Мусибат онидаги сабр ҳақида гўзал ҳикоя

ҲИКОЯЛАР

  Маҳмуд ота онанинг гўзал тарбиясини олган, одоб ахлоқли бир йигитча эди. Энг яхши кўрган инсони бу бувиси эди. Бувиси унга имон ва ихлос дарсларини ўргатишга ҳаракат қиларкан, ҳар доим шукрли бўлишга чақирарди. У тез тез: — Болам, мана катта йигит бўлиб қолдингиз, ҳар доим эсингизда турсин. Инсоннинг кўп нарсага эҳтиёжи бор. Роббимиз эса бу эҳтиёжларимизни ҳар он ҳар сония қондириб туради. Санаб бўлмас даражада неъмат беради. Унга ҳар қанча шукр ва ҳамд айтсак ҳам кам. Болам, ҳар доим шукр қилинг. Эсингизда бўлсин, Унинг қаҳри ҳам лутфи ҳам ҳамдга лойиқ. Бошингизга нима келса, шукр қилинг, ҳамд айтинг, — дерди. Маҳмуд ҳам бу сўзларни қалбига қўйганди. Ҳар доим Аллоҳга шукр қиларди. Шу туйғулар ичида ўлғайди.

  Энди уйланиш ёшига етган Маҳмуд Пайғамбаримиз суннатлари бўйича аёллар ичида ҳайрли бўлгани – дини-диёнатли қиз танлади. Туй куни У Роббисига шукр айтиб икки раакат шукр намози ўқиб олишни унутмади.
Аёли кўнглидагидай чиқди. Улар бир оғиз сўз билан бир-бирларини тушунардилар. Бу оилани тўла бахтли дейиш мумкин эди. Кўп ўтмай бу бахтга яна бир хурсандчилик қўшилди. Энди Маҳмуд ҳам ота бўлади. Бу хабарни эшитган Маҳмуд дарров таҳорат олиб, икки раакат шукр намози учун жойнамозда қоим бўлди. Намоз сўнгида Роббисига шундай дуо қилди:

—  Аллоҳим! Ҳеч лойиқ бўлмаган ҳолимда мендан ўз лутфи марҳаматинг билан неъматлар бердинг. Бутун неъматларинг шукрини ўташга ожизман, Роббим. Сенга коинот зарралари ададича ҳамд ва сано айтаман. Туғилажак фарзандимизни холис бир авлод қил ва Сенинг ризоингга интиладиган солиҳлардан қил.

Тўққиз ой ҳам кўз очиб юмгунча ўтди кетди. Маҳмуд ўғилли бўлганди. Хотини билан маслаҳатлашиб, ўғилига Абдуллоҳ, дея исм қўйдилар. Абдуллоҳ тўғилгач, ҳаётлари ўзгарди. Чунки энди улар учта эдилар. Саҳарлаб Абдуллоҳ билан уйғонар у билан уйқуга кетар эдилар. Орадан уч йил ўтди. Абдуллоҳ энди ширин-ширин гапира бошлади. Турли қилиқлар қилар, яримта юрумта чучук тили билан гапирган гаплари онаси ва отасига шавқу завқ бағишларди. Эр-хотин фарзандларига қараб туймасдилар.
Маҳмуд намоз ўқиш учун жойнамозга тураркан, Абдуллоҳ ҳам унинг ёнидан жой оларди. Кеч кирганда бу кичик оила жам бўлишарди. Маҳмуд ўз кичик жамоати — хотини ва ўғлига китоб ўқиб берарди. Абдуллоҳ ва онаси уни жимгина тинглашарди.

Уларнинг ҳаётлари мана шу тариқа кечаркан, бир куни Абдуллоҳнинг иситмаси чиқди. Аввалига Маҳмуд бунга унчалик эътибор қилмади. Қўрқиб кетган хотинини тинчлантириб:

— Ҳеч нарса қилмайди, шамоллаган бўлса керак. Дори бериб бироз даволасак ўтиб кетади, деди.

  Кечаси билан қанчалик урунмасинлар, Абдуллоҳнинг иситмаси тушмади. Кўзлари мўлт-мўлт бир онасига бир отасига қарарди. Энди Маҳмуд ҳам қўрқиб кетди. Доктор олиб келиш учун уйдан чиқди. Доктор шаҳарга кетганди. Қишлоқдан шаҳаргача бўлган масофа 3 соатни эгаллади. Қайтиш ҳам шунча. 6 соат деганда Маҳмуд докторни уйга олиб келди. Дарров Абдуллоҳнинг ёнига кирди. Анча қаради, боланинг аҳволи яхши эмасди. Докторнинг ҳар бир ҳаракатини кўздан қочирмаётган аёл ҳаммасини тушунди.

— Доктор, ўғлимга нима бўлди? Тузаладими?

  Доктор жимгина хонадан чиқиб кетди. Маҳмуд унинг ортидан кўчага отилди. Доктор унга вақт қўлдан кетганини айтди. Маҳмуд гоҳ нима бўлаётганини тушуниб гоҳ ишонқирамай хонага кириб ўғлига тикилди. Абдуллоҳ отасига далда бўлгиси келгандай жилмайишга уринарди. Аёли ўғлининг жажжи қўлчаларидан ушлаб йиғларди. Маҳмуд ўғлининг пешонасига ёпишиб қолган сочларини силади. Мусибати ич-ичига сиғмасди, бақириб йиғлаб юбормаслик учун лабини тишлади. Кўзларидан шошқатор ёш тўкиларкан, бир нарсани қайтарарди:
—  Жоним ўғлим! ИншаАллоҳ жаннатга кирасиз. Отангиз сизга тўя олмади. Аллоҳнинг тақдири шундай экан. Сизни бизга Роббимиз бир ҳадя қилиб берганди. Берган У олган ҳам У. Амрига қарши бўйнимиз қилдан нозик, — у бирдан гапиришдан тўхтади, гўёки охирги сўзларни айтишга куч йиғдида, сўнг баланд овоз билан. – Унга мингларча ҳамд ва сано бўлсин, — дея, ўғли ёнига чўкиб қолди.
Абдуллоҳ жон берганди, Маҳмуд эса унинг бошини ҳали ҳамон силарди.

𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *