Ийдул-Фитр байрамини қандай нишонлашимиз керак.

МАҚОЛАЛАР

 Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида, Мадина аҳолиси жоҳилият давридаги икки байрамни нишонлар эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга дедилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизларга бу икки байрамни ўрнига яхшироғи билан алмаштирди «Ийдул-Азҳа ва Ийдул-Фитр».(Албоний ва Шуайб ал-Арнаут ишончли деб ҳисоблашган).

Кўплаб мусулмонлар ғайриисломий жамиятнинг меъёрлари ва эътиқодлари асосида яшашга одатланган.  Келинглар салафлар байрам тушунчасига қандай аҳамият берганлигини кўриб чиқсак.

Ҳайит намозига ғусл қилмоқ ва энг яхши кийимларни кийиш, намозга таёрланиш жумласидандир. Ибн ал-Қоййим айтганлар: «Ибн Умар (р.а.) суннатга қатъий амал қилган зотлардан, у киши ғусл қилиб намозга чиқар эдилар» (Задул-маъад, 1/442).

 Ибн Ҳажар айтадилар: «Ибн Абуд-Дуня ва ал-Байҳақий ишончли иснод билан Ибн Умар, Байрамга энг яхши кийимларини кийиб чиқардилар». (Фатҳул-Борий, 2/51).

«Ийдул-Фитр» рўзани очиш байрами бўлиб, намозга чиқишдан олдин тоқ сонли хурмо ейиш суннатдир.

 Анас розияллоҳу анҳу айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Ийдул-Фитр куни бир неча хурмо емай ташқарига чиқмасдилар ва уларнинг сони тоқ бўлган. (Бухорий ривояти).
Байрам куни уйдан чиққанингиздан то намоз ўқийдиган жойгача эркаклар учун баланд ва аёллар учун паст овозда такбир айтиш суннатдир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ байрам кунлари баланд овоз билан (لا إله إلاَ الله)ни айтган ҳолда чиқардилар» (Албоний ушбу ҳадисни яхши деб ҳисоблаган).

 Ривоятларда Ибн Масъуд (р.а.) байрам такбирини қуйидагича ўқирдилар:

الله أكبر، الله أكبر، لا إله إلا الله. والله أكبر، الله أكبر، ولله الحمد

Ибн Абу Шайба айтдилар: “Намозга пиёда бориш суннатдир”.  Ибн Умар айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, байрамга пиёда борар эдилар» (Ибн Можа, Албоний ҳадисни ҳасан деб айтган).

 Намоздан сўнг бошқа йўл билан қайтиш суннатдир.  Жобир ибн Абдуллоҳнинг ривоятида: » Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) байрам куни йўлни ўзгартирар эди» (Бухорий ривояти). Яъни уйларига, намозга кетган йўлдан қайтмас, бошқа йўлдан қайтар эдилар.

Ийдул-Фитр намози қуёш етарлича кўтарилгандан кейин ўқиладиган намоздир. Ушбу намоз учун азон ва иқома айтилмайди.

 У икки ракъатдан иборат бўлиб, биринчи ракъатда еттита такбир, иккинчи ракатда эса беш такбир ўқилади.

 Биринчи ракъатда «Аъло» ёки “Қоф”, иккинчисида «Ғошия» ёки “Қомар” сураларини ўқишлик суннатдир.  Хутба намоздан кейин ўқилади. Байрам намози ва хутбада аёллар ҳамда болалар иштирок этишлари суннатдир.  Умму Атия, Аллоҳ ундан рози бўлсин деди: «Бизга ҳайит намозига чиқишга буйруқ бўлди ва биз ҳайз кўрганларни ҳам, турмушга чиқмаган қизларни ҳам олиб келдик».(Бухорий ривояти).

 Жубайр ибн Нуфайрдан келган ривоятга кўра, Мусулмонлар бир-бирларини табриклаш жоиздир.

«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари байрам куни учрашганларида бир-бирларига:» Аллоҳ биздан ва сиздан қабул қилсин» дейишар эди. (Ибн Ҳажар ушбу ривоятни иснодини яхши деб атаган, Фатҳул-борий, 3/372).

Келинглар «Ийдул-Фитр» байрами билан боғлиқ мусулмонлар орасида кенг тарқалган урф-одатлар тўғрисида бир неча сўзга тўхталсак.

 Муаммо шундаки, ислом динига амал қилишга уринаётганларнинг аксарияти ҳанузгача шаклланган урф-одатларнинг асири бўлиб қолмоқдалар. Одатга кўра Рамазон ҳайити оила бюджети мустаҳкамлиги, уй бекаларининг жисмоний кучи ва ошпазлик маҳоратини, ҳамда овқат ҳазм қилиш тизимини синалувчи кун бўлиб қолган. Байрам куни дастурхон ёзиш ва бир-бирларини зиёрат қилиш фарз эмас ва ҳатто суннат ҳам эмас.

 Аллоҳ таоло Қуръонда бир неча жойларда ҳаддан ошиб кетганларни, исрофга берилганларни танқид қилиб ёқтирмаслигини айтган: “еб-ичаверинглар, фақат исроф қилманглар. Зотан, У исроф қилгувчи кимсаларни севмас”. (Аъроф сураси, 31-оят).

Афсуски, керагидан зиёдароқ ва исрофгарчилик буюк ислом байрамининг доимий ҳамроҳи бўлиб қолмоқда. Кўпчилик ушбу оятда зикр қилинган Аллоҳнинг буйруғига совуққонлик билан қарашмоқда.
Айниқса, бундай исрофгарчиликни муслима аёллар байрамдан кейин бир неча кун ўтгач, об-ҳаво жуда иссиқ бўлгани, ёки меҳмонлар кам бўлганлиги, ёки жуда кўп, ёки жуда эрта пишгани сабабли қанча таомлар ва пишириқлар айниб, ёмон бўлганини ҳисоблашганда кўрадилар.

 Кўриб турганимиздек, ҳашаматли йиғилишлар, кўп ейишлик Ийдул-Фитр байрами билан ҳеч-қандай алоқаси йўқ бўлиб, балки байрамнинг асл моҳиятини ўрнига Исломга зид бўлган амалларни алмашишига сабаб бўлмоқда.

Аллоҳ бизни Ўзининг йўлида собитқадам қилсин ва гуноҳларимизни кечирсин.

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *