Шайхул-Ислом Ибн Таймия намоз ва бошқа шунга ўхшаш ибодатларда ният ҳақида сўралди, ниятни тил билан талаффуз қилиш шартми? Масалан: “фалон намозни ўқимоқни ният қилдим” ёки “фалон рўзани тутмоқни ният қилдим” демоқлик керакми?
Шайхул-Ислом бундай жавоб берди: “Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин, таҳорат, ғусл, таяммум, намоз, рўза, закот, каффоротлар ва бошқа шулар каби ибодатларда тил билан талаффуз қилишга бутун ислом имомларининг иттифоқи билан эҳтиёж йўқ. Балки, барча имомларнинг иттифоқига кўра ниятнинг ўрни қалбдир.
Масалан: бир киши қалбидаги ниятнинг хилофини тили билан талаффуз қилса, эътиборга қалбдаги нияти олинади, тилида талаффуз қилгани олинмайди. Бу ҳақда ҳеч қайси уламо ихтилофни зикр қилмаган. Фақатгина имом Шофеийнинг баъзи кейинги асҳоблари ният қилиш шарт деган бир важҳни чиқардилар, аммо бу ҳақда Шофеийнинг аввалги асҳоблари бу важҳни хато санаганлар.
Лекин уламолар ниятни тил билан талаффуз қилишлик мустаҳаб эканида ихтилоф қилдилар ва бу ҳақда икки хил сўз бор:
Имом Абу Ҳанифа, Шофеий, Аҳмадларнинг асҳобларидан бўлган бир тоифа : “Тил билан талаффуз қилиб ният қилишлик мустаҳабдир. Чунки, бунда ибодатдаги ниятни таъкидлашлик бор” дедилар.
Имом Молик ва Аҳмаднинг асҳобларидан бўлган бир тоифа эса: “Ниятни талаффуз қилмоқлик мустаҳаб эмас, чунки бу на Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, на биронта саҳобадан ворид бўлмаган, ҳамда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматидан биронта кишига буюрмаган бидъатдир. Агар бу иш шариъатда бор бўлган маъруф иш бўлганида эди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У кишининг асҳоблари бу ишга бепарволик қилмаган бўлар эдилар. Зотан, улар ҳар куну-тун бу ишга рўбару бўлганлар (шундай бўлсада, улардан бу ҳақда ҳеч бир саҳиҳ ривоят ворид бўлмаган. Таржимон.)”.
Мана шу сўз тўғрироқдир. Зеро, ниятни талаффуз қилмоқлик ақлда ҳам, динда ҳам ноқисликдир. Диндаги ноқислиги – бу иш бидъатдир. Ақлда ноқислиги, масалан: бир киши таом емоқни истайди ва ейишдан олдин айтади: “Мен овқатни идишга қўлимни солиб емоқни, сўнгра оғзимга солиб чайнаб ютмоқни ният қилдим” дейди. Бу ақлдаги нуқсондир. Ниятни талаффуз қиладиганларнинг мисоли ҳам шундайдир.
Хуллас, ният билишликка боғлиқдир. Банда қилаётган амалини қалбида билишлиги зарурдир. Қалбда қилинаётган амални билишлик бўлганидан кейин, асло, ният ҳосил бўлмай қолинишлиги тасаввур қилинмайди. Дарҳақиқат, барча имомлар ниятни жаҳрий қилиш ва такрорлашликни машруъ (яъни шариатда бор бўлган амал) эмаслигига иттифоқ қилганлар. Балки, ким бунга одат қилган бўлса, у одамга бидъатдан узоқ бўлиш ва овозини баланд қилиш билан одамларга озор беришдан четланиш ҳақида насиҳат қилинмоқ керак. Аллоҳ билгувчироқдир.
«Содиқлар» учун Абу Холид Бухорий таржима қилди