БИРИНЧИ УСЛУБ: Аввалига чиройли кўрсатиш, сўнгра эса адаштириш
Шайтон сохта худоларга сиғинишни, қариндошлар билан алоқани узишни, қиз фарзандларни тириклай кўмишни, ўз онасига уйланишни одамларга чиройли кўрсатди ҳамда уларни куфр, фисқу-фасодлари билан бахтли ҳаётга эришишларини, охиратда эса барибир жаннатга киришларини ваъда қилди.
Шайтон солиҳ кишиларни илоҳлик даражасигача улуғлашни чиройли кўрсатди.
Шайтон одамлар билан чиройли муомала қилиш ва яхши муносабатда бўлиш номи билан яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш каби фарзларни тарк этишни чиройли кўрсатди.
Шайтон яна имомлар ва олимларга эргашиш номи билан Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йўлидан четлашишни чиройли кўрсатди.
Шайтон замон тақозоси ва сиёсий зарурат номи билан Аллоҳнинг динига беписандлик ва иккиюзламачиликни чиройли кўрсатди.
ИККИНЧИ УСЛУБ: гуноҳларга чиройли ном бериш
Шайтоннинг услубларидан яна бири — гуноҳни чиройли номлаш бўлиб, бундан мақсад — гуноҳдаги зарар ва ёмонликларни яширишдир. Шайтон Одамга манъ этилган дарахтдан едириш учун у дарахтни «абадият дарахти» деб номлади: Сўнг шайтон унга васваса қилиб: «Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?» деди. (Тоҳа:120)
Шайтонга эргашувчилар ҳам унга тақлид қилишиб, гуноҳларни чиройли номлар билан аташади. Масалан, ароқ — «дастурхон файзи», рибо — «иқтисодий фойда», авратлар намойиши — «мода», саҳнадаги фоҳиша — «санъаткор», ҳаромни мадҳ этиш — «ижод» деб аталади, малайлар эса бу номларнинг ҳар бирига ишонишга рози. Бу гуноҳ қанчалар жирканч ва нопок бўлмасин, содда бандалар зийнатли номлар билан ҳаётларига тадбиқ этаверадилар.
УЧИНЧИ УСЛУБ: савоб ишларга ёмон ном бериш
Ҳақ аслида пок ва тиниқ бўлади, агар уни ўзгартирмасдан, булғамасдан ва қора чапламасдан тиниқлигича қолдирилса, қалблар унга мойил бўлиб, қабул қилади, кўзлар уни кўради, диллар унга интилади. Шунинг учун ҳам шайтон ўзининг энг биринчи навбатда ҳақ тасаввурини бузиш, уни ёқимсиз ва жирканч номлар билан аташга тиришади.
Шайтон ўзининг Од қабиласидаги малайларига васваса қилгач, улар Ҳуд алайҳис-саломга дедилар:
(Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган одамлар: «Биз сенинг нодон эканингни кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан, деб гумон қилмоқдамиз», дейишди. (Аъроф:66)
Шайтон ўзининг Самуд қабиласидаги малайларига васваса қилгач, улар дедилар:
(Шунда унинг) қавмидан кофир бўлган кимсалар: «Қасамки, агар Шуайбга эргашсанглар, албатта зиён кўргувчи бўлурсизлар», дейишди. (Аъроф:90)
Шайтон ўзининг Қурайш қабиласидаги малайларига васваса қилгач, улар Муҳаммад алайҳис-салом ҳақида дедилар:
«Бу бир ёлғончи сеҳргардир». (Сод:4)
Пайғамбарларга эргашган бахтли зотларни эса ҳаётдаги энг ёмон номлар билан номладилар.
Бугунги кунгача шайтон айнан ўша йўллар билан, айнан ўша услублар билан иш юритмоқда: бугун ҳам шайтон малайларининг луғатида Аллоҳнинг сўзи ер юзида олий бўлишини истаган зотлар — «экстремист ва террорист», гуноҳ ва фаҳш маконларидан ижтиноб этувчи зотлар — «замондан ортда», Аллоҳ буюрганидек кийиниш — «эскича кийим», ўз уйида Раббининг ибодатида, фарзанд тарбияловчи муслима — «мазлума» деб аталади. Уларга буни ўргатувчи — шайтон алайҳил-лаъна!
Биз эса ҳақиқат аҳлини сустлашмасликка ва ғамгин бўлмасликка чақирамиз, ҳамда Аллоҳнинг йўлида собит туришга васият қиламиз.
ТЎРТИНЧИ УСЛУБ: одамни ўз-ўзига қарши қўйиш
Бу — Аллоҳнинг душмани суйган услуб. У «нафс» номи билан инсонни ўз-ўзига қарши қўяди, бу борада кўп «зафарлар»га эришган ҳам, чунки инсон ўз ихтиёри билан шайтоннинг ёрдамчисига айланади. Иблис инсон нималарни хуш кўришини ва нималарни ёқтирмаслигини ўрганади. У одам боласининг қон томирларида югуриб, унинг барча заиф тарафларини, эҳтиросларини билиб олади ва уни Аллоҳ йўлидан мана шу йўл орқали адаштиради.
БЕШИНЧИ УСЛУБ: адаштиришнинг аста-секинлиги
Шайтон ҳеч қачон одамнинг рўбарўсига келиб: «Мана бу гуноҳни қил — дўзахга тушасан» демайди, балки одамни дўзахга аста-секин, кичик қадамлар билан, босқичма-босқич етаклайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло дейди:
«Эй мўминлар, шайтоннинг изидан эргашманглар! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта (шайтон) бузуғлик ва ёмонликка буюрур. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу-марҳамати бўлмаса эди, сизлардан бирон киши (бирон гуноҳдан) пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳ (фазлу-марҳамати билан) Ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир» (Нур:21)
Бу — Меҳрибон ва Раҳмли зот бўлмиш Аллоҳнинг фазлу-марҳаматларининг энг буюкларидан биридир. Аллоҳ ўз бандаларини шайтон йўлларига кириб қолмасликни огоҳлантирмоқда. Кимки ислом шариатининг юксак мақсадларини англаган бўлса, бас, нима учун шариатда баъзи ишларга ҳатто яқинлашиш ҳам (масалан, бегона эркак ва аёлнинг холи қолиши, чунки бу ҳолатдан зино келиб чиқиши мумкин) манъ этилганини билибди.
ОЛТИНЧИ УСЛУБ: ҳақдан тийиш
Шайтон Одам болаларининг барчасини, адаштиришни ўз зиммасига олди, магар ихлос (холис Аллоҳ учун ибодат қилиш) деворлари ортида паноҳ топган бандаларгина бундан мустаснодирлар. Ихлос эгаларига шайтон ета олмайди.
У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман.
Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан». (Аъроф:16-17)
Сабурат ибн Абу Фақий ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деганини эшитдим: «Дарҳақиқат, шайтон инсоннинг йўлларини пойлайди. У Ислом йўлларида туриб олади-да, дейди: «Наҳотки, ота-боболаринг йўлидан чиқиб, Исломни қабул қилсанг?» У қулоқ солмайди-да, Исломга киради. Сўнг у ҳижрат йўлларида туриб олади-да, дейди: «Наҳотки, ўз еринг ва осмонингни тарк этиб, ҳижрат қилсанг?» У қулоқ солмайди-да, ҳижрат қилади. Сўнг у жиҳод йўлларига туриб олади-да, дейди: «Наҳотки молу-жонингни ҳалок этиб, жиҳод қилсанг? Сени ўлдиришлари мумкин, аёлинг бошқага тегиб кетади, мол-мулкинг бўлиб юборилади-ку!» У қулоқ солмайди-да, жиҳод қилади. Кимки бу йўлларнинг барчасини босиб ўтса, Аллоҳ уни жаннатга киритишни зиммасига олгандир; кимки бу йўлда ўлдирилса, Аллоҳ уни жаннатга киритишни зиммасига олгандир; кимки бу йўлда ғарқ бўлса, Аллоҳ уни жаннатга киритишни зиммасига олгандир; кимки бу йўлда бирон ҳайвон тарафидан ўлдирилса, Аллоҳ уни жаннатга киритишни зиммасига олгандир. (Аҳмад ва Насоий ривояти).
ЕТТИНЧИ УСЛУБ: «ишончли маслаҳатчи»
Шайтон ҳеч қачон одамнинг рўбарўсига келиб: «Мана бу гуноҳни қил — дўзахга тушасан» демайди, балки ишончли маслаҳатчи суратида келади. Шу услуб ёрдамида у Отамиз Одам ва унинг жуфтини жаннатдан чиқаришга муваффақ бўлди.
«Ва уларга: «Албатта мен сизларга холисларданман», деб қасам ичди». (Аъроф:21)
Шунинг учун Аллоҳ таоло шайтоннинг васвасаларидан огоҳлантириб, деди:
«Эй Одам болалари, шайтон Оталарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни уятли аҳволга солиб қўйиш) учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин!» (Аъроф:27)
САККИЗИНЧИ УСЛУБ: инсонлардан бўлган шайтонлар ёрдами
Шундай кишилар борки, уларнинг қалблари иймон билан тўла, Ислом уларнинг қонию-жони билан омухта. Улар фақат унинг йўлидан юрадилар ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) суннатларига тобеълар — каттаю-кичик ишларида фақат у кишига эргашадилар. у кишиларга шайтон келиб, ўзининг хийра-найранглари билан уларни Аллоҳнинг йўлидан қайтармоқчи бўлади. Барча хийла-найранглар бефойда кетгач, у ўз дўстларининг — инсонлардан бўлган шайтонлар ёрдамига мурожаат қилади. Аллоҳ таоло деди: «Албатта, шайтонлар ўз дўстларини (яъни мушрикларнй) сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар. Агар уларга бўйинсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар» (Анъом:121)
Масалан, Аллоҳ ҳидоятидаги бир киши, у каттаю-кичик ишларининг барчасида Исломга амал қилади ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) суннатларига эргашади. Унга Аллоҳнинг синовлари келади. У Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутиб, шайтон устидан ғолиб келгач, унинг ҳузурига «эски ошналари» келади-да, унинг «кўзини очиб қўймоқчи» бўладилар. Улар дейдилар: «Намунча ўзингни хўрлайсан, ҳаётда бундай бир роҳатланмайсанми? Қизлар билан бўлмасанг, кино кўрмасанг, тўйларга бормасанг, мусиқаям эшитмасанг, кредит олиб, бизнес қилмасанг, ҳеч нарса кўрмай ўтиб кетасан-ку хаётда?! Нуқул: «Манави ҳалол, манави ҳаром» дейсан, бу аҳволда ўзингни қийнайвериб, адои-тамом бўласан-ку ахир !» Агар сизга бундай одамлар келса, уларга ҳақни етказинг, огоҳлантиринг. Агар сўзларингиз таъсир этиб, ҳаққа эргашсалар, Аллоҳга ҳамд айтинг. Мабодо, улар барибир сизни ҳақ йўлдан чалғитишга уринсалар, у ҳолда улардан узоқлашинг — улар инсонлардан бўлган шайтонлардир.
Биз инсонлар ва жинлардан бўлмиш шайтонлардан сақлаб, паноҳ беришини Аллоҳ таолодан сўраймиз.