Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.
Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.
Аммо баъд…
Маълумки, «Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар» силсиласидан Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни шарҳлаб бораётган эдик:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар.
Бугунги суҳбатимиз мазкур ҳадисда зикр қилинган гуноҳи кабираларнинг олтинчиси, яъни жанг пайтида ортга қочиш мавзусида бўлади.
Одатимизга кўра, суҳбатимизни бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз.
Биринчи: Луғавий маъноси.
Иккинчи: Исломда жиҳоднинг машруъ бўлиши ва ундан бўлган мақсад.
Учинчи: Жиҳоднинг фазли.
Тўртинчи: Жанг пайтида сабот билан туриш фарзлиги.
Бешинчи: Жанг пайтида ортга қочиш гуноҳи кабирадир.
Олтинчи: Иззат фақат жиҳод биландир.
Диққат-эътибор билан қулоқ солишингшизни умид қиламан. Зеро, суҳбат мавзуси ғоят муҳим мавзулардан саналади.
Биринчи: Луғавий маъноси
Биз «жанг пайтида ортга қочиш» деб таржима қилганимиз ибора ҳадис матнида «ат-таваллий явмаз-заҳф» (التولي يوم الزحف) деб келган.
Ибн Манзур «Лисанул-араб» луғат тўпламида (ولى) моддасида айтади:
«Тавалла-а» – бурилди, узоқлашди, юз ўгирди маъноларини англатади.
«Аз-заҳф» – ўрмалаб, судралиб келиш маъносидадир. Бостириб келаётган қўшин узоқдан қараганда худди ўрмалаб келаётган улкан бир жониворни эслатгани учун ҳам «ал-жайш аз-заҳиф» (судралиб келаётган қўшин) деб аталган.
«Ат-таваллий явмаз-заҳф» – жанг майдонида душманга орқа ўгириб қочишдир.
Иккинчи: Исломда жиҳоднинг машруъ бўлиши ва ундан бўлган мақсад
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарнини ҳидоят ва ҳақ дин билан юборди ва барча одамларни ушбу динга даъват қилишга буюриб, шундай хитоб қилди: «Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг!» (Муддассир: 1-2).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу буйруққа биноан турдилар ва енг шимариб, кечаю кундуз Аллоҳга даъват қилишга киришдилар.
Кейинроқ Аллоҳ таоло у зотга даъватни ошкор қилиш амрини берди: «Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, ҳақ динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг!» (Ҳижр: 94).
Шундан сўнг у зот каттаю-кичикни, озоду-қулни, эркагу-аёлни, оқу-қорани Аллоҳга даъват қилишга турдилар.
Қурайш титраб-қақшаб, ўкириб ва наъра тортиб, у зотга қарши уруш эълон қилди ва у зотни йўқ қилиб ташлашга аҳд қилди.
Озорлар кучайиб, синовлар қаттиқлашиб кетгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки бор асҳобларини Ҳабашистонга ҳижрат қилишга буюрдилар.
Озорлар ҳар қанча кучли бўлмасин, Аллоҳ таоло Пайғамбарига ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришга, Аллоҳу Расулига қарши уруш очган ва мўминларни фитналарга дучор қилган кимсаларга қарши уруш қилишга изн бермади, балки қуйидаги мазмундаги оятлари орқали афв қилишга ва кечиришга буюрди.
Аллоҳ таоло айтди:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига (яъни мушрикларни дарҳол азобга дучор қилмаганига ва сизни турли машаққатли синовлар билан имтиҳон қилишига) сабр қилинг» (Ват-тур: 48).
«Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз улардан юз ўгиринг ва «Тинчлик-омонлик бўлсин», денг! Улар яқинда (куфру исёнларининг оқибати қандай бўлишини) билиб олажаклар!» (Зухруф: 89).
«Бас (шундай экан, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сиз жоҳил — кимсаларнинг етказаётган озор-азиятларига сабр-тоқат қилинг ва улардан) чиройли юз ўгириш билан юз ўгиринг!» (Ҳижр: 85).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), иймон келтирган зотларга айтинг, улар Аллоҳ (ваъда қилган ҳисоб-китоб) кунларидан ноумид бўлган кимсалар (етказаётган озор-азиятлар)ни кечириб юбораверсинлар. Токи (Аллоҳ ўша озорларга сабр-тоқат қилган) қавмни касб қилган нарсалари (яъни кечириб юборганликлари) сабабли мукофотлагай!» (Жосия: 14).
«Сиз (улар қилаётган) ёмонликни энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! Биз улар (сизни масхаралаб) айтаётган гапларни жуда яхши билувчидирмиз» (Муъминун: 96).
Озор ва қувғинлар кучайиб бориб, охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни хиёнаткорона ўлдириш режасини ишлаб чиқиш билан чўққисига етди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликнинг ўн учинчи йилида Маккадан Мадинага ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар, барча саҳобаларини ҳам Мадинага ҳижрат қилишга амр этдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада қарор топгач ва Аллоҳ таоло у зотни ансорлар ва муҳожирлардан иборат покиза ва садоқатли мўминлар билан қувватлантиргач, асҳоблари у зотнинг ҳимояси ва нусрати йўлида жонларини фидо қиладиган, у зотнинг муҳаббатини ўз оталари, фарзандлари ва аёллари муҳаббатидан устун қўядиган бўлишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада Ислом давлатини барпо қилгач, Исломнинг тўла маънодаги, ўз раҳбари, армияси, куч-қудрати, ерига эга бўлган давлати қарор топгач.. Ана шундан кейингина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зот билан бирга мўминларга жангга изн берилди. Бироқ, шунда ҳам уларга уруш фарз қилинмади, балки даъват эркинлигини ва шахс эркинлигини таъминлаш учун тажовузкор кучларга қарши жанг қилишга изн берилди. Аллоҳ таоло деди:
«Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир. Улар ўз диёрларидан фақатгина «Бизнинг Парвардигоримиз (ягона) Аллоҳдир», деганлари учун қувилган зотлардир. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир. Уларни (яъни мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак – улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)» (Ҳаж: 39-41).
Фақат ҳижратнинг иккинчи йилида Аллоҳ таоло қуйидаги оят билан урушни фарз қилди:
«Сизларга ёқмаса-да, жанг қилишингиз фарз қилинди. (Зотан) сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Бақара: 216).
Шундан сўнг Аллоҳ таоло жиҳоднинг шарафини баён қилди ва мўминларни жиҳодга тарғиб қилиб, шундай оятлар туширди:
«Эй мўминлар, сизларга аламли азобдан нажот берадиган бир «тижорат»ни кўрсатайми? (Ўша «тижорат» мана будир) — Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтирасизлар ва Аллоҳ йўлида мол ва жонларингиз билан жиҳод қиласизлар. Мана шу агар билсангизлар ўзларингиз учун энг яхши (иш)дир. (Агар шундай қилсангизлар, Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ҳамда сизларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга ва абадий жаннатлардаги покиза масканларга киритур. Бу эса улуғ бахтдир. Ва (Аллоҳ сизларга) яна бошқа сизлар суядиган (бир неъматни ҳам берурки, у) Аллоҳ томонидан бўлган ғалаба ва яқин(да рўй берувчи Макка) фатҳидир. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мўминларга (мана шу) хушхабарни етказинг!» (Саф: 10-13).
Аллоҳга қасамки, бу жуда катта фойда келтирувчи тижорат эди!! Нега ҳам шундай бўлмасин, ахир?! Зотан, Аллоҳ таоло гуноҳларни мағфират этишни, дунёда нусрат ва охиратда дўзахдан қутулиш ва жанатга эришишни шунга боғлиқ қилди!!
Ана шундай фойдали тижорат ортидан мана бу олий даражадаги битим ва улуғ ваъда келадики, уни Аллоҳ таоло Ўзининг энг афзал китоблари бўлмиш Таврот, Инжил ва Қуръонда ваъда қилган. Аллоҳга қасамки, бундан олийроқ битим ва бундан юксакроқ савдо шартномаси бўлиши мумкин эмас!! Ундаги харидор – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи, тўлов баҳоси – жаннат, савдога қўйилган мато эса Аллоҳ йўлида жону мол билан жиҳод қилишдир!
Тожирлар харидорнинг буюклигини, тўлов ҳаққининг миқдорини ҳамда ушбу битимни ўз бағрига жойлаган китобнинг қадрини кўришгач, матонинг қадри ва шаъни нақадар олий эканини англаб етдилар ва ўз ихтиёрларида бўлган матоларини арзимас баҳоларга сотишни катта зиён деб кўрдилар. Ва шунинг учун ҳам улар Буюк Харидор билан розилик битимини туздилар.
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди — улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар, (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу ҳақиқий буюк бахтдир» (Тавба: 111).
Битимга қўл қўйилгач ва унда фойда кўрган тижоратчилар ўз қимматбаҳо молларини, яъни жонлари ва молларини харидор қўлига топширишгач, уларга: «Жонингиз ва молингиз бизники бўлди, энди Биз уларни сизларга тўла-тўкис, мукаррам ва азиз ҳолида сизларга қайтариб берамиз», деб айтилди. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ Ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар» (Оли Имрон: 169).
Бухорий ва Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда мужоҳидлар имоми – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – жиҳоднинг шарафи ва фазлини шундай баён қилиб бердилар: «Жаннатда Аллоҳ Ўз йўлидаги мужоҳидларга тайёрлаб қўйган юзта даража бор. Ҳар икки даража оралиғи ер билан осмон оралиғичадир. Аллоҳдан сўрайдиган бўлсангиз, олий «Фирдавс» жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнинг энг ўртаси ва энг юқорисидир, жаннат анҳорлари ундан оқиб чиқади, Раҳмон таолонинг Арши унинг устидадир» (Бухорий: 6/9, Саҳиҳул-жомиъ: №2126).
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Саидга айтдилар: «Ким Аллоҳни парвардигор, Исломни дин ва Муҳаммадни пайғамбар деб рози бўлса, унга жаннат вожиб бўлади». Шунда Абу Саид: «Ё Расулуллоҳ, буни менга яна бир қайтаринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна қайтардилар, кейин айтдилар: «Яна бир иш борки, Аллоҳ у билан бандани жаннатда юз даража юксалтиради, ҳар икки даража ўртаси осмон билан ер оралиғичадир». «У нима, ё Расулуллоҳ?», деб сўради. «Аллоҳ йўлидаги жиҳод», деб жавоб бердилар (Муслим (№1884), Насоий (6/19) ривоятлари).
Абу Абс Абдурраҳмон ибн Жабрдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг икки қадамига Аллоҳнинг йўлида чанг-ғубор етса, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади», деганлар (Бухорий (6/23), Термизий (№1632), Насоий (6/14) ривоятлари).
Муҳаммад ибн ал-Мункадирдан ривоят қилинади, у шундай дейди: «Салмон ал-Форсий Шураҳбийл ибн ас-Самт ёнидан ўтди, у риботда (яъни қўриқчиликда) турган эди, унга ва бошқа саҳобаларга қийинчилик етган эди.
Салмон уларга деди: «Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганим бир ҳадисни айтиб берайми?»
«Ҳа», дейишди улар.
«Мен у зотнинг шундай деганларини эшитганман: «Бир кун Аллоҳ йўлидаги рибот (яъни, қўриқчиликка ўзни боғлаш) дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқдир – ёки айтдилар – бир ой рўза тутиш ва тунги намоз ўқишдан яхшироқдир. Агар ўлса, қилиб турган амали унга жорий бўлади (яъни ўлимидан кейин ҳам давом этиб туради), ризқи жорий қилинади ва (қабрда) фитнага солувчи (фаришта)лардан омонда бўлади» (Муслим: №1913, Термизий: №1665, Насоий: 6/39).
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, қай бир киши Аллоҳ йўлида жароҳатланса, – ким Унинг йўлида жароҳат олганини Аллоҳ яхши билгувчидир – (унинг жароҳати) қиёмат куни ранги қон рангида, ҳиди мушк ҳидида бўлиб келади» (Бухорий: №2803, Муслим: №1876, Термизий: №1656).
«Саҳиҳ Муслим»да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Шаҳидларнинг руҳлари яшил қушларнинг ичида бўлиб, у (қуш)лар учун аршга илиб қўйилган қандиллар бордир, жаннатнинг истаган жойида сайр қилиб, кейин ўша қандилларга келиб жойлашадилар. Парвардигорлари уларга боқиб: «Бирон нарса истайсизларми?», деб сўради. Улар: «Яна нима исташимиз мумкин, жаннатда истаган жойимизда сайр қилиб юрибмиз-ку?», дейишди. (Парвардигорлари уларга) яна уч бор шундай (мурожаат) қилди. Улар ўзларига (мазкур) савол берилмай қўйилмаслигини кўрганларидан кейин: «Эй Парвардигор! Биз руҳларимиз яна жасадларимизга қайтарилишини ва сенинг йўлингда яна бир бор қатл қилинишимизни истаймиз», дедилар. Уларнинг (бошқа) бирон ҳожатлари йўқлигини кўргандан сўнг тек қўйилдилар» (Муслим (№1887), Термизий (№3014, 3015) ривоятлари).
Термизий ривоят қилган ҳадисда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени ғамгин ҳолда кўриб: «Нима бўлди, синиқ кўринасиз?», деб сўрадилар. Мен: «Отам Уҳуд куни шаҳид бўлди, бола-чақа ва қарз қўйиб кетди», дедим. «Отангизни Аллоҳ қандай кутиб олганини айтайми?», дедилар. «Ҳа», дедим. У зот дедилар: «Аллоҳ таоло ҳеч биров билан пардасиз гаплашган эмас. У отангизни тирилтирди ва У билан юзма-юз (пардасиз) гаплашди ва: «Эй бандам, Мендан тилагингни тила, уни сенга ато этаман», деди. У: «Эй Раббим, мени тирилтирсанг ва яна бир бор ўлдирилсам», деди. Аллоҳ субҳанаҳу: «Менинг: «Улар энди унга (яъни дунё ҳаётига) қайтарилмайдилар» деган сўзим ўтгандир», деди». У: «Эй Раббим, ортимда қолганларга етказгин», деди. Шундан сўнг «Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ Ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар» (Оли Имрон: 169) ояти нозил бўлди» (Термизий (№3013) ривояти).
Шунинг учун ҳам «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: «Ким ғазот қилмасдан ва бу ишни дилига тугмасдан ўлса, мунофиқликнинг бир бўлагида ўлади» (Муслим (№1910), Абу Довуд (2502), Насоий (6/8) ривоятлари).
Шу қадар ҳадислар келтириш билан кифояланаман. Аслида, бу мавзуда жуда кўп ҳадислар бор.
Сўзни имом, мужоҳид Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ жанг майдонидан ўзларининг тақводор, обид ва зоҳид биродарлари, «икки ҳарам обиди» деб машҳур бўлган Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳга йўллаган жиҳоднинг шарафи ва фазлини баён қилувчи қуйидаги байтлари билан якунламоқчиман:
Эй Ҳарам обиди, айт, сен не билан машғулсан,
Билки, ибодат аталмиш овунчоқ-ла машҳурсан.
Юзларимиз қон зарбидан алвон тусга кирганда,
Юзларингни кўз ёш билан ювибми, сен мағрурсан?!
Димоғимиз чанг тўзону, дуд-тутундан қорайди,
Балки, мушк-анбар бўйидан, сен бугун масрурсан.
Муҳаммаднинг ваъдаси бор, сўзлари ростдир унинг,
«Жанг тўзони ичра юрсанг, сен оловдан мабрурсан».
Тўртинчи: Жанг пайтида сабот билан туриш фарзлиги
Жиҳоднинг шарафи ва фазли шу қадар юксак бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло кофир ва мушриклар билан уруш кетаётган пайтда жанг майдонида сабот билан туришга буюрди.
Чунки, мўминнинг қалби модомики, Аллоҳга боғланиб турар экан, ер юзидаги ҳеч қандай куч-қувват уни мағлуб эта олмайдиган даражада собит ва мустаҳкам бўлмоғи зарурдир: «Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир (яъни, Уни Ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким ман қила олмайди), лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар» (Юсуф: 21).
Яна мўминнинг қалби ажаллар ёлғиз Аллоҳнинг Қўлида эканини, унга ҳаёт бахш этган зот ҳам Аллоҳнинг Ўзи эканини, агар шаҳидлик битилган бўлса, ўзининг яна Аллоҳ ҳузурига қайтишини яхши англамоғи ва бунга қаттиқ ишонмоғи лозим. Шунинг учун ҳам Қуръонда сабот ва сабрга, Аллоҳни ёд этишга, Аллоҳга бўйин эгиш ва итоат қилишга, кибр қилмасликка ва талашиб-тортишмасликка буйруқлар келган. Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, (кофир) жамоатга рўбарў бўлганингизда саботли бўлингиз ва доимо Аллоҳни ёд этингиз, шояд нажот топурсизлар. Ва Аллоҳ ҳамда Унинг пайғамбарига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур. Сабр-тоқат қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир. Ўз диёрларидан (яъни, Маккадан) кибру ҳаво билан ўзларини одамларга кўз-кўзлаб чиққан ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган кимсалар каби бўлмангизлар! Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир (ўраб олувчидир)» (Анфол: 45-47).
Демак, қуйидагилар ғалабанинг ҳақиқий омиллари экан:
– Душман билан тўқнашганда саботли бўлиш;
– Аллоҳ азза ва жаллани кўп ёд қилиш;
– Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш;
– Талашиб-тортишиш ва ихтилофдан узоқ бўлиш;
– Жанг машаққатларига сабр қилиш;
– Кибру ҳаво, риё ва тажовузкорликдан сақланиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбияларини олган улуғ саҳобалар ушбу раббоний амр-фармонга лаббай деб ижобат қилдилар ва жанг майдонларида қаҳрамонлик ва баҳодирликнинг ажойиб намуналарини кўрсатдилар. Мен бу ерда биргина мисол келтириш билан чекланаман.
Уҳуд жанги куни «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлдирилганмишлар» деган хабар тарқалиб, айримлар саросимага тушиб, қўлларидаги қуролларини ташлаб, таслим бўлиш ҳаракатига тушиб турганида улар олдидан Анас ибн Назр ўтиб қолди ва: «Нимага қараб турибсизлар?», деб сўради. Улар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлдирилганмишлар», дейишди.
«Ундай бўлса, у зотдан кейин яшаб нима қиласизлар?! Туринглар, сизлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлган иш устида ўлинглар!», деди у, сўнг: «Эй Парвардигор! Мен мана булар – яъни мусулмонлар – қилган ишдан Сендан узр сўрайман, ана улар – яъни мушриклар – қилган ишдан поклигимни Сенга эълон қиламан», деди. Шундай деб олға интилди. Йўлида Саъд ибн Муоз дуч келиб: «Қаерга эй Абу Умар?», деб сўраган эди: «Оҳ, оҳ, жаннатнинг ҳидини топяпман эй Саъд, у Уҳуд томондан келмоқда», деди.
Сўнг жангга шўнғиб кетди ва то ўлгунича уришди. Жангдан сўнг унинг жасадини таний олмадилар, фақат синглиси унинг бармоғидан таниб олди. Баданида саксондан ортиқ найза, қилич ва камон ўқидан қолган жароҳатлар бор эди (Бухорий (2805), Муслим (№1903) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Бешинчи: Жанг пайтида ортга қочиш гуноҳи кабирадир
Жанг майдонида сабот билан туришга буюрилганидан сўнг, ортга қочмасликка буйруқ келмоқда – фақат икки ҳолатда ортга қайтиш бундан мустасно – зотан, жанггоҳдан қочиш Аллоҳнинг ғазаби ва жаҳаннам азобига дучор этувчи катта гуноҳлардан биридир.
Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, кофирларнинг ҳужумига дуч келганингизда уларга орқа ўгирманглар (яъни қочманглар). Кимки ўша (уруш) кунида жанг йўсинини ўзгартириш ёки бошқа бир гуруҳ (мусулмонларга) қўшилишдан ташқари ҳолатда, уларга (кофирларга) орқа ўгириб қочса, бас, у Аллоҳ тарафидан ғазабга лойиқ бўлибди ва унинг жойи Жаҳаннамдир. Нақадар ёмон оқибат-а!» (Анфол: 15-16).
Демак, жанг майдонида ортга қайтиш қуйидаги икки ҳолатда дуруст бўларкан:
1) Жанг йўсинини ўзгартириш учун, яъни жанг учун яхшироқ жой танлаш ва душманга яна ҳам кучлироқ зарба бериш мақсадида бўлса. Буни уруш ҳийласи ва жанг тактикаси деб билинади.
2) Бошқа бир гуруҳга қўшилиш ва улар мададида ёки уларга мададкор бўлиб, жанг қилиш учун бўлса.
Баъзи илм аҳллари жанг майдонидан қочиш гуноҳи кабира эмаслигини айтганлар. Сўзларига далил ўлароқ ушбу оят Бадр аҳлига хос тушганлигини айтганлар.
Баъзи олимлар эса ушбу оят Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти билан мансух бўлганини айтганлар:
«Энди Аллоҳ сизларнинг (юкингизни) енгил қилди, сизларда ожизлик борлигини билди. Бас, сизлардан юзта сабр-тоқатли киши бўлса, икки юзта (кофирни) енгар» (Анфол: 66).
Улар агар душман адади икки баробардан зиёд бўлса, қочишга ижозат берганлар.
Лекин, жумҳур аҳли илмлар юқоридаги оят муҳкам ва ом эканини (яъни Бадр аҳлига хос эмаслигини) айтганлар. Жумладан, Ибн Жарир ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ бу хусусда шундай дейдилар:
Менинг наздимда икки таъвилнинг (ҳаққа) лойиқроғи – оятнинг ҳукми муҳкамдир, у Бадр аҳли хусусида нозил бўлган, ҳукми эса барча мўминларга собитдир, деб айтувчи кишиларнинг сўзидир.
Аллоҳ таоло мўминларга душманга тўқнашган пайтларида мағлуб бўлиб ортга қочишни ҳаром қилди, фақат жанг йўсинини ўзгартириш учун ёки мўминларнинг бошқа бир гуруҳига қўшилиш учун бўлса, чекинишлари мумкин бўлади. Ушбу икки мақсаддан бошқа ниятда ортга қочган киши Аллоҳ таолонинг азобига лойиқ бўлади, магар Аллоҳ афв қилса, бундан мустасно.
Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ҳам оят Бадр аҳли хусусида тушганини, бироқ, гарчи оятнинг нозил бўлиши сабаби улар ҳақида бўлса ҳам, бу дегани Бадр аҳлидан бошқалар жангдан қочиши ҳаром эмаслигини англатмаслигини, бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, жанг майдонидан қочиш ҳалок қилувчи гуноҳлар қаторида саналган ҳадис далил бўлишини айтганлар.
Олтинчи: Иззат фақат жиҳод биландир
Севикли дўстларим! Уммат Аллоҳ таоло унинг зиммасига азиз ва мақтовли ҳолда яшаши ёки шаҳид бўлиб, бахтли ҳолда Унга йўлиқиши учун фарз қилган жиҳодни тарк қилган кунидан заифликка юз тутди, хорлик ва хўрликка гирифтор бўлди. Аллоҳга қасамки, уммат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу диннинг ўркачи деб таърифлаган жиҳодни зое қилган кунидан ўзи ҳам зое бўлди. Душманларимиз умматни жиҳоддан тўсишга қаттиқ ҳарис бўлишди, мусулмонлар авлоди жиҳод руҳида ва қаҳрамон мужоҳидлар сийратида тарбияланиб қолмаслиги учун, уммат хор ва синиқ ҳолда, худди ёмғирли кечада тирқираб кетган қўй подаси каби тарқоқ ҳолда қолаверишига зўр бериб уринишди..
Ушбу ҳаракатлар самараси ўлароқ, ҳақиқатан мусулмонлар ҳиссида жиҳод тушунчаси кундан-кун кичрайиб борди ва охири бориб, жиҳодга бўлган даъват жуда совуқ қарши олинадиган бўлиб қолди.
Жиҳодга бўлган чақириқ қаттиқ инкор билан қарши олинадиган бўлиб қолди, десам ҳам асло муболаға қилмаган бўламан.
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, кунлар ўтиб, Хавфсизлик Кенгаши, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро йиғинлар умматга унинг ҳақ-ҳуқуқларини қайтариб беришга қодир эмаслиги, ҳақсиз тўкилаётган қонларни эгаларига ҳеч қачон қайтариб беролмаслиги, бу умматга унинг шахсияти, ҳурмати ва раҳбарлиги асло қайтарилмаслиги амалий равишда исботланди, буларни қайтариб олишнинг ягона йўли умматда жиҳод руҳини қайта тирилтиришдир, бу эса аввал-бошидан қалбларни лой ва балчиққа, ер ва тупроққа мойилликдан қутқариш билан ҳосил бўлади.
Абу Довуд «Сунан»да ва Аҳмад «Муснад»да Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дардга дақиқ-нозик ташхис қўйганлар ва унинг давосини ҳам дақиқ суратда белгилаб берганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳали устингизга халқлар худди емакхўрлар товоғига ташланганидек ёпирилиб келади», дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, ўша куни озчилик бўлганимизданми?», деб сўрадик. «Сизлар у куни кўпчилик бўласизлар, лекин худди селнинг кўпиги каби кўпик бўласизлар, душманларингиз қалбидан маҳобат (қўрқув) олиб қўйилади ва қалбларингизга ваҳн (заифлик) солиб қўйилади», дедилар. «Ваҳн нима?», дедик. «Дунёга муҳаббат ва ўлимни ёмон кўриш», дедилар» (Абу Довуд: №4297, Аҳмад: 5/278, шайх Албоний саҳиҳ санаган).
Аҳмад ва Абуд Довуд Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар ийна (рибо тури) билан савдо-сотиқ қилсангиз, сигирларнинг думини тутсангиз ва фақат экин-тикин билан машғул бўлиб, жиҳодни тарк қилсангиз, Аллоҳ сизларга хорликни келтириб қўяди ва то динингизга қайтмагунларингизча, уни устингиздан кўтармайди» (Абу Довуд: №3462, шайх Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№11) саҳиҳ санаган).
Буюк Аллоҳдан жиҳод байроғини юксалтиришини, фасод ва залолат аҳлини йўқ қилиб юборишини сўрайман. У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.
2011 йил 4-март
Ислом Нури таржимаси