الحمد لله رب العالمين والصلاة والسلام على رسوله الأمين وبعد
Ва алайкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Ҳурматли биродаримиз!
Саволларингизга баҳоли қудрат жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Ал-Косоний айтади: “Мусулмонларнинг ерига кофирлар бостириб кирганда жиҳод ҳар бир унга қодир бўлган шахс учун алоҳида фарзи айн бўлади. Чунки Аллоҳ айтган: “(Эй мўминлар) хоҳ енгил, хоҳ оғир ҳолингизда (яъни истасангиз, истамасангиз жиҳодга) чиқингиз ва молу-жонларингиз билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилингиз. Агар билсангизлар, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир”. “Тавба” сураси, 41-оят маъноси.
Бунда ҳар бир киши ҳеч кимнинг рухсатисиз жиҳодга чиқади. Чунки ота-она(устоз, қарз берувчи ва бошқа ҳақдорлар)нинг ҳаққи фарзи айнда инобатга олинмайди. Худди номоз, рўза ва закотдаги сингари…” . (“Бадоиус-саноий”(7-98))
Имом Қуртубий айтади: “Агар кофирлар Ислом юрти чегарасига яқин келиб, куч тўпласа, гарчи бостириб кирмаса ҳам ўша ердаги мусулмонларга дарров қўзғалиб, ўша кофирларга қарши чиқиш вожиб бўлади, токи у ердаги ҳудуд ва чегараларни ҳимоя қилиш учун” (Тафсири Қуртубий 8/ 151-152.)
Ал-Бағовий: “Агар кофирлар Ислом юртига бостириб кирса, улар атрофидаги мусулмонлар учун жиҳод фарз айн ва узоқ ўлкадаги мусулмонлар учун фарзи кифоя бўлади”, – дейдилар (Ал-Бағовий “Шарҳус-сунна”10/ 374)
Ибн Таймийя: «Қачонки душман мусулмон ерларига кирса, шубҳасиз унинг ҳимояси учун туриш вожиб бўлади, аввало бу юртга яқин мусулмонларга, кучлари етмаса ундан сўнг узоқроқ мусулмонларга ва ҳоказо. Чунки мусулмонларнинг минтақалари битта мамлакат сингаридир. Шунингдек бундай жиҳодга ота-она ёки қарз берган одамнинг рухсати шарт қилинмайди».(“Фатаво”(28-418))
Шунингдек Ҳанафий мактабидан Ал-Косоний ва Шофеий мактабидан Ромалийлар ўз китобларида “Жиҳод фарзи айн бўлганда қул ўз эгасидан, аёл киши эса ўз эридан сўраб ўтирмасдан жиҳод қилиши” вожиблиги ҳақида матнлар мавжуд.
Чунки Аллоҳ таоло: Эй иймон келтирганлар, сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида (жиҳодга) чиқинглар, дейилса, ўз ерингизга (яъни, юртингизга) ёпишиб олдингиз?! деган ва уламолар бу ердаги “иймон келтирганлар”дан мурод барча эркак ва аёллардан бўлган иймон келтирганлар дейишади.
Энди, аслида қачон жиҳод фарзи айн бўлади, деган саволга эса қуйида жавоб берамиз:
Маълумки мусулмонларга 3 ҳолатда жиҳод фарзи айн бўлиши ҳақида аҳли сунна уламолари ижмоъ қилишган:
- Мусулмонлар душман аскарлари билан рўбарў келганда ёки тасодифан юзма-юз келиб қиличлар яланғочланганда жиҳод фарзи айн бўлади. Бундай ҳолатда бу ерда мавжуд мусулмонларга гарчи ҳужум-талаб жиҳодида бўлса ҳам ортга қочмасдан жанг қилишлик фарзи айн бўлади. Бунга Бадр жангини мисол қилиш мумкин. Карвонни ғанимат қилиш учун чиққан Росулуллоҳ ва саҳобаларни Аллоҳ катта лашкарга рўбарў қилди. Лекин аслида ўша вақтдаги умумий ҳолат ҳимоя-талаб характерида эмас эди.
- Мусулмонлар умумий бошлиғи жангга сафарбар қилганда ҳам жангга чиқиш фарзи айн бўлади. Бунга мисол қилиб Росулуллоҳнинг саҳобаларни Табук жангига сафарбар қилишларини олиш мумкин. Бунда ҳам жангга чиқиш ҳар бир мусулмонга фарзи айн бўлди. Ҳатто жангдан қолганлик ҳақида узр келтиролмаган учта саҳобага жазо ҳам тайинланган ва охир-оқибат уларнинг тавбаларини Аллоҳ қабул қилган эди.
- Душман мусулмонлар ерига бостириб кирганда, қамал қилганда ёки бостириб кириш мақсадида яқинлашганда жангга чиқиш ҳар бир мусулмонга фарзи айн бўлади. Бунга ҳужжат қилиб Аҳзоб-Ҳандақ жангини келтириш мумкин. Аҳзоб жангида мушриклар бирлашиб Ислом давлати Ясриб-Мадинага ҳужум қилмоқчи бўлган ва шаҳарни қамал қилган эдилар. Бу жангга чиқишлик Исломий давлат – Мадинадаги ҳар бир мусулмонга фарзи айн бўлган эди. Шунингдек ислом юртиларига душман яқинлашганда жиҳод фарзи айн бўлишига баъзи олимлар Табук жангини ҳам ҳужжат қиладилар. Чунки бу пайтда Рум аскарлари қўшин тортиб келаётгани хабари мусулмонларга етган эди.
Бундан сўнг эътиборли ўқувчиларимизда ҳақли бир савол туғилади:
“Юқорида зикр қилинган учта ҳолат учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги қилинган жиҳодлардан мисоллар келтирилди. Бу мисоллар жиҳод фарзи айн бўлган 3 та ҳолат учун мисоллардир. Хўш, ўша мисол келтирилган жангларда ҳам аёллар қатнашганми ва аёллар бу жиҳодга қатнашиши учун Росулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафидан бирон буйруқ бўлганми?”
Худди мана шу савол эса олдимизда кўндаланг бўлган масалани ечишимиз учун биринчи қадам ҳисобланади.
Сийратдан маълумки, юқорида зикр қилинган 3 та мисолдан биронтасида аёллар қатнашмаган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изнлари билан ярадорларга қараш учун чиққан бир неча саноқли ёши ўтиб қолган аёллардан ташқари бу жангларда биронта ҳам аёл қатнашмаган.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари эса биз учун ҳужжат.
Бундан келиб чиқадики, жиҳод эркакларга фарзи айн бўладиган ҳолатларнинг ҳаммасида ҳам жиҳод аёлларга фарзи айн бўлавермас экан.
Бухорий ўзининг “Саҳиҳ”ида, “Жиҳод китоби”, “Аёллар жиҳоди” бобида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:
“Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жиҳодда қатнашиш учун изн сўрадим. У киши эса менга дедилар: “Сизларнинг жиҳодингиз ҳаждир””
Ибн Ҳажар айтади: Ибн Баттол айтадики, “Оишанинг ҳадиси жиҳод аёлларга фарз эмас эканлигини кўрсатади, аммо Росулуллоҳнинг “Сизларнинг жиҳодингиз ҳаждир” деган сўзлари аёллар кўнгилли равишда ёки умуман жиҳоддан қатнаша олмайдилар дегани эмас. ” (“Фатҳул-Борий” 6-жилд, 75-76 бетлар)
Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда эса Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аёллар учун ҳам жиҳод борми? –деб сўрадим, у киши эса айтдилар: “Қитолсиз жиҳод: ҳаж ва умра”” Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деган. (“Ирвоъул-Ғалил”, 5-жилд, 1185-ҳадис)
Ҳадиснинг мазмунидан маълум бўладики, аёллар жиҳодга чақириладиганлар тоифасига кирмайди. Бу умумий фарзи кифоя жиҳоди бўладими ёки фарзи айн жиҳоди бўладими, бунинг фарқи йўқ.
Бухорий ривоят қилган 4416-ҳадисда эса шундай маънолар бор: “Қачонки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотга одамларни сафарбар қилганларида Алий розияллоҳу анҳуни Мадинага ноиб қилиб қолдирдилар. Шунда Алий розияллоҳу анҳу дедилар: “Эй Аллоҳнинг росули, сиз мени болалар ва аёллар билан бирга қолдирасизми?””
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида жиҳод тез-тез фарзи айн бўлган. Аммо бизга ҳатто заиф бўлсада бирон ҳужжат йўқки, унда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни жиҳодга чиқишга буюрган бўлса.
“Аҳзоб, яъни Ҳандақ ғазотида Софийя бинт Абдул-Мутталибнинг Ясрибдаги қалъалардан бирига ҳужум қилган яҳудийни ўлдириб ва калласини узиб, қалъа ташқарисига отиб юборганлиги Ҳандақ ғазотида аёллар ҳам қатнашганига далил бўла олмайдими[1]” деган савол эса масалани ечишимиз учун иккинчи қадамдир.
Бу ғазотда Софийя бинт Абдул-Мутталиб ҳақиқатан ҳам жиҳод қилган ва унинг бу жиҳоди у ва бошқа аёллар учун фарзи айн бўлган. Чунки деярли ҳамма жангга ярайдиган эркаклар Мадина ташқарисида қазилган Ҳандақ олдида йиғилиб, душман ҳужумига пешвоз чиқишган, аёллар эса Мадинадаги қалъалар ичида қолган эди. Бу ерда эътибор беришимиз керак бўлган жиҳат шуки, аёллар ҳам жиҳод фарзи айн бўлди деб душман қаршисига чиқиб кетишмаган, балки Мадина ичкарисида қолишган. Қачонки, Мадинанинг орқа тарафидаги яҳудийлар ўртадаги тинчлик келишувига хиёнат қилиб “Мадинада эркаклар қолмади” деган ўйда аёллар турган қалъалардан бирига ҳужум қилмоқчи бўлишган ва яҳудлардан бири қалъа деворига тирмашиб чиқиб, қалъага кирганида Софийя бинт Абдул-Мутталиб уни ўлдирган ва калласини қалъа деворидан ташқарига отиб юборган. Буни кўрган бошқа яҳудийлар эса “қалъада эркаклар ҳам бор экан” деб, қўрқиб қочиб кетишган. Бу ва бошқа далиллардан келиб чиқадики, аёлларга жиҳод бевосита ўзларини ҳимоя қилишлари учун фарзи айн бўлади. Бу мисолдан кўриниб турибдики, Софийя бинт Абдул-Мутталиб ўзининг бу жиҳоди учун эридан ҳам, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам рухсат сўрамаганлар, рухсат сўрашга фурсат ҳам бўлмаган. Бу эса, валлоҳу аълам, баъзи уламоларнинг “Жиҳод фарзи айн бўлганда қул ўз эгасидан, аёл киши эса ўз эридан сўраб ўтирмасдан жиҳод қилиши” вожиблиги ҳақидаги тафсилдир.
Албатта аёлларга жиҳод қандай ҳолатларда фарзи айн бўлади ва қандай ҳолатларда аёл киши ўз эридан рухсат сўрамасдан жиҳод қила олади деган масалада уламолар хилма-хил фикрлар айтишган. Биз эса бу ҳақда масалани чигаллаштирмасдан, тадқиқотларимиз натижасида ҳосил қилган хулосаларимизни умумлаштириб ёзамиз. Агар бу хулосаларимиз тўғри бўлса Аллоҳнинг фазли бўлиб, хатолар нафсу амморамиз ва шайтондандир. Хато ва камчиликларимиз учун Аллоҳдан паноҳ сўраймиз.
Жиҳод аёлларга 2 та ҳолатда фарзи айн бўлади, аммо бу эркакларнинг ҳолатларидан фарқлидир:
- Биринчиси, аёл киши ёки аёллар жамоасига душман ҳужум қилганда, улар ўзларини ва ёнидаги заифаларни ҳимоя қилиши учун душманга қарши бор имкониятларини ишга солиб урушиши фарзи айн бўлади. Фақат мана шу ҳолатдагина аёл киши ўз эридан сўраб ўтирмасдан жиҳод қилади. Бу ҳукм ичига аёлларни ҳимоя қила оладиган эркаклар мавжуд бўлмаган ёки жуда кам бўлган ҳар қандай ҳолатни киритиш мумкин. Аммо уларни ҳимоя қилишга қодир бўлган эркаклар мавжуд бўлса, унда аёллардан бу вожибот ва рухсат соқит бўлади.
- Иккинчи ҳолат эса жуда нодир бўлиб, душман мусулмонлар юртига бостириб кирганда, ёки мусулмонларнинг шаҳар ёки қишлоқларини қамал қилганда шаҳар ёки қишлоқ аҳлини ҳимоя қилиб, душманни улоқтириб ташлаш учун ҳал қилувчи бир иш бўлса-ю, аммо бу ишни уддалайдиган мутахассис эркак топилмай қолса, унда шу ишни қила оладиган мутахассис аёлга жиҳод, яъни айнан шу иш фарз бўлади. Бу фарзият бу аёлга то унинг ўрнига бирон мутахассис эркак топилгунга қадар давом этади. Масалан, жангда душманга ҳал қилувчи зарба берувчи бир қуролни ишлатишни биладиган биронта эркак киши топилмай қолса ва буни аёллардан бири ишлата олса унда бу аёлга бу ишни қилиш ёки фурсат етарли бўлса уни бошқа эркакларга ўргатиш фарз бўлади. Чунки унинг эркакларга аралашиш мафсадаси, душман бу шаҳарни босиб олиб барча мусулмонларни ўлдириш, асир олиш ва тажовуз қилиш мафсадасидан кичикроқдир. Аммо шундай бўлсада, бу ҳолатда иложи борича маҳрамлик масалаларига эътибор қилиш лозим бўлади. Бу ҳолатда тоқатга қараб аёл киши ўз маҳрамларидан бири билан ёнма-ён туриб жанг қилиши мақсадга мувофиқ бўлади. “Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар” (Тағобун, 16)
Қадрли биродаримиз! Агар ушбу жавобларимизни диққат билан ўқиб чиққан ва ундан қониққан бўлсангиз, саволингизнинг иккинчи қисмига умуман ўрин ҳам йўқлигига амин бўласиз. Чунки аёлларга жиҳодни фарзи айн қиладиган икки ҳолатда ҳам эридан ажрашиш, талоқ ва идда масалалари умуман ноўриндир.
Аммо баъзи иймонли опа-сингилларимиз ўз эрларининг ғайратсизлиги, фарзи айн бўлган жиҳодга қатнашмай фосиқлик тамғасини кўтариб юриши, ёки умуман жиҳодни ва диндаги бошқа вожиботларни инкор қилиб муртад бўлиб қолганини кўтара олмай, ўз эрларидан ажрашиб жиҳод ва ҳижрат майдонларига риҳлат қилишни истаётган бўлсалар, бу масалаларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида бошқа мавзудаги масалалар ҳисобланади. Ҳозир эса шу жавобларимиз билан кифояланамиз.
Шунингдек, қадрли ўқувчиларимиздан ушбу жавобларимизни фатво ўлароқ қабул қилмасликларини сўраймиз. Балки “Савол-жавоблар” бўлимида бераётган барча жавобларимиз аҳли сунна вал-жамоанинг салаф ва замонавий уламолари асарларини ўрганиш жараёнида ҳосил бўлган хулосаларимиздан келиб чиққан. Биз аввалбошдан илмда ноқис эканлигимизни ва Аллоҳнинг илмларига муҳтож эканлигимизни айтиб келганмиз. Шунинг учун фатво ва кўрсатма бериш лаёқатидан йироқмиз. Аммо ўз тушунганларимизни ва хулосаларимизни сиз билан ўртоқлашишда ҳеч қандай мушкулот бўлмайди деб ўйлаймиз. Чунки инсон доимо ким гапирганига эмас, балки нима деганига эътибор бермоғи лозим. Шундай экан берган жавобларимизни Қуръон, Суннат ва Ижмоъга таққосланг. Агар тўғри келмайдиган бирон жиҳати бўлса уни қабул қилмаслик ихтиёри сизда мавжуддир. Албатта бундай ҳолатда бу жиҳатларни бизга ҳам маълум қилиб қўйишингиз мақсадга мувофиқ бўлади. Шояд шу баҳона Аллоҳ бизнинг илмимизни зиёда қилса! Бу нарсаларни қадрли ўқувчиларимиздан илтимос қиламиз.
Аллоҳ барчамизни Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилсин! Агар ушбу жавоблар бирон инсоннинг тўғри йўл топишига сабабчи бўлса Аллоҳга ҳамду-санолар айтамиз. Биз ислоҳнигинa мaқсaд қилдик. Аллоҳгагинa тaвaккул қилдик. Aллоҳ тaъоло ушбу сўзларни эшитувчи қулоқ вa тушунувчи қaлблaргa eтишигa муяссaр қилсин. Вa сўнгги дуомиз: «Бaрчa олaмлaр роббиси бўлгaн Aллоҳгa ҳaмдлaр бўлсин!».