Хаттобнинг стратегик ва тактик тажрибалари. 1-қисм. Тожикистон жиҳоди

ҲАРБИЙ ИЛМЛАР

1-қисм:

Муқаддима

  Биз сизларнинг эътиборингизга таниқли амир Хаттоб (Аллоҳ шаҳодатини қабул қилсин) хотираларини ҳавола этмоқчимиз. Хотиралар Самир ас-Сувайлим томонидан ёзиб олинган. «Ансор-ал-Мужоҳидин» биродарлари томонидан инглиз тилига ўгирилган.

  Умид қиламизки Аллоҳ йўлидаги биродар ака-укаларимизга ҳамда опа-сингилларимизга фойдали ва қизиқарли бўлади.

  Бизнинг учрашувимиз Чеченистон жиҳод майдонларида жанг олиб борган қўмондонлардан бири Амир Хаттоб билан бўлади. Бу учрашувда биз унинг шахсияти ва унинг иштирокида бўлган черики жанглар стратегияси ва тактикаси ҳақида кўпроқ билишга ҳаракат қиламиз.

  Хаттоб – исломнинг шавкати учун жиҳод майдонларидаги жанглари билан шуҳрат қозонган мужоҳид қўмондонлардан. У Афғон жиҳоди иштирокчиси, Тожикистон жиҳодида ҳам муҳим ўрин эгаллаган шахслардан бири. 1994 йил рус қўшинлари Чеченистонга ҳужум қилганда, у биродарларига ёрдамга отланди. У режалаштирган ҳарбий амалиётлар рус қўшнинларининг мағлуб бўлиши ва Чеченистондан олиб чиқиб кетилишининг асосий сабабларидан бири бўлган эди.

  Бугун бизга қўмондон Хаттоб биринчи жангдан бошлаб бугунги кунгача бўлган воқеаларни сўзлаб беради, келинглар эшитамиз.

بسم الله الرحمن الرحيم

Ҳозир Чеченистонда аҳвол жудаям оғир, қақшатқич жанглар кетмоқда. Бунинг устига жангнинг ижобий ва салбий жиҳатларини ҳужжатлаштириш, тажриба алмашиш ва бу тажрибалардан бошқа жойдаги мужоҳидлар ҳам манфаатланишлари учун ансор биродарлар билан учрашувга келишганмиз.

  Аллоҳим амалларимизни холис Ўзинг учун бўлишини, уларни қабул қилишингни сўрайман. Аллоҳим бизга раҳм қил, гуноҳларимизни кечир.

  Чеченистонда бўлиб ўтган воқеа ва амалиётлар ҳақида сўзлашдан аввал мужоҳид биродарларга бир нарсани айтмоқчиман. Аллоҳ билдирган бу тажриба ва стратегиялар фақат бу ерда эмас, мужоҳидлар томонидан исталган жойда қўлланиши мумкин.

  Афғонистондаги воқеалар, турли ўлкалардаги муҳожирларнинг жамланишига сабаб бўлди. Бу уларнинг илк тажрибаларидан эди, улар афғон биродарларининг биринчи ўқиш босқичида эдилар. Муҳожирларда, асосан арабларда мураккаб амалиётлар учун чуқурроқ тажриба йўқ эди. Улар афғонларнинг иштирокисиз бирор амалиёт ўтказа олишмасди. Аммо Аллоҳ уларни йирик амалиётлар билан мукофатлади. Қачонки рус қўшинлари Афғонистон жанубига ҳужум уюштиришганда – бу жой мужоҳидларнинг асосий йўли эди – Жали амалиёти ўтказилди. Бундан ташқари Жалолобод ва Қандаҳордаги амалиётларда ҳам ёмон иштирок этишмади. Бу уларнинг биринчи тажрибаси эди, улар ўша вақтларда афғонларсиз бирор ҳарбий амалиёт ўтказишни хаёлларига ҳам келтира олишмас эди.

  Афғонистондан сўнг биз Босния, Тожикистон, Чеченистон воқеаларининг гувоҳи бўлдик.

 Мен бир нарсани тушунтирмоқчи эдим. «Нусра» (ёрдам кўрсатиш) нимани билдиради? Исталган жойда исталган жангга тайёр туришлик жуда ҳам муҳим. Фарқи йуқ, маҳаллий жой ва халқ билан танишмисиз, ёки йўқ, сиз у ерга ҳарбий соҳа билан танишган, қурол ишлата биладиган, тўлиқ тайёргарлик кўрган ҳолатда боришингиз керак. Аммо ҳарбий амалиётлар маҳаллий қўмондонлар билан маслаҳатлашган ҳолатда амалга оширилади.

  Агар биз Араб ярим оролига кирган ҳарбийларга қарасак, кўрамизки, ҳар бир қисмнинг ўз йўналиши, таъминоти, раҳбарлиги ва тизими бор. Улар бошқарувчи гуруҳ билан маълум ҳарбий мақсадлар учун умумий йиғилиш ўтказишади. Кейин ҳар бир қисм, ўз тизими буйича иш олиб боради. Ҳар бир ҳарбий гуруҳ ўз сирларига эга. Масалан, ҳаво кучлари ёки десант қўшинлари душман ҳудудига кирганда, қўққис ҳужум уюштиради ва ҳоказо. Булар ҳаммаси ҳарбий сирлар бўлиб, ҳеч қайси ҳарбий гуруҳ жанг бошланмагунча ўз амалиёт сирини ошкор қилмайди. Улар мақсад ва вазифаларни аниқлаб олгандан сўнг ишлашни бошлашади.

  Фарқи йуқ, бу Афғонистон жангими, Тожикистон, Босния, Чеченистон ёки бошқа. Жанг – бу жанг. Лекин баъзида шундай бўладики муҳожирлардан тайёргарлик кўрмаган биродарлар ёрдам ўрнига ортиқча ташвиш бўлишади. Улар жанг майдонига ёрдам бериш учун келишади, аммо уларни ёрдамини кутганлардан ёрдам сўрашни бошлашади.

  Бу ҳолатлар Босния, Тожикистон, ҳаттоки Афғонистонда ҳам бўлган.

Тожикистон жиҳоди

  Тожикистонга келсак: тожик мужоҳидлари етакчиси Абдуллоҳ Нурий билан суҳбатимни эслайман. Биз ўзимизни жиҳод ва ҳарбий ишларда малакали ва тажрибали дея олмаймиз. Бизга маълум ҳар бир ҳарбий келишмовчиликларнинг ўзига яраша машаққатлари бўлади масалан: муҳожирларни ўқитиш, ахборот ишларини йўлга қўйиш. Шунга ўхшаш муаммолар мужоҳидлар қароргоҳларида кўп учрар эди.

  Биз тожик биродарларга айтдик: «Биз фақат ёрдам учун келганмиз. Кимнинг қандайдир муаммолари бўлса, тўғридан-тўғри Абдуллоҳ Нурий билан боғланишсин, ҳеч ким мужоҳидларнинг ишига аралашмасин. Мабодо кимдир аралашса, Абдуллоҳ ҳал қилади. Алҳамдулиллаҳ, бу тажриба бизга кўп фойдалар келтирди.

  Бошқа томондан, баъзи гуруҳлар келиб тожикларнинг қароргоҳларида қолишган эди, улар емиш, палатка ва ҳоказоларга шерик бўла бошлашди. Тожик мужоҳидлари нолишар эди: «Бизнинг мингта муаммомиз бор эди, бу биродарлар минг биринчиси бўлишди».

  Агар биз қайноқ нуқталарга бориб мужоҳидлардан ёрдам сўрашни бошласак, етакчиларнинг эшигини қоқиб учрашувни талаб қилсак, улардан ёқилғи, жанг ёки амалиёт режасини сўрай бошласак, энди бу ёрдам эмас. Бу фақат қўшимча муаммо туғдиради холос. Бундай ҳолатлар бўлиб турарди, биз бу ҳолатларни бартараф қилишга ҳаракат қилар эдик, шу билан бирга ишимизга бирортасининг аралашувига йўл қўймас эдик.

  Биз ишлашни ва тайёргарликни бошлаб юбордик. Мен биродарларга айтдим, кимки бирор амалиётда иштирок этмоқчи бўлса, кимдандир нимадир сўрамасин, тўлиқ тайёргарлик ҳолатида бўлсин. Ҳа, муҳожирлар ёрдамга келишар эди, улар маҳаллий мужоҳидларнинг раҳбарлари билан ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришлари керак эди. Агар улар алоҳида гуруҳларга йиғилишган бўлса, жанг олиб бориш, ишларни тақсимлаш мужоҳидларнинг қўлида бўлиши керак.

  Чамамда, бу жуда ҳам яхши тажриба эди. Мен кўп биродарлар билан суҳбатлашдим, улар тожик раҳбариятини қўллашимизни, улардан ёрдам олишимиз лозимлигини уқтиришар эди. Биз эса тожик биродарлар каби эмаслигимизни, ёрдам учун келганимизни, тоғларда ўтириб олиб бизни таъминлашларини сўрашни истамаслигимизни билдирдик. Биз тайёрланган ҳолатда бўлишимиз зарур эди.

  Афғонистондаги ҳодисаларни эслайман. Муҳожирлар ва баъзи афғонлар билан кўп муаммолар бўлар эди. Масалан кимдир мина майдонида шаҳид бўлса, афғонлардан танасини олиб келиб беришларини сўрар эдик. Биз жароҳатланган ва ҳалок бўлганлар билан шуғулланишга ҳам тайёр эмас эдик.

  Жанг бу жанг, жанг бу осон иш эмас. Баъзида амалиёт вақтида 30 ёки 40 кишини йўқотар эдик. Қандай қилиб амалиёт вақтида 30 ёки 40 киши қурбон бўлиши мумкин?

  Шундай амалиётни тўғри режалаштирилган дейиш тўғрими? Муҳожирлар афғон етакчиларини айблашар ёки қайсидир гуруҳ уларни оғир қуроллари билан ҳимоя қилмаганини, қайсидир гуруҳ уларга ўқ узганлигини, кимдир уларни ёрдамсиз ташлаб кетганлигини даъво қилишар эди. Эслайман, ҳар бир амалиётдан кейин албатта шунга ўхшаш муаммо чиқар ва бутун айбни ағдариш учун бирор кимса изланар эди. Тўғриси, ўша вақтларда жанговор ҳаракатларни бошлаш пайтида тартиб ҳам, вазиятни ўрганиш ҳам йўқ эди. Аммо баъзи жабҳаларда алҳамдулиллаҳ аниқ буйруқ берилган ўринларда вазият нисбатан яхшироқ эди.

  Жанговор амалиётларни самарали ўтказишга келсак, тажриба йиғиш ва тайёргарлик учун Афғонистонда имкониятлар етарли бўлди. Бу хатоларни Тожикистон жиҳодида такрорламаслик лозим эди. Биз энг зарур нарсаларни тайёрлашнинг ўзига тўрт ой вақт сарфладик. Биз уй тайёрладик, қурол-яроқ, алоқа воситалари, транспорт сотиб олдик. Чегарадаги дарё Панжни кесиб ўтишликнинг ўзи катта муаммо бўлиб, бунинг ўзи жиҳод саналар эди. Биз чегара ёнидаги туманга бориб, мунтазам Абдус-Сомад (Мулла Қурбон) билан учрашиб турар эдик. У маҳаллий қўмондонлардан бўлиб, араб тилини биладиган, маълумотли тожик биродарлардан эди. Алур ва Шаябда Яҳё исмли қўмондон билан ҳам учрашдик.

  Биз маҳаллий минтақани ўрганиб чиқдик ва ҳамма нарсани тайёрладик. Тожиклардан биз фақат битта нарса сўрадик. Биз уларга айтдик: «Бизга сизларнинг пулларингиз ва қурол-яроғингиз керак эмас. Сизлардан ҳеч қандай харажат кетмайди. Биз бу жойга фақат ёрдам учун келганмиз. Биз сизлардан битта нарса — мужоҳидларни сўраймиз. Ўзинглар билган, ишонган мужоҳидларни бизга беринглар, биз уларни ўқитайлик ва тайёрлайлик. Бу тайёргарликдан сўнг жангга киришишимиз мумкин.

  Биз инсонларни рацияда ўтириб олиб, жангга тарғиб қилишимиз эмас, балки аксинча сафнинг олдида бўлишимиз зарур. Агар бирор фойда келтира олсак бу Ислом учун, агар фойда келтира олмасак сиз ҳеч нарса йўқотмайсиз. Тоинки ҳеч ким фалон гуруҳдан муҳожирлар келишди, биз уларга қурол, кийим ва ҳоказолар бердик, улар бизни алдашди, улар ҳеч нарсани билишмайди, улар бизга қимматга тушишди каби мунофиқлар томонидан тарқатиладиган турли гап сўзларни гапириб юришига ҳеч бир туртки сабаб қолмасин.

Биз бу ерга ёрдам учун келганмиз, сўраш учун эмас.

  Алҳамдулиллаҳ, биз бир қанча омадли амалиётлар ўтказдик. Бу бизнинг тожик мужоҳидлари ёрдамидаги стратегиямиз эди. Аммо Аллоҳга қасамки, амалиётлар қанчалик мувафақиятли бўлмасин, раҳбарларнинг орасидан баъзи одамлар: «Нима учун булар, бизнинг қўмондонлигимиз таркибида эмас», ёки: «Нима учун уларнинг машиналари бор» каби гапларни айтиб кўришди. Ҳаттоки улар Ризвон исмли қўмондонни сайлашди, у мен кўрган-билган одамларнинг ичида энг расвоси эди. Охир оқибат тожикларнинг ўзлари уни қатл қилишди. У ҳарбий амир бўлган пайтларида бизни ишимизга суқила бошлади, аммо биз айтдик, у бизнинг ҳудудларга умуман келмасин, биз фақат Абдуллоҳ Нурий билан алоқа қиламиз.

  Менинг фикрим ва мен билан бирга бўлган биродарларнинг фикрича жиҳоднинг тожикча тажрибаси жуда мураккаб эди. Биз дуч келган ҳамма муаммоларни ҳал қилишимиз керак эди. Қачонки биз Афғонистонга борганимизда, жиҳод учун ҳамма шароитлар тайёр, йўллар ва жабҳалар унчалик хавфли эмас эди. Биродарлар фақат машғулот ўташ учун боришлари керак эди. Муҳожир келади ва меҳмонлар учун ажратилган уй билан машғулот майдони орасида қатнашни бошлайди. Шундан сўнг жангга боради, афғон биродарлар уни маълум йўналишга қўйиб, қайси томонга қараб отишини айтишади, фақат шу холос. Йўл қуриш, сув излаш, ҳамма ишларни бир бошдан режалаштириш, транспорт ва алоқани ташкиллаштириш, маҳаллий жойни ўрганиш ва шунга ўхшаш муаммолар билан шуғулланишмайди. Мен унчалик чуқурлашмайман, акс ҳолда асосий мавзу четда қолади.

  Аслида Афғонистонда жиҳодни биз қилмадик, афғон биродарлар биз учун ҳамма нарсани қилишди. Кўп биродарлар Афғонистонга 1985 — 1986 йилларда, яна хам кўпроғи 1988 йилда келишган. Аввал келган биродарлар қийинчиликларга дуч келишган. Кейингилар келишганда аскарият муаммолар ҳал қилиб бўлинган эди.

  Тожикистонда эса биз ҳаммасини нолдан бошладик, бу жуда ҳам ноқулай эди. Бу ҳамма соҳаларда янги ва жуда мураккаб тажриба бўлиб, мен ва ўша жойдаги биродарлар Тожикистонда дуч келганларимизга бошқа жойда тўқнашмасак керак деб ўйлайман. Баъзида бирор туманга бориш учун машинада йўлга чиқар эдик, кейин 3-4 кун пиёда юриб, дарёга етгунча эшакда юришга тўғри келар эди. Дарёлар жуда ҳам хавфли бўлиб, уларни кесиб ўтиш буюк жиҳод саналар эди. Тоғларини айтмайсизми, бунақа баланд тоғларни ҳеч қачон кўрмаганман, энг пасти 2,5 — 3 километр келади. Алҳамдулиллаҳ, мужоҳидлардаги баъзи етишмовчиликларга ва шу туманда яшайдиган афғонлар билан бўлган муаммоларга қарамай 1-2 та амалиёт ўтгазишга муваффақ бўлдик. Бизнинг асосий қийинчилигимиз емиш ва йўлнинг йўқлиги эди, биз уларни ҳар доим ҳам топа олмас эдик.

  Бир кун мен текширувга чиқдим ва 9 километрлик масофанинг ўзида салкам 25 та пост аниқладим. Шундай сўқмоқ йўллар бор эдики, хачир билан ҳам юриб бўлмас эди. Эсимда, БМ «Катюша» ракета ускунасини олиб ўтиш учун ҳақ тўлаганимиз. Бизнинг биринчи қароргоҳимиздан чегарагача ҳар бир ракета учун 2000 рупийдан, у ердан дарёгача 6000 рупийдан, дарёни кесиб ўтишда ҳар бир ракета учун 1000 рупийдан ҳақ тўлаганмиз. Кейин бир афғон уларни елкасида ташиди, чунки у 6000 рупийдан келишган хизматнинг бир қисмига кирар эди. Шундай қилиб битта ракетанинг қиймати 5000 рупий, керакли жойга етгазгунча яна 12 000 рупий, хуллас фойдаланиш жойига етгунча нархи 2-3 баробарга ошади. Жуда ҳам қийин эди, аммо алҳамдулиллаҳ, биродарлар бундан катта тажриба олишди. Шунга ўхшаш муаммолар ҳар куни чиқиб турар, кечаю-кундуз уларни ҳал қилиш зарур эди.

  Бизнинг Тожикистонга боришимиздан мақсад, одамларни жиҳодга тайёрлаш эди. Бизнинг сонимиз кам 100 дан 120 тагача бўлиб, тайёргарликдан сўнг мужоҳидлар сони 300 дан 400 тагача етди. Имкониятларимиз жуда ҳам кам, мусулмонларнинг жанг билан ишлари йўқ эди. Балки бу Афғонистондаги ҳолатлар, турли гуруҳлар ўртасидаги давом этаётган жанглар туфайлидир. Бунинг устига Тожикистоннинг йўллари жуда ҳам машаққатли бўлиб, яхши биродарларнинг бу ерга етиб келиши осон эмас эди. Мен айтиб ўтдим, бу жангга нисбатан ноҳақ ёндашишди ва бу мусулмонлар рўпара келган жуда ҳам қийин вазиятлардан бири эди. Раҳбарлар орасидаги келишмовчиликлар ва бошқарувнинг сустлиги ҳам кўп муаммолар келтириб чиқарди. Мен ҳеч қачон тожикларчалик миллатчи халқни кўрмаганман, Аллоҳ бизни бундан сақласин. Улар бир-бирларининг ортидан: «У Панжлик, у эса Кўлобдан, у Душанбелик», — каби гапларни гапиришарди.

  Алҳамдулиллаҳ, бу биз учун яхши тажриба бўлди. Ёрдамга келган биродарлар тожикларнинг қароргоҳларида қолишган бўлиб, транспорт масаласи жуда қийин эди, бунинг устига қарама-қарши буйруқлар олишарди. Натижада уларнинг жанговор руҳияти чўкди. Тожикларнинг ҳеч нарсаси йўқ, яна жанг қилишмоқчи деган гаплар тарқала бошлади. Охир-оқибат жиҳодга ёрдам бериш ўрнига, ёмон фикрларга боришиб, кераксиз нарсаларни гапиришни бошлашди.

  Ҳа, сиз биринчи марта тожикларга рўпара келдингиз, аммо сизда Афғонистон тажрибаси борку. Ким сизни бундай кўнгилсизликлардан ўтишга мажбур қилди? Аллоҳ сизга тажриба ва билим берди, сизда жанг қилиш ва қурол билан ишлаш тажрибаси бор, шу тажрибага мувофиқ ишлаш керак холос. Ҳамма ишни тожикларга ағдариш тўғри эмас. Хуллас муаммолар кўп, мунофиқлар ҳамма жойда ишлашарди. Афсуски, биродарларнинг миясига ёмон фикрлар келиб, кераксиз гаплар гапира бошладилар. Аслида бунинг учун катта сабаб ҳам йўқ эди.

Давоми бор

«Содиқлар» учун Умму Жаъфар таржимаси

𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *