Савол: Аҳли суннат ва жамоат наздида катта гуноҳ (гуноҳи кабира) қилган одамнинг ҳукми нима?
Жавоб: Бундай одам катта гуноҳни қилишга журъат қилгани, уни давомий қилгани ва унинг хатарига бепарво бўлгани учун аҳли суннат наздида фосиқ ва иймони нуқсонли одам ҳисобланади. Шунинг учун ҳам унинг бошига қаттиқ азоб келиши, ҳатто кофир ва муртад бўлиб қолишидан хавф қиламиз. Чунки гуноҳлар – куфр даракчисидир. У бир пайдо бўлдими кўпайиб, қалбни ўз асоратига олади. Иймон заифлашиб, зино, маст қилувчи ичимликлар, қўшиқ, кибр, мусулмонлар ҳаққига ўғирлик, қотиллик, талон-тарожлик, туҳмат ва бошқа нарсалар билан тажовуз қилиш каби ҳаром нарсаларга интилиш кучаяди.
Гуноҳларни давомий қилиш қалб ва аъзоларнинг тоат-ибодат сари интилишига тўсқинлик қилади ва унга намоз ўқиш, садақа бериш ва бошқа ибодатларни қилиш оғир келади. Буларнинг диндан чиқишдан огоҳлантириш эканида ҳеч шубҳа йўқдир. Шояд бу, ҳадисларда айрим катта гуноҳларга «куфр» сўзини ёки «иймонни йўқ қилиш» каби сўзларни истеъмол қилишдаги сир бўлса, ажаб эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Мусулмонни ҳақорат қилиш фосиқлик, уни ўлдириш эса куфрдир» (Имом Бухорий 46, 5584, 6549; Имом Муслим 97; Термизий 1906, 2559; Насоий 4036, 4038);
«Зоний мўъмин бўла туриб зино қилмайди» (Имом Бухорий 2295, 5150, 6274, 6284, 6312; Имом Муслим 86, 87; Термизий 2549; Насоий 4787, 4788, 4789).
Биз шундай деймиз: «У – иймони камайган ёки Аллоҳ, охират куни, илоҳий китоблар ва пағамбарларни тасдиқлаши билан мўъмин, бироқ гуноҳларни қилгани ва лоқайд қарагани учун фосиқдир».
Хаворижлар бу борада қаттиққўллик қилдилар ва гуноҳ қилган одамни кофир деб ҳисобладилар.
Мўътазилалар эса гуноҳ қилган одамни иймондан чиқарган бўлсаларда, куфрга қўшмадилар. Лекин гуноҳ қилган одам уларнинг фикрича жаҳаннамда мангу қолади.
Муржиъалар эса гуноҳ қилган одамнинг иймони тўкис эканини айтиб: «Куфр билан амал фойда бермаганидек, иймон бўлса гуноҳ ҳам зарар қилмайди» – дедилар.
Аҳли суннат эса мўътадил йўлни тутиб, гуноҳ қилган одамни «У – фосиқ бўлиб, иши охиратда Аллоҳга ҳаволадир, мабодо уни Аллоҳ жаҳаннамга киритса ҳам, шафоатчиларнинг ҳимояси ва раҳмлилар раҳмлиси бўлган Аллоҳнинг раҳмати билан уни қайта жаҳаннамдан чиқаради» – дедилар.
Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин
«Тавҳид атрофидаги фатволар», 5—рақамли саволга жавоб