Қуръон ва суннат ҳақида

МАҚОЛАЛАР

Муаллиф: Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

   Барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамдлар, пайғамбарларнинг энг шарафлиси бўлган бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

   Бизнинг Қуръон ва суннатга нисбатан масъулиятимиз уларни ўрганиш, уларга амал қилиш ва эргашишдир. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган китоб – Аллоҳ таоло ҳимоя қилишни кафолатлаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга белги ва мўъжиза қилган, ўз замондошлари ва бутун халқни ўз мислича нарсани ёки рақибни олиб келиб келишга чорлаб лол қўйган, Аллоҳ таоло зиддиятлари ва ихтилофлари йўқ дея мадҳ этган – Қуръон Каримдир.

   Биз, мусулмоннинг қандай ўрганиб, қандай амал қилиши кераклигини билиши умидида, Қуръон ва суннат ҳақидаги айрим далилларни тилга олгач, аввало мусулмон учун зарур бўлган Қуръон ва суннат таълими, сўнгра, уларга амал қилиш ва уларни ҳаётга татбиқ қилиш ҳақида сўз юритамиз.

   Шубҳасиз, Аллоҳнинг каломи – каломларнинг энг шарафлисидир. Зеро калом – каломни гапирган зотнинг буюклигига қараб шарафли бўлади. Шунинг учун ҳам Қуръон Карим – Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбига нозил қилинган Аллоҳнинг Каломидир. Буни Аллоҳ таоло шундай ифодалайди:

«Албатта (бу Қуръон) барча оламлар Робби томонидан нозил қилингандир. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз (охират азобидан) огохлантиргувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Амин – Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди» (Шуъаро: 193 – 196).

   Бундан мақсад, Қуръон Карим – каломларнинг энг шарафлиси ва энг афзалидир. Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръоннинг фазилатларини зикр қилдилар. Аллоҳ таоло ушбу оятида Қуръонга қасам ичган:

«Мен юлдузларнинг ботар жойларига қасам ичарманки, — ҳолбуки бу (қасам) агар билсангизлар шак-шубҳасиз улуғ-катта қасамдир — албатта у (Қуръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китобдаги (Лавҳул-Маҳфуздаги) Улуғ Қуръондир! Уни фақат таҳоратли — пок кишиларгина ушларлар. (У) барча оламлар Робби томонидан нозил қилингандир» (Воқеъа: 75 – 80).

   Аллоҳ таоло Қуръоннинг бебаҳо, яъни, Аллоҳ таоло учун бебаҳо эканига, умматга ҳам унинг бебаҳо эканини, унинг фазлини билиб, унинг фазилати ва ундаги барча нарсаларни тан олишлари, сўнгра, Қуръонга эргашиш ва унинг йўлида юришнинг фарзлигига эътироф этишлари зарур эканига қасам ичди. Аллоҳ Қуръоннинг асралган Китобда экани, уни фақат таҳоратли – пок кишиларгина ушлашини ва уни барча оламлар Робби томонидан нозил қилинганини эслатди.

   Аллоҳ тарафидан нозил қилингани – уни Аллоҳ ҳақиқатан гапиргани – учун ҳам, Қуръоннинг фазли ва олий мартабаси бўлиб, у энг афзал калом бўлди. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар уни улуғлашлари, уни ўқишга ҳарис бўлишлари ва унинг (ҳаётларидаги) ўрнини танишлари керак.

   Бундан ташқари Аллоҳ таоло: «Уни фақат таҳоратли — пок кишиларгина ушларлар. (У) барча оламлар Робби томонидан нозил қилингандир»– деди. Бу ҳам Қуръоннинг фазилатига далолат қилади. Яъни Аллоҳ таоло: «Қуръонни таҳоратли одамларгина ушласин» демоқчи.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам: «Қуръонни – пок одамгина ушласин»– деганлари нақл қилинган.

   Саҳобалар бунга амал қилдилар. Бировларининг таҳорати бузилса Қуръонни ушлаш учун таҳорат олишга буюрар эдилар. Бу – Қуръоннинг фазли сабабли эди. Бу – Қуръоннинг мартабаси ва шарафига далилдир: таҳорати бўлган одамгина ушласин. Қуръонни, Қуръоннинг буюклигини, унинг энг шарафли калом ва Аллоҳнинг пайғамбарлари ичидаги энг шарафли пайғамбарига нозил қилингани ҳамда энг шарафли Уммат – Уммати Муҳаммадийяга юкланган шарафли китоб эканини ҳис этиши учун таҳорат билан ушлаш лозим эканини кўрсатмоқда.

   Аллоҳ таоло Қуръоннинг «барча оламлар Робби томонидан нозил қилинган» эканидан дарак берди. Яъни, Қуръон Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган. Бошқа оятда ҳам айнан шундай деган. Бу, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйдурма қилса эди (бундай бўлиши пайғамбар тарафидан содир бўлиши асло мумкин эмас!), Уни Аллоҳ жазолаши муқаррар эканини ифодаламоқда.

   Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «Бас, (эй кофирлар), сизлар мана шу Сўз — Қуръонга бепарволик қиласизларми (яъни сизлар шундай улуғ Китобни назарларингизга илмасдан инкор қилмоқдасизларми)?!»– деди (Воқеъа: 81). Яъни, сизлар Қуръонни рад этасизларми?!

   Яна Аллоҳ таоло: «Бас, Мен сизлар кўрадиган нарсаларга ҳам, сизлар кўра олмайдиган нарсаларга ҳам қасам ичаманки,  у  (Қуръон)  шак-шубҳасиз  улуғ пайғамбарнинг (Аллоҳ даргоҳидан келтирган) сўзидир!» (Ҳааққаҳ: 37 – 40)– деди.

   Яъни, Аллоҳнинг даргоҳида улуғ бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғомидир. «У бирон шоирнинг сўзи эмасдир! Сизлар (ушбу Қуръон Аллоҳнинг каломи эканлигига) камдан-кам иймон келтирасизлар!» (Ҳааққаҳ: 41).

   Мушриклар: «Муҳаммад – шоирдир!» деганларида Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шеър аҳлидан эмаслигидан дарак берди:  «(Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга) шеър ўргатмадик ва (шоирлик) унинг учун дуруст эмасдир. (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиловат қилаётган нарса) фақат у тирик бўлган кишиларни огоҳлантириши учун ва кофирлар устига Сўз — азоб ҳақ бўлиши учун (нозил қилинган) бир эслатма ва очиқ-равшан Қуръондир» (Ёсин: 68).

   Яъни, Аллоҳ таоло нозил қилган ушбу Китоб шеър эмас, балки, зикр ва очиқ-равшан Қуръондир. У – шоирнинг сўзи эмас. Чунки, шоирлар кўпинча ғулув кетадилар ва асли (ҳақиқати) бўлмаган нарсаларни тилга оладилар.

Аллоҳ таоло шундай ҳам деган:  «… ўзлари қилмайдиган нарсаларни айтишларини кўрмадингизми?!» (Шуъаро: 226).

   Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни фолбин бўлишдан оқлади: «Ва бирон коҳин-фолбиннинг сўзи ҳам эмасдир. Сизлар камдан-кам панд-насиҳат оласизлар! (У) барча оламлар Робби томонидан нозил қилинган (Китобдир). Агар (пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида, биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлар эдик» (Ҳааққаҳ: 42 – 46).

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қуръоннинг фазилати ва мартабаси ҳақида: Унда сизлардан аввалгиларнинг дараклари, сизлардан кейингиларнинг хабарлари ва ўртангиздаги нарсаларнинг ҳукми борлиги; Қуръон ҳазил эмас, ҳал қилувчи китоб экани; Қуръондан воз кечган золимдан Аллоҳнинг қасос олиши; Қуръондан бошқа ерда ҳидоят излаган одамнинг йўлдан озиши; Қуръонни тинглаган жинларнинг ўзларини тута олмай: «Биз тўғри йўлга етаклайдиган Қуръонни эшитдик» деганларини айтиб бердилар. Қуръон эса жинлар ҳақида: «Дарҳақиқат бизлар ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик» дея, бошқа бир оятда эса: «Улар дедилар: «Эй қавмимиз, дарҳақиқат бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (илоҳий китоб)ларни тасдиқ қилгувчи бўлган, Ҳак (дин)га ва Тўғри йўлга ҳидоят қиладиган бир Китобни — Қуръонни тингладик» (Аҳқоф: 30)– дея ҳикоя қилди.

   Аллоҳ Каломининг сифатларидан бири, Унинг ҳақиқат сари етаклашидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хуш хабар(ини) берар. Шунингдек, охиратга ишонмайдиган кимсалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганимизни(нг ҳам «хуш-хабари»ни берар)» (Исроъ: 9, 10).

   Қуръоннинг фазилати ҳақидаги далиллар жуда ҳам кўп бўлиб, улар оят ва ҳадислардан олинади.

   Қуръоннинг фазилатини ўргангандан сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларининг фазилати билан ҳам танишиб чиқайлик.

   Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз суннатлари билан Қуръонни баён қилиб беришга амр қилди ва айтди: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани — Қуръонни нозил қилдик» (Наҳл: 44). Яъни, уларга нозил қилинган Қуръонни гап билан тушунтиргандан кейин, амал билан изоҳлаб беришингиз учун Сизни юбордик. Бир нарсани амалий тушунтириш, зеҳнга яхшироқ ўрнашиб, амал қилишга қулайлик туғдиради. Аллоҳ таоло буюрди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу буйруққа итоат этдилар ҳамда Ўзларининг тушунтиришлари Аллоҳ тарафидан эканини очиқладилар.

   Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «Ва у (сизларга келтираётган  Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Ван-Нажм: 3, 4)– деди. Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хоҳ Қуръон ояти ва хоҳ суннатни гапирсин, ўз тарафидан – ҳавойи нафсидан эмас, Аллоҳ тарафидан ваҳий қилинган хабарни гапиради. Унга Аллоҳ таоло илҳом беради ва умматига ўргатадиган нарсаларни ўргатади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга оят ҳам, оятнинг изоҳлари ҳам нозил бўлади.

   Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига Қуръон ва яна Қуръонча илмлар берилганидан хабар бердилар: «Билингларкименга Қуръон ва яна Қуръонча илм берилди» (Имом Аҳмад: 17174). Яъни, ўшанча суннат берилди.

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатга, Қуръонга эргашгандек эргашишга буюрдилар ва айтдилар: «Бировингизни шийпонига суяниб турганида менинг амрим келганидаСиз биланбизнинг ўртамизда Аллоҳнинг Китоби борУнда кўрган нарсамизга амал қиламиз, кўрмаганимизга амал қилмаймиз, деган ҳолатида топмайин. Расулуллоҳ баён қилган нарса Аллоҳ баён қилганидек эканини унутманглар!».

   Биз булардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати суннатни изоҳловчи ва тўлдирувчи эканини ҳам биламизки, унинг фазли Қуръон фазлидан олингандир.

   Қуръон ва суннатнинг фазилатини ўрганганимиздан сўнгра шундай деймиз: Қуръон ва суннатни ўрганиш – бизнинг вазифамиздир. Буни Аллоҳ бизга фарз қилган. Аввало, Аллоҳ таоло Қуръон, суннат ва Ислом – эргашишга ҳарис бўлишимиз керак бўлган тўғри йўл – Сиротум-Мустақийм эканидан хабар берди. Аллоҳ таолонинг Фотиҳа сурасидаги: «Бизларни тўғри йўлга ҳидоят қил!» оятидаги «Тўғри йўл»ни «Қуръон», «Ислом» ва «Расул-пайғамбар» дея тафсир қилинди. Буларнинг ҳар бири тўғридир.

   «Ҳидоят қил!» оятининг маъноси эса «Амал қилишимиз учун бизга кўрсатгин!», «Бизни устувор қилгин!» маъноларидадир. Натижада, бу – Қуръон ва суннатни ундан юрганлар нажот топадиган, озганлар эса ҳалок бўладиган Тўғри Йўл экани билан мақташдир. Зеро, Аллоҳнинг тўғри йўли – Аллоҳга олиб борадиган (ягона) йўлдир. Қуръон ва суннатга эргашган одамнинг Аллоҳнинг розилиги ва савобларига эришишида ҳеч қандай шубҳа йўқдир.

   Қуръонга эргашиш ва унинг йўлида юриш ҳақидаги амр баён қилинган далиллар жуда ҳам кўп, хусусан, сураларнинг бошларидадир: Бақара сурасининг бошида шу оят бордир: «(Ҳақ эканлигигаҳеч қандай шакшубҳа бўлмаган ушбу Китоб … тақволи кишилар учун раҳбарйўлбошчидир» (Бақара: 2).

   Бу оятда Қуръон назарда тутилмоқда. Яъни, сизларга нозил қилинган Қуръон – тақводорлар учун йўлбошчидир. Ҳидоятланганлар қаторида бўлишни хоҳласангиз, Қуръон билан ҳидоят изланг ва Унга амал қилинг. Унга амал қилган банда – тўғри йўлда бўлади. Ундан воз кечган банда эса адашади, йўлдан озади.

   Тақводорлар Аллоҳнинг тақвосини (ҳаётларида) рўёбга чиқарган – Аллоҳнинг дўстларидир. Қуръон улар учун ҳидоят, яъни, далолат қилгувчидир. Ҳидоят эса маёқ бўлиб, унинг ёғдусида юрилади.

   Аллоҳ таоло Қуръон Каримни «шакшубҳа бўлмаган Китоб» дея мақтади. Демак, Қуръон ҳақида шубҳага борилса ҳам, Қуръонга на шубҳа ва на гумон қўшила олади.

   Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг бошида ҳам шундай деди: «Алиф, Лом, Мим. Аллоҳ (ягона) ҳеч бир тангри йўқ. Фақат Унинг Ўзи бор. У тирик ва абадий тургувчидир. Сизга (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзидан аввал тушган китобларни тасдиқловчи бўлган бу Китобни ҳақ билан нозил қилди. Илгари одамларни ҳақ йўлга ҳидоят қилиш учун Таврот ва Инжилни туширган эди. (Энди эса) Фурқонни нозил қилди» (Оли Имрон: 1–4).

   «Китоб» – ҳақ билан нозил қилинган, Фурқон (ҳақ билан ноҳақни ажратгувчи) эса – Қуръондир. Аллоҳ таоло Сизга Қуръонни ҳақ билан, яъни, ҳақиқатни ўз ичига олган ҳолатида нозил қилинганидан хабар берди. Бу, шубҳасиз, Қуръон учун мадҳ, уни ушлаганлар устувор инсонларга айлангунларича Қуръон дастури бўйича юришига амрдир.

   Яна, Аллоҳ таолонинг Аъроф сурасининг аввалида келган ояти ҳам бордир: «Алиф, Лом, Мим, Сод. (Бу Қуръон) сизга унинг ёрдамида кофирларни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиришингиз учун нозил қилинган Китобдир — бас, кўнглингизда у сабабли танглик (шубҳаланиш) бўлмасин!» (Аъроф: 1,2). Яъни, Қуръонни етказишда ҳеч шубҳаланманг!

   Аллоҳ таоло Қуръоннинг мўъминлар учун эслатма ва Қуръонга эргашиш учун бир амр бўлганидан хабар берди: «(Эй инсонлар), сизларга Роббингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, ундан ўзга «дўстларга» эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат оласизлар» (Аъроф: 3).

   Ҳа, Аллоҳ бизни Қуръонга эргашишга шундай буюрди: «(Эй инсонлар), сизларга Роббингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз» (Аъроф: 3). Бунинг маъноси: Сизларга нозил қилинган ушбу Китобни қабул қилинглар! У – пайғамбарларингизга Аллоҳ нозил қилган китобдир.

   Аллоҳ таоло: «(Бу Қуръон) сизга унинг ёрдамида кофирларни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиришингиз учун нозил қилинган Китобдир — бас, кўнглингизда у сабабли танглик (шубҳаланиш) бўлмасин!» (Аъроф: 2)– деди. Яъни, Қуръонга мухолиф бўлган одамларни огонлантиришингиз учун.

Аллоҳ таоло Қуръон Каримни, Аллоҳ яхшиликни хоҳлаган бандаси учун эслатма, ваъз ва кўрсатма эканидан дарак берди.

   Шубҳасиз, «Сизларга Роббингиз тарафидан нозил қилинган нарсага эргашингиз!» амри, биз учундир. Эргашиш эса, Қуръон дастури асосида юриш, демакдир. Яъни, Қуръонни қабул этинглар, унга амал қилинглар ва унинг таълимотларини ҳаётга татбиқ этинглар! Шундагина ҳақиқатан Қуръонни қабул қилган ва унга амал қилган кишилар қаторида бўласизлар. Қуръонни қабул этмаган одам на Қуръон аҳлидан ва на Қуръонга амал қилганлардан ҳисобланмас. Аллоҳ бизни шундай буюрмоқда: «(Эй инсонлар), сизларга Роббингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, ундан ўзга «дўстларга» эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат оласизлар» (Аъроф: 3).

   Шунингдек Аллоҳ таоло талайгина сураларнинг бошида Қуръонни қуйидагича мадҳ этган:

«Ушбу (оятлар) очиқ-равшан Китоб оятларидир» (Юсуф: 1, Шуъаро: 2, Қасас: 2);

«Булар ҳикматли Китоб оятларидир» (Юнус: 1, Луқмон: 2);

«(Ушбу Китоб) сизлар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишингиз учун, ҳикмат соҳиби ва (ҳамма нарсадан) хабардор зот — Аллоҳ томонидан оятлари бузилмайдиган мустаҳкам ва муфассал қилинган бир Китобдир» (Ҳуд: 1).

   Бандалар, жумладан, биз, Қуръонга амал қилиш ва Қуръонни қабул қилиш, шунингдек, Қуръонга амал қилишга буюрилганмиз. Қуръонга амал қилиш эса, Қуръонда келган барча нарсани қабул қилиш ва Ундан бирон нарсани рад этмасликдир.

   Мусулмон Аллоҳнинг Қуръонидан тиловат қилинган бирон оятни эшитса, уни татбиқ қилиб, амал қилишга ҳарис бўлиши, Роббисининг Китобидаги бирон нарсани рад этмаслиги керак. У бирон оятни рад этмас ва бирон далилга қарши чиқмас экан, ҳақиқатан, Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига эргашганлар қаторида бўлади.

   Қуръонга амал қилиш ва уни лойиқ бўлганидек тиловат қилиш – бизнинг вазифамиздир. Аллоҳ таоло айтди: «Биз Китоб ато этган зотлар орасида уни лойиқ бўлганидек тиловат қиладиган кишилар ҳам бордир» (Бақара: 121).

   Бизнинг вазифамиз Қуръонга амал қилиш ва уни лойиқ бўлганидек тиловат қилишдир.  «Лойиқ бўлганидек тиловат қиладиган кишилар»нинг вазифасидан келиб чиқиб, (шуни айта оламизки), мусулмон Қуръонни ўрганиши керак. Яъни, уни тинглаши, у ҳақида тафаккур юритиши, кучи етганича ёд олиши, Қуръон оятлари ва уларнинг маъноларини тўкис ўрганишга тиришиши керак. Саҳобалар, Аллоҳ улардан рози бўлсин, Қуръонни ўрганишар, Қуръон ҳақида тафаккур қилишар ва унга амал қилишга ғайрат кўрсатишар эди. Улар бу билан фахрланишарди. Улардан бири Исломни қабул қилса Қуръон ўқиш ва ундан кучи етганича ёд олишга бел боғлар эди.

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни ёд олган одамнинг фазли ва шарафини баён қилдилар. Аввало, намозда Қуръонни кўпроқ ёд билан одамни олдинга ўтишга буюрар ва: «Одамларга Қуръонни кўп билганлари имом бўлади»– дер эдилар. (Имом Муслим 1078, 1079; Насоий 772; Абу Довуд 494; Ибн Можа 970). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу билан ҳар бир мўъминни ҳақиқатан Қуръонга амал қилишга рағбатлантирар ва у Қуръонни тиловат қилиш, ёдлаш ва унга амал қилиш билан Қуръонга амал қилар эди.

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу ҳам нақл қилинганки, саҳобаларни Уҳуд шаҳидларининг қарбларига дафн этар эканлар, қабрга илк ўлароқ ичларидан Қуръонни кўпроқ ёд олганларини қўйган эдилар. Шунинг учун ҳам саҳобалар, Қуръонни кўпроқ ёдлаш ва ўрганишга мусобақалашар эдилар. Улар кучлари етганича оятларни ёдлашга тиришар эдилар. Шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, у даврларда ёзилган Қуръонлар сони кўп эмас эди. Шунинг учун уни баъзилар, агар бўлса, қоғозларга, баъзилар эса латталарга ёзиб олишар, зеҳни зукко бўлганлар эса эшитишнинг ўзи билан оятларни ёд олардилар.

   Саҳобалар Қуръон оятлари ҳақида тафаккур қилиш ва оятлар мағзини чақишга ҳам катта эътибор берар эдилар. Чунки Аллоҳ уларни Қуръон ҳақида тафаккур қилиш ва Қуръон маъноларини ўрганишга буюрган эди. Аллоҳ таоло айтди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун (Биз сизга нозил қилган бир муборак Китобдир)» (Сод: 29). Яъни, улар Қуръон ҳақида тафаккур қилиб, уни ўрганишлари учун нозил қилдик.

   Аллоҳ таоло яна шундай деди: «Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқа биров томонидан бўлса эди, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар-ку?!» (Нисо: 82).

Яъни, нега улар Қуръон оятлари ҳақида тафаккур қилиб, уни тушунишга ҳаракат қилмайдилар?!

   Аллоҳ таоло Қуръондан юз ўгирганлар ҳақида эса шундай дейди: «Нега бу қавм кишилари ҳеч гап англамайдилар-а?!» (Нисо: 78). Яъни, Қуръондан юз ўгирганлари ва ундан чалғиб қолганлари сабабли.

   Аллоҳ таоло айтди: «Ахир улар бу Сўзни — Қуръонни тадаббур-тафаккур қилиб кўрмадиларми ёки уларга аввал ўтган ота-боболарига келмаган нарса келдими (яъни уларга ҳам Аллоҳ тарафидан пайғамбарлар китоблар билан келган эди-ку)?!» (Муъминун: 68).

Яъни, нега ўзларига нозил қилинган ушбу сўзлар ҳақида тафаккур қилмайдилар.

   Бунинг таъсири ўлароқ, саҳобалар, Қуръон оятларининг маъноларини тушуниш учун диққат қилишар эди. Абдуллоҳ ибн Ҳубайб Суламий раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Менга Қуръон ўргатганлар шундай дер эдилар: «Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўн оятни олишар ва ундаги илм ва амални ўрганмагунларича бошқа оятларга ўтмас ва: «Биз Қуръон, илм ва амални бирга ўргандик,– дер эдилар»».

   Ҳолбуки, Қуръон уларнинг тилларида нозил бўлган ва бу сўзлар ўз ичига олган маъноларни яхши билшар эди. Чунки бу сўзлар, уларнинг изоҳли маъноларига эҳтиёж туғмай, равон талаффуз қилиша оладиган сўзлар эди. Шундай бўлсада, улар ўзларига қоронғу бўлган маъноларни, амал қилишни ва қандай татбиқ қилиш кераклигини ўрганишар эди. Саҳобаларнинг ҳоли шу бўлса, улардан кейингиларнинг ҳоли нима бўлиши мумкин?!

   Саҳобалар ва уларнинг ўқувчилари Қуръонни ўрганиш, ўргатиш ва Қуръон маъноларини баён қилишга катта эътибор бердилар. Бунга, уларнинг Қуръонга қилган тафсирларини ўз ичига олган кўплаб осорларнинг кунимизгача етиб келиши, далолат қилмоқда. Улар ҳар бир сўз ва ҳар бир жумла – оятнинг маъносини айтиб бердилар. Бу ҳам уларнинг Қуръонга ҳар нарсадан кўра кўпроқ берган диққат ва эътиборларининг яққол далилидир.

   Шунингдек, улардан кейин то бизнинг кунимизгача яшаб ўтган уламолар ҳам, Қуръонга катта эътибор бердилар: уни тафсир қилдилар, ундаги оятларни тушунтирдилар, ўзларидан кейингиларга қандай ўрганиш, қандай ўргатиш ва ҳукмларни қандай чиқариш кераклиги, Қуръондаги қиссалар, ибратлар ва зарбулмасалларнинг ҳиссаси нима эканини баён қилдилар.

   Маълумки, Қуръон Карим пайғамбарлар қиссасини ҳикоя қилди. Аллоҳ таоло уларни нега ҳикоя қилди?! Аввало, қавмининг рад этгани, пайғомидан воз кечгани ёки ёлғончи деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тасалли бўлиши учун ҳикоя қилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалги пайғамбарларнинг хабари ва уларнинг бошларига келган мусибатлар тиловат қилинса тасалли олар, сабр этар, сабрга чақирар ва қавмига пайғомни етказиш ва таълим беришга шошилар эди.

   Бундан ташқари Қуръон Аллоҳ таоло бизга фарз қилган ва бажариш масъулиятини юклаган аҳкомлар – намоз, закот, рўза, ҳаж, жиҳод, ҳалол ва ҳаром ҳукмларини ўз ичига олган. Бу оятларга амал қилишимиз, онгли амал қилиш учун эса ўрганишимиз керак.

   Қуръон Карим ваъда ва жазо оятларини ҳам ўз ичига олади. У, Аллоҳга осий бўлганлар учун жазо, итоат этганлар учун эса мукофотлар ваъдаси: савоблар ва жазолар, жаннат ва жаҳаннам, қўрқитиш ва таҳдидлар билан тўладир. Қуръон Аллоҳга итоат этганга савоб, исён қилганларга эса жазони зикр қилган. Буларнинг барчаси Қуръон ўз ичига олган нарсалардир. Биз Қуръонни ўқир эканмиз, Аллоҳ таоло оятларда бор эканини зикр қилган савобларга эга бўлиш учун ҳиммат белбоғини боғлашимиз керак. Эслатиб ўтганимиз оятларнинг бирида Аллоҳ таоло шундай деган: «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилади ва яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хуш хабар(ини) беради» (Исроъ: 9).

   Биз, ушбу катта ажру савобларга эга бўлиш учун, мўъминлар сафида бўлишга тиришайлик!

«Шунингдекохиратга ишонмайдиган кимсалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганимизни (ҳам «хушхабари» ни берар (Исроъ: 10).

   Биз, бу азобга лойиқ бўлмаслик учун, (Қуръондан) юэ ўгирган ва (Қуръонни) рад этганлар сафида бўлмасликка ҳаракат қилишимиз керак.

   Шунингдек, Қуръоннинг барчасига амал қилиш мусулмон учун фарздир. Аллоҳ таоло бизга (илоҳий) китоблар нозил қилинган яҳудий, насоро (христиан) ва бошқа халқларни ҳикоя қилиб берди. Улар пайғамбарларига китоблар нозил қилинган бўлишига қарамай, бу китоблардан оздилар, унга ўзгартишлар киритдилар, маъноларини қинғир йўлларга бурдилар. Бу китобларнинг баъзи қисмларини қабул этсалар, баъзиларини қабул этмадилар. Бу қиссалар, уларнинг йўлларидан кетмаслигимиз учун бизга огоҳлантиришдир.

   Қуръон оятларининг лафз ва маъноларини қасддан ўзгартираётган инсонларнинг, қуйидаги оятда зикр қилинган азоб билан яҳудийлар сингари жазоланишларида шак ва шубҳа йўқдир: «(Мунофиқлар) сўзларни ўз ўринларига қўйилгандан кейин  ўзгартирадиган  бошқа қавмга (яъни яҳудийларгақулоқ бергувчи кимсалардир.   (Яҳудийлар): «Агар (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафидан) сизларга мана шу ҳукм берилса, олинглар, бўлмаса, (яъни бошқа бир ҳукм айтилса), эҳтиёт бўлинглар — олманглар, дейишади» (Моида: 41).

   Шу оятга кўра, тиловат қилинган Қуръон оятларини эшитгач, уларни (Аллоҳ тарафидан кўзда тутилган) лафз ва маъноларини ўзгартирган кимсалар, бу ўзгартиш ва таъвиллари билан яҳудийларга ўхшаган бўладилар: «Ё китобнинг (Тавротнингбир қисмига ишониббир қисмини инкор қиласизми (Бақара: 85).

   Чунки, яҳудийлар ўз китоблари – Тавротнинг бир қисмига ишониб, бошқа қисмига ишонмаган эдилар. Уларга Аллоҳ таоло ушбу ояти билан жазони ваъда қилди: «Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш, Қиёмат Кунида эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар» (Бақара: 85).

   Бу – айрим оятларини қабул қилиб, бошқаларини қабул қилмаган одамнинг жазосидир.

   Айрим одамлар Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан баъзи далилларни келтирилганида: «Унинг айримларини қабул қилиб, айримларини қабул қила олмаймиз!»– дейдилар. Уларнинг:  ««айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз»дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар» (Нисо: 150) – яҳудийлар васфига муносиб бўлишларида ҳеч шубҳа йўқдир:

   Ҳақиқий мўъминлар Роббилари тарафидан келган барча нарсани қабул қилиб, ундан бирон нарсани рад этмайдилар. Чунки, бу иккиси ҳам айни турдандир. Қуръон Карим – Аллоҳнинг каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сунннатлари эса унинг изоҳ-баёнидир.

   Биров сизга Қуръондан далил келтирса уни: «Аллоҳнинг ва Расулининг каломи бошимизнинг тожидирЗамондошларимизнинг кўпи Қуръонга хилоф иш қилсаларда, биз уни қабул қилиб, ҳаётимизга татбиқ этамиз!» дея қабул этинг. Зеро, ҳақиқат эргашилишга лойиқ нарсадир. Аллоҳ таолонинг Каломи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати – мўъмин юриши, қабул қилиши, рад этмаслиги, таъвил қилмаслиги, бузмаслиги, маъноларини қинғир йўлга бурмаслиги керак бўлган ҳақиқатдир. Шундагина мўъмин, Аллоҳнинг Китоби билан ҳидоятланган ва ундан далил келтирганлардан бўлади.

   Дарҳақиқат, Қуръонга эргашганлар савобга, ундан юз ўгирганлар эса азобга лойиқ бўладилар. Аллоҳ таолонинг ушбу оятини ўқинглар: «Бас, ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирамиз»» (Тоҳа: 123, 124).

   Бу – ҳидоятга эргашмаганлар учун оғир таҳдид ва ҳидоятга эргашганлар учун ваъда эмасми?! «Ким Менинг ҳидоятимга эргашса» оятидан мақсад: «Ким мен қўйган шариатга эргашса», демакдир. Бу ҳидоятни Қуръон ва суннат ўз кафолатига олди. Аллоҳ таоло эса бу ҳидоятни қабул қилган одамни адаштирмаслик ва баҳтиқаро қилмасликни, балки, унинг ёғдусида юрадиган нур узра бўлишини кафолатлади. Зеро Аллоҳ Қуръон Каримни “нур” ва “тўғри йўл” – сиротум мустақийм деб атади: «Албатта сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида) Тўғри йўлга етаклайсиз. У (йўл) осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Ўзиники бўлган зот — Аллоҳнинг йўлидир!» (Шўро: 52, 53). Яъни, сиз, ушбу Қуръон кўрсатган йўлга етаклайсиз.

   Қуръондан юз ўгирган ва унинг ўрнига зидди бўлган бемаъни гаплар ёки майллик ва шаҳватларни ёки шуларга ўхшаш нарсаларни олган одамга, Аллоҳ таоло, оғир – бахтсиз ҳаётни ва охиратда аъмо ўлароқ қайта тирилтиришни ваъда қилди. Қуръондан юз ўгирган банда учун бундан кўра қўрқинчлироқ ваъда бўлиши мумкими?!

Банда Қуръондан қачон юз ўгириши мумкин?

   У Аллоҳнинг зикри, намоз ва эзгу ишларни қилишга тўсиқ бўладиган қўшиқларни тинглаш, кўнгил очар нарсаларга қулоқ бериш, ўйин-кулгуга берилиш билан машғул бўлса, Аллоҳнинг зикридан юз ўгириши мумкин.

   Ўйин-кулгуга берилган одамларнинг сони оз эмас. Уларга: «Аллоҳнинг Китобини ўқимайсизларми?!» дейилса, Қуръонни ўқишга, ёдлашга ва у ҳақида тафаккур қилишга чорлаган одам устидан куладилар ва «Менинг зикримдан юз ўгирганлар» оятининг ҳукми остига кирадилар. Кўнгилочар, фойдасиз, яхшиликларни қилишга монеъ бўлган ҳар қандай ўйинга муккасидан кетган одамнинг «Менинг эслатмамдан юз ўгирган одам» қаторига киришидан дарак беринг.

Шунингдек, Қуръонни тиловат қилиш у ёқда турсин, уни эшитишдан эринаётган одамлар – Қуръонни тарк этган одамлар сафидадир. Аллоҳ таоло Қуръонни тарк этганларни ҳам мазаммат қилган: «Пайғамбар айтди: «Эй Роббим, дарҳақиқат менинг қавмим (Қурайш қабиласи) ушбу Қуръонни тарк қилиб (ундан юз ўгирдилар)»» (Фурқон: 30). Яъни, уни тарк қилдилар.

   Қуръонни ўқимаслик, ундан келтирилган далилларни қабул қилмаслик, уни тинглашдан воз кечиш ва у ҳақида тафаккур қилмаслик ҳам уни тарк қилиш, демакдир. Қуръон ўқишга эриниш ҳам Қуръонни тарк этиш, демакдир. Сиз ҳаққингизда: «Бу – Қуръонни тарк этган одам»– деб айтишларини хоҳлайсизми?!

   Агар одамлар Қуръонни бир йилда бир ёки икки марта ўқиётган бўлсалар, биз буни Қуръонни тарк қилиш, деймиз. Саҳобалар ва салаф солиҳ Қуръонни кўп ўқир эдилар. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу йигитлик чоғларида Қуръон Каримни бир кечада таҳажжудда хатм қилар эди. Бундай қилиш унинг оиласи ва тан роҳатидан чалғитганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга етти кечада бир хатм қилишни тавсия этдилар. Чунки бу, Қуръондан истифода этиш ва унинг маъноларини тушуниш учун маъқул сон эди. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу ҳаётининг охиригача ҳар кечасини таҳажжудда Қуръоннинг еттидан бирини ўқиб ўтказди.

Айрим саҳобалар Қуръонни етти кечада, айримлари ўн ва айримлари эса уч кечада хатм қилар эдилар. Бу – уларнинг Қуръонни ўқиш ва тинглашга нақадар эътибор берганларининг аломатидандир.

   Шунингдек, биз, Қуръон уларнинг энг асосий ишлари бўлганини, ундан чалғимаганларини, балки уни тинглаш, ўрганиш ва у ҳақида тафаккур юритишга одат қилганларини кўрамиз. Мўъминлар Қуръонга шундай эътибор берадилар.

   Қуръоннинг изоҳи бўлган суннатга ҳам эътибор шундай бўлиши керак. Саҳобалар, Аллоҳ улардан рози бўлсин, суннатга шундай эътибор берар эдилар. Улар, аввало, суннатни тинглашга диққат қилар эдилар.

   Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон суннат ёки ҳадисни эшитсалар, уни ёдлаш ва унга амал қилишга ғайрат қилардилар.

𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org