Рамазонни қандай кутиб олишимиз керак

МАҚОЛАЛАР

Рамазон ойи муносабати билан.

الحمد لله والصلاة والسلام على رسول الله صلى الله عليه وآله وسلم تسليماً كثيراً

 Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди. (Бақара сураси, 183-оят).

 (У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўза тутсин.  (Бақара сураси,  185-оят).

 Дарҳақиқат, Рамазон ойида рўза тутиш Аллоҳ буюрган улкан вазифалардан бири бўлиб, Исломнинг устунларидан биридир. Буҳорий ва Муслим келтирган Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ ﷺ шундай марҳамат қилганлар:

 «Ислом беш устун устига қурилган: Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг Росули эканлигига гувоҳлик бериш, намозни адо қилиш, молк-мулкидан закот бериш, Каъбани тавоф қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш.

 «Ушбу мақоламизда Рамазонни қандай кутиб олишимиз кераклиги, рамазон ойи вақтидан унумли фойдаланиш, савобли аммалларга шошилиш ва буюк, меҳрибон Аллоҳга ўзимизни ибодатга бағишлашимиз кераклиги ҳақида суҳбатлашамиз. Азиз биродарларим, кунлар ва соатлар ўтиб кетябди, охирида маълум белгиланган вақт ҳам етиб келади!  Шундай экан, келинглар Рамазон ойи кириб келишидан аввал, бир оз тўхталиб  қалбимизни тубига назар солайлик. Рамазон ойи қандай ой эканлигини биласизми? Бу ой раҳмат, мағфират, барака ойидир. Бу ой, оламларга ҳидоят қилиб қуръон нозил қилинган ойдир.

 Рамазонга тайёргарлик қандай бўлади?

 Ўйин-кулги ихлосмандлари кўнгилхушли филмларни тайёрлашади, ҳашаматни  севувчилар турли хил таомларни пиширадилар, яратилган махлуқларнинг энг яхшилари билан жаннатда бирга бўлишни истаган инсонлар нималарни тайёрлаши керак?

 Эшитинг ва интилинг!

 Биринчи маслаҳат: Тавба.

 Биз қилишимиз керак бўлган биринчи иш, қилган гуноҳларимиз ва хатоларимиз учун чин қалбдан тавба ва надомат қилиш.  Биродарим Муслим ва Муслима опа-сингилларим, остингиздаги ер торайиб қалбингиз маҳзум бўлганида, ташвиш ва қайғу, ожизлик ва тамбаллик каби туйғулар қамраб олганда, нажотни қаердан топай экан деб излаб юрганмисиз? Атрофингиздагилар, қариндошлар, дўстлар, оила аъзолар ва қўшнилар билан муносабатларингиз ёмонлашдими?
Ҳаётингизда, мол-мулкингизда, вақтингизда ва умуман борлиғигингизда барака йўқлигини ҳис қиляпсизми?
Бирон шахсга ёки жамоатларнинг бошига кулфат, фалокатлар, касалликлар, эпидемиялар, зилзилалар, тошқинлар, қайғу ва синовлар тушаётганини пайқадингизми?
Эй катта гуноҳга қўл ураётган инсон, тўхта шошилма, ахир бу кулфатлар Аллоҳга осийликнинг баъзи оқибатларидир.

 Кўп гуноҳлар, одамнинг қалбини тош каби қотишига, ташвишларини кучайиши, қайғуни кўп бўлиши, чалкашлик кўпайиши, ҳаёт қийинчиликлари ва машаққатларидан халос бўлиш учун ўлимни хоҳлашига олиб келади. Бу дунёни қийинчиликларига чидай олмаса, Охират азоби ҳақида нима дейишимиз ҳам мумкин? Эй гуноҳкор банда эътибор бер, Аллоҳга осийлик, ҳаёт қувончларидан маҳрум қилади, ёвузликни олиб келади, қайғу ва машаққатларни келтирур, танангизни заифлаштиради ва ризқингизни торайтиради!

 Эй гуноҳкор, хурсанд бўл!

 Фурсатни ғанимат бил!

 Дарҳақиқат қотил тавба қилди, шаробхўр тавба қилди, у ёки бу гуноҳни қилган киши ҳам тавба қилди.  Наҳотки Роббингиз раҳматидан ноумид бўлсангиз? Ахир, Роббингиз кенг қамровли раҳм-шафқат соҳибидир.

 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан)ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир. (Зумар сураси, 53-оят).

 Сиз билан тавба ўртасида фақат гуноҳларингиз бор бўлса, нима учун сиз дўзахга тушишингиз керак?

 Эй гуноҳкор, хурсанд бўлинг ва тингланг!

 Рамазон келмоқда, гуноҳкорларнинг эгилган бошлари кўтарилади, тавба эшиклари қаршимизда очилади, хайрли ишлар ва ибодат вақти бошланади, агар гуноҳлар ва ёмон ишлардан чарчаган бўлсангиз, билингки сизни Роббингиз бор, У сизни тавба қилишингизни хоҳлайди: Ким бирон-бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини топар-кўрар. (Нисо сураси, 110-оят).

 Ҳадиси шарифда: «Эй Oдам боласи, Мендан дуо қилиб сўрасанг, Мендан умид қилсанг, гуноҳларингни кечираман!» дейилган.

 Эй гуноҳкор, Аллоҳ олдида чин дилдан тавба қил ва қилган гуноҳларингдан пушаймон бўл.

 Қандай қилиб Аллоҳга осий бўласиз, ахир У яратган ер юзида, У кўтариб қўйган осмон остида юрсангиз?! Унинг яратган ҳавосидан нафас оласиз! Унинг ризқидан еб-ичябсиз!
Уят сизга!

 Тасаввур қилинг, ўзингиз вояга етказган ва фойда келтириб турадиган кишингизни хиёнатига чидай оласизми, гарчи уни яратмаган бўлсангиз ҳам? Аллоҳнинг буюк раҳм-шафқати шундаки, У тавба қилишингиз учун шу вақтгача сизга муҳлат берди ва ўлим фаришталари сизни гуноҳингиздан ушлаб дўзахга ташламадилар! Қалбингизга назар солинг ва гуноҳларингизга иқрор бўлган ҳолда Роббингиздан мағфират сўранг. Ҳали ҳам гуноҳларингизни яшириб, сизга раҳм-шафқат ва ризқ ато этаёган Роббингиз олдида қилган хатоларингизни, гуноҳларингизни эслаб, яноқларингиздан ёш оқсин!  Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун қалбингизни гуноҳлардан, осийликдан ва зулматдан қутқаринг.

 Иккинчи маслаҳат: Аллоҳ сизга Рамазонни насиб қилганига шукур қилинг. Аллоҳга яқинлашишингиз учун, ибодат турларини бажариб ва умрингизни узайтиргани учун Аллоҳга шукр қилишингиз керак. Ахир, Рамазонга ета олмаган жуда кўп қалблар бор эди, лекин улар ер остига кирди!  Намозни ўқий олмаганлар, рўза тута олмайдиганлар, касал бўлиб ётганлар қанча.  Ҳаёт, соғлик ва фаровонлик учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.  Агар инсон бу раҳм-шафқатни тушунса ва бунинг учун Аллоҳга шукр қилса, Аллоҳ уни ёмонликдан сақлайди. Салафлардан бири айтганидек, «Аллоҳнинг неъматларига, Аллоҳга шукур қилиш билан эришинг».  Агар Аллоҳ Ўз бандасига ризқ ва барака берса, банда бу неъматлардан Аллоҳга ибодат қилиш учун фойдаланса ва шукур қилса, Аллоҳ уни ҳимоя қилади ва неъматларини зиёда қилади.  Агар бирор киши шукр қилмаса ва ушбу неъматларини Аллоҳга осийлик қилиш учун сарфласа, унда Аллоҳ уни бу неъматлардан маҳрум қилади ва неъмат ўрнига жазо ва аламли азобни алмаштириб қўяди.

 Учинчи маслаҳат: Рамазон аҳкомларини ўрганинг.

 Oй бошланишидан олдин рамазон фиқҳини, унинг аҳкомлари ва қоидаларини, шунингдек рамазон билан боғлиқ бўлган  эътикоф, умра, фитр закоти каби ибодатларни ўрганинг. Расулуллоҳ ﷺ айтдилар: «Илм талаб қилиш (ўрганиш) ҳар бир мусулмоннинг бурчидир».

 Тўртинчи маслаҳат: Қатъийлик ва жидду-жаҳд.

 Рамазонда қилган ниятингизда бардам бўлинг. Солиҳ сўзлар ва яхши ишларга бўлган самимийлик, қатъият, ғайрат, шунингдек ибодатдаги тиришқоқликни кучайтиринг, Аллоҳни зикр қилинг ва Рамазонни яхши амаллар билан тўлдиринг, рўза ва намозларни энг яхши тарзда адо этинг, Аллоҳ таоло деди: «содиқ-ростгўй бўлганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди». (Муҳаммад сураси, 21-оят).

 Агар инсон қалбида бирон бир яхшилик қилишни қатъий ният қилган бўлса, бу ниятини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бирон бир тўсиқ пайдо бўлса, у барибир бу яхши нияти учун мукофот олади. Рамазон кириб келишидан олдин қанча инсонлар вафот этишди, агар улар рамазон ойида Аллоҳга ғайрат ила ибодат қилишни ният қилишган бўлса, ўлим улар учун яхшидир. Бас, ният ва ибодатда Аллоҳга самимий бўлинг, чунки қачон ўлишингизни билмайсиз ва Аллоҳ бандасига ўзини нияти ва ихлосига яраша мукофот беради.

 Бешинчи маслаҳат: Саноқли кунлар.

 Шуни эсда тутиш керакки Рамазон, Аллоҳ таърифлаганидек, «саноқли кунлар»дир. Бу ажойиб давр, лекин у тезда ўтиб кетади.  Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, ибодатдаги тиришқоқликдаги қийинчиликлар ҳам ўтиб кетади, қалбда эса мукофотга бўлган умид ва қувонч қолади, агар инсон бепарволик қилса, рамазон вақтини ҳавойи-нафс ва енгилтаклик билан ўтказса, фақат чарчоқ ва вазминлик қолади.  Агар Аллоҳ хоҳласа яқинда биз байрамдан кейин учрашамиз. Рамазон чақмоқ каби тез ўтиб кетади, кимдир муваффақиятга эришади, кимдир зарар кўради!

 Oлтинчи маслаҳат: Ушбу муборак ойнинг кўрсатмалари ва сабоқларидан фойдаланинг.

 Рўза қиёматдаги чанқоқни эслатади.  Дунё, рўза тутилган кунга ўхшайди, охират эса ифтор вақтига ўхшайди. Рўзадор учун оғиз очилган вақт қувончи нақадар ажойиб, бу лаҳзалар нақадар завқлидир ва киши ўз номаи-аъмолини ўнг томонидан олиши нақадар катта бахтдир. Пайғамбаримиз ﷺ айтганлар: “Рўзадор учун икки қувонч бордир — ифтор пайтидаги хурсандчилик ва Роббисига йўлиққан вақтидаги хурсандчилик”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Шундай экан, нега биз ўз ҳаётимизни гуноҳ ва ҳавойи-нафслардан сақламаймиз, ахир ифторлигимиз қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида бўлса. Рамазон кун давомида ўзингизни сабр-тоқатга, тиришқоқликга чақириб, рамазондан кейин ҳаром нарсалардан онсон тийилишлик учун, рўза вақтида мубоҳ амаллардан ўзингизни тийинг. Барча ишларда самимий бўлишни ўрганинг, чунки рўза банда ва Роббиси ўртасидаги сирдир. Намозга чиққан вақтингизда, ниятингиз фақат Аллоҳ учун бўлмоғлиги керак, шундагина гуноҳлар кечирилиши ва ажрни умид қилсак бўлади. Мискинлик сабабли умр бўйи рўза тутаётган биродарларингизни эслаб, Рамазон ойида қалбингизни саховатга унданг.

 Еттинчи маслаҳат: Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб намозга турувчилар учун.

 Намозга турганда ғайратли бўлинг, намозни узунлиги сабаб зерикишдан эҳтиёт бўлинг — бу соатлар қисқа ва Рамазон тугайди, баъзилар муваффақият қозонади, бошқалар эса зарар кўради. Сиз намозни қисқа ўқувчи имомларни  қидирдингиз, бу эса сизни жаннатдан узоқлаштирди, сиз эса буни билмадингиз.  Шунинг учун ўзингиздан яхшиликни узоқлаштирманг, чунки бу бахтсизликнинг аломатларидан биридир.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки Рамазонда иймон билан, Аллоҳнинг ажридан умидвор бўлиб намозда турса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилади», дедилар (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Абу Зарр розияллоҳу анҳу дедилар: «Пайғамбар ﷺ биз билан шу қадар узоқ ибодат қилдиларки, биз бомдод намози вақти келишидан қўрқа бошладик».  (Абу Довуд, Ан-Насоий ва бошқалар, Албоний буни саҳиҳ деб ҳисоблаган).

 Саккизинчи маслаҳат: Қуръон ойида Қуръон билан машғул бўлиш.

Қуръонни қўлдан қўймасликга ҳаракат қилинг, чунки рўза ва Қуръон қиёмат куни инсоннинг шафоатчиларидир. Салафларимиздан баъзилари ҳар уч кечада, баъзилари ҳар етти кечада, баъзилари эса ҳар ўн кечада намозда Қуръон ўқиб тугатардилар. Имом Молик Рамазон ойи бошланиши билан ҳадис илмларини ўрганишни ва уламолар билан мулоқотни тарк этиб, вақтини Мусҳаф Қуръон ўқишга бағишлардилар. Суфён Саврий ҳам шундай қилар эдилар, Ал-Асвад ҳар икки кечада Қуръон ўқиб тугатган, Имом Шофий Рамазонда Қуръонни олтмиш марта ўқиган …

 Тўққизинчи маслаҳат: Эътиқоф ва Қадр кечаси.

 Эътикофда ўтиришга интилинг ва Рамазоннинг охирги ўн кунлигида яна ҳам ғайратлироқ бўлишга ҳаракат қилиб, Қадр кечасини топишга ҳарис бўлинг.
Имом Зуҳрий шундай дейдилар: “Рамазон ойида эътикофни тарк этган одамлардан ҳайратланаман, аxир Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларидан буён Аллоҳ таолонинг ҳузурига кетгунларига қадар ҳар Рамазонда эътикофга ўтирар эдилар”.

 Ўнинчи маслаҳат: Азкорлар (зикр).

 Доимo—ҳар ҳолатда, айниқса Рамазон ойида Аллоҳни ёд этиб дуогўй бўлишга ғайрат қилиш. Дуода Аллоҳдан қалбингизда Ўзидан қўрқишни сўраш ва дуолар ижобат бўладиган вақтларни қасд қилиб, Аллоҳдан ибодатлар учун ёрдам-мадад сўрашлик. Шу дуолар жумласидан: “Эй Аллоҳим сени ёд этишимга, сенга шукр қилишимга ва сенга яхши ибодат қилишимга ёрдам бер”.
( اللهم أعنّي على ذكرك وشكرك وحسن عبادتك).

 Ўн биринчи маслаҳат: Гуноҳлардан эҳтиёт бўлинг. Рамазон ойида кичик гуноҳлардан ҳам эҳтиёт бўлинг-ки, чунки Рамазон ойи бошқа ойлар орасида алоҳида шараф мавқеъга эга.  Қандай қилиб Аллоҳга яқин бўлмоқчисиз, ҳалолни қўйиб, ҳаромга қарасангиз, ҳаромни сўзласангиз ва ҳаромни тингласангиз? Эй гуноҳлар гирдобига чўкаётган ғофил банда тўхта тинчлан. Дарҳақиқат ғофил кимса бу ойда қиладиган биринчи ёмонлик рамазонни қийин деб ўйлаш, ойнинг кунларини, соатларини ҳисоблаш, чунки бу ой ҳавойи-нафс истакларидан тўсиб туради. Енгилтак ва бепарво инсонлар вақтларини доим беҳуда ўтказадилар. Рамазон ойида ҳам филмлар тамошаси, тонгача ўйинлар билан машғул бўлиш, ёки ошқазон бузилгунга қадар тонгача турли хил таомларни еб чиқиш. Эй рўзадор мусулмонлар, йиртқич ҳайвондан қочгандай турли филмлардан, телевизор ва ёмон оммавий ахборот воситаларидан қочинглар.

 Дарҳақиқат, бу «санъаткорлар» Oллоҳга олиб борадиган йўлдаги қароқчилар кабидидир, Аллоҳ улар ҳақида шундай марҳамат қилади:
“Улар (мушриклар) дўзахга чақирадилар. Аллоҳ Ўз изни-иродаси билан жаннат ва мағфиратга даъват қилади”. (Бақара сураси, 221-оят)

 “Ва Биз қалбини Бизни зикр қилишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг”! (Каҳф сураси, 28-оят).

 Рамазонда кунлик дастур.
Азиз биродар, кўпроқ ажр-мукофотни олишни истасангиз ушбу дастурга содиқ қолишга ҳаракат қилинг, Аллоҳ сизга ва менга ёрдам берсин.

1. Oдамлар билан камроқ суҳбатлашиб, Аллоҳни кўпроқ эсланг ва Қуръон ўқинг.

2. Масжидда имкон қадар кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қилинг.

3. Рамазонда кўпроқ садақа қилинг ва рўзадорларнинг ифтори учун таом беринг, чунки бу билан рўзадорнинг мукофотига эришиш мумкин.

4. Ифтор вақтида кўп таом еманг, чунки у сизнинг таровиҳ намозингизга ҳалақит қилиши мумкин. Тунги намозни ўқий олишингиз учун, кундузги тушлик пайтида озгина ухлашга ҳаракат қилинг ва кун давомида фойдасиз нарсалар билан ўзингизни чарчатиб қўйманг.

5. Рамазонда кун давомида кўп ухламасликга ҳаракат қилинг, чунки кўп ухлаш сизни яхши ишлардан маҳрум қилади.
Билингки, дунёдаги умрингиз қисқа, қабрда қолиш узоқдир. Хулоса қилиб айтганда ибодат, Аллоҳдан қўрқиш, тавба қилиш, рўза тутиш, намоз ўқиш, Қуръон ўқиш, дуо қилиш, даъват қилиш каби солиҳ амалларда сиздан ҳеч-ким ўзиб кетолмасин.  Имом Аҳмаддан сўрашди: «Инсон қачон дам олиши мумкин?»  у жавоб берди: «У жаннатга кирганда» …

Tagged

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *