Шайх Сафар Ҳаваалий: Илм излашнинг аҳамияти, 1-қисм

МАҚОЛАЛАР

Муаллиф: Аллома Сафар Ҳаваалий

Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Асл сарлавҳа:أَهَمِيَّةُ طَلَبِ الْعِلْمِ رِحْلَةُ التَّوْحِيدِ

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

  Барча Оламлар Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳ қули ва расули бўлмиш Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва барча асҳобларига салавот, салом ва баракотларини ёғдирсин.

1 – Шаръий билим шартдир.

   Қаламга билдирган ва одамзотга билмаган нарсасини ўргатган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳ Ўзининг бандаси ва расули бўлмиш башариятнинг энг яхши муаллими Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавот, салом ва баракотларини ёғдирсин. Чунки башарият ундан илгари ва ундан кейин ҳеч қачон унинг каби устозни, унинг асҳоблари каби илм ва ҳидоят талабаларини кўрмади. Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин ва уларни қилган амаллари туфайли рози қилсин. Аллоҳ таоло саҳобаларга. Тобиинлар ва уларга Қиёмат кунигача издош бўлганларга салавоту саломларини йўлласин.

Сўнг …

  Иншааллоҳ, бугун илм излаш, Аллоҳ таолонинг олим ва толиби илмлар учун тайёрлаб қўйган фазлу марҳаматлари, ажру савоблари ва умумий манфаатлари ҳақида гаплашамиз. Чунки биз одамлар банд, дунёга алданган, Аллоҳ раҳм қилганларидан бошқалари охиратдан юз ўгирган даврда яшамоқдамиз. Одамлар юз ўгирган нарсаларнинг энг каттаси ва боши – илм излашдир. Ҳатто мактабларда билим олаётган ўқувчиларнинг аксари ҳам илм излашга рағбат қилмаяпти. Ваъзларни тинглаш учун келаётган ва яхши умидда бўлинган тингловчиларнинг кўпи ҳам дарс ва мавъизаларга муттасил қатнашмаяпти, фиқҳий билимларини ошириш учун ҳаракат қилишмаяпти. Бунинг сабаблари қуйидагича бўлиши мумкин:

1) Билимларнинг подшоҳи бўлган эътиқод, тавҳид илми ва Аллоҳни таниш;

2) Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун ҳалол ва ҳаромни таниш. Зеро қанча обидлар борки, жоҳилона ибодат қиладилар.

Қанча мушрик ёки ширкка булғанган одам борки, ўзини муваҳҳид ҳисоблайди.

Қанча намозхон борки, тўкис ёки чиройли ўқимагани учун намози бекордир.

Қанча ҳожилар борки ҳажи бекордир. Чунки у, ҳажини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳажидек, Аллоҳ таоло кўрсатган аҳкомларга биноан қилмаган.

Биз буларни қаердан биламиз? Буни билим, фиқҳ ва динда олим бўлиш билан ўрганамиз.

  Динда олим бўлиш машаққатли бўлиши билан бирга, савоби кўп ишдир. Диний олимлар ва динда олим бўлишни хоҳлаганларнинг сони жуда ҳам оздир. Бироқ улар осмондаги юлдузлар мисоли йўл кўрсатадилар ва одамлар уларга эргашади. Айрим салафлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ йўллар билан нақл қилишган ушбу: «Шайтонга битта олим мингта обиддан кўра қаттиқроқдир!» ҳадиси бежиз айтилмаган! (Термизий 2681; Ибн Можа 222; Табароний «ал–Кабир» 11/78).

Илмнинг фазилати катта эканида ҳеч шубҳа йўқдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло:

(قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ)

«Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» Дарҳақиқат фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар»– деган (Зумар: 9).

  Ҳа, улар ҳеч қачон тенг бўла олмайдилар. Ҳатто, ўргатилган ҳайвон билан ўргатилмагани тенг бўла олмайди. Чунки Аллоҳ таоло итларни ифлос – нажас қилиб яратди. Бирон ит бировимизнинг идишини ялаб қўйса, уни етти марта ва биринчисини тупроқ билан ювилади. Бунинг сабаби итнинг нажаслигидир. Агар ўргатилмаган ит бўлса, унинг сўлаги ҳам нажасдир. Ўргатилган бўлса (нажас эмасдир). Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

(وَمَا عَلَّمْتُمْ مِنَ الْجَوَارِحِ مُكَلِّبِينَ تُعَلِّمُونَهُنَّ مِمَّا عَلَّمَكُمُ اللَّهُ فَكُلُوا مِمَّا أَمْسَكْنَ عَلَيْكُمْ)

«… яна сизларнинг таълимингизни олган жониворларнинг — Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан билдириб қўлга ўргатган жониворларнинг (тутиб келтирган овлари) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун ушлаб келтирган нарсаларни еяверинглар» (Моида: 4).

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам савол берган Адий ибн Ҳотим разияллоҳу анҳуга тафсилотли жавоб бердилар ва ўргатилган овчи ит билан ўргатилмаган итнинг фарқли бўлишини тушунтирдилар. Субҳоналлоҳ!

  Агар фойдали ва тўғри билим ифлос ҳайвоннинг овлаган овини ейишга салоҳиятли қилиб, етти марта ва аввалгисини тупроқ билан ювишга эҳтиёж қўймас ва биз у (ов)ни иштаҳа билан ейишимиз мумкин экан, Аллоҳ таолога бизга билим бергани ва бу ҳайвонни бўйинсундириб қўйгани учун шукроналар айтишимиз керак.

  Шундай экан билим ҳақида қандай фикрдасиз?! У Аллоҳ таоло мукаррам қилиб қўйган одамзотда қандай ўзгаришлар яратиши мумкин:

(وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ)

«Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик» (Исро: 70). Аллоҳ яратган махлуқотларнинг энг мукаррами одамзот бўлиб, Аллоҳ уни билим билан мукаррам ва мушарраф айлади.

   Одамзотнинг ичидаги энг ҳурматли инсонлар – уламолардир. Чунки пайғамбарлар махлуқотларнинг энг афзали ва Аллоҳни энг яхши таниган бандалардир. Пайғамбарларнинг билими, билимларнинг энг шарафлисидир. Улардан кейингилар эса, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уламолардир: «Унутмангларки, пайғамбарлар олтин ёки кумуш тангани мерос қилиб қолдиришмади. Улар илмни мерос қилиб қолдиришди!» (Абу Довуд 3641; Термизий 2682; Ибн Можа 223; Имом Аҳмад 5/96; Доримий 342. Абу Дардоъ разияллоҳу анҳу ривояти).

   Демак, уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Чунки пайғамбарлар олтин ёки кумуш танганларни мерос қилиб ташлаб кетмайдилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз – пайғамбарлар жамоати мерос ташламаймиз. Биздан қолган нарсалар – садақадир»– деганлар (Имом Бухорий 3093; Имом Муслим 1759. Оиша разияллоҳу анҳо ривояти). Бунга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотидан сўнгра қолган идишлари, қуроллари, ери ёки бирон бир матоси мерос қилиб олинмайдиган садақадир. Ундай бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимани мерос қилиб ташлаб кетдилар?! «Улар илмни мерос қилиб ташлаб кетдилар. Ким уни олса катта ҳиссани қўлга киритибди» (Абу Довуд 3641; Термизий 2682; Ибн Можа 223; Имом Аҳмад 5/96; Доримий 342. Абу Дардоъ разияллоҳу анҳу ривояти).

   Шунинг учун ҳам Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу одамларнинг боёнлашгани ва қўлларига дунё тушгани ва илм таҳсил қилиш озайганини кўргач: «Ҳой одамлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мероси масжидда тақсимланаяпти!»– деган эди (Табароний «ал–Авсат» 1429. Аллома Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деган: «Саҳиҳут Тарғиби ват–Тарҳиби» 83).

   Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган севгилари сабабли қувондилар ва ҳар бири ўзининг бозордаги маҳсулотлари ва ишини ташлаб, масжидга югуриб келдилар. Уларнинг мақсади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган нарса идиш ёки бирон қурол ва ҳатто сочи бўлса ҳам олиш эди. Чунки, у билан табаррукланмоқчи эдилар.

   Масжидга келиб ўтирдилар. Бирдан Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: Халилим соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга шундай ва шундай деган эди,– деб қолди. Одамлар: Ҳой Абу Ҳурайра, мерос қаерда?,– деб савол беришганида Абу Ҳурайра: Мана шу – меросдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу билимни мерос қилиб кетдилар. Мана шу – ҳидоят ва нурдир. Биз унга бошқа нарсалардан кўра кўпроқ муҳтожмиз!,– деб жавоб берди (Табароний «ал–Авсат» 1429. Аллома Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деган: «Саҳиҳут Тарғиби ват–Тарҳиби» 83).

   Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ ҳам шундай дейди: Одамлар табиблар бўлмаса ҳам яшашлари, Аллоҳ таоло муяссар қилган гиёҳлар ёки ўзлари билишган дорилар билан даволанишлари мумкин. Муҳими, улар ҳалол бўлсин. Бироқ одамлар билим ва уламоларсиз хотиржам бўлишлари ва фаровон яшашлари мумкинми?!

   Мумкин эмас! Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда зикр қилганларидек билим ҳақида шундай дедилар: «Аллоҳ таоло билимни уламоларнинг кўнгилларидан бирданига тортиб олмайди. Балки уламоларнинг ўлиши билан олади. Агар уламолар вафот этса одамлар жоҳилларни раҳбар қилиб олишади ва улардан сўралса фатво беришади–да, ўзлари ҳам адашишади ва (бошқаларни ҳам) адаштиришади» (Имом Бухорий 100; Имом Муслим 2873. Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу ривояти).

   Замонанинг охирида Аллоҳнинг зикри қилинмайди. Яъни, уламоларнинг озлиги туфайли «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейилмайди. Чунки уларнинг орасида динни тушунтирадиган ва баён қилиб берадиган бирон фақиҳ қолмайди.

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигидан аввалги жоҳилиятни Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам воситасида тавҳид, ваҳий, Аллоҳ ато этган билим билан йўқ қилди. Бироқ у, яна баъзи кунларда қайтиб келди. Аммо мутлақ жоҳилият Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнгра абадул абад қайтиб келмайди. Чунки Аллоҳ таоло бир тоифанинг Ислом узра Аллоҳнинг амри келгунича – Қиёмат қоим бўлишидан бир оз аввал эсиб мўъминларнинг руҳларини оладиган роҳатбахш  шамол эсгунича, қолишига рухсат берди ва ўз кафолатига олди. Ўшандан сўнгра Ер юзида бахтиқаро одамларгина қоладилар ва уларнинг устидан Қиёмат қоим бўлади. Бу, ҳалокат ёки одамлар учун фойдали бўлган билимнинг йўқолиши ёки камайиши оқибатида содир бўлади.

   Бир гуруҳ ҳақиқат узра қолади. Лекин жаҳолат бизнинг Араб ярим оролида бўлгани каби турли тоифалар, турли минтақалар ва турли халқлар бошига келади. Араб ярим ороли Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳдан илгари зулматлар ичида яшар, ҳатто, биринчи жоҳилият даврига қайтган эди. Аллоҳ таоло, ўз лутфи ва ҳамди билан, динини янгилайдиган олимни юборди. Демак, жоҳилиятнинг ҳар қандай жойга қайтиб келиши мумкин бўлсада, билим соясида зудлик билан ўша жой ва ўша халқ бошидан кўтарилиши ҳам мумкин. Чунки билим, Аллоҳ таоло қалбларни ёритадиган нурдир:

(يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ )

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала: 11).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизга шу дунёда инсонга тааллуқли бўлган энг муҳим нарсани катта шоҳидлар гувоҳлигида баён қилиб берар экан, шундай деди:

(شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ )

«Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир» (Оли Имрон: 18).

Хўш, бу муҳим нарса, шоҳид ва гувоҳ қилинган махлуқотлар ким эди?

   Бу дунёдаги балки бутун Коинотдаги энг муҳим нарса – тавҳид: Аллоҳ таолонинг яктолигига, Ундан бошқа илоҳ йўқлигига шаҳодат келтиришдир. Бунинг энг катта шоҳиди Аллоҳ таолонинг ўзидир. Шунинг учун ҳам Ўзи шаҳодат келтиришни бошлади: «Аллоҳ адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик берди» (Оли Имрон: 18).

Сўнгра Аллоҳ таоло фаришталарни мақтади. Бундан таажжубланмаса ҳам бўлади. Чунки фаришталар Аллоҳ таолонинг муҳтарам бандаларидир:

(لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ )

 Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур» (Таҳрим: 6). Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларни гувоҳ қилди.

Учинчи шоҳидларнинг эса Аллоҳ таоло бандалари орасидан бу масала учун танлаб олган ва уларнинг одамларнинг сараси бўлишлари муқаррар эди.

Аллоҳ таоло гувоҳ ўлароқ қиролларни, мансабдорларни, обрўдорларни, боёнларни, пулдорларни ва ҳатто наслу насаби улуғ бўлган одамларни танламади. Балки «илм аҳллари»ни танлади. (Ҳа), Аллоҳ таоло Ўзи ва фаришталари билан катта гувоҳлик қилишга илм аҳини танлади ва шундай деди:

(أَوَلَمْ يَكُنْ لَهُمْ آيَةً أَنْ يَعْلَمَهُ عُلَمَاءُ بَنِي إِسْرَائِيلَ )

«Ахир (Қуръон ҳақида) Бани Исроил олимлари ҳам билишлари (Макка мушриклари) учун (Қуръон ҳақиқатан Аллоҳ томонидан нозил бўлганига) оят-далил эмасми?!» (Шуаро: 197). Бану Исроил орасидан етишиб чиққан ҳар бир олим Ислом динининг ҳақиқат эканини билади:

(يَعْرِفُونَهُ كَمَا يَعْرِفُونَ أَبْنَاءَهُمْ )

«Биз китоб ато этган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарни) ўз фарзандларини таниган каби танийдилар. (Яъни ўзларининг илоҳий китобларида у ҳақда ўқиганлар)» (Бақара: 146).

Уларнинг ичидан бу оятга мазҳар бўлган Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу чиқди ва шаҳодат келтириб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам кутилган пайғамбар ҳамда Ислом ҳақ дин эканига гувоҳлик берди.  

2 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг муносабати ва Абдуллоҳ ибн Саломнинг тутган мавқеъи

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб кела бошлаганида яҳудий раввинлардан бири тепаликка чиқиб: Эй, Қийла ўғиллари! Эй, Қийла ўғиллари, сизлар кутаётган одам келаяпти!,– деган эди. Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иймон келтирмаган раввинлардан бири эди.

У Мадинада яшаётгна Авс ва Хазраж қабиласига : Эй Қийла ўғиллари, бу сизлар кутаётган одам,– дея хитоб қилган бўлсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали олисда ва сароб одамларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўришига имкон бермас эди.

  Улар ҳақиқатни, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг пайғамбари эканини, ҳижрат қилишини ва айни шу йўлдан келишини билишар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз ўғилларини танигандек танишар эди. Уларнинг раввинларидан, Аллоҳ қалбини нурафшон қилган, ҳақиқатни излаб унга эргашишни қасд қилган уламоларидан бири бўлган Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу айтади: «Мен Ислом динидаги илк жума ва илк хутба – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қубода қилган хутбасига қўққисдан келиб қолдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўргач унинг юзи каззобнинг юзига ўхшамаслигини ўргандим, соллаллоҳу алайҳи ва саллам» (Термизий 2485; Ибн Можа 1334; Имом Аҳмад 5/451; Ҳоким 3/14. Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу ривояти).

   Бу юз каззоб, дунё ёки шаҳват ёхуд шуҳрат ошиғи эмас эди. Садоқат, нур ва ишонч Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пешонасида ялтираб турар эди.

   Сўнгра Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу ўтириб, хутбани тинглай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй одамлар, (бечораларни) тўйдиринглар, қариндошлар билан борди–келди қилинглар, саломни ошкор беринглар, тунлари одамлар уйқуда экан намоз ўқинглар, (шунда) жаннатга хотиржам кирасизлар!»– дедилар (Термизий 2485; Ибн Можа 1334; Имом Аҳмад 5/451; Ҳоким 3/14. Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу ривояти). Бу хутба Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳунинг кўнглига муҳрланиб қолди.

   Аллоҳ таоло ушбу динга шаҳодат келтиришларини талаб қилганида, Исроил ўғиллари ичидан ҳам баъзилар иймон келтиришди. Улардан бири шу олим эди. Уларнинг айримлари эса шаҳодат келтиришмади. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деди:

(وَجَحَدُوا بِهَا وَاسْتَيْقَنَتْهَا أَنْفُسُهُمْ ظُلْمًا )

«Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар» (Намл: 14);

(فَإِنَّهُمْ لَا يُكَذِّبُونَكَ وَلَكِنَّ الظَّالِمِينَ بِآيَاتِ اللَّهِ يَجْحَدُونَ )

«Зотан, улар сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар» (Анъом: 33).

  Қандай «Ёлғончи!» демадилар?! Ахир: Муҳаммад каззобдир, фолбиндир, жодугардир ва шоирдир, демадиларми! Улар сизни: Ёлғончи!, демайдилар. Яъни, кўнгилларида сизни ёлғончи демайдилар!! Фақатгина тилларида ёлғончи дейдилар. Чунки улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбар эканини биладилар! Бунинг гувоҳи Аллоҳ таолонинг гувоҳ бўлишларини талаб қилган кишилардир: уларнинг айримлари шаҳодат келтирдилар, айримлари эса келтирмадилар.

3 – Билим ва уламоларнинг фазилати

  Бу шаҳодатни келтирган банда, пайғамбарлар ишини қилган бўлади. Зеро Абу Бакр разияллоҳу анҳу муртадларга қарши олиб борилган кураш мобайнида шу вазифани бажарган эди. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ҳам бу ишни амалга оширган ва унинг ҳақида: Абу Бакр муртадлик кунида, Имом Аҳмад эса синовлар кунида бу ишни бажарган,– дейишади.

  Бу – пайғамбарлар қилган ишдир. Улар шаҳодат калималарини ва ҳақ сўзларни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, ошкора айтишган:

«Шаҳидларнинг саййиди – Ҳамза ва золим раҳбар олдида туриб амру маъруф ва наҳий мункар қилган ва ўша раҳбар ўлдирган одамдир» (Жобир разияллоҳу анҳу ривояти. Ҳоким 3/215; Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривояти. Табароний «ал–Авсат» 4/238);

«Олимнинг обидга бўлган фазилати тўлин ойлик кечадаги тўлин ойнинг бошқа юлдузларга бўлган афзаллиги кабидир» (Абу Довуд 3641; Термизий 2682; Ибн Можа 223; Имом Аҳмад 5/196; Доримий 342. Абу Дардоъ разияллоҳу анҳу ривояти).

  Жоҳилона ибодат қилиб, жоҳилона фатво бераётган одам билан, билим билан ибодат қилаётган ва билим билан фатво бераётган одам ўртасида катта фарқ бор. Бу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилга олган энг яхши нарсалардан биридир: «Икки нарсадагина ҳасад қилса – бошқа ривоятда: ҳавас қилса – бўлади: Аллоҳ ҳикмат ато этган ва ҳикмат билан ҳукм қилиб, ҳикматни ўргатган одам …» (Абдуллоҳ ибн Масъуд ривояти: Имом Бухорий 73; Имом Муслим 816. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривояти: Имом Бухорий 4737, 7091; Имом Муслим 915. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривояти: Имом Бухорий 7090). Ҳикмат ва онг – билим билангина рўёбга чиқади.

4 – Тўқсон тўққизта одамни ўлдирган одам ҳақидаги ҳадис ва ундаги илм фазилати ҳақида айтилган гаплар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавбасини ҳикоя қилган одамга қаранглар. Бизнинг ҳар биримиз тавба қилишга муҳтожмиз.

  Бу одам тўқсон тўққизта одамни қасддан ва зулм қилиб ўлдирди. (Ўз қишлоғидан) чиқиб тавба қилмоқчи бўлди. Унга: Сен фалончи одамнинг олдига бор, дейишди. Айтилган одам тарки дунё қилган, лаззатлардан воз кечган, одамлардан айрилиб ибодатхонасида узлатда ўтирган жоҳил обид эди. У ҳақиқатни билмас, фатво бериш қобилияти йўқ, одамлар ўртасида ҳукм қилишни билмас эди. Қотил келиб: Мен тўқсон тўққизта одамни ўлдирдим, тавба қилсам бўладими?,– деб савол берди.

Обид бу қотилликлардан ҳайратга тушди! Наҳотки бир кам юзта одамни ўлдирган бўлса?! Обид: Сенга тавба қилишга йўл йўқ!,– деди. Қотил: Ундай бўлса яшашдан нима фойда бор,– деб обидни ҳам ўлдириб, қотиллигини юзга етказди.

  Жоҳилона берилган фатво Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилишга ҳамда ўзининг ўлимига сабаб бўлди. Қотил бу билан юзинчи одамни ўлдирди.

  Сўнгра қотилни бошқа одамга юборишди. Унинг олдига боргач: Мен юзта одамнинг қотилиман, тавба қилишим мумкинми?,– деб сўради. Олим: Сизни тавба қиишингизга нима ҳам монеъ бўлиши мумкин,– деб жавоб берди ва: Сиз фалон жойга боринг. У ер яхши жой. Бу қишлоғингиздан айрилинг. Чунки бу ер ёмон жой,– деди. Қотил йўлда кетар экан ажали етди. Раҳмат фаришталари унинг жонини олиш учун азоб фаришталари билан тортишди ва Аллоҳнинг раҳмати уни қамради.

  Ҳикоядан мақсад шуки, биз гарчи зоҳид, тақводор ва ҳаром нарсалардан йироқ бўлсада билимсиз фатво берган айрим жоҳиллар, фасоҳатли ва сўзамол бўлишлари мумкин эканига шоҳид бўламиз. Бироқ Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган нарсалардан бехабарликлари ва динни яхши билмаганликлари учун уларда яхшилик бўлмайди. Уларнинг бу сўзамолликлари ўзига ҳам зиёнга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Аллоҳ таолодан афву офият тилаймиз.

   Ҳақиқий олимнинг эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганларидек, ўзига ҳам, одамларга ҳам фойдаси тегади: «Дарҳақиқат, Аллоҳ, фаришталар, бандалари – бошқа бир ривоятда: ҳайвонот олами – ҳатто денгиз қаъридаги наҳанглар, инидаги қумурсқалар одамларга яхшиликни ўргатган одамга салавотлар айтишади» (Абу Умома Боҳилий ривояти. Термизий 2685: Табароний «ал–Кабийр» 8/234).

  Уларнинг «салавот айтишлари»дан мақсад, денгизлар қаъридаги наҳанглар ва инларидаги қумурсқаларнинг дуолари ва истиғфорларидир. Уларнинг барчаси Аллоҳ учун илм излаган ва билими билан Аллоҳ фойдалантирган – одамларга эҳтиёжли бўлган билимларини ўргатган олимнинг гуноҳларини мағфират қилишини Аллоҳдан сўрайдилар.

Аллоҳ таоло Қуръон Каримида ёд этган илм ва уламоларнинг фазилатларидан бири қуйидагичадир:

(إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ )

«Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир: 28).

  Ҳар бир ҳаракатлари, одимлари ва гапларида Аллоҳдан қўрқадиган одамлар – Аллоҳни, Аллоҳнинг аҳкомлари ва динини таниган олимлардир. Аллоҳни таниган олимлар Аллоҳ таолонинг қудратли ва қадри буюк эканини биладилар. Улар Аллоҳ таоло қуйида баён қилган яҳудий раввинлари каби эмаслар:

(وَمَا قَدَرُوا اللَّهَ حَقَّ قَدْرِهِ وَالْأَرْضُ جَمِيعًا قَبْضَتُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَالسَّمَاوَاتُ مَطْوِيَّاتٌ بِيَمِينِهِ سُبْحَانَهُ وَتَعَالَى عَمَّا يُشْرِكُونَ )

«Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун Ер қиёмат кунида Унинг қабзаси – чангали(дадир). Осмонлар эса Унинг қудрат қўлига йиғилгандир. У зот уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир» (Зумар: 67).

  Раввинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига кириб: Ҳой Муҳаммад, Аллоҳ Қиёмат куни Ерни бу бармоғига, тоғни бу бармоғига, дарахтларни бу бармоғига қўйиши ҳақидаги хабар етиб келди,– дейишганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар ва:

(وَمَا قَدَرُوا اللَّهَ حَقَّ قَدْرِهِ وَالْأَرْضُ جَمِيعًا قَبْضَتُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَالسَّمَاوَاتُ مَطْوِيَّاتٌ بِيَمِينِهِ سُبْحَانَهُ وَتَعَالَى عَمَّا يُشْرِكُونَ )

«Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун ер қиёмат кунида Унинг қабзаси – чангали(дадир). Осмонлар эса Унинг қудрат қўлига йиғилгандир» оятини ўқидилар (Зумар: 67) (Термизий 3240; Имом Аҳмад 2267).

  Уларнинг юқоридаги гаплари тўғри эди. Бироқ бу билимлари уларга фойда бермади. Улар Аллоҳ таолонинг кибри, азамати ва иззати буюк эканини билишар, бироқ ундан фойдаланишмаган эди. Бу билимдан ажру фазилат ато этиладиган – Аллоҳ таолодан қўрқадиган олимгина фойдалана олади. Шунинг учун ҳам уламолар Аллоҳдан қўрққанлари маҳал бошқа бирон махлуқдан қўрқмаганлар. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди:

(الَّذِينَ يُبَلِّغُونَ رِسَالَاتِ اللَّهِ وَيَخْشَوْنَهُ وَلَا يَخْشَوْنَ أَحَدًا إِلَّا اللَّهَ )

«Улар (яъни ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг амру-фармонларини (бандаларга) етказадиган, У зотдан қўрқадиган ва Аллоҳдан ўзга бировдан қўрқмайдиган зотлардир» (Аҳзоб: 39).

  Шунинг учун ҳам, олимлар пайғамбарлар мақомида туриб ҳақиқатни ошкора айтадилар, Аллоҳ йўлида ким бўлишидан қатъий назар бирон кишининг маломатидан, одамларнинг ва султонлар, қироллар ёки бошқа золимларнинг ғазабидан қўрқмайдилар. Чунки улар Аллоҳнинг номидан етказаяптилар ва Ислом динининг омонатдорларидир. Шунинг учун ҳам улар Аллоҳдан қўрқадилар, Аллоҳнинг қадрини биладилар. Бундай инсон бошқалардан қандай қўрқиши мумкин?!

   Айрим уламолар ўтмишда баъзи золим султонларнинг ҳузурига кирдилар ва унга: Султон сизни муҳим иш учун чақирди. Аммо унинг ҳузурига кирсангиз сизни ўлдириб қўйишидан қўрқамиз!,– дейишганида: Аллоҳга таваккул қилдим!,– деди ва султоннинг қабулига кириб суҳбатлашди, амру маъруф ва наҳий мункар билан қаттиқ гапларни ҳам гапириб, чиқиб кетди. У чиққач: Нима қилдингиз?,– деб савол беришди. У: Султоннинг ҳузурига киргач Аллоҳнинг азаматини эсладим ва султоннинг ҳайбати, қўшини ва қироллиги менинг олдимда мушукча бўлиб қолди!,– деб жавоб берди.

  Аллоҳнинг азаматини ёдига олган одамнинг олдидаги ҳар қандай одамнинг ҳайбати арзимас бўлиб қолади!

Ишларини орқага сурадиган ёки одамлардан қўрқадиган ёхуд ҳақ гапни айтмайдиган одам ҳам бир куни тобутга солинади ва елкаларга олиниб, ҳамма биладиган ва ҳамманинг бу дунёдаги охирги макони бўлган жойга қўйилади. Агар бу олим жим бўлса, хушомадгўйлик қилса ва одамлардан қўрқса ҳақиқатни ким гапиради?!

(وَإِذْ أَخَذَ اللَّهُ مِيثَاقَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ لَتُبَيِّنُنَّهُ لِلنَّاسِ وَلَا تَكْتُمُونَهُ )

«Аллоҳ Китоб берилган кимсалардан «Албатта у Китобни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!» — деб аҳд-паймон олган эди» (Оли Имрон: 187). Аллоҳ таоло Қиёмат кунида Аллоҳнинг динини нега етказмагани ҳақида олимни сарҳисоб қилмайдими?!

5 – Аллоҳдан қўрқиш ва ҳақиқатни айтиш

Толиби илмларнинг илк одоби – Аллоҳ таолодан қўрқиш ва Аллоҳ таолони танишдир. Аллоҳ таолони таниган одам барча яхшиликни билса, Роббисини ва унинг қадрини билмаган одам қанчалар билим эгаси бўлмасин, Аллоҳ таоло Исроил ўғиллари учун келтирган мисолга ўхшаб қолади:

(كَمَثَلِ الْحِمَارِ يَحْمِلُ أَسْفَارًا )

«Таврот юкланган — берилган, сўнгра уни кўтара олмаган (яъни унинг кўрсатмаларига амал қилмаган) кимсалар (яҳудийлар)нинг мисоли худди китобларни кўтариб кетаётган эшакка ўхшайди (яъни, унинг вазминлигидан чарчаб-толадилар-у, аммо у Китобнинг ичидаги нарсалардан фойдаланмайдилар)» (Жумъа: 5).

Исроил ўғиллари ичидан етишиб чиққан олимларнинг боягина билимлари бор эди. Бироқ уларга ҳақиқатни айтиш ва ҳақиқатга амал қилиш етишмас эди:

(كَانُوا لَا يَتَنَاهَوْنَ عَنْ مُنْكَرٍ فَعَلُوهُ لَبِئْسَ مَا كَانُوا يَفْعَلُونَ )

«Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!» (Моида: 79). Яъни, улар издошларини гапиришаётган гуноҳ ишлардан ва ҳаром нарсаларни истеъмол қилишдан қайтаришмас эди.

  Улар мункарни кўрган пайтларида қайтарсаларда, биров кейинроқ бирга ўтириб ва еб турганларида қайтармас эдилар. Шу боис Аллоҳ таоло уларни бир–бирларига душман қилиб қўйди. Аллоҳнинг бу амри шояд Довуд ёки Ийсо алайҳиссалом тилида бўлган бўлса ажаб эмас. Аллоҳ таолодан бундай балодан асрашини сўраймиз!

  Улар олим бўлсаларда Аллоҳнинг ҳукмларини яширдилар, ўзгартирдилар ва Аллоҳнинг динини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келган замонида бўлганидек, бутунлай бошқача қилиб ташладилар. Бир эркак ва хотин зино қилди ва бу ҳаром ишни қилиб бўлишгач: –Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутиб, пайғамбар эканликларини билганлари ва ўзаро эътироф этганлари учун– манави пайғамбар келди, унинг олдига бориб агар бошбўрон қилишдан бошқа жазони берса қабул қилайлик ва Қиёмат куни Роббиимз сўраса: Роббимиз! Бу пайғамбарингни юборган эдинг. Биз унинг ҳукмини олган эдик,– деймиз. Агар тошбўрон қилишга ҳукм қилса, билганимизни қилаверамиз– дедилар. Бу кўплаб одамларнинг фикри эди. Аслида эса масъала ўта муҳимдир.

Ҳузайфа ибн Ямон разияллоҳу анҳу бир кишининг Аллоҳ таолонинг:

(وَمَنْ لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأُولَئِكَ هُمُ الْكَافِرُونَ )

«Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 44) ояти ҳақида гапираётганини эшитгани маҳал: Бу Исроил ўғиллари ҳақида нозил бўлган. Сизларнинг амакиваччалариингиз бўлмиш яҳудийлар қанчалар уста экан–а?! Барча ширин нарсалар сизлар учун, аччиқ нарсалар эса одамлар учун!,– деди (Абдурраззоқ тафсири 714).

Бунинг маъноси, биз Қуръон ўқир экан:

(كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ )

«Сизлар одамлар учун чиқарилган яхши Уммат бўлдингиз» (Оли Имрон: 110) оятига етиб келгач: Бу – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммати учун нозил бўлган,– деймиз.

Агар Аллоҳ таолонинг:

(ثُمَّ أَوْرَثْنَا الْكِتَابَ الَّذِينَ اصْطَفَيْنَا مِنْ عِبَادِنَا )

«Сўнгра Китобни ўзимиз танлаган бандаларимизга мерос қиламиз» (Фотир: 32) оятига етиб келсак: Бу ҳам, алҳамдулиллаҳ, биз ҳақимизда нозил бўлган,– деймиз. Агар Аллоҳ таолонинг:

(وَمَنْ لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأُولَئِكَ هُمُ الْكَافِرُونَ )

«Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 44) оятини ўқисак: Бу – яҳудийлар ҳақида нозил бўлган,– деймиз.

Аллоҳ таолонинг:

(لُعِنَ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ عَلَى لِسَانِ دَاوُودَ وَعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ ذَلِكَ بِمَا عَصَوْا وَكَانُوا يَعْتَدُونَ )

«Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо бинни Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир» (Моида: 78) ояти ҳақида эса: Бу – яҳудийлар ҳақида нозил бўлган. Биз – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматимиз! Биз – яхшиликлар узрамиз!– деймиз. Шунинг учун ҳам Ҳузайфа разияллоҳу анҳу: Агар иш шундай бўлса амакиваччалар қандай яхши одам бўлишарди,– демоқчи. Яъни, (Қуръондаги) барча мақтовга сазовор нарсалар бизга–ю, мазамматли нарсалар яҳудийларники бўлса кошки эди!!, демоқчи.

Саҳоба ва муфассирлар: (Фотиҳа сурасидаги) «ғазаб қилинганлар»ни яҳудийлар, «адашганлар»ни эса насронийлар деб тафсир қилишди.

  Абдуллоҳ ибн Аббос ва Суфён ибн Уйайна разияллоҳу анҳумолар: «Уламоларимиз  адашганларида яҳудийларга, обидларимиз адашганларида эса насронийларга менгзашлик бор»– дедилар.

  Мазкур яҳудийлар Аллоҳнинг ҳукми ва динини ўзгартирганларидан кейин: Муҳаммаддан бу (зино) ҳақ(и)да сўранглар ва у савалашга ҳукм қилса ҳукмни ижро қилинглар. Агар тошбўрон қилиб ўлдиришга буюрса, ҳукмини ижро қилманглар,– дейишди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилинган зинонинг ҳукмини сўрашди (Имом Бухорий 3436, 6450: Имом Муслим 1700).

Аллоҳ таоло улар ҳақида олдиндан дарак берган ва очиқ баён қилинган ҳукмни нозил қилиб, шундай деган эди:

(وَكَيْفَ يُحَكِّمُونَكَ وَعِنْدَهُمُ التَّوْرَاةُ )

«Олдиларида Таврот, унда Аллоҳнинг ҳукми бўлгани ҳолда Сиздан ҳукм сўраб, сўнгра (яъни, ҳукм қилганингиздан кейин қандай) юз ўгириб кетадилар-а? Улар ҳеч мўмин эмаслар!» (Моида: 43). Яъни, ҳукм Тавротда бор ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ҳукм – тошбўрон қилиб ўлдиришдир. Уни тошбўрон қилинглар!,– дейиши мумкин.

Бу – яҳудийларнинг адашган олимлар эканига, улар шу сафаргина эмас, бошқа мавзуларда ҳам келганига ҳужжатир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар бунга қандай ҳукм қиласизлар?»,– деб сўрадилар. Улар: Биз унинг саваланиши, юзларини бўяб бозорларда айлантириб сазойи қилинишига ҳукм қиламиз,– деди.

–        Бу ҳукм Тавротда борми?

–        Бу Тавротдаги ҳукмдир!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

(فَأْتُوا بِالتَّوْرَاةِ فَاتْلُوهَا إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ )

«Агар ростгўй бўлсангизлар Тавротни келтириб ўқиб кўринглар» (Оли Имрон: 93), дедилар.

  Улар Тавротдаги бу ҳукмни олиб ташлашга келишдилар. Улардан бири, саводсиз бўлсаларда Аллоҳ таоло билдириб турган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, Тавротни ўқий бошлади ва зонийни тошбўрон қилиш ҳукми ёзилган жойга қўлини қўйиб, кўрсатмай ўтиб кетди. Улар Аллоҳнинг ҳукмини хоҳлашмас ва Тавротда нозил бўлган ҳукмни ёқтиришмас эди. Чунки унда гуноҳкорни тошбўрон қилиш ҳукми бўлиб, уни ўзгартиришган эди (Имом Бухорий 3436, 6450; Имом Муслим 1700).

  Бу, гуноҳ устига гуноҳ эди. Биринчиси хато ва Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириш бўлса, иккинчиси Аллоҳнинг динини ўзгартириш, Аллоҳ нозил қилган аҳкомларни инкор этиш эди.

  Ўша пайтда Исроил ўғилларидан бир гувоҳ – Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу: Қўлингни кўтар!,– деди. Тошбўрон қилиш ҳақидаги оят кўринди. Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу уни ўқий бошлади ва: Ё Расулуллоҳ, бу – ўша ҳукмдир!,– деди. Аллоҳ таоло бу ҳақда Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар берган эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар ва зино қилган эркак ва жувон яҳудийларни тошбўрон қилинди.

  Шундан сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудийларга: Сизларни бундай қилишга ким мажбур қилди?,– деб савол бердилар. Улар: Биз бир замонлар бу ҳукмларни ижро этдик. Кейинроқ зино кўпайгач улуғзодаларимиз ичида ҳам зонийлар кўпайди!,– дедилар (Имом Бухорий 3436, 6450; Имом Муслим 1700).

(Ҳа), иш Аллоҳ айтганидек бўлган эди:

(رَبَّنَا إِنَّا أَطَعْنَا سَادَتَنَا وَكُبَرَاءَنَا فَأَضَلُّونَا السَّبِيلَا )

«Парвардигоро, дарҳақиқат бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйинсундик, бас улар бизларни (тўғри) йўлдан оздирдилар» (Аҳзоб: 67), дедилар. Улар – раҳбар ва сардорлар эди. Исроил ўғиллари ичидан бирон деҳқоннинг боласи зино қилса «Тошбўрон қилинглар!» дейишар, амир ёки сардорнинг боласи зино қилса тошбўрон қилинмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида хабар берганларидек, улар ичларидаги заиф инсонлар зино қилишса тошбўрон қилишар, раҳбарлар зино қилишса тошбўрон қилишмас эди: «Сизлардан илгари яшаб ўтган халқлар орасидан заиф инсонлар ўғирлик қилса жазони қўллашар, обрўлилар ўғирлик қилса унга тегишмас эди» (Имом Бухорий 3288, 6406; Имом Муслим 1688; Абу Довуд 4373; Насоий 8/72; Ибн Можа 2547; Имом Аҳмад 6/162).

  Миршаблар орасида ёки маҳкамада таниши бўлмаган одамларга жазолар ижро этилар, обрўли одамларга эса ижро этилмас эди. Чунки унинг обрўси ва ҳимояси жазони қўллашга монеъ бўлар ва унга жазони ижро этишмас эди!

шмас эди!

Давоми бор…

𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *