Итлар посбон Ўзбекистон!

ШЕЪРИЯТ БЎСТОНИ
Итлар посбон Ўзбекистон!
 
Зиндон жаҳон Ўзбекистон.
Манқурт макон Ўзбекистон.
Нортуялар қайда қолди?
Итлар посбон Ўзбекистон!
 
Шоирларинг мақтов битар,
Ёзувчилар елка ёғлар,
Олимларинг писта сотар,
Ҳақлар талон Ўзбекистон!
 
Қиз-жувонлар кўча-кўйда,
Алп йигитлар ишсиз, уйда,
Қариялар ғамгин ўйда,
Халқлар нолон Ўзбекистон!
 
Имомлари хиёнатчи,
Миршаблари жиноятчи,
Ўғри, каззоб - сиёсатчи,
Жосусга жон Ўзбекистон!
 
Маош нима билмас деҳқон,
Ёзу-қишин ишлар ҳайрон.
Мамлакат бош-оёқ вайрон,
Вайрон ҳамон Ўзбекистон!
 
Тарозидан урар тожир,
Фоизга қарз берар нозир,
Ёшу-қари бирдек фожир,
Ҳаром равон Ўзбекистон!
 
Қозилари пора олар,
Посбонлари элни талар,
Ҳокимлари ялоқ ялар,
Ислом вайрон Ўзбекистон!
 
Меҳмонхона тан бозори,
Ҳаё, номус, шаън бозори,
Балки чўри, зан бозори,
Номус талон Ўзбекистон!
 
Ёлғон қонун, ёлғон хабар,
Ёлғон шафқат, ёлғонпарвар,
Ёлғон ҳуқуқ, ёлғон раҳбар,
Ёлғон фармон Ўзбекистон!
 
Фуқаролар ҳимоясиз,
Чақалоқ йиғлар доясиз,
Бу не мафкура ғоясиз,
Оҳ, нотавон Ўзбекистон!
 
Иқбол сохта, сохта мозий,
Сохта низом, сохта қозий,
Сохта арбоб, сохта доҳий,
Сохта майдон Ўзбекистон!
 
Ислом учун қурилди дор,
Иймон учун тўкилди ор,
Динга қарши фармон, қарор,
Иймон қирон Ўзбекистон!
 
Яратганнинг шариатин,
Расулининг васиятин,
Ота-бобо насиҳатин
Қилган нисён Ўзбекистон!
 
Юз минг ўғлон зиндонбанди,
Диёнатга жанг бошланди.
Бека тул, аҳли-дилбанди
Ёшлик мужгон Ўзбекистон!
 
Қишлоқ хароб, кент вайрона,
Вайрона минг-минг корхона,
Қурар янги қамоқхона
Дорул армон Ўзбекистон!
 
Маҳкама фитна режалар,
Сўнг алдов бирла бежалар.
Олим, фозил, минг нечалар
Бўлди қурбон, Ўзбекистон!
 
Бор мамлакат сармояси –
Бир олчоқнинг ҳимояси!
Қайда сукут ниҳояси,
Қайда виждон Ўзбекистон?!
 
Бир яҳудни билдингми бош?
Кўзинг ўйиб, чизади қош!
Фарзандларинг ютар қум, тош,
Бошсиз қолғон Ўзбекистон!
 
Тўн ямоқ, йиртик чориғинг,
Ҳисобсиз яра, чандиғинг.
Шуми буюк келажагинг?
Бечора жон Ўзбекистон!
 
Америка нима берар?
Пўстинг чақиб, мағзинг терар.
Ёғинг сўриб, кўкрак керар,
Оши ёвғон Ўзбекистон!
 
Боқ, Чингиз чанг узатганин,
Мардлар чўкмай тиз отганин.
Кўрдингми ёв тузатганин?
Ўйлагин жон Ўзбекистон!
 
Ўрис оғанг не кўрсатди?
Қўлинг боғлаб, тилланг сотди.
Кечаю-кундуз ишлатди
Бермай червон Ўзбекистон!
 
Токай ит ичар ошингни,
Чеки борми бардошингни?
Юзи куйсин юртбошингни,
Куйган ёрон Ўзбекистон!
 
Улуғлаган билан эшак,
Эшакликча қолар бешак!
Соясига солма тўшак,
Бўлгин инсон, Ўзбекистон!
 
Нега бунча жимсан узоқ,
Ухлармисан, олди чарчоқ,
Ўлдирдими мудҳиш қийноқ,
Ё чалажон Ўзбекистон!?
 
Унутдингми эрк орзусин,
Келажак авлод қайгусин?
Ҳамияту ишқ туйғусин
Босди тўфон, Ўзбекистон!
 
Ҳимоя қил, сақла номус!
Ҳақ йўлида ёққил фонус!
Айламасдан сени жосус
Бехонумон, Ўзбекистон!
 
Бухорийнинг риёзатин,
Тирмизийнинг заковатин,
Мангуберди жасоратин
Кўрсат аён Ўзбекистон!
 
Тур мусулмон, уйғон халқим!
Ўзгача тус олди талқин.
Сени йўқ қилмокчи малъун,
Тур паҳлавон, Ўзбекистон!
 
Берунийга кўк очди юз,
Улуғбекка кулди юлдуз,
Ибн Сино отди илдиз
Шул деб макон, Ўзбекистон!
Кўзғолмасанг қайда толе?
Ҳақ йўлида кўпдир монеъ
Ким роҳибдир, Аллоҳ - Восеъ.
Шул жараён, Ўзбекистон!
 
Борми сендек бахти қора,
Юртида қул, хор, бечора?!
Кураш, интил, изла чора,
Қил ғалаён, Ўзбекистон!
 
Бугун сени кўп мақтадим,
Оч биқинингга ниқтадим.
Ахир сенмасмидинг қадим?
Оромижон Ўзбекистон!
 
Эдинг-ку машҳури жаҳон,
Шарқ машъали, номи достон!
Аслингни кўрарман қачон?
Олам, жахон Ўзбекистон!
              * * *
Қарғага эргашган ейди ўлакса,
Бойқушнинг қавмига хароба маскан.
Хулоса шул эрур, қиссадан ҳисса -
Бугун Ўзбек учун зиндондир Ватан!
 
Абу Абдуллоҳ Бухорий
Улашинг :
𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org