Ҳаммага ҳам ҳалол бўлмаган кабоб

ҲИКОЯЛАР

   Ўттизинчи йилларнинг очарчилик авж олган кунлари эди. Ўзига тўқ ҳисобланган Муслим аканинг ўғилчаси қўшниларнинг уйига ўйнагани чиқди. Қарасаки, ўртоқлари янги пиширилган кабобни зўр иштаҳа билан туширишаётибди. Аммо қўшни амаки ҳам, болалари ҳам уни таомга таклиф қилмади. Ҳатто “бор-бор”лаб, чиқариб юборишди. Табиий, боланинг дили оғриди, қорни тўқ бўлса-да, жуда кабоб егиси келди. Уйига келиб, отасига шикоят қилди.

Муслим ака таажубланди:

“Наҳотки, қўшним бир сих кабобни шу гўдакдан қизғанса?! Тинчликмикан, ишқилиб”, деди.

 Қўшнисининг остонасидан ҳатлади. Воқеани айтолмай, тараддудланиб турганида қўшни ўзи сўз очиб қолди:

-Ҳойнаҳой, ўғлингиз айтгандир… У гўшт сизнинг болангизга тўғри келмайди, ака.

-Нега?

Гўшт чайнаётган болаларидан бир оз узоқлашиб, қўшни шивирлади:

— Уйда егулик ёқ. Кичкиналар оч. Зовур бўйига кимдир ҳаром ўлган молни чиқариб ташлаган экан, шунинг лаҳм жойидан кесиб олиб келиб берётувдим. Ночорлик…

  Муслим аканинг устидан совуқ сув қуйгандек бўлди. Жунжикиб кетди. Тили калимага айланмай изига қайтди. Бориб сандиғини очиб, тўйга деб тўплаётган пулларини қўшнисига олиб чиқиб берди.

𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org