Пайғамбарона ҳижрат

МАҚОЛАЛАР

Пайғамбарона ҳижрат

Хатиб: Шайх Абдулазиз ибн Тоҳир ибн Ғайс

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Асл сарлавҳа:  الهجرة النبوية

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

  (Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ ﴾

«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

﴿ يَآ أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِن نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَآءً وَاتَّقُوا اللهَ الَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللهَ كَانَ عَلَيْكُم رَقِيباً ﴾

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَولاً سَدِيداً ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزَاً عَظِيمَاً﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).

    Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир).

Сўнг …

  Мўмин биродарлар, шу кунларда исломий тарихимизда содир бўлган буюк ҳодиса хотираси кунларимизга зийнат бўлмоқда. Бу ҳодиса янги даврнинг эълони ва исломий даъват тарихидаги муҳим бурилишлардан бири эди. У – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳнинг Ҳаром Уйи – Каъбадан, ҳижрат диёри бўлган Мадинага кўчишлари эди. Бу ҳодиса исломий тарих ҳодисаларининг энг аҳамиятлисидир. Чунки у сабабли исломий давлат ва Аллоҳнинг Ўзигагина сиғинадиган ва Унинг динини бутун инсониятга етказадиган исломий уммат пойдевори қурила бошлади:

﴿هُوَ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ بِالْهُدَى وَدِينِ الْحَقِّ لِيُظْهِرَهُ عَلَى الدِّينِ كُلِّهِ وَكَفَى بِاللَّهِ شَهِيدًا﴾

«У (Аллоҳ) Ўз пайғамбари (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳидоят ва Ҳақ дин (Ислом) билан, у (дин)ни барча (дин)ларга ғолиб-устун қилиш учун юборган зотдир. Аллоҳнинг Ўзи (ушбу ваъдасининг рўёбга чиқишига) етарли гувоҳдир» (Фатҳ: 28).

   Аллоҳнинг қуллари, бу хотира такрорлангани сайин умримиз бир ёшга улғаяди ва кунларнинг ўтаётгани, Ер юзидаги умримиз чекланган, ўтаётган ҳар бир кун инсонни ажали сари яқинлаштиришини ёдга солади. Бу – кунлар ўтишининг биринчи ибрати бўлиб, ҳодисалар хотирасини янгилайди.

Замон ва макон кўринишларининг барчаси одамзот учун ибрат ва оят-аломатдир:

﴿إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَاخْتِلاَفِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لآيَاتٍ لأُِوْلِي الألْبَابِ﴾

«Осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир» (Оли Имрон: 190).

   Ҳижрат – кўчиш ҳодисаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг динини етказиш, қавми ва одамларни Аллоҳ таолонинг йўлига бардошлик ва савоб умидида чорлаш билан ўтган ўн уч йилдан сўнгра содир бўлди. Бу давр мобайнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам азобланар, асҳобларининг қийноққа солингани ва қиймалаб ўлдирилганини кўрар ва бу манзара Унда сабр, ишонч ва Аллоҳ таолога бўлган итотагўйликдан бошқа нарсани кучайтирмас эди. Ясриб шаҳрининг ҳаж қилиш учун Маккага келган Авс ва Хазраж қабиласи аҳолисидан бир жамоат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймонга ва ўз жонларини ва оилаларини ҳимоя қилгандек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳам ҳимоя қилишга байъат қилганларидан сўнг, Мадинага ҳижрат қилиш амри келди. Бу байъат, ушбу муборак ҳижратнинг дебочаси эди.

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага, Роббиси сари ҳижрат қилиб чиқдилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Аллоҳ учун ҳижрат қилган одамга катта мукофотларни ваъда қилган эди:

﴿وَمَن يُهَاجِرْ فِي سَبِيلِ اللّهِ يَجِدْ فِي الأَرْضِ مُرَاغَمًا كَثِيرًا وَسَعَةً وَمَن يَخْرُجْ مِن بَيْتِهِ مُهَاجِرًا إِلَى اللّهِ وَرَسُولِهِ ثُمَّ يُدْرِكْهُ الْمَوْت فَقَدْ وَقَعَ أَجْرُهُ عَلى اللّهِ وَكَانَ اللّهُ غَفُورًا رَّحِيمًا﴾

«Ким Аллоҳ йўлида ҳижрат ҳилса, ер юзида кўп паноҳ бўлгудек жойларни ва кенгчиликни топгай. Ким уйидан Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сари муҳожир бўлиб чиқиб, сўнг (шу йўлда) унга ўлим етса, муҳаққақки унинг ажри — мукофоти Аллоҳнинг зиммасига тушар. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир» (Нисо: 100).

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, қурайшликлар Уни ўлдириш ёки қамаш ёхуд қувғин қилиш учун тайёргарлик кўрган бир пайтда, ҳижратга равона бўлдилар. Қурайшликларнинг макру-режалари, ўзларининг ҳалокатларига сабаб бўлди. Чунки бу режа ва тадбирлар, Аллоҳ Ўз паноҳида асраган, мададлаган ва тўғри йўлга солиб қўйган кимсаларга таъсир қила олмайди:

﴿إِن يَنصُرْكُمُ اللّهُ فَلاَ غَالِبَ لَكُمْ وَإِن يَخْذُلْكُمْ فَمَن ذَا الَّذِي يَنصُرُكُم مِّن بَعْدِهِ وَعَلَى اللّهِ فَلْيَتَوَكِّلِ الْمُؤْمِنُون﴾

«Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас. Иймон келтирган зотлар Аллоҳнинг ўзигагина суянсинлар!» (Оли Имрон: 160).

  Қурайш қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд қилиш ва хуни тарқалиши учун турли уруғлардан ёшларни тайёрлаган бўлсада, Еру Осмонлар Подшоҳи уларнинг тадбирларини пучга чиқарди, ҳийлаларини ўзларининг кўксига қайтарди:

﴿وَإِذْ يَمْكُرُ بِكَ الَّذِينَ كَفَرُواْ لِيُثْبِتُوكَ أَوْ يَقْتُلُوكَ أَوْ يُخْرِجُوكَ وَيَمْكُرُونَ وَيَمْكُرُ اللّهُ وَاللّهُ خَيْرُ الْمَاكِرِينَ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), кофирлар сизни ҳибс қилиш ё ўлдириш, ёки (Маккадан) чиқариб юбориш учун сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр қилурлар, Аллоҳ ҳам «макр» қилур. Аллоҳ «маккор»роқдир» (Анфол: 30).

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам севимли дўсти Абу Бакр разияллоҳу анҳу томон ҳижрат амрини етказиш учун йўл олдилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу Унинг гапларини эшитиши биланоқ, биринчи ғами ва қайғуси сафарда ҳамроҳ бўлиш бўлди ва: «Ё Расулуллоҳ, (Сизга) ҳамроҳ бўлайинми?!»– деб савол берди.

  Оиша разияллоҳу анҳо айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни ўз одатларига хилоф ўлароқ тушлик пайти кириб келдилар ва Абу Бакрга: «Ҳузурингиздагиларни чиқаринг!»,– дедилар. Абу Бакр: Улар менинг икки қизим (Оиша ва Асмоъ), холос, дегач: «Менга чиқишга рухсат берилганини эшитдингизми?»– дедилар. Абу Бакр: (Мен сизга) ҳамроҳ (бўлайинми)?,– деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳамроҳ (бўлинг),– дедилар. Абу Бакр: Ё Расулуллоҳ, менинг чиқиш учун тайёрлаб қўйган иккита туям бор. Улардан бирини Сиз олинг!,– деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни пулга сотиб оламан!»,– дедилар» (Имом Бухорий 1994, 2138).

  Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг динга ёрдам бериш муҳаббати шу даражада эди: (Мен сизга) ҳамроҳ (бўлайинми)?! Унинг истаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамроҳ бўлиш эди. Аллоҳнинг қуллари, бу ҳамроҳлик – боён ва давлатманд, кўнгилочар жойга кетаётган, маишатпарастлик учун бошқа давлатга отланган, барча нарсаси ҳатто хизматкорларигача муҳайё бўлган одамга эмас, қувғинга учраган ва бошига пул тикилган одамга ҳамроҳлик эди!! Абу Бакр разияллоҳу анҳу нега бу ҳамроҳликка ҳарис бўлиб, бу ҳамроҳлик билан севиниб, фахрланган эди? Бу – Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуни Уммат ичидан айириб турган, нафсини, оиласи ва бойлигини даъват ва ҳижрат учун фидо эттирган иймон эди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳнинг ҳаётини хатарга қўйди ва у, отаси билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам турган ғорга тунлари келар ва эрталаб қурайшликларнинг хабарларини олиб келиш учун Макага тушиб кетар эди. Ғуломи Омир ибн Фуҳайра эса, ғор атрофида қўй сурувларини ўтлатар ва уларнинг сутини хожаси ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга соғиб берар эди. Сирни маҳкам тутган ва белкамарини иккига йиртиб, унга озиқ туккан Асмоъ … Шунинг учун ҳам Асмоъни «Зун-нитоқайн» (Икки камарли) деб аталарди. Сиддиқ оиласининг барчаси Аллоҳ йўлида сафарбар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун хизматкор бўлишган эди.

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё учун эмас, ДИН учун ҳижрат қилган эдилар. Маккада қолган ўн уч йил мобайнида Ўзи ва саҳобалари турли қийноқ ва қийинчиликларга дучор бўлган бўлсаларда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг амри билан ҳаёт кечирар, Аллоҳнинг динини етказиш ва инсониятга мангу саодат йўлини кўрсатишни хоҳлар эдилар:

﴿يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ شَاهِدًا وَمُبَشِّرًا وَنَذِيرًا • وَدَاعِيًا إِلَى اللَّهِ بِإِذْنِهِ وَسِرَاجًا مُّنِيرًا﴾

«Эй пайғамбар, дарҳақиқат Биз сизни (қиёмат кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У зотга (яъни Унинг динига) даъват қилгувчи ва (Ҳақ йўлини кўрсатгувчи) нурли чироқ қилиб юборгандирмиз» (Аҳзоб: 45, 46).

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ учун ва Аллоҳнинг динига чақириш учун ҳижрат қилдилар. Саҳобалар ҳам дунё учун эмас, динлари ва динларини ҳимоя қилиш учун ҳижрат қилдилар. Чунки уларнинг айримлари ҳижрат қилар экан фақат бойлигини, айримлари эса уйлари ва бойликларини ташлаб чиқдилар. Чунки улар бойликлари ва динга боқдилар ва молнинг ўрнини тўлдириш мумкинлиги, дин ўрнини эса тўлдириш мумкин эмаслигини сездилар. Бойлик, уй ва оиланинг камчилигини топиш мумкинлиги, диндан йўқотилган нарсанинг эса бадали йўқ эканини тушуниб етдилар.

Барча синиқни қоплай олар дин,

Диний синиқни қоплай олар ким?

  Мадинага қилинган ҳижрат, саҳобаларнинг учинчи ҳижрати эди. Улар бундан илгари икки марта Ҳабашистонга ҳижрат қилишган, денгиз тўлқинлари билан курашиб, динлари учун ўз жонларини хатарга қўйишган эди. Мана энди улар ота юртлари, болалик чоғларини ўтказишган ватанларини тарк этиб, Аллоҳ ва Расулининг чақириғга «Лаббай!» дея Мадинага ҳижрат қилмоқдалар!

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вазият юмшаши учун Савр ғорида дўсти билан уч кун тунадилар ва Мадинага отландилар. Қурайш қабиласи ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни телбаларча қидирар, айғоқчиларини ҳар тарафга ёйган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни тутиб келган одамга катта пулларни ваъда қилган эди. Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дўсти билан яширинган ғорнинг оғзига ҳам келдилар ва Аллоҳ уларни ноумид қайтарди. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Бакр разияллоҳу анҳудан ушбу ривоят бор: «Мен ғорда турганимизда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: Агар биронтасининг нигоҳи оёғи босиб турган жойга тушса, бизни кўриб қолади!,– десам: «Ҳой Абу Бакр, учинчилари Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима дейсиз?!»– деган эдилар» (Имом Бухорий 3653).

  Агар банда Аллоҳ билан бирга ва Аллоҳнинг марҳамати узра бўлиб, Аллоҳ унга ёрдам ва мадад берса, (одамларни қўйинг, балки) бутун Коинот ҳам Аллоҳ тақдир қилганича зарар бера олади, холос: «Ҳой Абу Бакр, учинчилари Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима дейсиз?!».

   Ҳа, Аллоҳнинг бандалари, банда Аллоҳнинг ўзи билан бирга эканига ишонса ҳеч кимдан қўрмайди, Аллоҳнинг розилиги пайида бўлса қилаётган барча ишларида тўғри ва муваффақ бўлади:

﴿إِلاَّ تَنصُرُوهُ فَقَدْ نَصَرَهُ اللّهُ إِذْ أَخْرَجَهُ الَّذِينَ كَفَرُواْ ثَانِيَ اثْنَيْنِ إِذْ هُمَا فِي الْغَارِ إِذْ يَقُولُ لِصَاحِبِهِ لاَ تَحْزَنْ إِنَّ اللّهَ مَعَنَا فَأَنزَلَ اللّهُ سَكِينَتَهُ عَلَيْهِ وَأَيَّدَهُ بِجُنُودٍ لَّمْ تَرَوْهَا وَجَعَلَ كَلِمَةَ الَّذِينَ كَفَرُواْ السُّفْلَى وَكَلِمَةُ اللّهِ هِيَ الْعُلْيَا وَاللّهُ عَزِيزٌ حَكِيم﴾

«Агар сизлар унга (яъни, пайғамбарга) ёрдам қилмасангиз (Аллоҳнинг Ўзи унга ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (яъни, бир ҳамроҳи билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ ёрдам берди-ку. Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: «Ғамгин бўлма, шубҳасиз, Аллоҳ биз билан биргадир», дер экан, Аллоҳ унинг устига хотиржамлик туширди ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар (яъни, фаришталар) билан қўллаб-қувватлади ҳамда кофир бўлган кимсаларнинг сўзларини тубан қилиб қўйди, Аллоҳнинг сўзигина юксак сўздир. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир» (Тавба: 40).

   Ҳижрат ўн уч йил давомида тинмаган хатар, очарчилик, қамал ва қийноққа тўзимли бўлгачгина келди. Меҳнатлар самараси қийинчилик ва сабрга кўра бўлди. Унутмайликки, бу дин ўз самараларини тўзимли ва бардошли инсонларгагина беради. Натижаларнинг тезроқ келишини умид қилган одам эса, маҳрум қолади. Бу – Коинотдаги қонуниятдир: Нарсаларнинг тезроқ бўлишини хоҳлаган, улардан маҳрум қолиш билан жазоланади. Дунёнинг чор атрофига нурлари ёғилган Мадина давлати, Маккадаги сабрнинг меваси эди.

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан хуфёна чиқдилар. Чунки айғоқчилар изғиб юрарди. Мадинага кириб келишлари биланоқ ҳамма ёқ шодиёнага тўлди. Уни одамлар ўраб олишди ва ўз хонадонларида қолишни таклиф этишди. Шундай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар учун, Аллоҳ таолонинг қавли ва солиҳ бандаларга берган ваъдаси амалга ошди:

﴿وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَيَسْتَخْلِفَنَّهُم فِي الأَرْضِ كَمَا اسْتَخْلَفَ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ وَلَيُمَكِّنَنَّ لَهُمْ دِينَهُمُ الَّذِي ارْتَضَى لَهُمْ وَلَيُبَدِّلَنَّهُم مِّن بَعْدِ خَوْفِهِمْ أَمْنًا يَعْبُدُونَنِي لا يُشْرِكُونَ بِي شَيْئًا﴾

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар» (Нур: 55).

   Ислом даъвати қурайшлик камбағал одам – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва пайғамбарни тасдиқлаш ва унга иймон келтириш учун шошилиб атрофига тўпланган бир ҳовуч кучсиз ва қуллардан иборат гуруҳ воситасида дунёга ўз ёғдуларини сочди. Мана бугун у даъватни Ер юзидаги миллиардлаб кишилар давом эттирмоқдалар. Ислом эса Ер юзидаги барча хонадонга кириб, ҳақиқат нидолари ҳар ерда янграмоқда:

﴿يُرِيدُونَ لِيُطْفِؤُوا نُورَ اللَّهِ بِأَفْوَاهِهِمْ وَاللَّهُ مُتِمُّ نُورِهِ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ * هُوَ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ بِالْهُدَى وَدِينِ الْحَقِّ لِيُظْهِرَهُ عَلَى الدِّينِ كُلِّهِ وَلَوْ كَرِهَ الْمُشْرِكُونَ﴾

«Улар Аллоҳнинг нурини (яъни Исломни) оғизлари (яъни беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар истамасалар-да, Ўз нурини (яъни динини) тўла (яъни ҳар тарафга) ёйгувчидир. У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар истамасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Сафф: 8, 9).

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу иш (даъват) кеча ва кундуз етиб борган жойгача етиб боради. Аллоҳ таоло бу динни (Ер юзидаги) шаҳару қишлоқлардаги барча хонадонга азиз (инсон)ни Ислом билан азиз қилиб, хор (инсон)ни (эса) куфр билан хор қилиб олиб киради»,– дедилар. Бу ҳадисни Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) Тамим Дорий ривояти билан нақл қилди (16996).

  Бу – Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб салаф солиҳ сингари ҳеч ўзгаришсиз, зиёда ва камчиликсиз юрган умматига берган ваъдасидир.

  Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳдан тақво қилингиз ва фитналар кўпайган бир даврда Аллоҳ сизларни динига ёрдамчи қилиши учун ҳарис бўлингиз! Мен Аллоҳ таолодан бизни Ўзининг розилигига муваффақ қилишини сўрайман. Дарҳақиқат, Аллоҳ бунинг Ҳожаси ва барча нарсага Қодирдир.

  Мен шу гапларимни айтиб Аллоҳга ўзим ва сизлар учун истиғфорлар айтаман. Бас, сизлар ҳам кечириши учун Ундан мағфират тилангиз. Дарҳақиқат, У Раҳмли ва Меҳрибондир. Куч ва қудрат Буюк ва Улуғ Аллоҳ билангинадир.

Иккинчи хутба

   Барча оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Унга кўп, пок ва муборакли ҳамдлар ҳамда бандаларнинг энг афзали ва сараси бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ва унинг барча асҳобларига бир-биридан айрилмаган салавоту саломлар йўллайман.

  Юқорида айтиб ўтганимиздек, пайғамбарона ҳижрат бу Уммат тарихидаги буюк ҳодисалардан ҳамда исломий даъват йўналишининг бекатларидан бири бўлган. Дунёда юксалиш, охиратда олий мақомларга етиш ва одамларга ҳақиқат ва эзгуликни етказишни хоҳлаган Уммат, инсониятни тушган жарлигидан ҳамда кейинги даврларда бошидан кечираётган мағлубликдан чиқариб, роҳи ростга солиш, тарихни яна қайта яратиш, уни фаол майдонга олиб чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар ва салаф солиҳ давридагидек таъсирчан фаол қилишга кафил ва етарли бўлган дарсларни, ҳижрат ҳодисасидан чиқариб олиши ўта зарурдир.

  Ҳижратда Аллоҳнинг амрига итоат қилиш, иймон ва ишонч, режалаштириш ва шошилмаслик, фидоийлик, ҳикмат ва чиройли тасарруф ва бошқа нарсалар борки, уни ҳижрат ҳодисасидан ўрганишимиз керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларнинг ҳаёти Уммат учун маёқ, ибрат эса йўлланмадир. Аллоҳ таоло бу ҳақда:

﴿لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا﴾

«Ва (фақат) сизга Парвардигорингиз томонидан ваҳий қилинадиган оятларга эргашинг! Албатта Аллоҳ сизлар қилаётган амаллардан огоҳ бўлган зотдир» деган (Аҳзоб: 2).

  Аллоҳ таоло Умматга қадимги халқлар ҳаёти ва пайғамбарлар –Аллоҳ уларга салавоту саломлар йўлласин!– қиссасидан ибрат олишни тавсия қилиб шундай деди:

﴿لَقَدْ كَانَ فِي قَصَصِهِمْ عِبْرَةٌ لأُِوْلِي الأَلْبَابِ مَا كَانَ حَدِيثًا يُفْتَرَى وَلَـكِن تَصْدِيقَ الَّذِي بَيْنَ يَدَيْهِ وَتَفْصِيلَ كُلَّ شَيْءٍ وَهُدًى وَرَحْمَةً لِّقَوْمٍ يُؤْمِنُون﴾

«Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки ўзидан аввалги нарсаларни (яъни самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир Китобдир)» (Юсуф: 111).

  Агар Уммат шу йўлдан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар сийратидан намуна олиб юрса, дунё ва охиратда зафар қучади, уларга лоқайд бўлса хор бўлиб, дунёдан ювилиб кетади.

  Аллоҳнинг бандалари, шуни унутмангларки, саҳобалар Аллоҳнинг амрига итоат этиб Макка диёридан Мадина диёрига ҳижрат қилишган бўлса, бундан илгари аҳамияти нуқтаи назарида бу ҳижратдан қолишмайдиган бошқа ҳижратни ҳам қилишган эди. Бу ҳижрат – куфрдан иймонга, осийликдан итоатга қилинган ҳижрат эди. Бу, Аллоҳ учун қилаётган ҳаракатларида садоқатли бўлган ҳар бир мусулмон қилиши керак бўлган ҳижратдир. У Аллоҳга қилаётган осийлигидан воз кечиб, итоат ва нури сари интилиши, Аллоҳ томон ҳижрат қилиш учун Аллоҳ таъқиқлаган нарсалардан юз ўгириши зарур. Ибн Можа (раҳимаҳуллоҳ) Фузола ибн Убайд разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ушбу ривоятини нақл қилди: «Мўъмин – одамлар ўз жонлари ва молларига хотиржам бўлишган, муҳожир эса хато ва гуноҳларни тарк қилган кишидир» (Ибн Можа 3934). Шундай экан, биз молу мулк ва сафарларни талаб қилмаган, инсон ҳаётини хатарга қўймаган, фақат азму ирода, Аллоҳга нисбатан ҳамда Аллоҳнинг динига ёрдам бериш ва шариатини барпо қилишда садоқат ва ихлоснигина талаб қилган ушбу ҳижрат ҳақида ўйлаб кўрдикми?!

  Аллоҳ таолодан барчамизни солиҳ гапу амалларга муваффақ қилиши, залолат ва қинғир йўллардан йироқлатиши, бизга Ўз дини билан, динига эса биз билан ёрдам беришини сўраймиз …

 

Манба: hikmatnuri.com

Улашинг :
𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *