Бир инсонни жуда яхши танир эдим. Ҳаддан ташқари дунёга меҳр қўйган, охиратини унутган эди. Оёқлари ҳар йили икки марта ҳайт кунлари масжид хатламаса, бошқа маҳал асосан мол-дунё учун елиб югурарди. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) мушрикларни ҳам бир неча маротаба исломга чақирганликларини эслаб, уни ҳам ҳар кўрганимда масжидга таклиф қилардим, намоз ўқишга чақирардим. Аммо тош эриса эрирдики, унинг қалби эримасди.
Бир куни уни ўша танишим яшайдиган кўчадан масжид томон кетаётганимда, кўриб қолдим. Йўл-йўлакай гаплашиб кетаман, деб аста секин дунё ҳақида сўз очдим. У эса бутун вужудимни титратиб юборадиган даражада совуққонлик билан: «Нимага масжид ҳақида, намоз ҳақида гапирмаяпсиз?» деди. Мен сал кесатган бўлдим: «Барибир фойдаси йўқ-ку!»
Кесатиқ сўзларимни айтиб бўлишим биланоқ, унинг юзига қарадим. Темирдан қаттиқ қалб соҳиби бўлмиш танишим йиғларди нимагадир. Бироз шошиб қолдим:
— Тинчликми, оғайни?
— Тинчлик эмас, қори ака! — деди.
— Узр, қаттиқ гапириб юборган бўлсам, қандайдир воқеа рўй бердими?
— Ҳа, бир воқеа рўй берди ва шу воқеа сабабли мен сиз билан биргаликда масжидга кетяпман.
Тўғриси, бироз тушунмайроқ туриб қолдим. Чунки унинг бу ҳолатидан заррача бўлсин ҳазил оҳангини ажратиб олиш мумкин эмас. У ҳазиллашмаётган эди, чиндан айтаётган эди сўзларини.
— Ука, Аллоҳ муборак қилсин, масжидга бораётган бўлсангиз, лекин қандай воқеа содир бўлди, — дедим минг ҳаяжон ила танишимнинг намозга кирганидан кўра бунга сабаб бўлган воқеанинг нимадан иборат эканлигини билиш ниятида.
— Кеча эндигина ухлашга кираётганимда, эшик тақиллади, — деб бўлган воқеани сўзлай кетди суҳбатдошим. — Бориб эшикни очсам, ўғлим қаторида бир йигит турибди. Ёши 27ларда. Мен: Ҳа, ука, кел» дедим. У юзини ерга қарата туриб: «Акажон, мен сизнинг олдингизга розилигингизни олиш учун келдим» деди. Мен ҳайрон бўлдим.
Кейин маълум бўлишича, эшигимни тунда тақиллатиб келган йигит бундан бир неча йил олдин, 90-йиллар бошида шаҳарда кучайиб кетган жиноят — рекет аъзоларидан бири бўлган экан. Йигит ўшанда Аллоҳни танимаганини, Аллоҳдан қўрқмай шу ишларни қилганини айта туриб, айни пайтда дину, диёнатга кирганини маълум қилди. Аллоҳга ҳисоб бериш, охират ва дўзах ҳақида қаттиқ вайидлар келганини ўқиганидан сўнг, ухлай олмай, бор пулни тўплабди. Бир неча шундай йўл билан машинасини ўғирлатган кишиларнинг эшигини тақиллатиб, пулларини бериб юрганини ва шу ўғирлик сабабли орттирган азоби учун розилик сўраб юрган экан. Рўпарамда турган, ҳали ўттиз баҳорни ҳам қарши олмаган ёш бир йигитни кўриб, қўрқиб кетдим. У тинмасдан: «Ака, инсон ҳар бир иши учун жавоб берадиган Кунда барибир учратиламиз, шундай экан, бугун ҳижолат бўлса ҳам, катта уят саналса ҳам, олдингизга келдим, рози бўлинг, мана пуллар» дерди. Мен унинг қаршисида қотиб қолгандим. Чунки бу йигит эртага Аллоҳнинг ҳузурига боришига ич-ичидан иймон келтирган ҳолда, мендан узр сўрарди.
Мен пулни олдим-да, ундан рози бўлганимни айтдим. Лекин уйга ўн-ўн беш дақиқа кира олмай қолдим. Чунки энди мен ўзимни ўйлай бошлаган эдим. Болам тенги йигит, қилган гуноҳлари учун йиғлаб, жоҳилиятда ўғирлаган пулларини эгаларига топшириб юрибдими, мен нима учун бу қадар бемалолман. Мен кимман, қайси амалларим билан Аллоҳнинг ҳузурига бораман, деган савол ичимни тирнай бошлади. Уйга кирдим-у, бўғилиб кетаётгандек бўлдим. Ухлолмадим ва эрта тонгда масжидга чиқишни режалаштирдим. Энг қизиғи, биринчи марта «Эрталабгача ўлиб қолсанг-чи» деган ҳавотир ўтди ичимдан. Мен шу, айни шу туйғу қалбимни бир тирнаб ўтиб кетганида, ўзимга ўзим «мусулмон бўлдинг» деган ташҳисни қўйдим. Ҳақиқатан ҳам, мен ҳақиқий исломни ўша нотаниш йигитнинг биргина амали сабабли таниган эдим.
Илк маротаба ўз ихтиёри билан масжид томон йўл олаётган танишимнинг кўзларида қувонч ёшларини кўрдим. Аллоҳга ҳамд айтиб юбордим. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандаларини ҳидоятга бошлашига яна бир бора амин бўлдим.