Мужоҳид Сайфул-Азизнинг ҳаётий ҳикоялари: 4. Жоҳил қўшниларим ва уларнинг исломимга қўшган ҳиссалари

ҲИКОЯЛАР

   Қўшни тожик болаларга алоқадор яна икки воқеани ҳикоя қилиб беришни лозим топдим. Чунки бу воқеалар қисман менинг Университетда жуда осон йўл билан диплом олишимга (Дарвоқе бу диплом кимга ҳам керак, ҳозир уйимдаги шкафда чанг босиб ётган бўлса керак) ва беҳуда кетиши мумкин бўлган вақтимни исломий илмлар олиш учун сарфлашимга сабабчи бўлган. Хуллас эшитинг!

  Бир куни паришонхотирлик билан хонамнинг калитини унутиб ўқишга кетибман. Ўқишдан келиб, эшикни очаман десам калит йўқ. Шунда калитнинг хона ичида михда осиғлиқ қолиб кетгани эсимга тушди. Кўп ўйлаб ўтирмасдан қўшнининг ижозати билан унинг хонасига кириб деразасидан ўзимнинг деразамга қарадим. Хайрият деразамиз очиқ қолган экан. Энди тўртинчи қаватдаги бу деразадан у деразага қандай қилиб ўтиш мумкинлигини ўйлай бошладим. Қарасам, деразанинг тагидаги ғишт бошқа ғиштлардан ярим ғишт чиқариб қурилган экан. Шунга оёғимни қўйиб, бир қўлимни ўзимнинг хонам деразаси рашига етказиб олсам иш битади, ўтиб оламан деб ўйладим. Деразадан чиқиб бир қўлим билан қўшнимнинг деразаси рамкасини ушлаб, сўнг секин ярим ғиштдан юриб ўзимнинг деразамга қўлимни узатдим. Афсуски қўлим деразамиз рамкасигача етмади. Қўлим фақат дераза маҳкамланган ғишт қиррасигача етди холос. Ўтиш учун қўшнимнинг деразасидан қўлимни узсам, иккинчи қўлим бирон нарсани маҳкам ушламагани боис тушиб кетишим турган гап эди. Бироз шу ҳолатда туриб пастга қарагандим бошим айланиб кетди. Секин орқага қайтдим. Бироз ўйланиб иккинчи сафар яна “бисмиллаҳ” деб ҳаракат қилдим. Бу сафар оёғимни иложи борича ўзимнинг деразам тарафга қўйиб, аввал қўшнимнинг деразаси рамкасини, сўнг ўзимнинг деразам ғиштини қулочлаб ушладим. Сўнгра эса қўшнимнинг деразаси рамкасидаги қўлимни ўша дераза ғишти қиррасига кўчириб, ўзимнинг деразам ғиштидаги қўлимни эса дераза рамкасига секин олиб бордим ва қаттиқ сиқиб ушлашга муваффақ бўлдим. Шундан сўнггина иккинчи қўлимни ғиштдан узиб, секин-секин оёқларимни силжитган ҳолда ўзимнинг деразамдан қаттиқ ушлаб олдим ва деразадан ичкарига кириб, эшикни очдим.

  Бу менинг биринчи қўрқувни енгиш амалиётим эди. Шу ишдан сўнг кўп ишлар қўрқув сабабли қилинмай қолиб кетишлиги ва кўп ишларнинг ечими қўрқувни енгиб, Аллоҳга таваккул қилишда эканини қисман англаб етдим. Ўзимдан ўтганини фақат ўзим билганим учун бунга томошабин бўлиб турганларнинг кўпчилиги буни жуда осон деб тушунишди. Лекин бу осон иш эмас эди. Илло Аллоҳ осон қилганларгагина осондир.

  Бу ишни осон деб ўйлаганлардан биттасининг бошига ҳам худди шундай “кулфат” тушди. Бу қўштирноқ ичидаги кулфат охир-оқибатда унинг учун ҳақиқий кулфатга айланди. Сабаби у ҳам қўшни хонадан ўз хонасига ўтмоқчи бўлганда тўсатдан боши айланиб, тўртинчи қаватдан пастга тушиб кетди. Хайрият бетонга тушмади, балки ағдарилган юмшоқ ерга орқаси билан тушди. Тезда тез ёрдам машинасида олиб кетишди. Ҳеч қаери синмабди, аммо ичи қаттиқ эзилиб кетибди. Бир неча ой боши касалхонадан чиқмади.

  Қўшним ҳақидаги ҳикоя эса энди бошланади. Бу воқеалардан бир неча ой ўтгандан сўнг, ўша ён қўшниларимизнинг ҳам бирдан бир калити йўқолиб қолди. Ичкарида қолиб кетганми ёки чўнтагидан тушиб қолганми ҳеч қайсиси эслай олишмади. Хуллас ўтган ҳикоядаги “қаҳрамон барзанги”нинг шогирдлари (дарвоқе бу пайтга келиб ўша барзангининг ўзи ўқишни тугатиб юртига кетган эди) бўлмиш уч бечора барзанги ўзларини қўйишга жой топа олмай қолишди. Бошида унчалик хомуш эмас эдилар, чунки деразадан ўтиб эшикни очиш умидлари бор эди. Учаласи ҳам бир неча бор менинг хонам деразасидан ўтиш учун ҳаракат қилиб, ўта олмагач, ҳафсалалари ҳақиқий пир бўлди ва умид учқунлари сўниб кул бўлди. Начора агар озгина ақл ва юрак бўлмаса, бунинг устига Аллоҳга таваккул хислати бўлмаса, “синдириб юбораман” деган гаплар ва қуруқ кучнинг ўзи бир пулга ҳам арзимай қоларкан.  Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг улар қарийб бир ҳафта давомида бошқаларнинг хонасида ётиб юришди. Хонадошларимдан Солиҳ “ўзинг ўтиб очиб берақол, бечоралар қийналиб кетишди” деса, Саид эса “қўй очиб берма, нонполвонлар кибрларига яраша таъзирларини есинлар” деб маслаҳат беришди. Ҳа уларда ҳақиқатан ҳам кибр бор эди. Мендан илтимос қилишга ҳам шунча вақт ичида кибрлари йўл қўймади, аммо бир неча бор шунга ишора қилишди. Ниҳоят бировларнинг хонасида ётиб юриш жонларига тегди шекилли, ёки бу вақтга келиб кибрлари анча синган шекилли бир куни учалалари ҳам ёнимга келиб ҳурмат билан салом-алик қилишди ва эшикларини очишга ёрдам беришимни илтимос қилишди. Буни ўзим ҳам ният қилиб юрганим учун рози бўлдим ва ўзимнинг хонам деразасидан тажрибамга мувофиқ уларнинг хонасига ўтиб, эшикларини ичкаридан очиб бердим. Калит ичкарида қолган экан, нонполвонлар хурсанд бўлиб кетишди.

  Шу воқеадан сўнг улар менинг гапимни зоҳирда икки қилмайдиган бўлишди.  Аммо пайт пойлаб аламларини олиш ниятлари борлигини ҳам орқаваротдан эшитиб юрдим.

  1998 йил, январ ойи. 5-курснинг иккинчи семестри бошланди. Қишки таътилга кетишимиздан бироз олдин ётоқхонамизга ректоратдан одам келиб “Вазирликдан буйруқ келди” деб масжидимизни ёпиб кетган эди. Шундай бўлсада масжид калити менда қолди, фақат у ерда намоз ўқимайдиган бўлдик. Намозларни биродарлар билан гоҳ менинг хонамда, гоҳ бошқа биродарларнинг хонасида жамоат бўлиб ўқий бошлаган эдик. Эски масжиднинг хонасини эса полвон қўшниларим менинг ижозатим билан спорт зал қилишди. Улар бу ерда қаердандир ҳар хил гантел, тош, штанга ва тренажерлар олиб келиб шуғулланишар эди…

  Иккинчи семестр учун Тошкентга келган дастлабки кунларда ётоқхонамизга келиб, доимий одатимга биноан эски масжидимиз хонасига кирдим. Бу ер менга анча қадрдон бўлиб қолган эди. Кирсам, қўшним Далер Полвон ва бошқа талабалар столга  қўлларини қўйиб, бир-бирлари билан куч синашаётган эканлар. Ким ютқизса, ўйиндан чиқиб кетар ва охири энг зўр қолиши керак эди. Уларнинг бу ўйинини бироз томоша қилиб турдим ва қизиқиб кетдим. Далер Полвон бирин-кетин ҳаммасини ютаётган эди. Шунда Далерга шунчаки ҳазиллашиб дедим:

—       Мен билан куч синашмайсанми?

—       Сен билан!? – деб хохолаб кулди у, сўнг менсимасдан деди: — Агар сен менинг битта чиғаноқ бармоғимни боссанг “аппарат”имни кесиб ташлайман.

Унинг менсимай гапириши ва қўполлиги менга ёқмаган  бўлсада:

—       Бўпти! –дедим.

  У бошқа бармоқларини йиғиштириб, чиғаноғини тутди. Мен эса “Ла ҳавла вала қуввата илаа билллааҳ” дедим ва унинг чиғаноғини ушлаб жуда осонлик билан босиб қўйдим.

  Шунда у “йўқ ғирромлик қилдинг бошқатдан” деб яна чиғаноғини узатди. Яна бир бор босиб қўйдим. У қаттиқ шармандаликдан қизариб кетди. “Яна ғирромлик бўлди, чап қўл билан қиламиз” деди шаштидан тушгиси келмай. Яна босиб қўйдим. Шундай қилиб Аллоҳнинг ёрдами билан у узатган иккита бармоғини, сўнг учта бармоғини, сўнг тўртта бармоғини, сўнг бутун қўлини босдим. Тўғри, бутун қўлни босиш анча машаққатли кечди, аммо Аллоҳнинг изни билан бундан ҳам енгилди. У шарманда бўлганидан нима қиларини билмай, ўзини идора қила олмай қолди. Отдан тушсада эгардан тушгиси келмай, бир неча бор ўнг ва чап қўлларида мен билан куч синашди. Аммо ҳар гал Аллоҳнинг изни билан омад менга кулиб боқди. Ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Менинг ва унинг гавдасини солиштирган ҳар бир одам ҳайрон қолмасдан иложи йўқ эди. Бу Аллоҳнинг очиқ ёрдамидан бошқа нарса эмас эди. Томоша қилиб турганлар чапак чалиб юборишди. Бу ерда гувоҳ бўлган бир неча биродар эса “Аллоҳу акбар!” деб қичқириб юборишди. Далер шарманда бўлиб чиқиб кетди. Қолган бир неча болалар ҳам қизиқиб менга куч синашишни таклиф қилишди. Мен эса қўлим зирқираб оғришни бошлагани учун уларнинг таклифини қабул қилмадим ва узр айтиб хонамга чиқдим. Аллоҳнинг берган ёрдамидан таъсирланиб кўзимдан ёш қуйила бошлади. Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтиб саждага йиқилдим…

  Бир неча кундан сўнг ўқиш даври бошлангач, факултетга бордим. Факултетда бу семестрда бизга ўқиш бўлмаслигини, балки диплом иши  танлаб, бу беш ойлик семестрда диплом ёзишни ва уни ёқлашга тайёрланишимизни айтишди. Соҳам бўйича ўзим қизиққан мавзуда диплом иши  ва унинг тайёрланишини назорат қилиш учун диплом раҳбари танладим. Аниқроғи Ёқубов деган ўқитувчи шу диплом мавзусига бириктирилган экан. Диплом ишимни танлаганимнинг эртаси куни бошқа гуруҳдошларим қаторида материал тўплаш учун Навоий кутубхонасига бордим ва куни бўйи диплом ишим мавзуси бўйича режа тузиб, унга доир баъзи материалларни китоблардан кўчириб ёздим. Яна бир неча кун шундай давом этди ва мен иш режасининг биринчи қисми бўйича дафтаримни тўлдириб диплом раҳбарим ҳузурига келдим. У киши кафедрада эканлар. Мени ёқтирмайгина кутиб олдилар. Диплом ишим бўйича тўплаганларимни унга кўрсатдим. У эса ҳар бир варақни бирма-бир кўздан кечириб, ҳар бир саҳифадаги ёзувларнинг устига умумий крест қилиб чизиб ташлай бошлади. Оғзимни очиб қолдим.

—       Нимага? –дедим юрак ютиб.

—       Бўлмайди, темага ваапше алоқаси йўқ нарсалар, -деди ўзбекчани бузиб, сўнг оғзидан тупугини сачратган ҳолда ўшқирди:

—       Всё ерунда, откуда ты нашёл всё это?

—       Ўқиб ҳам чиқмадингизку домла, ўқиб чиқинг, ҳаммаси мавзуга тегишли. Бу менинг энг севимли мавзум. Жуда яхши биламан бу мавзуни, — дедим жаҳлим чиқиб.

—       Ўқиб-чиқаманми йўқми, всё ясно и понятно, — деди у охирги сўзларига урғу бериб.

—       Нима понятно, — дедим ўзимни тутолмай ва дафтаримни қўлимга олиб кафедрадан чиқиб кетарканман яна қўшиб қўйдим:

—       Понятно то, что вы вообще не знаете узбекский язык…

Кафедра эшигини қаттиқ ёпиб чиқиб кетарканман, коридорда кафедра мудирига йўлиқдим. Авзойимни кўриб:

—       Нима гап тинчликми? – деди.

Индамай хўрсинган ҳолда дафтаримни очиб кўрсатдим.

—       Ким? – деди у ажабланиб.

—       Ёқубов, — дедим.

У менга озгина “Ҳмм” деб қараб турди ва пичирлаган ҳолда:

—       Томи кетган унинг, — деди ва кўрсаткич бармоғини бошига теккизиб буради, сўнг:

—       Майли хафа бўлмагин болам, истасанг диплом ишинг мавзусини ўзгартир, бир йўла бу телбадан қутуласан, — деди ғамхўрлик билан.

—       Ҳа шунақа қиламан шекилли, раҳмат сизга, ўйлаб кўраман, — дедим ва кетишга шайландим.

У менинг орқамдан бироз қараб турди ва кафедрага кириб кетди.

…Уч кунлик вақтимни чиппакка чиқарган ярамас домладан хафа бўлиб, кайфиятсиз ҳолатда ётоқхонага кириб келарканман, коридорда ҳалиги мендан куч синашда ютқизган полвон қўшнимиз Далерга дуч келдим. У оғзи қулоғида, қўлида бир қалинроқ журналга ўхшаган нарсани ушлаб келарди. У мени кўрган заҳоти ўзини йўқотиб қўйди.

—       Нима у? –дедим қўлдидагига ишора қилиб.

—       Буми…, диплом иши, — деди ишшайиб, — Таппа-тайёр! Фақат муқовасини ўзгартирсам бўлди.

—       Қани, — деб қўлидагини олиб кўздан кечира бошладим.

Икки йил олдин битирган бир талабанинг беш баҳога ёқлаган диплом иши экан.

—       Қаердан топдинг.

—       Деканатдан Шалола опа олиб бердилар, қуруғи бўлса ҳамма нарса топилади ако, -деб ишшайди полвон.

—       Буни менга берасан!

—       Ибий, йўқ, беролмайман.

—       Сен бошқасини оласан, гап тамом!, — мен негадир унинг устидан ўзимни ғолибона ҳис қилиб гапирдим.

  Кайфиятим йўқлиги сабабли тўсатдан қилган бундай муомаламдан у ўзини йўқотгандай бўлди. У негадир ўзини айбдордек ҳис қиларди. У капалаги учган ҳолда деди:

—       Ако… Унда пулини нима қиламиз?

—       Пулини ўзинг тўлайсан, сенда пул кўп!

—      Йўғе бўмайди, бу анча қимматга тушган.

Шунда ўтган ҳафтада бўлиб ўтган воқеа эсимга тушди ва шуни рўкач қилдим:

—       Қанча қиммат бўлса хам аппаратингдан қиммат бўлмаса керак, — дедим ва бу ҳазилимдан ўзимнинг ҳам кулгим қистаб зўраки жилмайдим.

Бу гапим унинг бошига гурзи билан ургандек таъсир қилди. Шундай бўлсада буни билинтирмасликка ҳаракат қилиб тиржайди.

—       Бўпти, ҳозирча менда турсин, бир кўриб чиқай, кейин яна гаплашамиз, -дедим гапни чўзмасликка ҳаракат қилиб, сўнг хонамни очиб ичкарига кириб кетдим.

У коридорда беўхшов тиржайганча қолаверди.

  Бир ҳафта давомида бошқа ишлар билан ўзимни чалғитиб кайфиятимни кўтаришга ва бўлиб ўтган нохушликни эсламасликка ҳаракат қилдим. Аммо Далердан олган “иш”га унчалик жиддий эътибор қилмадим. Чунки бировнинг “иш”ини ёқлашликни  у пайтда ҳатто ўйлаб ҳам кўрмагандим. Лекин ўн кунча вақт ўтди ҳам-ки, Далер матоҳини сўраб келмади. Тўғрироғи “яна аппаратни шама қилади” деб ор қилди шекилли. Менинг эса бу хаёлимга ҳам келмас, “Матоҳини сўраб келиб қолса бериб юбораман” – деб юрган эдим. Аммо у сўрамади. Кейин билсам у яна бир “диплом иш”ини сотиб олган экан.

Шундан сўнггина ундан олган “иш” ҳақида жиддий ўйлай бошладим. Ҳатто биродарим Солиҳга бўлиб ўтган ҳолатни тушунтириб:

—       Шуни фатвоси керак, шундай қилсам бўлаверадими? – дедим.

—       Нима қилсанг, — деди у.

—       Тайёр нарса, фақат муқовасини ўзгартираман. Бекорга вақтимни ҳам кетказиб ўтирмайман, ўрнига илм оламан, — дедим қатъий.

—       Ўзинг фатвосини чиқариб бўлибсан-ку! – деб кулди Солиҳ.

—       Йўқ менга Обидхон қори аканинг фатвоси керак. Шуни сўраб келиб бероласанми? – дедим ялиниб.

—       Обидхон қори аканинг бошқа ташвиши йўқми?! Йўқ! Лекин мен аниқ биламанки, бунда ҳеч қандай гуноҳ бўлмайди, аксинча бу сафсаталарингни ўрнига Аллоҳ учун илм олсанг, шуниси фойдали бўлади, — деди Солиҳ.

—       Демак Солиҳ қори аканинг фатвоси бўйича шундай қиламиз, — дедим ҳазиллашиб.

Солиҳ кулди ва гапимни тўғрилади:

—       Бу фатво эмас, лекин тўғри гап! –деди.

Шу пайтгача индамай гапимизни эшитиб ўтирган Саидга қарадим.

—       Мен ҳам қўшиламан, — деди у.

  Эртасигаёқ компютерда муқовани тўғриладим, шунингдек “иш” мавзуси бўйича ҳар хил диаграммалар чизиб рангли принтерда чоп қилдим ва диплом ичига бирлаштирдим. Икки кун деганда менинг диплом ишим тайёр бўлди. Гуруҳдошларим эса ҳали иш режасининг биринчи қисмини ҳам тугатишмаган эдилар.

  Семестр охиригача вақтимни фақат илм олишга ажратдим. Солиҳдан “Ақидаи Таҳовия”нинг шарҳи, “Арконул-Ислам” каби арабча китоблардан дарс олдим. Шунингдек Қуръоннинг охирги порасини ёдладим ва араб тили бўйича Наҳв-Сарф китобларини тугатдим.

  Бу вақт ичида қилган ишларимдан яна бири китоб тарқатиш ва даъват бўлди. Ўрикзор деган масжидга бориб исломга даъват қиладиган кичик китобчалардан элликка яқин олиб келдим (Ўша вақтда бу масжидда бу китоблар вақфга тарқатилар эди). Яна бир қанча сиёсий ва жиҳодий китобларни ксерокопиядан чиқариб тарқатиш учун олиб қўйдим. Бу китобларни мен қишлоғимизга олиб кетиб, жоҳил инсонларга ва таниш биродарларга тарқатмоқчи эдим. Қишлоққа кетаётган кунимда жумъа намозига Укоша масжидига бордим (бу вақтга келиб Обид қори, Тўлқин қори ва Дониёр қорилар давлатнинг зулмидан қочиб, ҳижрат қилиб кетган эдилар). Намоздан сўнг масжиддан чиқсам китоб растасида янги чиққан “Мусулмоннинг қўрғони”(Ҳиснул-Муслимнинг ўзбекча таржимаси)  деган китобча сотилаётган экан. Йўлимга етарли пул қолдириб, қолган пулнинг ҳаммасига бу китобчадан сотиб олдим. Шу куни автобус билан қишлоғимизга отландим. Олиб борган китобларнинг ҳаммасини таниш-билишларга, қўшниларга ва биродарларга тарқатдим. Фақат “Мусулмоннинг қўрғони” китобчасини жумъа куни масжидга олиб бордим ва ўз нархига сотиб юбордим. Одамлар ўз танишларимдан ортган қирқта китобни тала-тала қилиб олиб кетишди.

  Хуллас диплом ёзишга кетган вақтимни бекорга сарфламаганимни ҳозир ҳам эсласам жуда хурсанд бўлиб кетаман.

  Ниҳоят диплом ёқлаш вақти яқинлашди. Қолганлар қилган ишларини раҳбарларига ниҳоий тасдиқлатганларидан сўнг камида 2000 сўмга  компютерга тердиришди (бу пул ўша вақтдаги етти ойлик стипендияга тенг). Менинг эса парвойим палак эди. Ҳатто диплом мавзуси бўйича раҳбаримнинг ҳам фамилиясини билардим-у, ўзини кўрмаган эдим. Чунки у бошқа ўқув юртидан келиб дарс берадиган ўқитувчи эди. Диплом ҳимоясига икки кун қолганда раҳбаримни чақиртирдим. Рамазонов деган домла эди у. Домла билан салом алик қилгач, қўрқоқ олдин мушт кўтарар дегандек ҳужумга ўтдим.

—       Домла сизни ҳеч топиб бўлмайди, неча марта борганимда сизни сўрадим, йўқ экансиз, -дедим кулиб. (Ҳақиқатан ҳам бошқа ишлар билан домланинг институтига борган, лекин суриштириб тополмаган эдим. Тўғрироғи топгим ҳам келмаган, шунчаки суриштириб қўйган эдим.)

—       Ээ-э, шунақами, нима хизмат бор эди?

—       Диплом ишим сизга бириктирилган экан, ҳаммаси тайёр, фақат сизни топиш қийин бўлди, — дедим қўлимдаги “иш”ни кўрсатиб.

—       Ҳечқиси йўқ, болам, энди текширамиз, қани-қани, — дея домла кўзойнагини тақиб қўлимдаги “Диплом иши”га қўлини узатди.

Рамазонов беш дақиқача диплом ишини титкилаб, у ёқ буёғини кўрган бўлди ва:

—       Агар майли десангиз эртагача мен буни кўриб чиқиб, тақриз ёзиб келаман, бўладими болам?

—       Яхши домла, лекин эртадан кейин “защита”.

—       Жуда яхши мен эртага олиб келаман…

  Мен бу домла билан ишнинг бунчалик осон кечишини ўйламаган эдим. Чунки бошқа талабалар уни ғирт порахўр деб таърифлаган эдилар.

“Аллоҳумма лаа саҳла, иллаа маа жаъалтаҳу саҳла!”

  Охирги бир ҳафта вақтимни диплом ишини ўқишга сарфлаганим учун ҳимоя куни диплом ҳимоясига унчалик қийналмадим. Ишимни ёқлаб бўлгач, декан ва бошқалар берган саволларга бурро-бурро жавоб бердим. Шундай қилиб ярим йил давомида қўлимга олмаган “Диплом ишим” аъло баҳога баҳоланди. Албатта бу Аллоҳга осон…

Давоми билан кейинги янгиланишларда танишишингиз мумкин, иншааллоҳ.

𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *