Мужоҳид Сайфул-Азизнинг ҳаётий ҳикоялари: 2. Дин ҳимояси учун ўзимга хос содда услубдаги курашимнинг бошланиши

ҲИКОЯЛАР

Ётоқхонадаги ҳаётим ва у ердаги ўзига хос исломий тартиб

  1996 йил,  ноябр. Дин бўйича устозларим Университет ётоқхоналарида яшашгани учун мен ҳам ижара уйимдан ётоқхонага кўчиб ўтдим. Рус тилини яхши билганим учун ётоқхонанинг рус коменданти билан яхши чиқишиб кетдим. У менга уч кишилик янги таъмирланган хонани ажратиб берди, мебелларнинг ҳам энг янгиларидан ажратди. У билан беилтифот ва самимий гаплашганим учун менга муомаласи жуда яхши эди. Уни исломга даъват қилдим ва ётоқхонадан масжид ажратиб беришини талаб қилдим. У ётоқхонанинг 4-қаватидан, яъни мен яшайдиган қаватидан кенг ва шинам хонани масжид сифатида фойдаланишимиз учун бўшатиб берди. Шундай қилиб ётоқхонада беш вақт намозни мана шу масжидда ўқий бошладик.

  Аллоҳ иймоним туфайли берган иззат сабаблими ёки бошқа сабабми, хуллас ётоқхона талабалари ўртасида ўзига яраша обрўйим бор эди. Шу орада деканатдан вакиллар келиб, эски талабалар шўроси раисини ишдан бўшатиб, ўрнига мени тайинлаб кетишди. Ётоқхонада исломга яқин тартиб ўрнатишимизда шу ваколатимнинг хизмати кўп бўлди.

  Бир куни ётоқхонамизнинг учинчи ва тўртинчи қаватларидаги бўш хоналарга 30 га яқин тайёрлов курси талабаларини келтириб жойлаштиришди. Улар бир йил давомида тайёрлов курсида ўқиб, сўнг Университетимизга имтиҳон топширишлари керак эди. Улар келган куниёқ бирма-бир хоналарига кириб соат 1-00 да ётоқхона масжидига чиқишлари лозимлигини айтдим. Белгиланган вақтда ҳамма жам бўлгач, ўша вақтдаги билганларим бўйича уларни исломга, Аллоҳнинг буйруқларини бажаришга ва намоз ўқишга даъват қилдим. Қиёматни, дўзах ва жаннатни тушунтирдим. Даъватим охирида: “Агар Аллоҳнинг буйруқларини бажариб, намоз ўқисангизлар, Аллоҳ икки дунёда сизларни бахтиёр қилади. Мумкин Университетга киришни ҳам сизларга осон қилиб қўяр!?” – дедим. (Шу охирги гапим тўғри бўлдими, ёки нотўғрими ҳозиргача иккиланаман, лекин шу нарса аниқ-ки, шу ўттизта боладан 11 таси намоз ўқиб кетди ва шу намоз ўқиганларининг ҳаммаси келаси йил ўқишга кирди.)

  Масжидимизда шунингдек устозлар билан Қуръон ва ақида дарсларини ташкил қилдик. Бу умумий дарслар эди. Хос дарслар эса менинг хонамда ўтарди. Шунингдек менинг хонамга ҳужраларда дарс берадиган катта устозлар ҳам келиб дарс ва маърузалар уюштириб кетишарди.

  Шундай устозлардан биттаси билан жуда қалин биродар тутиндим. Унинг исми Солиҳ эди. У жуда тақволи, илмига амал қиладиган биродар эди. Уни Аллоҳ учун яхши кўрардим. У кичиклигидан ота-онасиз ўсган, шунинг учун ҳам ҳаёти давомида кўп машаққатларни кўрган экан. Шу орада ҳукуматнинг ёвуз сиёсати туфайли  кўплаб ҳужралар ёпилиб, биродарим Солиҳ уй-жойсиз қолди. Шунда ваколатимдан фойдаланиб, уни ўзимнинг хонамга доимий яшаш учун кўчириб олиб келдим. Шу тариқа у бизнинг беш вақт намоздаги имомимиз ва устозимизга айланди. Шу биродаримизнинг даъватлари сабабидан Аллоҳ ётоқхонамиздаги кўплаб талабаларга ҳидоят улашди. Ваҳоланки унинг юриш-туриши ўзи бир даъват эди.

Университетга паранжида келса бўлаверади

  Шу орада давлатнинг динга бўлган кураши жуда кучайиб кетди. Ҳатто Университетимиздан соқол қўйган ўғил болалар ва юзини ёпган муслима қизлар қаттиқ тазйиқ остига олинди. Уларга ректорат томонидан шарт қўйилди. Шарт бўйича, соқолини қисқартирмаган ўғил болалар ва юзини очмаган қизлар Университетдан ҳайдалиши керак эди. Бир куни кечки пайт Дониёр қорининг кечки маърузаларидан қайтиб, ётоқхонага кирсам, биринчи қаватдаги «Маънавият ва маърифат хонаси” деб аталган хонада одам гавжумлигига гувоҳ бўлдим (ўша вақтларда талабаларни диндан узоқлаштириш мақсадида шу номдаги фасод уяси ҳар бир ётоқхонада очилган эди). Қизиқиб эшигини очиб қарасам, Университетимиз проректори Муллажонов талабаларга маъруза қилиб ўтирган экан. Ўриндиқлар тўла бўлгани учун бўсағада туриб бироз эшитсам, маъруза диний мавзуда экан. Сафсата фанлар доктори Муллажонов талабаларга ислом динини “тушунтираётган” экан. Унинг куйиб-пишиб, пешоналари терлаб гапиришига кўра динда соқол қўйиш ва ҳижоб буюрилмаган, балки бидъат амал экан.

 У: “Соқол қўйиш қолоқлик аломати, қадимда арабларнинг соқол оладиган асбоби бўлмагани учун соқолларини олмаганлар, худди шунингдек ҳижоб ҳам арабларнинг миллий кийими, Арабистон ярим оролида қум-бўронлар кўп бўлгани учун одамлар юзларини бекитиб юрганлар, бу икки ишнинг динда ҳеч қандай ўрни йўқ”, — деб талабаларга диннинг ҳеч кимга маълум бўлмаган тарафларини тушунтирарди. У маърузасини: “Хуллас, бу душманларнинг провокацияси. Шуни яхши билинглар-ки, қайси бир давлат иккинчи бир давлатни босиб олмоқчи бўлса, у ерга энг аввал ўз маънавиятини ва маданиятини олиб киради. Сизлар бу ваҳҳобий арабларнинг провокацияларига таъсирланманглар. Соқол ва ҳижоб – бу ваҳҳобийларнинг аломати. Шундай экан, ким соқол қўйса ва ким ҳижоб ўраса, демак у ваҳҳобий бўлади” – дея худди диссертация ёқлагандек гапини мантиқан хулоса чиқариш билан тугатди. Сўнгра талабаларга ўзига хос илжайиб кўзойнагининг устидан қаради ва: “Мен сизларга бундан кейин мана шундай диалогларни вақти-вақти билан ўтказиб туришимизга ваъда бераман. Сизлар менинг сингилларим ва укаларимсизлар. Ҳозир эса нимага тушунмаган бўлсаларингиз бемалол савол беришларинг мумкин” – дея кўзойнагини қўлига олди ва талабаларга мамнуният билан кўз югуртириб чиқди.

—       Домла менда савол бор, мумкинми? — дедим қитмирлигим тутиб.

—       Ҳа бемалол, бемалол!

—   Домла ўтган аждодларимизнинг кийинишлари деганда, китобларда кўп ўқиганимиз ва телевизордан улар ҳақидаги кино ва спектаклларни кўрганимиз Алишер Навоий, Бобур каби шоирлар ва Увайсий, Нодирабегим каби шоиралар кўз олдимизга келади. Ҳозир сизнинг гапларингизни эшитиб улар яна бир бор кўз олдимда гавдалангандай бўлди. Ҳаммага маълумки, Навоий билан Бобур соқолли одамлар қилиб тасвирланади. Увайсий ва Нодирабегимга ўхшаганлар эса паранжида юришган. Нима улар ҳам ваҳҳобий бўлишганми ёки бу ерда биз тушунмаган бошқа нарсалар борми? – дедим иложи борича ўзимни жиддий кўрсатиб.

Аммо талабалар ичидан бир неча бола пирқирлаб кулиб юборишди.

  Домла менинг ҳужумга ўтганлигимни англаб ўзини йўқотгандек бўлди, аммо сир бой бермасликка ҳаракат қилиб деди:

—       Паранжи масаласи бошқа масала, бу ерда ҳижоб ҳақида гап кетяпти. Қоп-қора ниндзага ўхшаган кийим кийиб, фақат кўзи кўриниб турадиган кийим бизнинг аждодларимиз тарихида мисли кўрилмаган ҳолат. Буни фарқлаб олиш керак…

—       Унда паранжи кийиб юрса бўлаверади, шундайми? – дея унинг гапини бўлдим.

—       Бемалол.., бемалол, бу ҳақда ҳеч ким гапиргани йўқ ҳали…

—       Қизлар ўқишга ҳижобининг ўрнига паранжи кийиб келса ҳам ҳеч ким ҳеч нарса демайди, тўғри тушундимми? – дедим.

Талабалар ўртасида гурр этиб кулги кўтарилди. Домла уятданми ёки ғазабданми қизариб кетди ва:

—          Ҳмм, нима десам экан?! Албатта! Албатта! Бу ҳақда, ҳмм.., паранжи ҳақида ҳеч қандай баҳс бўлиши мумкинмас. Бемалол кийиб юраверишсин!…

Аллоҳнинг фазли билан ҳозирча икки-ю нол!

  Бу воқеъадан икки кун ўтгач, Университетга ўқишга борсам, бугун дарс бўлмаслигини, барча талабалар университетнинг “Маданият клуби”га йиғилишлари лозимлигини айтишди. Гуруҳимиз билан йиғилиб бордик. Клуб эшиги олдида бошқа факултетларда ўқийдиган бир неча биродарларим йиғилишиб туришган эканлар. Улар билан саломлашгач, биргаликда ичкарига кирдик ва клуб саҳнасига энг яқин ўриндиқларга бориб ўтирдик. Клуб ўриндиқлари талабалар билан тўлгач, саҳна четидан аввал уч киши чиқиб келиб, саҳна марказига узун қилиб териб қўйилган столларнинг ўртасига келиб ўтиришди. Бу уч кишининг биттаси олди очиқ сутранг ридо кийган, бошида эса яшил бахмал дўпписи бор эди. Унинг икки ёнига ўтирган икки кишининг ҳар бири тунд башарали, эгнига чарм куртка кийган ва бошяланг эдилар.

  Хаёлимдан ўртадаги одам бирон бир мулла, икки ёндагилар эса МХХ (Миллий хавф хизмати)нинг одамлари шекилли деган фикр ўтди. “Бугун яна соқол ва ҳижобга ҳужум қилишади шекилли”- дедим ичимда.

  Сўнгра уларнинг ёнларига яна бир неча галстук таққан одамлар келиб, столларни тўлдириб ўриндиқларга ўтиришди. Галстук таққанлардан бири, тепакал бир киши микрофонни ўзига тортиб, талабаларга салом берди ва ўзини проректор Қовунбоев деб таништирди ва йиғилишнинг мақсади тўғрисида шундай деди:

—   Кўпчиликка маълумки, ҳозирги пайтда муқаддас ислом динимизни тўғри тушуниш бўйича муаммолар пайдо бўлган бўлиб, шу боис ёшларимизга динимизни тўғри тушунтириб берадиган олимларимиз билан мулоқотларни тез-тез қилиб туриш эҳтиёжи туғилмоқда. Шунинг учун бугун биз муҳтарам олимларимиздан Салоҳиддин қори акани даврамизга таклиф қилганмиз ва бу давраларни тез-тез ташкиллаштириб туриш ниятларимиз бор. Бугун муҳтарам қори акамиз сизларга ҳозирги кунда долзарб бўлиб турган “Ҳижоб ва соқол қўйиш”нинг диндаги ўрни ҳақида батафсил тушунтириб берадилар. Марҳамат қори ака! – дея микрофонни ўртадаги мулласифат одамнинг олдига суриб қўйди.

  Домла қироат билан “Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм” деб сўзини бошлади. Домлага нафрат билан қарадим ва “Ҳижоб ва соқолнинг динда йўқлиги ҳақида қаердан далил топиб гапираркан-а!?” деган хаёлда унинг гапларини диққат билан эшитиш учун ҳушёр тортдим. Лекин кутилмаганда ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ҳолат юз бера бошлади. Домла ёшига мос вазмин овозда қуйидаги мазмундаги Қуръон оятларини чиройли қироат билан ўқиди:

 «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган – буюрган вақтида бирон мўъмин ва мўъмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озиш билан озибди  (Аҳзоб сураси, 36-оят маъноси).

  Сўнгра бу оятни тафсир қилди. Сўнг эса аёлларнинг ҳижоби ва эркакларнинг соқол қўйишлиги динда буюрилган амаллар эканлиги ҳақида гапирди ва қуйидаги мазмундаги оятни қироат қилди ва деди:

  Аллоҳ таъоло аёлларга ҳижоб тутишни  буюрди. Қодир ва Олий зот бўлган Аллоҳ таъоло айтадики: «Мўъмина аёлларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар. Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зебзийнатларини (яъни устиларидаги либосларидан бошқа зебзийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар!…».  (Нур сураси, 31-оят маъноси).

 Шунингдек, Олий зот: «Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўъминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар»  (Аҳзоб сураси, 59-оят) – дея марҳамат қилади.

  Домла бу оятларни шарҳлар экан кўзимдан беихтиёр севинч ёшлари отилиб чиқди ва зални тўлдириб “Аллоҳу акбар!” деб бақиргим келди. Аммо ҳеч кимга билдирмадим ва кўзимдан чиққан ёшларни секин артиб олдим. Домла ҳижобнинг диндаги ўрни ҳақида жуда чиройли ва батафсил гапиргач, соқол қўйишнинг вожиблиги ҳақидаги бир ҳадисни айтиб уни шарҳлади. Соқол қўйиш суннат ва вожиб эканлигини, аммо соқолни яхши парвариш қилиб, ювиб-тараб, хушбўйликлар суртиб юриш мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида гапирди. Жуда хурсанд бўлдим. Ёнимдаги биродарларимга қарасам улар ҳам хурсандчиликдан оғизлари қулоқларигача етган эди.

  Аммо Домланинг икки четидаги мен МХХ деб ўйлаган одамлар асабийлашаётгани билиниб турарди. Биттаси қовоғини уйиб қўлидаги ручкасини столга уриб ўйнар, иккинчиси эса ёнида туриб берилиб гапираётган Салоҳиддин қори акага бетоқатланиб аҳён-аҳёнда бошини кўтариб қараб қўярди.

  Қовун туширишганини пайқаган Қовунбоев эса қори акадан кўзини узмас, баъзида эса бошини сарак-сарак қилиб залдаги талабаларга қараб қўярди. Ниҳоят Қовунбоев тоқатсиз бўлиб кутганидек домла ўз сўзини тугатиб, ўриндиққа ўтирди.

Қовунбоев микрофонни ўзига тортиб, энсаси қотганча бир нарсаларни гапирди. Нималар деганини ҳозир аниқ эслолмайман. Лекин гапининг охирида “саволлар бўлса беринглар, аммо қоғозга ёзиб узатинглар, оғзаки савол қабул қилинмайди” дегани эсимда. Бир неча дақиқа ўтгач, талабалар тарафидан бир неча қоғозчалар узатилди. Қоғозчаларни Қовунбоев бирма-бир ўқиб, ёнидаги чарм курткали  “чекист”га узатди. Тунд башарали “чекист” ҳам қоғозчалардаги саволларни ўқиб кўрди ва фақат иккитагина қоғозчани домлага берди.

  Домла қоғозчада ёзилган саволларга ҳам яхши жавоб берди. Аммо булар нима ҳақда эканлигини ҳам ҳозир эслолмайман.

  Мен ҳам бир қоғозчага “Ҳижоб ва соқол динда бор экан, унда нега бунга қаршилик бўляпти. Бу ваҳҳобийларнинг аломати деб ўқишдан ҳайдашяпти” деган маънода савол ёзиб узатдим. Афсуски менинг қоғозчам ҳам хавф ходимининг чиғириғидан ўтмади. Шу тариқа домла МХХнинг чиғириғидан ўтган яна бир неча саволларга жавоб берди.

  Домла навбатдаги саволга жавоб бериб ўтиргач, хавф ходими ёнида ўтирган проректор Қовунбоевнинг қулоғига бир нималар деди. Хаёлимдан “йиғилишни тезроқ тугатиш кераклиги ҳақида айтди шекилли”- деган гумон ўтди. Шунда Қовунбоев ўрнидан турди ва:

—       Шундай қилиб учрашувимизга ажратилган вақт ҳам тугай деб қолди. Яна бирон саволлар бўлса бериб қолинглар, — дейиши билан мен дарҳол қўлимни кўтариб:

—       Менда савол бор эди, — дедим.

—       Нима савол? Фақат тезроқ! – деди Қовунбоев навбатдаги қовунни туширганини англамай.

Биродарларга маъноли  бир қараб қўйиб, оғзаки тарзда саволимни изҳор қилдим:

—  Қори ака, сизнинг маърузаларингиз ва келтирган далилларингиздан маълум бўлдики, ҳижоб ва соқол қўйиш динда буюрилган амаллар экан. Лекин охирги пайтларда Университетда ҳижоб кийган ва соқол қўйган талабалар очиқчасига тазйиқ остига олиниб, уларга ўқишдан ҳайдалиш таҳдиди қилинмоқда. Яна бу нарсаларни ваҳҳобийликнинг аломати дейишмоқда. Шунга нима дейсиз? – дедим.

Домла жавоб беришга шошилмади, балки ҳайрон қолганини яшира олмасдан:

—       “Шунақами, шунақа ишлар бўляптими?!” – деб ёнидагиларга аланглай бошлади.

Мен эса:

—       Ҳа қори ака, шунақа ишлар бўляпти, кечадан олдин куни проректорлардан бири ҳам ётоқхонамизга бориб, ҳижоб ва соқол динда йўқ деб маъруза қилди, — дедим.

—       Қайси проректор? – деб ўшқирди проректор Қовунбоев, ўзининг бу қовун туширишга алоқаси йўқлигини билдириб қўйиш учун.

—       Муллажонов, — дедим ғолиб қиёфада.

—       Бўпти текшириб кўрамиз, — деди Қовунбоев, — Ҳозир эса вақт тугаганлиги учун “йиғилиш тугади” деб эълон қиламан.

—       Саволимга жавоб беришларингизни талаб қиламан! Ўқишга мини юбка кийиб келадиганларга ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Ҳижоб арабларнинг миллий кийими бўлса, мини юбка ўзбекларнинг миллий кийимими? Ахир момоларимиз ҳам паранжи кийишган-ку?! Илтимос саволларимга жавоб берсангизлар!!!

—       Саволингга келаси сафар жавоб оласан, ҳозир йиғилиш тугади…

Мен ниятимга етган ва йиғилганларга англатадиганимни англатиб бўлган эдим. Залда ғала-ғовур бошланди. Мен эса ўз ишимдан кўнглим тўлиб ўриндиққа ўтирарканман, биродарларимга қараб, “Икки-ю нол!.. Аллоҳнинг фазли билан…” –деб қўйдим.

  Талабалар бирин-кетин ўринларидан туриб клубдан чиқиб кета бошладилар. Мен эса “икки-ю нол!” деган сўзимнинг маъносини англатиб, биродарларимга икки кун олдин ётоқхонамизда бўлиб ўтган воқеъани айтиб бердим. Сўнгра биз ҳам чиқиб кетиш учун тураётганимизда қарасам Қовунбоев, икки чекист ва улар “ёллаган мулла” бир нарсаларни баҳслашиб туришган эканлар. Чекистлардан бирининг кўзи бизга тушди ва бирдан менга қараб ўдағайлади:

—       Ҳа-а, ҳалиям ўтирибсанларми?! Ё яна саволинг борми-а?

—       Йўқ, саволим тугади. Ҳаммаси тушунарли бўлди…

  Лекин чиқиб кетаётиб ўйладим: “Тушунарли бўлди дедим-у, лекин бир нарсага ҳеч ақлим етмаяпти. Қори аканинг чиндан ҳам хабари йўқмикан, ўзи билмасдан соддалик қилиб қўйдимикан, ёки уларнинг хоҳишларига онгли равишда қарши чиқиб қаҳрамонлик қилдимикан!?” Шу савол мени ҳозиргача ўйлантиради.

  Биродарлар билан “Маданият” марказидан чиқиб кафега кирдик ва анча вақтгача бўлиб ўтган ишларни хурсанд ҳолда муҳокама қилиб, иймонлашиб ўтирдик. Сўнг хайрлашдик ва мен ўз ётоқхонамга кетдим.

  Йўлда келарканман ётоқхонамиз эшиги олдида комендантимиз Рустам деган бола билан гаплашиб ўтирган экан. Хаёлимдан ваҳимали бир фикр ўтди. Чунки Рустам проректор Муллажоновнинг ёрдамчиси бўлиб, “Муллажоновнинг лайчаси нега келдийкан-а, тинчликмикан ишқилиб!?” — деб ўйладим.

  Шундай ўйлар билан ётоқхонага яқинлашганимда Рустам менга кўзи тушди ва гапини тез-тез гапириб ётоқхонадан узоқлашиб, тез-тез юриб кетди.

Комендантга яқинлашарканман:

—       Тинчликми? – дедим.

—       Тинчликми йўқми сендан сўраш керак, нима ишлар қилиб юрибсан? – деб саволимга савол билан жавоб берди ётоқхонамиз коменданти.

—       Мен ҳеч нарса қилганим йўқ, Муллажоновнинг лайчаси нега келибди?

—      Сени ўқишдан ҳайдалди деяпти, хонасидаги нарсаларини қабул қилиб олинг дейди, нима гап бирон ишкал бўлдими?

—     Бекорини айтибди, мен қонунга хилоф иш қилганим йўқ. Аслида ўзлари ҳайдалиши керак, биттаси ғирт порахўр, иккинчиси пора билан ўқишга кирган! – дедим ва ичимда “Аслида буларнинг ифлос қонунини бузиш катта савоб бўлса керак!” —  деб қўйдим.

Комендант эса:

—      Сен барибир катта гапирмай, ўзингни эҳтиёт қил, булар сенинг хато қилишингни кутишади. Ҳозироқ деканатга бориб текширтир. Қолдирилган дарсларинг бўлса, ёки ёмон баҳо олган бўлсанг отработка қил! — деб дўстона маслаҳат берди.

  Мен “Яхши! Кўпам ваҳима қилаверманг, Аллоҳнинг хоҳиши бўлади” деб кулиб унинг қўлини сиқиб хайрлашдим ва хонамга чиқдим. Хонамга чиқсам Солиҳ бир ўзи китоб ўқиб ўтирган экан. Бўлган воқеъани айтиб суюнчи олдим. Эшитиб роса хурсанд бўлди. Сўнгра унга “деканатга бориб келай бир ишим бор” деб деканатга жўнадим.

  Деканатда навбатчи ходимдан қолдирилган дарсларим ҳақида маълумот олиб беришини сўрадим. У умумий дафтардан менинг исмим ва фамилиямни топиб: “Бу семестрда 6 соат дарс қолдирганингиз рўйхатга тушибди” — деди. Унга проректор Муллажоновнинг ёрдамчиси айтган гапларни айтдим. У эса “Хавотирланманг, улар сизга минг қасд қилса ҳам, ўқишингиздан қармоққа илинадиган айб топишолмаса ҳайдашолмайди” — деди.

  Мен кўнглим бироз хотиржам бўлиб, ходимга ташаккур айтдим ва ётоқхонага қайтдим. Йўлда келарканман Аллоҳга ҳамдлар айтдим ва ўқитувчиларнинг баъзи ишларидан ажабландим. Баъзи ўқитувчилар қолдирилган дарсларни деканатнинг журналига белгиламасдан йил охирида талабадан пул ундириш учун фақат ўзининг дафтарига белгилашарди. Чунки биргина жумъа намозига бориш учун қолдирган дарсларимнинг ўзи 40 соатдан ошиб кетарди. Ҳайдалиш учун эса 30 соат дарс қолдиришнинг ўзи етарли эди.

  “Эй Аллоҳим дин душманларининг кўзларини кўр қилгин, бизларни уларнинг устидан ғолиб қилгин!” Бу менинг ўша вақтда динни тушунишимга яраша содда бир қалб ўтинчим эди. Буни ҳозир эсласам ўша вақтдаги соддалигимдан кулгим қистайди.

Давоми билан кейинги янгиланишларда танишишингиз мумкин

𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *