Билимнинг самараси – амалдир

МАҚОЛАЛАР

Муаллиф: Шайх Холид ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Муслиҳ 
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Аллоҳга ҳамдлар ва Унниг Расулига салавоту саломлар бўлсин).
Сўнг…

Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳдан қўрқингиз ва унутмангларки, Қуръон ва суннатда мақталган, фазилатлари кўп, тавсифлари ҳисобсиз, эгаларининг мақомлари юксак, шуҳратлари катта бўлган илм – банда у билан Роббисини танийдиган илм бўлиб, бу таниш Аллоҳ қўрқувси, муҳаббати, Аллоҳга яқинлик ва шавқ, Аллоҳ билан таскин топишни, Аллоҳнинг шариатига амал ва динига даъват қилишни самара қилиб беради.

Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ): «Илм икки турли бўлиб, (биринчиси): тилдаги илм. Бу – Аллоҳнинг фойдаси ва бандалари зарарига ҳужжат бўлган илмдир. (Иккинчиси): қалбдаги илм-ки, бу – фойдали илмдир»– деди.

Бу илм билан мақомлар кўтарилади, ёмонликлар бартараф қилинади. Зотан, илм қалбга ўрнашса, аъзолар уни амал билан тасдиқлайди.

Хатиб Бағдодий (раҳимаҳуллоҳ) илм билан амал қилиш мақомини баён қилар экан шундай деган: «Ҳой, илм толиби! Мен сизга илм излар экан нийятни холис қилиш, билимингиз тақозоси билан амал қилишни васият қиламан. Чунки илм дарахт бўлса, амал унинг мевасидир. Билимига амал қилмаган одам, олим ҳисобланмайди… Агар амал билимга кўра нуқсонли бўлса, бу билим инсонга юк бўлади, хорлик келтиради ва бўйнига солинган занжирга айланади. Аллоҳга юк бўладиган билимдан сиғинамиз. Амал қилиш зарурати бўлмаса эди, илмни изланмас эди. Ҳақиқатни билмасдан тарк қилишим мен учун, уни беҳожатликдан тарк қилишимдан кўра севимлироқдир».

Аллоҳнинг бандалари!

Аллоҳнинг Китоби, (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) суннат(и), уммат салафининг осорлари оз бўлсин, ёки кўп бўлсин, билимга амал қилмасликни қоралаш билан тўлиб-тошганини унутмангиз! Булардан бири – Аллоҳ таолонинг билимларига амал қилишдан воз кечган пайтларидаги яҳудийлар ҳақида айтган сўзидир: «Таврот юкланган — берилган, сўнгра уни кўтара олмаган (яъни унинг кўрсатмаларига амал қилмаган) кимсалар (яҳудийлар)нинг мисоли худди китобларни кўтариб кетаётган эшакка ўхшайди (яъни, унинг вазминлигидан чарчаб-толадилар-у, аммо у Китобнинг ичидаги нарсалардан фойдаланмайдилар). Аллоҳнинг оятларини ёлғон деган қавмнинг мисоли нақадар ёмондир. Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас!» (Жумъа: 5).
Билимига амал қилмаган одамнинг насибаси – эшакнинг устига оғирлик солган китоблардан олган насибаси кабидир.

Ибн Қоййим (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оят ҳақида шундай деди: «Бу мисол яҳудийлар учун келтирилган бўлсада, маъно нуқтаи назаридан, Қуръон юкини олган бўлсада унга амал қилмаган, унинг ҳаққини бермаган ва етарлича риоя қилмаган одамларни ҳам ўз ичига олади».
Билимга амал қилмасликни қоралаш ҳақида Аллоҳ таолонинг ушбу оятлари ҳам келган: «Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтаяпсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)» (Саф: 2, 3). Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло амалларнинг сўзларга зид бўлишини ёқтирмайди.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билимга амал қилмасликни қаттиқ жазолар билан жазолашни ваъда қилди. Икки «Саҳиҳ» китобида Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Қиёмат куни бир одамни олиб келиниб, жаҳаннамга отилади. Ичаклари чиқиб, эшак тегирмон атрофида айланганидек, унинг атрофида айлана бошлайди. Жаҳаннамдагилар унинг олдида тўпланиб: «Фалончи, сенга нима бўлди? Ахир сен яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармасмидинг?»– деб сўрашганида: «Мен сизларни яхшиликка буюрар, бироқ, ўзим қилмас эдим. Сизларни ёмонликдан қайтарар, бироқ, ўзим қайтмас эдим»– деб жавоб беради» (Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 3267; Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 2989).

Оҳ, у даҳшатли ҳолат!

У ҳолатда сирлар ошкор, хабарлар аниқ, бандалар яширган нарсалар ошкора бўлади. У кунда сирлар очилади. Қалбини эзгулик ва яхшилик билан қоплаган кимса Саховатпеша, Меҳрибон ва Раҳимли Зотнинг розилигига эришса, қалбини фисқ, осийлик ва куфр билан қоплаган кимсани Билимдон, Хабардор ва Ғолиб Зот расво қилади!

Абу Барза Асламий разияллоҳу анҳудан Термизий ва бошқалар келтирган ҳадис, билимга амал қилишга рағбатлантириш ҳақидадир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат кунида умрини нима билан ўтказгани, билимига нима қилгани, мулкини қаердан топиб, қаерга сарфлагани, ёшлигини нима билан ўтказгани ҳақида сўралмай туриб банданинг оёқлари ердан узилмайди» (Термизий, ҳадис № 2417).

Саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин! – бу маъноларни жуда яхши билган эдилар. Абуд-Дардоъ (разияллоҳу анҳу) Байҳақий ва бошқалар келтирган ривоятда шундай дейди: «Мен Роббим Қиёмат куни халойиқ олдида: «Ҳой, Уваймир!», деб чақирса: «Лаббай, Роббим!», десам: «Билган нарсангга қандай амал қилдинг?» деб қолишидан қўрқаман!».

Абуд-Дардоъ (разияллоҳу анҳу) яна: «Илмга амал қилмагунингча олим бўла олмайсан!», деди.
Саҳобалар илмга амал қилишга қаттиқ эътибор беришар, ҳатто, ўн оятни ўргангач, унга амал қилмагунча бошқа оятга ўтмас эдилар. Улар Қуръонни ва амал қилишни бирга ўрганган эдилар.
Сиз илмни олган кишига амирулмўъминийн Алий ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг ушбу сўзларини айтаман: «Ҳой, илмни кўтарган (олган)лар! Билимга амал қилинглар! Олим – билимни олган ва амали билимига мувофиқ бўлган кимсадир!».

Ҳар биримизнинг оздир, кўпдир илмимиз бор. Дўстим, бизнинг сиздан бошқасини назарда тутганимиз ёки унга хитоб қилганимизни тушунманг.

Ҳой мўъминлар, ҳар биримиз Аллоҳнинг динидан ўрганган илмимизни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилайлик. Ислом шариати ва аҳкомларини билган қанча-қанча инсон борки, у уларга амал қилмайди. Уларни, ўрганган илму маърифатлари алдаб қўйган. Улар ибрат амалда, амалсиз билим – эгасига зарарли ҳужжат эканини билишса, кошки эди.

Ибн Жавзий (раҳимаҳуллоҳ) нафсига, унинг илмнинг ҳақиқати ва самараси қолиб, шакли билангина машғул бўлганини кўргач, шундай ваъз қилди: «Билим сенга қандай фойда берди? (Аллоҳдан) қўрқиш, безовталик ва эҳтиёткорлик қаерда?! Ибодат ва тиришқоқликда илғор бўлган раввинлар ҳақида айтилган хабарларни эшитмадингми?! Барчанинг саййиди – Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оёқлари қабаргунича (ибодатда) турмаганмиди?! Абу Бакр (разияллоҳу анҳу) кўп ҳўнграб йиғламасмиди?! Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу)нинг юзида оққан ёшлари сабабли чизиқча пайдо бўлмаганмиди?!». Ибн Жавзий (раҳимаҳуллоҳ): «Ундай бўлмаганмиди?!», «Бундай бўлмаганмиди?!» деб давом этди ва охири: «Билимга амал қилмай, илмнинг шаклига берилиб қолишдан огоҳ бўл! Чунки у – дангасалар ҳолидир»– деб сўзини тугатди.

Кошки иш шу ерда тўхтаса. Зотан, бунинг ўзи катта зиён ва муваффақиятсизликдир. Одамларнинг энг ҳасратлиси – ўз билимига бошқаларнинг тарозиси билан боқишидир: унинг билими билан одамлар бахтиёр, ўзи эса бахтиқародир.

Бечора – умрини амал қилмайдиган билимлар олиш билан ўтказган, дунёнинг лаззат ва зийнатларидан маҳрум, охиратнинг неъматларига эриша олмаган ва Аллоҳнинг ҳузурига ўзига зарарли бўлган катта ҳужжат билан келган одамдир. Бунга Суфён ибн Уйайна (раҳимаҳуллоҳ)нинг: «Билим сизга фойда бермаса, зарар беради» деб айтган сўз ҳам, муносиб келади.
Билимга амал қилишнинг самараси шахсни фақатгина ёмонлик, расволик ва хорлик мақомларидан ҳимоя қилар экан, шунинг ўзи билимни кўпайтириш, у билан шуғулланиш ва унга катта эътибор бериш учун кифоядир.

Зарарингга ҳужжатдир амалсиз билим
Узр бўлмас сенга олганинг билим.
Агар буни билган бўлсанг сен аниқ,
Одам сўзини амали қилсин-да тасдиқ.

Сизлар – Аллоҳ устингиздан баракатлар ёғдирсин – билингларки, илмга амал қилиш билимнинг ўрнаши, ёдланиши ва мустаҳкамланишининг катта омилларидан биридир. Чунки илмга амал қилиш илмни эслаш, илм ҳақида тафаккур қилиш ва унга риоя қилишни тақозо этади. Агар банда илмига амал қилишда сустлик қилса, бу – илмни унутиш ва унинг йўқолишига сабабчи бўлади.
Шаъбий (раҳимаҳуллоҳ): «Ҳадисни ёд олишда унга амал қилиш билан ёрдам олар эдик»– деди.
Вакийъ ибн Жарроҳ (раҳимаҳуллоҳ) эса: «Биз илм излашда рўза тутиш билан ёрдам олар эдик»– деди.

Илмга амал қилиш – билимнинг кўпайиши ва мустаҳкамланишининг асосий омилларидан биридир. Чунки билимга амал қилиш Аллоҳга бўлган тақвонинг бир қисмидир. Ҳолбуки Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, сизлар учун хақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ато этади ва ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, сизларни мағфират қилади. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Анфол: 29)– деди.

Билимга амал қилиш ва уни маҳкам ушлаш, одамларнинг олимнинг сўзларини олишларига сабабчидир. Чунки, сўзловчиси биринчи мухолиф бўлган сўзнинг офтоби ўткинчи, юлдузи сўнган ва таъсири йўқдир. Зеро одамлар даъватларнинг тўғрилигини шу даъватларни қилан одамларнинг саботлари ва даъватларига қилган амаллари билангина ўлчайдилар. Билимнинг воқеъда шаклланиши, инсонлар ҳаётига таржима бўлиши ва уни амал билан жонлантириш, даъват ва таъсир омилларининг энг кучлисидир.

Боамал олим ақлларни ўзига жалб қилади. Унинг атрофида бандалар тўпланади. Чунки, ҳамма ҳам чиройли гап айтиши мумкин. Бироқ, одамлар амаллар билангина бир-биридан устун ва имтиёзли бўлишлари мумкин. Халқ гаплар билан насиҳат олишдан кўра, амаллар билан насиҳат олишга кўпроқ муҳтождир.

Илим аҳллари, талабалар, даъват ва уйғонишда иштирок этаётганлар ўзларининг ким эканликларини билсинлар ва нафсларидаги ҳақиқат ва ҳидоятдан тўсадиган иллатларни даволасинлар. Чунки одамлар, илмга мансуб бўлиш билангина кифояланиб, билимига амал қилмаган кимсалардан бирон нарса олмайдилар. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло одамларга яхши ишларни қилишга буюрган, бироқ, ўзларини унутган одамларни айблаб шундай деган: «Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара: 44).

Суфён Саврий (раҳимаҳуллоҳ) шоирнинг ушбу сўзларини такрорлаб юрар эди:

Агар буни билган бўлсанг сен аниқ,
Одам сўзини амали қилсин-да тасдиқ!

Аллоҳ таоло сўз ва амалида содиқ бўлган бандаларни мақтаб шундай деган: «(Одамларни) Аллоҳ(нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, «Шак-шубҳасиз мен мусулмонлардандирман», деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?» (Фуссилат: 33).
Шуҳратлари ёйилган ва Уммат ичида ростгўйликлари билан танилган буюк имомлар ҳаётига назар ташлаган одам, илмга амал қилиш уларни бир шодага терганини билиб олади. Ўзингиз ҳам диндан йўқ бўлган нарсаларни жонлантирган ва Аллоҳ ҳузурада қабул қилинган одамларнинг амал қилганлари учунгина оғиздан тушмаганлари ва тинмай мақтанилганларини кўрасиз. Чунки, илмга амал қилиш инсонни раббонийлар даражасига кўтаради. Раббоний эса ўрганган, амал қилган ва ўргатган одамдир. Амаллик олим эса, илмига амал қилган ва илмини ўргатган олимдир.
Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ) раббоний олимни тавсифлар экан шундай деган: «У – Аллоҳнинг суюклиси, валийси ва танлаб олган бандасидир. У – Ер аҳли ичидан Аллоҳга суюкли бўлганидир-ки, дуоларини Аллоҳ ижобат қилади. У – Аллоҳ ижобат қилган дуосига одамларни чорлайди, ижобати учун эса солиҳ амалларни қилади ва: «Мен мусулмонларданман»– дейди. У – халифадир».
Илмга амал қилиш ҳасанотларга эришиш ва мақомлар юксалишининг омилидир. Шунинг учун Аллоҳ таоло кўплаб оятларда иймон билан амални бир-бирига боғлаб зикр қилди:
«Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун мағфират ва улуғ ажр бўлишини ваъда қилди» (Моида: 9);

«Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Мана шу катта бахтдир» (Буруж: 11).

Бунга ўхшаш оятлар Қуръон Каримда талайгинадир.

Аллоҳ таоло бизни ва сизларни фойдали ва мустаҳкам илмга ва давомий солиҳ амалларни қилишга муваффақ қилсин.

Абу Жаъфар ал-Бухорий таржимаси

Улашинг :
𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *