Бану Тамимлик Омир ибн Абдуллоҳнинг ҳаётидан ҳикоялар

ҲИКОЯЛАР

 “Зоҳидлик саккиз кишига қолди. Уларнинг бошида Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий турадилар”. (Улқума ибн Мурсад.)

Биз ҳозир ҳижратнинг ўн тўртинчи йилидамиз.

  Саҳобаи киромлар ва улуғ ёшли тобеинлардан иборат ҳидоятчи бинокорлар мусулмонлар халифаси Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амри билан Басра шаҳрининг чегараларини чизмоқдалар. Улар бу ерни Форс шаҳарларида ғазот қилаётган мусулмон қўшинларининг ҳарбий истеҳкомига, даъватнинг маркази ва ер юзида Аллоҳнинг калимасини олий қилиш минорасига айлантириш учун азму қарор қилганлар.

  Араб жазирасининг ҳамма ерларидан: Нажддан, Ҳижоздан, Ямандан мусулмон жамоалар янги шаҳар томон йўлга тушишган. Улар чегара вилоятга ўрнашиб, душман томонга қалқон бўлишлари керак. Нажддан Басрага ҳижрат қилганлар ичида Бани Тамим қабиласидан бўлмиш Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий ал-Унбарий деган йигит ҳам бор эди.

* * *

  Омир ибн Абдуллоҳ мўйлаби эндигина сабза урган, тиниқ юзли, покиза руҳли, тақводор қалбли ёш йигитча эдилар.

Басра ёш бўлишига қарамай, ҳарбий ҳаракатлар натижасида қўлга киритилган ўлжалар ёғилиб тургани, қуйма олтинлар оқиб келаётгани туфайли мусулмонларнинг энг бой шаҳарларидан ҳисобланарди.

Лекин Бани Тамимлик Омир ибн Абдуллоҳни буларнинг ҳеч бири қизиқтирмас эди. У одамларнинг қўлидаги нарсаларга аҳамият бермас, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсагагина интилар эди. У дунё ва унинг зийнатидан юз ўгирган, Аллоҳ ва Унинг розилигига юзланган йигитча эди.

Шу кунларда Басранинг энг кўзга кўринган кишиси улуғ саҳобий Абу Мусо ал-Ашъарий разияллоҳу анҳу бўлиб, у киши гуллаётган шаҳарнинг волийси қилиб тайинландилар.

Абу Мусо Басрадан турли томонларга юбориладиган мусулмон қўшинларининг қўмондони эдилар. У зот Басра аҳлининг пешвоси, муаллими ва Аллоҳ Таолонинг йўлига бошловчи муршид, раҳнамо эдилар.

* * *

Омир ибн Абдуллоҳ урушда ҳам, тинчликда ҳам Абу Мусо ал-Ашъарийнинг этагидан тутдилар, сафарда ҳам, муқимликда ҳам доим бирга бўлдилар. У зотдан Аллоҳнинг Китобини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларига қандай тушган бўлса ўшандайича соф ҳолда, гўёки ҳали сиёҳи қуриб улгурмаган саҳифадан ўқиётгандек ўргандилар. Расули акрамга боғланадиган саҳиҳ ҳадисларни Абу Мусодан ўзлаштирдилар ва ривоят қилдилар. Шундай қилиб Абу Мусо ал-Ашъарийнинг қўлларидан Аллоҳ азза ва жалланинг динини ўзлаштириб, уни яхши тушунадиган бўлиб чиқдилар.

Ўзларига етарли бўлган илмни олиб бўлганларидан сўнг ҳаётларини уч қисмга бўлдилар:

Вақтларнинг бир қисмини зикр халқаларида ўтказиб, Басра масжидида одамларга Қуръон ўргатардилар;

Яна бир қисмини хилватда ибодат билан ўтказар, то оёқлари толиққунча тик туриб, Аллоҳга ибодат қилар эдилар.

Яна бир қисмини эса жиҳод соҳасида ўтказар, Аллоҳ йўлида қилич солиш билан машғул бўлар эдилар.

Омир ибн Абдуллоҳ ҳаётларида шулардан ташқари ҳеч нарсага ўрин қолдирмаган эдилар. Натижада у зотни Басранинг обиди ва зоҳиди деб номлай бошладилар.

* * *

Омир ибн Абдуллоҳ ҳақидаги маълумотлардан бохабар бўлиш учун басраликлардан бирининг ҳикоясига қулоқ тутайлик-чи:

…Мен карвон билан сафар қилдим, карвонда Омир ибн Абдуллоҳ бор эди. Кеч тушгач, сув бўйидаги дарахтзорга тушдик.

Омир ўз буюмларини ерга туширди-да, отини дарахтга боғлаб, унинг тизгинини узун қилиб қўйди ва отни тўйдирадиган миқдорда хашак йиғиб келиб, олдига ташлади. Кейин эса дарахтзорга кириб, панага ўтди.

Мен ўзимга ўзим дедим:

– Худо ҳаққи, унинг кетидан бориб, бу кеча дарахтзор, чакалакзор ичкарисида нималар қилишини бир кузатайин.

Ибн Абдуллоҳ юриб-юриб дарахтлар билан ўралган, кўздан пана бир тепаликка етганда тўхтади. У қиблага юзланиб, тик туриб намоз ўқий бошлади. Мен унинг намозидан гўзалроқ, мукаммалроқ ва тавозеълироқ намозни кўрмаганман.

У Аллоҳ хоҳлаганича намоз ўқигач, Аллоҳга дуо ва муножот қила бошлади. Унинг дуосида қуйидаги сўзлар бор эди:

“Илоҳим, мени Ўз амринг билан яратдинг, Ўз хоҳишинг билан мени бу дунё балоларига йўлиқтирдинг. Сўнгра менга: “Ўзингни тўғри тут!” дединг. Эй қудратли, эй мустаҳкам зот, мени Сен Ўз лутфинг билан тутиб турмасанг, мен ўзимни қандай тутиб қоламан?

Илоҳим, шубҳасиз Сен яхши биласанки, агар дунё ва ундаги нарсаларнинг ҳаммаси меники бўлса-ю, Сенинг розилигинг учун уларни мендан сўраладиган бўлса, сўровчига ҳаммасини албатта тортиқ қилган бўлардим. Нафсимни менга тортиқ қил – уни менга бўйсундириб бер, эй раҳмлиларнинг раҳмлиси!

Илоҳим, Сенга бўлган муҳаббатим менинг барча мусибатларимни енгиллаштирди ва ҳар қандай қазои қадарга кўниктирди.

Сенга бўлган муҳаббатим туфайли қай ҳолда тонг орттиришим-у қай ҳолда кунни кеч қилишимга парво қилмай қўйганман…”

* * *

Басралик одам айтади: Сўнгра мудроқ босиб уйқуга кетиб қолибман. Бир маҳал уйғониб қарасам, Омир ҳали ҳам турган жойида намоз ва муножот билан машғул экан. Бу ёқда эса тонг отиб қолибди.

Бомдод вақти киргандан кейин намозни адо этди ва дуога юзланди:

– Эй Аллоҳим, мана тонг отди. Одамлар Сенинг фазлингни талаб қилиб, кезиб юришни бошладилар. Албатта уларнинг ҳаммаларининг ҳожатлари бордир…

Омирнинг Сендаги ҳожати эса уни мағфират қилишингдир.

Эй Аллоҳим, менинг ҳожатим ва уларнинг ҳожатларини бергин, эй сахийларнинг сахийи!

Эй Аллоҳим, мен Сендан уч нарсани тилагандим. Иккитасини бердинг-у биттасини бермадинг.

Эй Аллоҳим, шу тилагимни менга бергин, токи Сенга ўзим яхши кўрганимдек ва хоҳлаганимдек ибодат қила олай…”

Кейин ўтирган жойидан турди-ю тўсатдан кўзи менга тушди. Дарҳол менинг ушбу кечадаги ишимни тушунди ва қаттиқ беҳаловатлик билан афсус оҳангида мендан сўради:

– Ўйлашимча, кечаси мени кузатиб ўтирганга ўхшайсан-а, басралик биродар?

– Ҳа, – дедим мен.

– Мендан нимани кўрган бўлсанг, уни яширгин, Аллоҳ сенинг айбларингни яширсин.

Мен бўлсам:

– Худо хаққи, сен Роббингдан сўраган бу уч нарсани менга айтиб берасан ёки сендан нимани кўрган бўлсам уни одамларга гапириб, сўзлаб бераман – дедим.

– Ўтинаман, асло бундай қилма, – деди Омир.

– Йўқ шундай қиламан, – деб туриб олдим. Менинг сўзимда қатъий эканимни кўрганидан кейин у айтди:

– Кўрганларинг ҳақида ҳеч кимга хабар бермаслигингни айтиб, Аллоҳ номи билан ваъда берсанг, сен сўраган нарсани айтиб бераман.

– Токи сен ҳаёт экансан, сирингни очмайман, деб Аллоҳ номи билан ваъда бераман!

Шунда у деди:

– Мен учун динимга аёллардан қўрқинчлироқ нарса йўқ эди. Мен Роббимдан уларга бўлган муҳаббатни қалбимдан олиб ташлашини сўрадим ва Роббим истагимни ижобат қилди. Ҳатто мен аёлни кўрдимми ёки деворними – бунинг менга фарқи қолмади.

– Хўп бу биринчиси экан. Иккинчиси нима? – деб сўрадим. У айтди:

– Иккинчиси шуки, мен Роббимдан ундан ўзга ҳеч кимдан қўрқмасликни сўрагандим. Роббим бу истагимни ҳам ижобат этди. Ҳатто ҳозир, Аллоҳга қасамки, осмонлару ердаги Ундан ўзга ҳеч бир нарсадан қўрқмайман.

– Учинчиси-чи? – дедим. У айтди:

– Мен Роббимдан кечаю кундуз ўзим хоҳлаганимдек ибодат қила олишим учун Ундан мендаги уйқуни олиб қўйишини тилагандим. Бироқ Роббим учинчи тилагимни бермади…

Унинг бу сўзларини эшитиб бўлгач, дедим:

– Ўзингга раҳм қилсанг-чи. Сен тунни ибодатда қоим бўлиб, кунни рўзадор бўлиб ўтказасан. Ахир сен қилаётганингдан камроғи билан ҳам жаннатга етиш, қилаётган меҳнатингдан озроғи билан ҳам дўзахдан сақланса бўлади-ку! У айтди:

– Мен надомат фойда бермайдиган кунда надомат қилиб қолишдан қўрқаман. Худо ҳаққи, астойдил ибодат қилишга қачон имкон топилди, дегунимча жон – дилим билан ибодатга киришаман.

Агар нажот топсам Аллоҳнинг раҳматидандир. Борди-ю дўзахга кирсам ўзимнинг камчилигимдандир.

* * *

Лекин Омир ибн Абдуллоҳ фақат тунги обидлардан эмас, балки кундузги чавандозлардан бири ҳам эдилар. Қачонки жарчи Аллоҳ йўлидаги жиҳодга чорласа, Омир бу чақириққа албатта биринчи бўлиб жавоб берувчилардан бўлар эдилар.

Қачонки мужоҳидлар билан бирон-бир ғазотга чиқсалар, ўз ҳамроҳларини танлаб олиш учун бир тўхтаб, одамларни кузатиб олардилар.

Агарда ўзларига тўғри келадиган гуруҳни топсалар:

– Мен сизлар билан бирга бўлмоқчи эдим. Бунинг учун ўзингиздан уч нарсани менга берсангизлар – дер эдилар.

– Улар нималар экан? – деб сўрашарди одамлар.

– Биринчиси шуки, – деб сўзни бошлардилар – Мен сизларнинг ходимингиз бўламан, ҳеч ким ҳеч қачон мен билан хизматни талашмайди. Иккинчиси эса, мен сизларга муаззин бўламан. Ҳеч ким намозга чорлашни мен билан талашмайди. Учинчиси шуки, мен тоқатим етганча сизларга нафақа бериб, инфоқ-эҳсон қилиб тураман.

Агарда “хўп” дейишса, уларга қўшилардилар. Борди-ю улардан бири бу ишлардан биронтасида тортишгудек бўлса, бошқалар олдига кетиб қолардилар.

* * *

Омир ибн Абдуллоҳ хавф-хатар зўрайганда пайдо бўлиб, ўлжа тақсимотида ғойиб бўлиб қоладиган мужоҳидлар сирасига кирардилар. Бошқаларда йўқ шиддат билан жангга шўнғиб кетардилар. Лекин бошқалар тортинмайдиган ўлжалар тақсимланадиган фурсатда тортиниб турардилар.

* * *

Саъд ибн Абу Ваққос Қодисия жангидан сўнг Кисронинг қасрига тушдилар ва Амр ибн Муқарринга ўлжаларнинг бешдан бир қисмини Байтул-молга юбориб, қолганини мужоҳидларга тақсимлаб бериш учун уларнинг ҳаммасини йиғиб келтиришни амр этдилар. Шундан сўнг таърифу тавсифдан юқори бўлган саноқсиз моллар олдиларида тўпланди.

Мана булар Форс подшоҳлари овқатланадиган тилла ва кумуш идишлар тўлдирилган катта-катта қоплар…

Анавилар Кисронинг кийимлари, тақинчоқлари, ҳамда дуру жавоҳирлар билан безатилган дубулғалари тахлаб солинган, нафис ёғочдан ясалган сандиқлар…

Мана булар эса нафис безаклар ва ғаройиб ашёлар билан тўлдирилган қутилар…

Ушбулар бўлса навбатма-навбат ҳукм сурган Форс подшоҳларининг қинида сақланаётган қиличлари…

Тарих давомида форсларга бўйин эгган подшоҳ ва қўмондонларнинг қиличлари…

* * *

Хизматчилар мусулмонларнинг кўз ўнгида бу ўлжаларни ҳисоблаб турар эканлар, сочлари тўзғиган, бошига чанг ўрнаган бир киши ҳажми катта, вазни оғир бир хумни иккала қўли билан кўтариб кириб келди.

Синчиклаб қараб, бундай ажойиб идишни ҳечам кўрмаганлари ва йиғиб келтирган нарсалари ичида бунга тенг келадиган ёки яқинлашадиган ҳеч нарса йўқлигига ишонч ҳосил қилдилар.

Ичини кўрганларида у қимматбаҳо жавоҳирларга тўлдирилган эди.

– Бундай катта хазинани қаердан олдинг? – деб сўрашди.

– Фалон жангда, фалон жойда қўлга киритдим.

– Ундан бирон нарсани ўзингга олдингми?

– Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин – деди у – Худо ҳаққи, ушбу хум ҳам, Форс подшоҳларининг барча мулклари ҳам менинг наздимда тирноқ парчасидек қийматга эга эмас. Агар бунда Байтул-молнинг ҳаққи бўлмаганида эди, уни ўрнидан кўтармаган, олдингизга олиб келмаган бўлардим.

– Аллоҳ сени ҳурматласин, кимсан ўзинг? – деб сўрадилар.

– Йўқ, – деди у одам – Аллоҳга қасамки, мени мақтанглар деб сизларга отимни айтмайман ва бошқаларга ҳам мени мақташлари учун ўзимни танитмайман. Лекин мен Аллоҳга ҳамд айтаман ва Унинг савобидан умид қиламан.

Кейин у одамларни қолдириб, чиқиб кетди.

Одамлар ўзларидан бир кишига унинг кетидан бориб, у ҳақда хабар олиб келишни буюрдилар.

У бояги одам ўз шерикларининг ҳузурига етиб олгунча кетидан билдирмай кузатиб борди ва шерикларидан унинг кимлигини суриштирди.

– Ие, уни танимайсанми? – дейишди унинг шериклари – У Басра зоҳиди Омир ибн Абдуллоҳ-ку.

* * *

Лекин юқорида айтиб ўтилганига қарамай, Омир ибн Абдуллоҳнинг ҳаёти беҳаловатликлар ва инсонлар азиятидан ҳоли ўтмади. Ҳақ сўзни очиқ айтадиган, ёмонликни инкор қилиб, уни кетказишга ҳаракат қиладиган одамларнинг бошига тушадиган ҳолатлар бу кишининг ҳам рўпарасидан чиқиб қоларди.

Ана шундай азиятлардан бирига йўлиқишлари учун қуйидаги воқеа сабаб бўлган:

Басра миршаблари бошлиғининг муовинларидан бири аҳли зимма дан бўлган бир кишини ушлаб олиб тортқилаб кетаётган эди. Зиммий одамларни ёрдамга чақириб:

– Мени қутқаринглар, Аллоҳ сизларни қутқарсин. Эй мусулмонлар жамоаси, Пайғамбарингиз зиммасини ҳимоя қилинглар – деб зорланарди. Омир унга юзланиб:

– Жизяни тўлаганмисан? – деб сўради.

– Ҳа тўлаганман, – деб жавоб берди у. Омир зиммийнинг бўйнидан тутиб турган кишига қараб:

– Ундан нима истайсан? – деб сўрадилар. У:

– Уни миршаблар идорасининг боғини тозалаш учун олиб кетмоқчиман, – деб жавоб берди.

– Бу иш ўзингга ёқадими? – деб сўрадилар зиммийдан.

– Ҳечам! – деди у, – ахир бу менинг кучимни кеткизиб, оиламга озуқа топишимдан тўсиб қўйиш деган гап-ку!

– Уни қўйиб юбор, – дедилар.

– Қўйиб юбормайман! – деди ҳалиги одам.

Шунда Омир бирданига ташланиб, зиммийни ўз ридолари билан ўраб олдилар-да:

– Аллоҳга қасамки, токи мен тирик эканман, Муҳаммаднинг аҳди бузилмайди! – дедилар. Буни кўриб одамлар тўпланди. Улар Омирга ёрдам бериб, зиммийни қутқариб олдилар.

Иш бундай бўлганини кўрган миршаблар бошлиғининг муовинлари Омир итоатсизлик қилмоқда, деб даъво қилдилар, ҳамда уни суннатга ва жамоатга қарши чиқишда айблаб, айтдиларки:

– Бу одам аёлларга уйланмайди, ҳайвонлар гўштини ва сутини истеъмол қилмайди ва ҳокимлар мажлисларида иштирок этишдан ўзини юқори тутади.

Улар унинг ишини амирул-муъминийн Усмон бин Аффон разияллоҳу анҳуга етказдилар.

* * *

Халифа ўзларининг Басрадаги волийларига Омирни ўз ҳузурига чақириб, унга тақалган айбни суриштириб кўриш ва охирида бу ҳақда хабар етказишни амр этдилар.

Басра волийси Омирни чақиртирди ва:

– Амирул-муъминийн, – Аллоҳ унинг умрини узун қилсин, – сенга тақалган айбларни суриштиришни менга топширдилар, – деди.

Омир айтдиларки:

– Амирул-муъминийн нимани буюрган бўлсалар, уни мендан сўрайверинг.

Волий:

– Нега сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан чекиниб, уйланмай юрасан? – деб савол берди. Омир жавоб бердилар:

– Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидан чекиниб уйланмай қўйганим йўқ. Исломда роҳиблик йўқлигини тан оламан. Бироқ мен ўзимнинг биттагина нафсим борлигини кўриб, уни Аллоҳ азза ва жаллага бағишлаб қўя қолдим, нафсимга хотин ғолиб бўлишидан қўрқдим.

– Нима учун сен гўшт емайсан?

– Йўқ, мен уни қачон ейишни хоҳласам ва топа олсам ейман. Борди-ю хоҳламасам ёки хоҳласаму топа олмасам емайман.

– Нечун пишлоқ емайсан?

– Мен истиқомат қиладиган ерда мажусийлар бўлиб, улар пишлоқ тайёрлашади. Улар ўлимтик билан сўйилган ҳайвонни ажратмайдиган қавмдирлар. Мен эса улар тайёрлаётган пишлоққа қўшиладиган чарвини ҳаром ўлган қўйдан олинган бўлишидан қўрқаман. Қачонки мусулмонлардан икки киши бу пишлоқнинг сўйилган қўйдан тайёрланганига гувоҳлик берса, уни еявераман.

Охири волий:

– Волийлар ҳузурига келиш ва уларнинг мажлисларида иштирок этишдан сени нима тўсади? – деб сўради. Дедиларки:

– Сизларнинг эшикларингизда кўплаб ҳожатмандлар бор. Сизлар уларни чақиринг, ҳузурингизда уларнинг ҳожатларини битиринг. Ҳузурингизда ҳожати бўлмаганларни эса қўяверинг.

* * *

Омир ибн Абдуллоҳнинг сўзлари Амирул-муъминийн Усмон ибн Аффонга етказилди. Халифа ундан итоатсизлик ёки суннат ва жамоатга қарши чиқиш аломатларини топмадилар.

Бироқ бу ёмонлик оловини ўчирмади.

Омир ибн Абдуллоҳ атрофида гап-сўз купайди. Сал бўлмаса Омирнинг дўстлари ва хизматчилари ўртасида фитна чиқиб кетай деди. Шундан сўнг Усмон разияллоҳу анҳу уларни Шом шаҳарларига бориб, ўша ерда туриб қолишга буюрдилар. Шомдаги волийлари Муовия бин Абу Суфёнга эса Омирни яхши кутиб олиб, ҳурматига риоя қил дея тавсия бердилар.

* * *

Омир ибн Абдуллоҳ Басрадан сафарга чиқадиган биродарлари ва шогирдларидан кўпгина халойиқ видолашмоқ учун у зот билан бирга чиқдилар. Улар Марбад маҳалласига етгунча эргашиб боришди.

Ўша ерда Омир:

– Мен дуо қиламан, сизлар дуоимга омин деб туринглар, – дедилар. Одамлар бўйинларини у томонга чўзишди. Ҳаракатлари тўхтаб, у кишига қулоқ беришди. Шунда қўлларини кўтариб, дуо бошладилар:

– Эй Аллоҳим, кимки мен ҳақимда бичиб-тўқиган, ёлғон гапирган, ҳамда шаҳримдан чиқарилишимга ва дўстларимдан айрилишимга сабаб бўлган бўлса, эй Аллоҳим, мен уни кечирдим. Сен ҳам уни кечиргин… Унга дини ва дунёсида офият бергин… Мени ҳам, уни ҳам ва барча мусулмонларни ҳам Ўз раҳматинг, авфинг ва эҳсонинг билан кўмиб юбор, эй раҳмлиларнинг энг раҳмлиси.

Шундан кейин уловларини Шом дарёлари томон юзлантириб, йўлга тушдилар.

* * *

Омир ибн Абдуллоҳ қолган ҳаётларини Шом шаҳарларида ўтказдилар. Истиқомат қилиш учун Байтул Мақдисни ихтиёр этдилар. Шом амири Муовия ибн Абу Суфёндан ўзларига лойиқ бўлган яхшилик ва ҳурмат-иззат кўрдилар.

Вафот этар чоғлари бетоб бўлиб ётганларида асҳоблари у кишининг олдиларга кириб, у зотни йиғлаётган ҳолда кўришган экан. Шунда улар:

– Нечун йиғлаяпсиз, ахир сиз шундай одам эдингиз-ку?! – дейишди. Омир эса:

– Аллоҳга қасамки, мен дунёга ҳирс қилганимдан ёки ўлимдан қўрққанимдан йиғлаётганим йўқ. Мен фақат сафарнинг узоқлиги-ю озуқанинг озлигидан йиғламоқдаман. Мен тепалик ва пастлик ўртасида туриб қолдим… Ё жаннатга ё дўзахга… Қай бирига бораман – буни билмайман, – деб жавоб бердилар.

Сўнгра охирги нафасларини олар эканлар, Аллоҳнинг зикрини тилдан қўймадилар…

У ерда… У ерда, икки қибланинг биринчисида… Ҳарамайннинг учинчисида… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда сайр қилдирилган маконда Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий қарор топдилар… Аллоҳ Омирнинг қабрларини нурли қилсин…

Аллоҳ мангу жаннатларда у кишининг юзларини яшнатсин…

Абдурраҳмон Раъфат Ал-Бошонинг

“Тобеинлар ҳаётидан лавҳалар” китобидан

Ҳасан Солиҳ таржимаси

Улашинг :
𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *