Шайх Сафар Ҳаваалий: Илм излашнинг аҳамияти, 2-қисм

МАҚОЛАЛАР

Муаллиф: Аллома Сафар Ҳаваалий


Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Давоми…

  Замонлар ўтиши билан обрўдорга ҳам, заиф инсонларга ҳам муносиб бўлган жазони ўйлаб топишди ва: Жазо ўлароқ юзларни қора бўёққа бўяймиз, сазойи қиламиз ва савалаймиз,– дейишди. Шунинг учун агар зоний кучсиз инсонлардан бўлса юзини бўялар ва йўлига равона қилинар эди. Раҳбарлар фарзандларининг ҳам юзлари бўялар ва бир оз сабр қилишларига тўғри келарди. Умуман олганда эса, зино қилган бирон кимсани тошбўрон қилинмас эди. Улар буни: Мўтадил – ўрта ечим,– деб аташарди.

Аслида бу – ўрта ечим эдими?!

  Кўплаб уламолар, илм талабалари ва қозилар (маҳкама ҳокимлари) Аллоҳ нозил қилмаган ҳукмлар билан ҳукм қилишиб, бунинг ислоҳот эканини тушунмоқдалар:

﴿

(إِنْ أَرَدْنَا إِلَّا إِحْسَانًا وَتَوْفِيقًا )

«Биз фақат яхшиликни ва орани ўнглашни истаган эдик, холос» (Нисо: 62). Улар: Биз эзгуликни ва барчани рози қиладиган ҳукмни мақсад қилаяпмиз,– дейдилар.

  Бундай қилиш жоиз эмас. Биз бу нарсани жуда яхши билишимиз керак. Чунки Аллоҳнинг барча ҳукми ижро қилинади. Ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилмайдиган сулҳларниг эса ўз боблари бор.

  Хуллас, юқоридаги раввинлар билимдон бўлсаларда, ҳақиқат ва ҳидоят узра эмас эдилар. Улар динлари ва билимларини раҳбарларнинг фарзандлари ва ораларида кенг ёйилган зино туфайли сотишган эди. Ҳолбуки раввинларнинг кўплари ҳам қавмнинг сардорлари хонадонидан етишиб чиққан эди. Аллоҳ таолога бундай гуноҳлардан сиғинамиз ва мағфират учун илтижо қиламиз! Уламолар ва толиби илмлар зийнат қилиб олишлари керак бўлган илк нарса, Аллоҳ таоло улар ҳақида баён қилганидек, Аллоҳ таолодан қўрқиш ва ҳақиқатни гапиришдир:

(يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا مَنْ يَرْتَدَّ مِنْكُمْ عَنْ دِينِهِ فَسَوْفَ يَأْتِي اللَّهُ بِقَوْمٍ يُحِبُّهُمْ وَيُحِبُّونَهُ أَذِلَّةٍ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ أَعِزَّةٍ عَلَى الْكَافِرِينَ يُجَاهِدُونَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَلَا يَخَافُونَ لَوْمَةَ لَائِمٍ ذَلِكَ فَضْلُ اللَّهِ يُؤْتِيهِ مَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ )

«Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўминларга ҳокисор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ фазлу карами кенг, билгувчидир» (Моида: 54).

  Уммат турғунлашиб ҳаракатсиз қолса, илм толиблари ва олимлар ҳақиқатни айтишмаса, мункар тарқалиб, жамиятни қамраб олса, бузғунчилик қуруқлик ва сувда юз кўрсатса, иш Аллоҳ таоло айтганидек бўлади:

(إِنَّ رَبَّكَ لَبِالْمِرْصَادِ )

«Шак-шубҳасиз Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир» (Фажр: 14). Яъни, Аллоҳ таоло динини ҳеч қачон зое қилмайди. Балки Аллоҳ у одамларни кетказиб, ўринларига Аллоҳни севадиган ва Аллоҳ ҳам суядиган одамларни олиб келади. Аллоҳ таолони севган банда унинг розилиги олдига бирон нарсани муқаддам қўймайди. Аллоҳ суйган бандасини асрайди, ҳимоя қилади ва ўз изни билан балолардан қутқаради. Шундан кейингина бундай одамлар кофирлар устидан қудратли, қаттиққўл ва ҳайбатли, мўъминларга эса ўзаро меҳрибон ва мутавозе бўладилар. Бундан ташқари уларнинг сифатларидан яна бири, улар Аллоҳ йўлида курашадилар. Бу билим – кураш, демакдир. Балки у, курашларнинг энг афзалидир. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда: «Илмни ёйиш – жиҳоддир!»– деганлар. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳасан санад билан нақл қилинган ҳадисда: «Аллоҳ йўлида ўлдирилган шаҳид Қиёмат кунида олимнинг ажрини кўриб, унинг ўрнида бўлишни орзу қилади» деганлар. Одамларнинг ажрлари катта бўлгани шаҳидлар бўлиб, улар ҳам ҳақиқатга амал қилган, ҳақиқатни ёйган, одамларга эзгулик ва ҳақиқатни ўргатган олимларга ва уларни ўрганаётган илм толибларига берилган савоб ва баракаларни кўриб ҳавас қиладилар. Ҳолбуки, қўл билан жиҳод қилиш Исломнинг энг баланд чўққисидир.

  Ҳатто кофиларга қарши олиб борилаётган жиҳодлар билимга асосланмаган, уларнинг қўмондонлари шайхулислом Ибн Таймийя ва бошқа баҳодир уламолар каби билимдон уламолар бўлмаса, сафларда бўшлиқ пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам мужоҳид кимга қарши жиҳод қилаётгани, жиҳодни қачон қилиш кераклигини, сулҳ ва қул (асир) қилиш аҳкомларини билиши керак. Буларнинг барчаси билимга бориб тақалади. Демак, ҳар бир киши ҳар қандай ҳолатда билимга муҳтождир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло одамларга шундай фармойиш берди:

(فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ )

«(Эй мушриклар), агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмларидан (яъни, Таврот ва Инжилни биладиган кишилардан) сўранглар!» (Наҳл: 43).

  Биз олимлардан билмаган нарсаларимизни сўрашимиз керак. Шундагина бу дунёдаги яхшиликларни қўлга киритамиз. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дунё лаънатлангандир! Дунёдаги Аллоҳнинг зикри, Аллоҳ суйган нарсалар ёки олимлик ёхуд илм излашдан бошқа барча нарса лаънат қилингандир!»– деганлар (Термизий 2322; Ибн Можа 4112).

  Сиз олим бўлмасангиз, илм изланг. Одамлар ичидан баъзи одамларгина олим бўлиб етиша олиши ҳаммага маълум. Сиз илм изланг! «Билим излаб йўлга тушган одамга, Аллоҳ жаннатга элтадиган йўлни осонлаштириб қўяди» (Абу Довуд 3641; Термизий 2682; Ибн Можа 223; Имом Аҳмад 5/192; Доримий 342; Абу Дардоъ разияллоҳу анҳу ривояти).

  Ҳатто жаннат у билан, у эса жаннат билан бирга бўлади. Чунки «Банда ўзи суйган банда билан бирга тирилтирилади» (Имом Бухорий 3485, 5815, 5819; Имом Аҳмад 3/110, 168, 172, 173, 192, 198, 202, 208. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривояти). Охират куни – маҳшарда дўст дўсти билан бирга туради. Бизнинг назаримизда Шариат факультетини битириб олим бўлган ва жума кунлари хутба қиладиган мўъминлар ҳам толиби илм ҳисоблансада, аслида, толиби илм – Қуръон Карим ва суннат билимларини қаерда бўлса ҳам ўрганаётган талабадир.

  Барчангизга маълумки, айрим одамлар радио дастурларни эшитиб фиқҳ илмини ўрганмоқдалар! Сизлар «Йўлдаги ёғду» радио дастурини эшитиб борасизлар. Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, биз ўлчаб бўлмайдиган катта неъматлар ичида яшамоқдамиз. Алҳамдулиллаҳ, ҳозирги кунимизда илм излаш, таълим олиш ва амл қилиш учун катта имкониятлар бор. Бизга қўшни бўлган давлатлар борки, улар битта китобни ўқий олмайдилар, илм талаб қила олмайдилар, бирон шайхнинг олдига ўрганиш учун бора олмайдилар. Улар «Йўлдаги ёғду» ва бошқа тинглашадиган радио дастурлардан билим оладилар! Шунинг учун қанча–қанча одам Ироқ ва бошқа давлатлардан ўлкамизда диний таълим олиш учун келмоқдалар!

  Алҳамдулиллаҳ, бизнинг таълим олиш учун талайгина воситаларимиз бор. Шу боис илм ҳалқаларида иштирок этиб, уларни тўлдиришимиз керак. Бундан ташқари «Қуръон Карим» радиоси фаолият кўрсатмоқда. Биз радио дастурлардан қўшиқ ва мусиқани назарда тутмаяпмиз.

  Хуллас, таълим олиш воситалари кўп. Муҳими сиз илм изланг, илм ўрганинг. Илмни ўз арбобидан олиш – илмнинг одобларидандир. Чунки ҳар уйга дарвозасидан кирилади:

(وَأْتُوا الْبُيُوتَ مِنْ أَبْوَابِهَا )

«Уйларга эшикларидан кирингиз!» (Бақара: 189). Бу, диний ишлардаги умумий қоидадир. Бундан мақсад, барчаси ҳақ бўлсада дарвозадан киришнинг ўзигина ёки қилинган тафсирларгина эмас, балки ҳар нарсага ўз дарвозаси билан кирилишидир. Илмнинг дарвозаси – уни ўз аҳлидан олиш, аҳлининг одоби ва шартлари билан одобланишдир.

6 – Илм излаш одоблари билан безаниш

  Аслида, кўпимиз илм одоблари билан безанмаяпмиз. Масалан, бирон олим олдимизга келмоқчи бўлса ёки келишини илтимос қилсак, унга нисбатан одобли бўлишимиз, сўрамоқчи бўлган нарсамизнинг моҳиятини ва унинг билимидан қандай фойдаланишимиз кераклигини билишимиз керак. Саҳоба разияллоҳу анҳумлардан бири илм масъалаларидан бирини сўраш учун бир ёки икки йил кутар эди.

  Бу умматнинг алломаси Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу каби олимларнинг чиқишларини кутиб остоналарида ухлар эди!

  Биз олимларнинг дам олиш вақтларини ҳам риоя қилмаймиз. Телефонларига сим қоқамиз ёки дарвозасини таққиллатамиз. Баъзида эса юзлаб марта жавоб берган саволларни қайта берамиз. Биз олимлардан нимани сўрашимиз кераклигини билишимиз керак! Баъзиларимиз йўлда кета туриб: Нимани сўрасам экан?,– деб ўйлайди. Бу, у одамнинг илм толиби эмаслигига ҳамда динимиздан кўп нарса билмаслигимизга аломатдир!  Масалан, сиз яшаётган минтақага аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн келса: Ундан нимани сўрасам экан?,– десангиз, бу сизнинг илмсиз эканингизга далолатдир.

  Биз савол берар эканмиз, ўзимизниг билмаган эканимизни яхши билишимиз керак. Шунинг учун уламоларимиздан ўзимизга керакли бўлган нарсаларнигина сўрашимиз керак. Масалан, менинг бирон ибодат ёки тавҳид ҳақида муҳим диний ишим бор. Унинг ширк ёки тавҳид, бидъат ёки суннат, ҳалол ёки ҳаром эканини билиш учун сўрашим зарур.

  Бир олимнинг олдига бориб бошимдан ўтаётган иш, бошимга келган муаммо ҳақида сўрайман ва ундан ўрганиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Орқангизда қолганларга етказинг!» деганларидек, ёдлайман, тушунаман ва олим айтганидек қишлоқдошларим, жамоатдошларим ва қабиладошларимга етказаман. Чунки бу, олимнинг гапи бўлгани учун ҳақиқатдир. Демак, мен уни бошқаларга етказишим керак.

7 – Серсавол бўлмаслик

  Ҳар биримиз толиби илмлар одоби билан безанишимиз учун ўзимизга фойдали нарсаларга ҳарис бўлиб, кўп савол беравермаслигимиз керак.

  Шунинг учун ҳам тобиинлардан бири бўлган Шаъбий раҳимаҳуллоҳ одамларнинг ўз дарвозаси олдига тўпланиб келган ва бир тобииндан сўнгра иккинчисига бориб савол беришаверганини кўргач: Агар Қуръон буларга нозил бўлса эди, буларнинг омилари тинмай савол беришар эди. Ҳолбуки, унда бир неча мавзу бўлади, холос»– деган эди (Доримий 195).

  Қуръон Каримнинг саккиз жойида «Сиздан сўрайдилар!» –  дейилган. Агар Қуръон бизнинг давримизда нозил бўлса эди, қанча нарсаларни сўрашган бўлар эди?! (Менимча), ҳамма нарсани сўрашаверган бўлар эди.

«Сиздан аввалгиларни кўп сўрашлари ва пайғамбарларига хилоф қилишлари ҳалокатга учратди» (Имом Бухорий 6858; Имом Муслим 1337. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривояти). Бу – ҳаётимизнинг бугунги аксидир.

  Масалан, биз ҳар ҳаж мавсумида отиладиган тошларни қаердан: Мино ёки Муздалифадан териб олиш ҳақидаги саволларга кўп дуч келамиз: Мино ёки Муздалифадан тошларни териб олсам бўладими?

  Унга: Алҳамдулиллаҳ, Мино ёки Муздалифа ёхуд бирон бошқа жойдан териб олишингизнинг зарари йўқ. Лекин сиз Арафотда қаерда турдингиз?,– деб сўрасангиз: Алҳамдулиллаҳ, кўприкнинг тагида,– деб жавоб бради. Яъни, у ғарб томондаги кўприк тагида турганини айтади. Биз унга: Ахир, кўприк Арафот минтақасига кирмайди–ку?!,– десак : Лекин, биз ўша ерда турибмиз–да!,– деб жавоб беради. – Сиз арзимас нарса ҳақида сўраяпсиз–у, ҳажнинг рукни бўлган муҳим нарса ҳақида сўрамаяпсиз. Сиз ҳажнинг рукнларидан бирини тарк қилибсиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳаж – Арафот(да туриш, демак)дир»– деганлар,– деймиз (Абу Довуд 1949; Термизий 889; Насоий 3044; Ибн Можа 3015).

  Кўплаб ҳатто минглаб ҳожилар Арафотда турмайдилар. Чунки улар Арафотга яқин кўприк тагида турадилар ва фарзлардан бирини қилаётганларини тушунадилар.

  Чунки бу одамлар қандай ҳаж қилиш ва қаерда туришни ўрганмаганлар. Балки бировнинг одамлар атрофида тўпланишганида микрофондан фатво берганини эшитиб қолган ва: Ҳажга борай, йўлда кетаётган пайтда тошларни қаердан олиш ҳақида сўраб оларман!,– деб ўйлаган.

  Ҳатто намозимизда ҳам айрим одамлар Фотиҳа сурасини тажвид билан ўқий олмайдилар ва олдингизга келиб турли мавзулар ҳақида сўраб: Эшитишимизга қараганда баъзи одамлар жоҳил ва залолатда яшайдилар. Аллоҳ таоло уларни Қиёмат куни жаннатга киритадими ёки жаҳаннамгами?,– деб савол берадилар.

  Жавоб беришга қийналасиз: Сиз нимани назарда тутаяпсиз: Сиз тилга олган одамлар Ислом дини ҳануз етиб бормаган одамлар–ми? Агар шундай одамлар қаторида бўлса, улар ҳақида фарқли кўришлар бор,– деб унга саволидан йироқ мавзуларни тушунтирасиз. Агар унга: Бери келиб, Фотиҳа сурасини ўқинг–чи?– десангиз, уни тўғри ўқий олмайди. Ёки ундан: Намознинг қандай фарзлари бор?,– деб сўрасангиз, уларни билмайди. Шундай экан бу одамда қандай фойда бор?

  Биродар, Аллоҳ таоло Қуръонни биз учун ваъз қилиб юборган. Саҳобалар давридаги олимлар қиссагўйларнинг ҳикояларини эшитишни таъқиқлашган. Ҳикояларнинг баъзи ёки кўп қисми ҳақиқат бўлиши мумкин, шундай бўлсада, улар ҳикояларни тинглашни таъқиқлашар эди. Чунки одамлар уларни билим ва дин деб деб қабул қилишлари эҳтимолдан холи эмас эди.

  Бир куни биров ажойиб савол бериб қолди –У саволни айтишимга ҳожат йўқ–. Мен унга: Сиз Қуръон ўқийсизми?,– десам: Алҳамдулиллаҳ,– деди. Мен:

(قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَقِ )

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен тонг Парвардигоридан (менга) …дан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман»» оятининг, «Тонг»нинг,

(غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ )

«Зулматга чўмган кеча»,

(النَّفَّاثَاتِ فِي الْعُقَدِ )

«тугунларга дам солгувчи хотинлар» жумлаларининг маъноси нима эканини биласизми?,– дедим. У: Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, билмайман,– деди. Ҳолбуки, ўқувчилар бу сураларни мактабларнинг бошланғич синфларида ёдлаб оладилар. Шундай бўлсада, одамлар келиб сиздан ғаройиб нарсалар ҳақида сўрайдилар. Масалан, баъзилар келиб Аллоҳ таолонинг:

( وَشَرَوْهُ بِثَمَنٍ بَخْسٍ دَرَاهِمَ مَعْدُودَةٍ )

«… у (Юсуф)ни арзон баҳода — бир неча тангага сотиб юбордилар» (Юсуф: 20) ояти ҳақида: Акалари уни неча тангага сотдилар? У неча танга эди?,– деб сўрайдилар.

Айтайликки, ўн ёки юз тангага сотишди. Бундан сизга қандай даромад ёки зарар келади?! Муҳими, сиз амал қилиш учун нимани ўрганишингиз керак, шуни билишингиз лозим.

  Бу – кундалик ҳаётимиздаги айрим одамлар яшаётган одоб нуқсонининг бир лавҳасидир. Толиби илмлар одобининг ушбу қирраси ҳаммамизда ҳам етарлича шаклланмаган. Яъни, ҳар биримиз меъёрида, ўзимизга зарур бўлган нарсаларни сўрашимиз, мақсадимиз эшитиб амал қилиш бўлиши керак. Агар бирон нарсани сўраб, унга амал қилишни хоҳласак, кўплаб саволлар беришга эҳтиёжимиз қолмайди. Шунинг учун ҳам саҳобалар кўп савол беришмас эди.

  Саҳобалар чўллардан бирон бадавий келса севинишар, чунки жоҳил бадавий ҳар нарсани сўрашга журъат эта олар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол берар ва бунинг натижасида саҳобалар мавзуни яхши англаб, фақиҳ бўлишар эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган одоблари сабабли ҳар нарсани ҳам сўрашавермас эдилар. Бизнинг билган нарсасига амал қиладиган, бир нарса ҳақида амал қилиш учун сўрайдиган одамларга эҳтиёжимиз бор.

  Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо каби айрим саҳобалар «Бақара» сурасини саккиз йил мобайнида ўргандилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: «Биз Қуръон оятларидан бирини ёд олиб тушунмагунча ва ундаги билим ва амални ўрганмагунча бошқа оятга ўтмас эдик. Бизга Қуръондан илгари иймонни ўргатилди» деди (Ибн Касийр тафсири 1/4).

Ҳозирги кундаги одамлар бунинг аксини қилмоқдалар.

  Ичимиздан бирининг Қуръон ёдлатиш мактабларига кириб уни тўрт ёки беш йил давомида ҳаммасини ёки Аллоҳ муяссар қилганини ёдлаб олиши, Аллоҳ таолонинг бу умматга берган марҳаматидандир. Бунинг учун Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Лекин тарбия бобида Қуръонни иймондан илгари эмас, иймондан кейин беришимиз керак. Чунки, иймон тарбияси Қуръондан илгари келади.

  Одамларга ҳалол ва ҳаром аҳкомларини ўргатишдан илгари Қуръон ва қорилар одоби билан безаниш муҳимдир. Акси тақдирда, Қуръон қориларнинг зарарига ҳужжат бўлади. Ҳолбуки, диний таълим олиб дипломни қўлга киритган одамларнинг айримлари одамларни адаштириб, ўзи ҳам адашиб, даъват ва эзгулик йўлларини даъватчи ва саховатпеша одамлар олдида тўсиб юришибди. Одамлар эса уларни ўзлари учун намуна ва ҳужжат қилиб олишган. – Аллоҳ бундай ҳолатдан барчамизни асрасин! – Агар одамлар билимни одобсиз олишса, бундай мусибатларнинг даъват бошига тушиши ҳеч гап эмас.

   Демак, Аллоҳ таолодан қўрқиш, тақво қилиш Унга ихлос қилиш, диний билимни Аллоҳ йўлида сарф этиш керак.

Аллоҳ таолодан бизга ва сизларга баракаларини ёғдиришини тилаб қоламиз.

Манба: Ҳикмат нури

Tagged
𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *