) ансорлар маҳалласида (истиқомат қилувчи саҳобанинг қизи) эди. Улар росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир оз узоқда жойлашган эдилар.
(Айтилган жойга) бориб, мени сизларга росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юбордилар. Фалончи аёлни менга никоҳлаб беришларингни буюряптилар, дедим. Улар мени илиқ кутиб олишди. «Росулуллоҳга ва росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жўнатган элчиларига марҳабо, хуш келдингиз. Аллоҳ номига қасамки, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам элчиларининг мақсуди амалга ошмай (бу ердан) қайтмагай», деб кўп илтифот кўрсатиб, иззат-икром қилишди. (Кимсан, қаердансан) деб бирор бир ҳужжат, далил сўрамай қизларини менга берадиган бўлишди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига ғамгин қайтдим. (Мени бу ҳолда кўриб):
– Тинчликми? Сенга нима бўлди? – дедилар.
–Ё росулаллоҳ, жуда олижаноб, улуғ инсонлар олдига борибман. Лутфкорлик билан мени қабул қилиб, ҳеч нима ҳақида сўрамай қизларини менга узатишга рози бўлишди. (Ахир) менда қизга берадиган маҳр йўқ-ку,– дедим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Бурайдани чақириб): –Эй Бурайда, унга данак вазнича тилло жамланглар, – дедилар. Менга данак вазнича тилло йиғиб беришди. Мен тиллони олиб росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига келдим. – Буни олиб уларга бор. Мана бу қизнинг маҳри, деб айтгин, – дедилар.
Мен уларга бориб, мана бу қизнинг маҳри, дедим. Шу (оз) тиллога рози бўлишди. «Жуда кўп, жуда соз», деб (мақтаб-мақтаб) тиллони қабул қилишди.
(Улар ёнидан чиқиб) росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ғамгин бўлиб қайтдим. (Мени бу ҳолатда кўриб росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайрат билан):
– Рабиъа, сенга нима бўлди? Яна хомуш кўрина- сан?– дедилар.
– Ё росулаллоҳ, улардан кўра марҳаматли, оли- ҳиммат инсонларни кўрмадим. Олиб борган (оз) маҳримни «жуда кўп, жуда соз», деб мамнуният билан қабул қилишди. Менда эса валима (тўй) қилгани имконим йўқ, – дедим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бурайдани чақириб: –Бурайда, бир қўй топинглар, –дедилар. Одамлар (дарров пул йиғиб), катта, семиз қўчқор олиб келишди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга қарата: – Оишага бориб айт, уйда егулик таом бўлса жўнатсин, – дедилар. Мен Оиша розияллоҳу анҳо ёнларига бориб росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини етказдим. Оиша (онамиз) розияллоҳу анҳо (ичкаридан) микталда арпа олиб чиқдилар. «Уйдаги бор егулик мана шу тўққиз соъ арпа, олинг», деб (арпани менга узатдилар). Мен арпани росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб келиб, Оиша (онамиз) розияллоҳу анҳо сўзларини ҳам етказдим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: – Буни уларга (келин томонга) олиб бор, нон ёпишсин, – дедилар. Мен Аслам қабиласидан бир неча кишилар билан бирга қўйни етаклаб (келинникига келдик). Арпа билан қўйни уларга топширдик. Улар: – Нонни биз ўзимиз пиширамиз, қўйни эса ўзларинг сўярсизлар, – дейишди.
Мен ҳамроҳларим билан бирга қўйни сўйиб, терисини шилиб овқат тайёрладик. Нон билан гўштни (дастурхонга) тортиб, валима – тўй қилдик. (Тўйга) росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни таклиф қилдим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ер бердилар. (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ер берганларини кўрган) Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам менга ер берди.
(Шу лаҳзадан бошлаб менга) дунё (эшик қоқиб, ўз оёғи билан кириб) келди.
(Тўйдан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу иккимиз) бир хурмо дарахтида талашиб қолдик.
– Бу мен томонда, – дедим мен.
– (Аксинча), у мен томонда, – деди Абу Бакр.
Иккимиз ўртамизда бироз гап-сўз ўтди. (Шунда) Абу Бакр оғзидан бир гап чиқиб кетди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу гапни ёмон ҳисоблаб, қилмишига қаттиқ пушаймон бўлди ва дарҳол менга:
– Эй Рабиъа, худди шу гапни менга қайтар, токи (шу дунёнинг ўзида) қасос бўлиб қолсин, – деди.
– Мен бундай қилолмайман, – дедим.
– Менга ҳам худди шу сўзни қайтариб айтгин, бўлмаса ишни росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўтараман.
– Мен асло бундай қилмайман.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ерни ташлаб пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига кетди. Мен у киши ортидан эргашдим. Аслам қабиласидаги айрим кишилар келиб:
– Аллоҳ Абу Бакрни раҳм айласин, қайси иш учун росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёрдам талаб қилади. (Ахир) унинг ўзи сенга нима деган бўлса, деди-ку?! – дедилар. Мен уларга:
– Абу Бакр кимлигини биласизларми? Абу Бакр (ғорга беркинган) икки зотнинг иккинчиси, мусулмонларнинг (муҳтарам) оқсоқоли. Асло менинг тарафимни ола кўрманглар. Сизлар менга ёрдам бераётганларингни кўриб, Абу Бакр ғазаб қилмасин. Уни ғазабнок ҳолда кўриб росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ғазаб қилмасинлар. У икки (улуғ) инсон ғазабидан Аллоҳ ҳам ғазаб қилса, Рабиъа ҳалок бўлиб кетади, – дедим.
– Бўлмаса, бизга нима қил, дейсан, – дедилар.
– Ортларингга қайтинглар,(бу ишга асло аралашманглар), – деб уларни қайтариб юбордим.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кетиб борарди. Ёлғиз ўзим унинг ортидан эргашиб бордим.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу бўлиб ўтган ишни росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сўзлаб берди. Он ҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларини кўтариб менга қарадилар.
–   Рабиъа, Сиддиқ билан тортишиб нима қилардинг, – дедилар.
–  Ё росулаллоҳ, шундай-шундай иш бўлди, кейин Абу Бакр бир калима айтиб қўйдилар ва ўзлари бу калимани нобоп, ёмон калима ҳисоблаб пушаймон бўлдилар. Қасос бўлсинчун мендан айни шу калимани у кишига қарата айтмоғимни талаб қилдилар. Мен айтишдан бош тортдим.
–  Тўғри, Абу Бакрга бу гапни қайтарма, унинг ўрнига: «Абу Бакр Аллоҳ сизни мағфират қилсин», дегин, – дедилар.
Мен Абу Бакрга қарата: «Аллоҳ сизни мағфират қилсин», – дедим.
Абу Бакр кўзлари ёшга тўлиб чиқиб кетдилар.

Бу ҳадисни имом Аҳмад (164-241ҳ.) Муснадда ривоят қилганлар .

𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *