Тавҳид ҳақида гўзал ҳикоя

ҲИКОЯЛАР

  Бу яқин ўтмишнинг сўзлари. Узоқ мозий саҳифаларини ўқиб, Аллоҳнинг якка-ю, ягона илоҳ эканлиги турли ривоятлар асосида тушунтирилади. Араб мамлакатларидан бирида бир устоз ўз шогирдларига бир неча йил давомида тавҳиддан дарс ўтибди. Яъниким, Аллоҳнинг улуҳиятини танитиш учун илм берибди. Бу дарслар фақат Аллоҳнинг ваҳдониятини тушунтиришдан ташкил топгани боис, талабалар устозга эътироз билдирган эканлар: «Устоз, Аллоҳнинг бирлигини яхши биламиз, улуҳиятини ўрганавериб қалбларимизга муҳрлаб олдик. Келинг, энди бошқа мавзуга ҳам ўтайлик», деган таклифлар тушибди.

  Шунда устоз болаларни синамоқ ниятида, шундай дебди: — Кеча маҳалламизга янги қўшни келди, у жуда ҳам аблаҳ одам экан. Бундан бир неча йил олдин онаси билан зино қилган экан! Бу сўзни эшитган шогирдлар бирин кетин: «Субҳаналлоҳ! Аъузу биллаҳ! Аъузу биллаҳи мин залик!» деб, Аллоҳдан паноҳ сўрай бошлашибди. Эртасига устоз яна бир воқеани сўзлабди: — Бугун эрта тонгда ғалати иш бўлди. Қўшни маҳалладаги бир одам уйига хўроз сўйиб, маҳалладаги ҳамма дарвозага унинг қонини суриб чиқибди… Устоз сукут сақлаб қараса, шогирдлар бепарво: — Кўрдингизми — деб давом эттирибди у ўз сўзини, — мен сизларга бир йигит онаси билан зино қилди десам, ҳаммангиз тўхтамасдан Аллоҳдан паноҳ сўрадингиз. Лекин ўша гуноҳдан минг чандон ортиқ гуноҳ — ширкий амал ҳақида мисол келтирсам, бирортангиз ҳам парво қилмадингиз. Тағин, уялмай, тавҳидни ўқидик, қалбларимизга муҳраб олдик, дейсиз-а… Нақадар ҳикматли жавоб. Тавҳид шу қадар муҳим мавзуки, уни инсон бир умр ўрганиши лозим. Ўрганганда ҳам тилда эмас, қалбда, юрак-юракларининг тубида ўрганмоғи керак. Бунга араб мамлакатларида кўпинча содир бўладиган бир воқеа энг яхши тасдиқдир. Араб миллатига мансуб кишилардан бири вафоти яқинлашганда, «Ла илаҳа илла Аллоҳ» калимасини айта олмагани ҳақида эшитганмиз. У араб тилида сўзлаб туриб, «Биродар, мен сенинг сўзларингни тушуняпман, аммо тилим калимага келмаяпти, шу калимани эшитиб, айтиб ўсгандим, шу калима билан никоҳ қургандим, шу калима тинмасдан янграган шаҳар ватаним эди. Аммо шу калима асосида яшамаганман, мени қийнама, барибир мен бу, сен айтаётган сўзларни айта олмайман», деган. Машҳур уламоларимиздан бири Аллоҳнинг ваҳдониятига ажиб бир ҳикоятни мисол қилади. Бу шунчалик бугунги мавзуимизга, бугунги кунимизга мос тушадики, уни айтмасдан иложимиз йўқ: «

… Қадим замонларда уч оға-ини ботирлар яшаган экан. Уларнинг кенжаси аждаҳо билан олишувда бор маҳоратини ишга солади. Лекин ажиб ҳолатки, кенжа ботир махлуқнинг қўлини кесса, унинг ўрнига иккита қўл чиқиб келаркан. Оёғини чопиб ташларкан-у, не кўз билан кўрса, аждар яна икки оёққа эга бўлиб қоларкан. Бошини узиб олганида, аждар икки бошли бўлиб қолгач, йигит хушини йиғибди. Уни ўлдира олмаслигини фахмлабди ва донишмандлардан бирига мурожаат этибди. Кўпни кўрган дониш ботирга Кўхикоф томонларда бир дарахтнинг устида илоннинг тухуми борлиги ва ана шу тухумнинг ичидаги игна эзиб ташланганда аждар маҳв этилишини айтади. Кенжа ботир шу ишларни бажаргач, ҳалиги тинмасдан бўкираётган маҳлуқ рақибининг оёқлари остига йиқилиб, кечирим сўрайди. Чунки ботир қўлида ушлаб турган игна икки бошли аждарнинг жони эди…» Мана шу аслида эртак маъносида янграйдиган ривоят бугунги мавзуимизни тўлдиради. Бу ерда мажозан кенжа ботирни мўмин киши деб, аждарни дунё деб, донишмандни пайғамбар деб, игнани эса тавҳид деб тушунишимиз керак. Бугунги кунда башарият Аллоҳнинг якка-ю, ягона илоҳ эканлигини эътироф этмасдан туриб, саодат сари турли йўллар изламоқда. Бу худди кенжа ботир мисолида, бир муаммони даф этиш ниятида иккинчи муаммони пайдо қилишга ўхшайди. Муаммолар гирдобига шўнғиб бораётган инсон токи донишманд айтганидек, ўз ишини Аллоҳни танишдан, Унинг ваҳдониятини ўрганишдан бошламас экан, ҳеч қачон саодат сари қадам ташлай олмайди. Пайғамбарлар тарихи биз учун ибратдирки, улар ўз қавмларини фақат Аллоҳга сиғинишга чақирар эдилар. Уларнинг биронтаси бошқа масала хусусида сўз очишмаган. Баъзи пайғамбарларга мўъжиза ато этилгани эса, кейинги жиҳатлар эди. Ана шу мўъжизотларда ҳам, пайғамбарлар инсонлар Роббиси фақат Аллоҳ эканлигини тушунтирган бўлардилар. Ақлли одамлар ўз замоналарида бу ибратни қабул қилишди ва Аллоҳнинг элчиларига саҳобий бўлдилар. Нодон, жоҳил ва мутаккабир кишиларга Аллоҳнинг ҳидояти насиб бўлмади. Бу воқеалар келажак учун ҳамиша ибрат бўлиб келган. Биз бугунги кунда нима қилмоқчи бўлсак ҳам, аввал Аллоҳни танийлик, Унинг ёлғиз илоҳ эканлигини ўрганайлик, қалбимизга тавҳид уруғларини экайлик-да, ана шундан сўнг ўз ишимизга ўтайлик. Шунда кенжа ботир сингари дунёни оёғимиз тагиги ётқизиб, ялинтирамиз…

  Сарвари коинот cоллоллоҳу алайҳи ва васаллам инсонларни фақат Аллоҳга ибодат қилишга чақирганларида, у зоти шарифга подшоҳлик таклиф қилинган. Лекин Пайғамбар алайҳиссалом бутун башариятга ўрнак ўлароқ: «Йўқ, ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни қўйсангиз ҳам, мен бу ишимдан қайтмайман», деб жавоб берганлар. Кейин нима бўлганини биласиз, ўша таклиф этилган подшоҳлик ҳам у зотнинг оёғи тагига келиб тушди. Расулуллоҳга қарши курашган одамлар худди жонлари игнага жойлашган аждар мисоли талвасага тушиб қолдилар. Расулуллоҳ cоллоллоҳу алайҳи ва васаллам аждарнинг қўлини кесиб ўтирмадилар, бошига найза билан урмадилар, унинг жонини, тухумини ушлаб туриб, мурожаат қилдилар гўё… Ҳозир ҳам бизнинг бу йўлдан бошқа йўлимиз йўқ. Дунё ҳақиқий саодат лаззатини тотиш бахтидан маҳрум бўлган бир даврда турибмиз, бунинг сабаби фақатгина тавҳиднинг йўқлиги… Инсонлар оилавий турмушда, жамият ичинда турли йўллар билан бўлса-да, бахт-иқбол гулшанига талпинадилар, аммо уддасидан чиқа олмаяптилар, гувоҳмиз — бунинг сабаби ҳам тавҳиднинг йўқлиги… Ҳаётимиздаги безовталик, кўринган шарпадан хатовир, ҳотиржамликнинг йўқлиги — буларнинг барчаси тавҳид тушунчаси ҳаётимиздан кўтарилиб кетганидадир. Аллоҳни ўртага қўйиб айтамизки, агар ишимизни Аллоҳни танишдан, Унинг рубубияти-ю, улуҳиятини ўрганишдан бошлайлик, бизга муаммолар дунёси кенжа ботир оёғи остида йиғлаётган баҳайбат аждар мисоли бўлиб қолади. Мантииқан катта маҳлуқ кичкинагина игна деб маҳв этилмаслиги керак. Биз ана шу кичик, лекин энг муҳим амални ўз ўрнига қўяйлик, инша Аллоҳ саодат сари одамлари туйган иймоний лаззатлардан баҳра оламиз.

𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org