БИРИНЧИ ДАРАЖА: куфр (ширк)
Куфр — Аллоҳга шерик нисбат қилиш, ҳамда Аллоҳ ва Унинг Расулига (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нисбатан адоватда бўлишдир. Агар Иблис инсонда куфрни пайдо қила олса, иши енгиллашади. Шайтон ундан биринчи бўлиб куфрни талаб қилади, то ўз муродига эришмас экан, тинч қўймайди. Мағлуб бўлиб, кофир ё мушрикка айланган одам шайтоннинг лашкарлари қаторига қўшилади ва Иблис йўлининг даъватчисига айланади.
ИККИНЧИ ДАРАЖА: динда йўқ ибодатлар (бидъат)
Бидъат шайтон учун фасод ва гуноҳлардан ҳам суюклироқдир, чунки бидъатнинг зарари бевосита динга уради, бу — диндаги вабо, бу — тавбасиз гуноҳ, бу — пайғамбарлар чақириғига қаршилик ва куфру-нифоқ эшигидир. Шайтон инсонни бидъат кўчасига бошлар экан, бу киши унинг ёрдамчисига айланади, мабодо бошлай олмаса, мабодо киши бидъатга қарши бўлса, у ҳолда шайтон унга кейинги даражадаги васвасани қўллайди.
УЧИНЧИ ДАРАЖА: катта гуноҳлар (гуноҳи кабиралар)
Мазкур икки даражадан сўнг шайтон инсонни катта гуноҳларга васваса қилади, айниқса, агар бу — унга бошқалар эргашадиган олим киши бўлса. Бу билан шайтон одамларни олим кишидан узоқлаштиришни истайди. Сўнг эса унинг хатоларини одамлар орасида ёйиб, янги эргашувчиларни топади. Гуноҳи кабиралардан тийилмаган кишилар энди ўзларини «оқлаш» учун гуноҳларига диндан «рухсат» излайдилар ва ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром қила бошлайдилар. Аслида эса тўғридан-тўғри Иблисга хизматкорлик қилаётган бўладилар.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир». (Нур:19)
ТЎРТИНЧИ ДАРАЖА: кичик гуноҳлар (гуноҳи сағиралар)
Кичик гуноҳлар кўпайса, катта гуноҳга айланади ва эгасини ҳалок қилади.
Саҳл ибн Саъддан Имом Аҳмад ривоят қилади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Майда гуноҳлардан эҳтиёт бўлинглар. Майда гуноҳларнинг мисоли жар ёқасидаги кишиларга ўхшайди. Биттаси бир қанча ўтин келтирди, бошқаси — яна бир қанча, ниҳоят гулхан ёқишиб, ўзларига таом пиширдилар. Аниқки, кичик гуноҳлар кўпайганда, бандани ҳалок қилади».
Агар шайтон бандани бу даражага олиб кира олмаса, кейинги даражага васваса қилади.
БЕШИНЧИ ДАРАЖА: мубоҳ (рухсат берилган) ишлар
Шайтон мубоҳ ишлар билан машғул қилиб қўяди (масалан, давомли уйқу, ортиқча таом, либосда исроф ёки вақтни бефойда ўтказиш каби). Агар шайтон инсонни бу даражага олиб кира олмаса ва банда ўз вақтини қадрлаб, солиҳ амаллар қилишга интиладиган кишилардан бўлса, у ҳолда шайтон кейинги даражага васваса қилади.
ОЛТИНЧИ ДАРАЖА: иккинчи даражали ишлар
Шайтон бандани иккинчи даражали ишлар билан машғул қилиб, аслида, асосий ишлардан ғафлатда қолдиради. Камдан-кам одам буни фаҳмлай олади. Кўпинча банда Аллоҳдан деб, бирон солиҳ амални бажармоқчи бўлади-ю, аслида шайтондан эканлиги хаёлига ҳам келмайди. Шайтон банда рўбарўсида етмиш яхшилик эшигини очиб, бу эшиклар орқали бир гуноҳга олиб бормоқчи ёки етмиш эшикнинг барчасидан афзал бир яхшилик эшигини ёпмоқчи эканини билмаса, у инсонни кечириш мумкин. Буни фақат барча йўллардан кўра Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йўлини афзал билган, асосий ишларни иккинчи даражали ишлардан фарқлай олган ҳамда барча ишнинг Аллоҳ наздидаги асл қийматини билган зотларгина билиши мумкин. Буни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) меросидан насибадор киши қалбига Аллоҳ таоло тарафидан ато этилмиш нур орқали билиши мумкин. Бу мерос эса фақат у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йўлини ўрганиш ва унга эргашиш орқали қўлга киритилади. Одамларнинг аксарияти ушбу ҳақиқатлардан ғофилдирлар, аммо Аллоҳ таоло Ўз фазлини хоҳлаган кишиларга насиб этади.
Инсонни шайтон мазкур олти даражага олиб кира олмагач, инсон ва жинлардан бўлмиш лашкарини унга қарши ташлайди. Улар бандани маломат қилишади, азият етказмоқчи бўлишади, унга турли айбларни тўнкашади, одамларни ундан бегона қилишади ва унинг қалбидаги иймон, сабот, ғайрат ва шижоатни сўндирмоқчи бўлишади.
Бугунги жамиятда бу яққол зоҳир. Аллоҳнинг динини маҳкам, Расулининг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йўлида мустақим бўлган ҳар бир зот узоқ-яқиндаги дўсту-душман тарафидан барча адоват, ҳақорат ва камситишларга дучор бўлади.
Банда учун фақат Аллоҳ ҳузурида паноҳ излаш йўли қолади.
Барча нарсага қодир Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг ёрдамчисидир, ва охир-оқибат тақводорларники.