Фиръавннинг аёли Осиё бинти Мазоҳим ибрати

ҲИКОЯЛАР

 «Аллоҳ имон келтирган зотлар учун (ва улар ўзлари ҳақиқий мўмин бўлсалар, яқин одамларининг кофир ҳолда қолиши уларга зиён қилмаслиги) ҳақида Фиръавннинг аёлини мисол келтирди ўшанда (яъни, Фиръавн у аёлнинг Мусо алайҳиссаломга имон келтирганини билиб қолиб, азоблаган чоғида) у: «Парвардигорим, Ўзинг мен учун ҳузурингда — жаннатда бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бсргин ва менга бу кофирқавмданнажотбергин», деди» (Таҳрим, 11).

Аллоҳ таоло ушбу оятда барча мусулмонларга ибрат тарзида Фиръавннинг аёли Осиё бинти Мазоҳим онамизни (розийаллоҳу анҳу) мисол қилиб келтиради. Бу мисол Аллоҳга итоат ва динда мустаҳкам бўлишга бир тарғиб, мўмин ва мўминаларнинг имон йўлида сабрли бўлишларига бир чақириқдир. Ибн Касир ва Қуртубий тафсирларда баён қилинишича, Мусо (алайҳиссалом) ва укалари Ҳоруннинг Фиръавн сеҳргарлари билан бўлган беллашувида, имон куфр устидан ғалаба қилади. Бундан хабар топган Фиръавннинг хотини Осиё (розийаллоҳу анҳо): «Мусо ва Ҳоруннинг Раббисига имон келтирдим», дейди. Бундан хабар топган Фиръавн ғазабланиб, уни ўлдиришга амр этади. Ўша даврда фиръавн худолик даъвосини қилиб:

«Мен сизларнинг улуғ раббингизман», дер эди. У Мусо ва Ҳоруннинг динига имон келтирган хотинини ҳузурига чақириб:

«Мендан бошқа ҳам Раббинг борми?» деб сўрайди.

Осиё(розийаллоҳу анҳо):

«Ҳа, у менинг Раббим, сенинг Раббинг ва барча нарсанинг Раббиси Аллоҳдир, мен Унга ибодат қиламан», деб дадил жавоб берадилар. Шунда Фиръавн аскарларига буюриб, хотинининг қўл-оёқларига қозиқлар қоқтиради. Қуёш жазирамаси остига қўйиб азоблайди.

Устларига улкан тошни бостириб, қийнайди. Шу билан Аллоҳга бўлган имонидан қайтаришга уринади. Лекин Осиё (розийаллоҳу анҳу) бу таклифга асло кўнмайдилар. Фиръавн азоблашдан чарчаб, саройта кетганида, Осиё онамизнинг олдиларида муаккил фаришталар ҳозир бўлишар ва “Раббим Аллоҳдир” дегани учунгана мазлум бўлаётган муслимани қанотлари билан офтоб жазирамасидан соя қилиб туришар эди. Осиё (розийаллоху анҳо) азобланар экан, Аллоҳга дуо қилди: «Парвардигорим, Ўзинг мен учун ҳузурингда — жаннатда бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин ва менга бу кофир қавмдан нажот бергин” (Таҳрим, 11).

Уламолар бу дуо хусусида шундай дейдилар:

“Осиё уйни ихтиёр қилишдан олдин, қўшнини ихтиёр этди”. Бу қўшни Аллоҳдир. Аллоҳ таоло бу дуони ижобат қилди. Осиё (розийаллоҳу анҳу) осмонга қараб, шу онда, самода, жаннатда ўзига бино қилинаётган қасрни кўрди. Қаср дуру гавҳарлардан эди. Бу манзарани кўриб, хотиржам бўлди ва азобларни унутиб, табассум қилди. Бу ҳодиса Фиръавн ва сарой аъёнларининг кўз ўнгида содир бўлди. Аьёнларининг ҳайратини қўрган Фиръавн баттар ғазабланди. Сўнгра: “Унинг жиннилигига ажабланмайсизми? Мен уни азоблаяпман-у, у эса куляпти?” деб қичқирди ва хотинини тезроқ ўлдиришларига буйруқ берди. Фиръавн одамлари Осиё (розийаллоҳу анҳу) устига улкан тошни қулатишганида, унинг покиза руҳи аллақачон жаннатга олиб чиқиб кетилган эди. Улкан тош жонсиз жасад устига тушди. “Бунга (яъни, Аллоҳ мўминларга ёрдам беришига, кофирларни эса ҳалок қилишига) сабаб, Аллоҳ имон келтирганларнинг дўсти-ҳомийи эканидир, кофирлар учун эса ҳеч қандай ҳомий йўқ эканидир” (Муҳаммад, 11).

Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда шундай марҳамат қилинади:

“Пайғамбаримиз бир куни ерга тўртга чизиқ чиздилар ва: “Бу нима, биласизларми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир”, деб жавоб беришди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) : “Булар жаннатнинг энг афзал аёллари — Ҳадича бинти Ҳувайлид, Фотима бинти Муҳаммад, Марям бинти Имрон ва Фиръавннинг хотини Осиё бинти Мазоҳимдир”, деб жавоб бердилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Ибн Касир «Ал-бидайату ван-ниҳайа» китобида ушбу ҳадисни зикр қилиб: “Осиё онамиз жаннатда Муҳаммад Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлларидан бири бўладилар”, деб қуйидаги оятни далил келтиради: “… унга сизлардан яхшироқ жуфтларни — муслима, мўмина (Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига) итоат этувчи, тавба-тазарруъ қилувчи, обида, (мудом Аллоҳнинг йўлида) кетувчи жувон ва қизларни алмаштириб берур” (Таҳрим, 5).

Ҳазрати Осиё онамизнинг (розийаллоҳу анҳу) жасоратлари барча мўмин ва мўминаларга юксак бир ибратдир.

Улашинг :
Тег:
𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *