Комил иймон сифатлари ҳақида (Ўқиб чиқишни тавсия қиламиз)

МАҚОЛАЛАР

   Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирортангиз то, мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди»-дедилар». (Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилган)

Шарҳ: Муаллифнинг «Комил иймон сифатлари ҳақида» боб очишининг ўзи, ғайри комил иймон ҳам борлигига далолат қилади. Чунки, бу бобда келтирилган ҳадисларда лафзлар иймонни манфий қилса ҳам, маънолар бутунлай иймонни эмас, балки иймоннинг комиллигини манфий қилувчидир.

   Бу бобдаги биринчи ҳадис ровийлари буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудир. Аввал у зот билан танишиб чиқайлик: Анас ибн Молик Ибн Назр ал-Ансорий, ал-Хазражий, ан-Нажжорийнинг кунялари Абу Ҳамза, оналари Умму Сулайм бинти Милҳон. У кишининг ёшлари ўнга етганда оналари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига берадилар. Мана шу кундан бошлаб, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Анас ибн Моликга бўлган муомалалари хўжайиннинг хизматчисига қилган муомаласидек бўлмай, балки отанинг боласига қилган муомаласидек бўлар эди. Бу зот ўзлари айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб сўрамас эдилар. Балки «Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди», дер эдилар».

  Сайёр ибн Рабиадан ривоят қилинади: «Анас ибн Молик айтадиларки, бир куни онам билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордик. Онам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ходимингизнинг ҳаққига дуо қилинг», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳ, буни молу-дунёсини кўп қилиб, умрини узоқ қилгин ва гуноҳларни мағфират айлагин», дедилар».

  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Анас ибн Моликдан бошқа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларига ўхшаш намоз ўқийдиган бирор бир кишини кўрмадим», дейдилар.

  Сумома ибн Абдуллоҳ: «Анас ибн Молик намозда қиёмни узоқ қилар эдилар, ҳатто оёқларидан қон чиқиб кетарди», дейдилар.

   Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Анасни Баҳрайнга юбориш ҳақида ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан маслаҳат сўраганларида хазрати Умар Анаснинг тақволарини ва узоқ вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганларини эътиборга олиб, «у оқил йигитлардан эди», деб мақтаганлар.

   Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Бадр ғазотидан ташқари барча ғазотларда иштирок этдилар. Бадр ғазотида ёшлари кичкина бўлгани сабабли қатнаша олмаганлар.

  Анас ибн Молик ҳаммаси бўлиб 2286та ҳадис ривоят қилиб, Абу Ҳурайра ва Ибн Умарлардан кейинги ўринларни эгалладилар. Бу зотдан Ибн Сийрин, Собит ал-Буноний, Қатода, Ҳасан Басрий, Зуҳрий ва бошқалар ривоят қилишган. Анас розияллоҳу анҳу ҳаётларининг охирида Басрага кўчиб ўтдилар ва ўша ерда ҳижратнинг 93 йилида вафот этдилар. У зотни Муҳаммад ибн Сийрин ювиб, Қатода ибн Мудрик жанозаларини ўқидилар. Анас ибн Моликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган ҳассача бўлиб, васиятларига биноан вафотларидан кейин у киши билан бирга кўмилди.

   Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «мўмин бўла олмайди» деганларидан мурод, комил иймонли мўмин бўла олмайди, деганларидир. Чунки, бу ерда гап эътиқод ҳақида эмас, майл ҳақида кетмоқда. Агар эътиқод бўйича бирор киши нафақат ота-она ёки болани, Расулуллоҳдан бошқа бирор шахсни афзал кўрса кофир бўлиши турган гап. Ушбу ҳадисдаги муҳаббатдан мурод ота-она ёки болага бўладиган меҳр-шафқат ҳам эмас, бошқа инсонга бўладиган ишқ ҳам эмас. Балки, маҳбубга нисбатан фидокорлик ва ҳар бир нарсани қурбон қилишга тайёр туриш ҳамда муҳбубнинг амрини бажариб, унинг розилигини топишга уринишдир. Демак, мўмин банда учун Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу масалада ўз ота-онасидан ҳам, боласидан ҳам, бошқа барча одамлардан ҳам устун туришлари керак.

Уламоларимиздан Абуз Зинод муҳаббатни учга бўладилар:

1. Улуғлаш ва таъзим муҳаббати, асосан ота-онага бўлади.
2. Раҳм-шафқат муҳаббати, асосан фарзандларга бўлади.
3. Ўзаро гўзал хислатларни қадрлаш муҳаббати-ўзга одамларга нисбатан бўлади.

   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларида ўзларига нисбатан муҳаббатнинг уч тури ҳам, ҳаммага бўлган муҳаббатдан устун бўлгандагина инсоннинг иймони комил бўлишини қайд қилмоқдалар. Бу муҳаббат У зотнинг тириклик пайтларида шахсларига нисбатан бўлса, энди ҳам шахсларига, ҳам динларига, ҳам суннатларига нисбатан бўлиши керак.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ушбу ҳадиси шарифни эшитганлари замони унга амал қилишларини билдирмоқчи бўлиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз»-деганлар. Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ундоқ бўлса бўлмапти. Ўзингдан кўра ҳам бўлиши керак»-деганлар. Ҳазрати Умар дарҳол:

«Ўзимдан кўра ҳам»-деганларида У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ана энди бўлди, эй Умар»-деганлар. Яъни, ана энди иймонинг комил бўлди, деганлар.

   Бу ҳадисдан олинадиган фойда кўриниб турибди: Ҳар бир мўмин-мусулмон учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммадан кўра маҳбуброқ бўлишлари керак.

  Ҳадиси шарифнинг ҳикмати жуда ҳам улуғдир. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларнинг муҳаббатига муҳтож эмаслар, балким мўминлар У зотга муҳаббат қилишга муҳтожлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари доимо мўминларга яхшилик, бахт-саодат келтирган. Машҳур саҳобийлардан Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу:

«Мен учун ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик маҳбуб эмас эди. Ҳеч ким кўз ўнгимда У кишидек улуғвор эмас эди. У кишини ўта улуғлаганимдан, У зотга кўзим тўйиб қарай олмас эдим»-дейдилар.

  Саҳобаи киромларнинг Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари дунё тарихида учрамаган муҳаббатдир. У зотнинг амрларига бўйсуниш, қайтарганларидан қайтиш ва бошқа нарсалар у ёқда турсину туфурган туфуклари ерга тушмас эди. Саҳобалар қўлларини тутиб илиб олиб, юзларига суртар эдилар. Шунинг учун, бу улуғ инсонлар қисқа муддатда дунёнинг кўп жойларига Ислом динини тарқатишга муваффақ бўлдилар. Буюк Ислом давлати ва маданиятининг пайдо бўлишига эришдилар. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларини устун тутганларида, у кишининг шариатларига тўлиқ амал қилдилар ва дунёда ҳаммадан устун бўлдилар. Улар қачонки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатидан молу-дунё-нинг, бола-чақанинг, турли маъшуқаларнинг муҳаббатини устун қўйганларида, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларини қўйиб, бошқа, ердан чиққан «шариат»ларга амал қилганларида ҳаммадан орқада қолдилар.

   Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз то, ўзи учун яхши кўрган нарсани, биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди»-дедилар. (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).

   Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу улуғ зот билан ўтган ҳадис муқаддимасида танишдик. Бу ҳадисда ҳам комил иймон ҳақида сўз кетмоқда. Ушбу ҳадиси шарифнинг ўзиданоқ Ислом инсониятга яхшиликни қанчалик раво кўрганини билиб олинса бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин учун ўзидан бошқа кишиларга яхшиликни раво кўришни иймон масаласи қилиб қўймоқдалар. Яъни, ҳеч ким ўзига яхши кўрган нарсаларни ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча комил мўмин бўла олмаслигини таъкид ламоқдалар.

   Ҳа, мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани ўзининг бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини яхши кўрса, бошқаларни ҳам жаннатга киришини ёқтиради. Ўзининг дўзахга кирмаслигини яхши кўрган мусулмон, ўзгаларга ҳам дўзахга кирмасликни раво кўради. Мусулмон инсон бунинг учун куйиб-ёнади. У ўзи учун соғлик-саломатлик, бахт-саодат, фаровонликни яхши кўрганидек, ўзгаларга ҳам шуни ва шунга ўхшаган нарсаларни раво кўради.
Бизнинг ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдамиз ҳам шунинг учун улкан бўлади. Бундан олдин билмасак ҳам, энди бу улкан исломий ҳақиқатни тушуниб олдик. Энди бу ҳадисга амал қилишимиз лозим бўлади. Ўзимизга нимани яхши кўрсак, ўзгаларга ҳам ўша нарсаларни яхши кўришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади.

   Шу билан бирга ушбу ҳадиси шарифдаги улкан ҳикматга инсоният бугунги кунда қанчалик муҳтож эканинни тушуниб етамиз. Исломдан, Қуръондан ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан узоқлашиш оқибатида, жумладан, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган улкан ҳақиқатдан узоқлашиш оқибатида авало мусулмонлар бошига, қолаверса бутун инсоният бошига қанчалар мусибатлар ёғилганлигини тушуниб етамиз. Бугунги кунда, дунёда одамлар бир-бирларига яхшиликни раво кўрмай қўйдилар. Ҳар ким ўзининг, фақат ўзининг манфаатини ўйлайдиган бўлди. Бунга эришиш учун эса ўзгаларга керагича ёмонлик қилишга тайёрлар. Дунёни қамраб олган урушлар, қон тўкишлар, зулм-истибодлар ва разолатлар шундан келиб чиқмоқда. Ҳамма нарса ўз ўрнига тушиши учун ушбу ҳадисга тўлиқ амал қилишга ўтиш керак.

   Яна ўша кишидан ривоят қилиниди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, Иймон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига–фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар. (Бешовларидан Абу Довуд ривоят қилмаган).

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни ҳам олдинги икки ҳадиснинг ровийси ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. Ушбу ҳадисда Исломнинг энг асл тушунчаларидан бири, комил иймон ҳаловатини қайси йўл билан топиш мумкин эканлиги баён қилинмоқда. Чунки, иймон ҳаловатини топиш оддий ҳол эмас. Ҳаловат сўзи, ҳолвадан олинган бўлиб, «ширинлик» маъносини англатади. Асли моддий маънода ишлатиладиган бу сўз, бу ерда истеъора ила маънавий маънода келмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз бошида:

«Уч нарса борки, улар кимда бўлса иймон ҳаловатини топади», деб эшитувчини қизиқтириб оладилар. Иймон ҳаловати ҳаммани қизиқтирадиган нарса. Ҳамма «қандоқ қилиб, иймон ҳаловатини топса бўлар экан?», деб юради. Иймон ҳаловатини уч нарса билан топиш мумкинлигини эълон қилиш эса, ҳамманинг эътиборини ўзига тортиши турган гап. Эътиборни жалб қилиб олингандан сўнг эса ўша уч нарсани баён қилиш бошланади:

1.«Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари».

«Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман», деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас. Хўш, Аллоҳ ва Унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандоқ тушунмоқ керак? Уламоларимизнинг бу саволга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам маъноси бирдир. У ҳам бўлса, Аллоҳга муҳаббат унинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳам У зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборатдир.

2.«Бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи».

   Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак
муҳаббатдир. Чунки, уларни биродар қилган, дўстлаштирган зот–Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шунинг учун ҳам мўминларнинг ўзаро муҳаббатлари Аллоҳ учун бўлмоғи лозим. Дунё ва унинг матоҳлари учун бўлган муҳаббат орқали ҳеч қачон иймон ҳаловатини топиб бўлмайди.

3.«Куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши».

   Зотан, куфрга қайтиш оловга ташланиш демакдир. Демак, иймон ҳаловатини топиш учун фақат бир тарафлама ҳаракат кифоя қилмас экан. Муҳаббат қилиш билан бир қаторда, нафрат қилишни ҳам, ўзини тийишни ҳам жойига қўйиш керак экан. Куфр ва унга олиб борувчи нарсалар мўмин киши учун унга яқинлашганда куйдирадиган олов каби қўрқинчли ва ёқимсиз нарса бўиши керак. Мўмин киши, катта-кичик куфрга тегишли ҳар бир нарсадан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши, унга тушишдан сақланганидек сақланиши лозим.

   Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз аниқ: Бир ўйлаб кўрайлик. Дарҳақиқат, Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатимиз улардан бошқага бўлган муҳаббатимиздан устунми? Доимо Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтаяпмизми? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига, суннатларига қанчалик амал қилаяпмиз? Ёки молу-дунёга муҳаббат қўйиб, унинг домига тушганча халос бўлолмай юрибмизми? Ёхуд мансаб поғанасида кўтарилишга восита бўлғувчи ўзимизга ўхшаш ожиз бандага кўпроқ эгилиб-букилиб, қуллиқ қилмоқдамизми? Эҳтимол, шунинг учун Иймон ҳаловатини эмас, дунё матоҳи ҳаловатини топаётгандирмиз?! Аввал нима бўлган бўлса, бўлиб ўтди. Энди иймон ҳаловатини топишга уринайлик! Бунинг учун Аллоҳга ва Унинг Расулига улардан бошқа ҳамма нарсадан кўпроқ муҳаббат қўйишга ҳаракат қилайлик! Ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтганидан қайтайлик! Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари асосида яшаб, суннатларига тўлиқ амал қилишга ўтайлик! Мўмин-мусулмонларга бўлган муҳаббатимизга ҳам қайта бир назар солайлик. Шояд бу соҳада ҳам ушбу ҳадиси шарифдан фойда олсак!

   Келинг, очиқчасига гаплашиб олайлик: Нега кишиларни фақат Аллоҳ учун севмаймиз? Уларга бўлган муҳаббатимизда беғаразмизми? Бу муҳаббатнинг ортидан дунё матоҳини, иззат-икромни ва яна қандайдир манфаатни кутмаяпмизми? Бунақалар йўқ, бўлса ҳам оз дейсизми? Ундай бўлса, ўрганган ҳадисимиздан фойда олишга ўтайлик, Аллоҳнинг мухлис, тақводор бандаларини Аллоҳ учун севишни бошлайлик! Ҳа, бу муҳаббатимиз мансаб дунёвий ғараз, турли манфаатлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун бўлсин! Фақатгина ёлғиз Аллоҳ учун бўлсин! Ана шунда иймон ҳаловатини топамиз.

   Шунингдек, куфрга ва унга тегишли нарсаларга бўлган муносабатимизни ҳам қайта кўриб чиқайлик. Дарҳақиқат, куфрдан ва унга тегишли нарсалардан оловга ташланишдан қўрққандек, қўрқамизми ёки бепарвороқмизмиғ? «Қандоқ қилайлик замон шу экан, одамлар қилаяптику», деб яна ғафлатда юрган бўлмайлик! Агар, худо кўрсатмасин, шундоқ бепарволик қилаётган бўлсак, унда дарҳол ўзимизни ўнглаб, иймон ҳаловатини топишга ҳаракат қилайлик.

   Бу улуғ маъноларни ўзида акс этдирган ҳадиснинг ҳикматларига бугунги кунда инсон қанчалик муҳтож эканини англаб ета олармиканмиз? Ўн бешинчи ҳижрий асрнинг бошларида инсоният иймон ҳаловатини қандай тотишини англай оляпмизми? Ушбу ҳадиси шарифни ўрганганимиздан кейин албатта англаймиз. Бошқаларни қўйиб, мусулмонлик даъвосини қилаётганларни, ушбу ҳадисни айтган зот–Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик даъвони қилаётганларни олиб кўрайлик. Яна ҳам торроқ доирага кириб, ўз юртимизни олайлик. Кишиларнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатлари қай даражада? Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтганидан қайтиши қай даражада? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига, суннатларига амал қилиш қай даражада? Катта масалаларни қўятурайлик, энг осон, кўп ҳаракат талаб қилмайдиган калимаи шаҳодатни қанча одам тушунган ҳолда тўғри нутқ қила олади? Бу саволлар жавобсиз қолаётган экан, иймон ҳаловатига биз муҳтож бўлмай ким муҳтож бўлсин? Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатимиз йўқлиги учун турли мусибатлар бизнинг бошимизга тушмай, кимникига тушсин?!

   Шунингдек, бугунги кунда инсоният ўзаро муҳаббат Аллоҳ учун бўлишига жуда ҳам муҳтож! Аллоҳ учун муҳаббат йўқлигидан якка шахслар, уруғлар, қабилалар, жамиятлар, давлатлар орасида ўзаро ишончсизлик, бир-бирига хиёнат қилиш, душманлик кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу бало-офотлардан қутилиш учун ушбу ҳадисга амал қилиш керак.

   Куфрдан қўрқмаслик, ундан тап тортмаслик, бугунги кунимиз одатларидан биридир. Билмасдан куфрга юриш ёки куфрга оид фикрни, гапни ёки ишни амалга ошириш ҳақида гап кетаётгани йўқ. Гап–кўра-билиб туриб, қасддан шу йўлга юриш ҳақида кетмоқда. Худосизлигини очиқ айтганлар, мусулмон эмаслигини очиқ тан олганларни бир четга қўя турайлик-да, фақат иймондалик, Исломдалик даъвосини қилаётганларни олайлик: Улар куфрдан қанчалик ҳазар қиладилар? Куфрга тегишли ишлардан қанчалик сақланадилар? Қанчалари мусулмонлик даъвосини қила туриб, Исломга қарши ишларни қилмоқда? Энг содда, кўп саъй-ҳаракат талаб қилмайдиган, аммо кони фойда бўлган ишларни олиб кўрайлик.

   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши билан куфрнинг орасидан намоз бор»-деганлар. Яъни, «Одамни кофир бўлишдан намоз тўсиб туради», деганлар. Куфрга қайтишни оловга ташланишдек ёмон кўрадиган одам бир вақт намозини ҳам қолдирмай ўқиши керак. Аммо, биздаги беномозларга бу нарса пашша чаққанчалик ҳам таъсир қилмайди.

   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин одам ароқ ичаётганда мўминлиги қолмайди»-деганлар. Бизда ароқхўрликни куфрга оид ишлардан бири, деб қарамай қўйишган. Хуллас, куфрдан, унга оид ишлардан дўзахдан қўрққандек қўрқилмагунча иймон ҳаловатини тотиб бўлмайди. Бу ҳадиси шариф бугунги ҳаётимизда шунинг учун ҳам ўта муҳим, ўта долзарбдир.

  Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймоннинг белгиси, ансорийларга муҳаббат қилишдир. Мунофиқликнинг белгиси, ансорийларни ёмон кўришдир»-деганлар. (Икки Шайҳ ва Имом Насаий ривоят қилишган).

Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

   Ансорийлар асли мадиналик мусулмонлардир. Улар асосан Хазраж ва Авс қабиласидан бўлганлар. Улар оғир пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам берганлари учун «Ансорийлар»–«ёрдам берувчилар» номини олганлар. Улар Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожир биродарларига инсоният тарихида кўрсатилмаган ёрдамларини беришган. Уй-жойларини, мол-мулкларини уларга тақсимлаб берганлар. Ҳатто баъзилари кўпхотинлик бўлсалар, маҳожирлар уйланиши мумкин, деб баъзи хотинларини талоқ қилганлар. Макка кофирлари Исломга ва мусулмонларга қаттиқ душманлик қилиб турган бир пайтда булар Исломга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга қўлларидан келган барча нусратни берганлар. Аллоҳ таоло ансорийларни Исломнинг ер юзида сақланиб қолишига сабабчи қилган ва ансорийларнинг бу ишларини муносиб тақдирлаган. Аллоҳ таоло уларни Қуръони Каримда мадҳ қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу ҳадисда ансорийларга муҳаббат қилишни комил иймон аломатига айлантирмоқдалар. Бундан ҳам буюк шараф бўлиши мумкинми?! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан кифояланиб қолмасдан ансорийларни ёмон кўриш мунофиқлик аломати, эканини ҳам баён қилмоқдалар. Демак, ҳар бир мусулмон ансорийларга муҳаббат қилиши ва уларни ёмон кўришдан сақланиши лозим.
Агар бунга қиёс қиладиган бўлсак, мўмин-мусулмон шахс учун Ислом динига хизмат қилган ҳар бир одамни яхши кўриш, ҳурмат қилиш лозим бўлади. Ислом динига ҳизмат қилган одамни ёмон кўрганлар эса мунофиқ бўладилар. Чунки, Исломга қилинаётган хизматни ёмон кўриши. Исломнинг ёмон кўриш демакдир.

   Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, У киши: «Донни ёрган ва жонни халқ қилган зот билан қасамки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам менга, мени фақат мўмингина яхши кўришини ва фақат мунофиқгина ёмон кўришини аҳд қилганлар»-дедилар. (Муслим, Термизий ва Насаийлар ривоят қилган).

Аввало ровий, амиру ул-мўминин Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳолари билан танишиб олайлик:

   Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ал-Қурайший, хулафои рошидинларнинг тўртинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг ўғиллари, оналари Фотима бинти Асад ибн Ҳошим ибн Абдуманоф, кунялари Абул Ҳасан, мелодий 600 йилда Маккаи Мукаррамада таваллуд топдилар. Бирор марта ҳам бутларга сиғинмагани ва жоҳилият ифлосликлари билан хулқланмаганликлари сабабли, «Каррамаллоҳу важҳаҳу» деб сифатлаанадилар.

   Ҳазрати Али ёшлик пайтларида доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиб, бирга овқатланар эдилар. Бунга сабаб шулки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толибни фарзандлари кўп эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббосга қарата, эй амаки акангиз Абу Толиб болалари кўп кишидир. Ҳозир кўриб турганимиздек ризқда, яшашда кўп қийинчиликлар бўлиб турибди. Абу Толибни ҳузурига бориб, болаларидан келадиган ташвишини бир оз енгиллатайлик, деб айтдилар. Шунда улар бориб, Аббос Жаъфарни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Алини олдилар. Мана шундан кейин Али Расулуллоҳ билан бирга яшай бошладилар.

   Ҳазрати Али Расулуллоҳ набий қилиб юборилгандан кейин ёш болалардан биринчи иймон келтириб, Исломни қабул қилган эдилар. Ана шу вақтда ёшлари ҳам саккиздан ўтмаган эди. Анас ибн Молик айтадилар: «Душанба куни нубувват келган, сешанба куни Али Исломга кирганлар».
Али ибн Абу Толиб ҳамма ғазотларда иштирок этдилар, фақат Табук ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотни аҳли байтларига бошлиқ қилиб кетганлари сабабли иштирок эта олмадилар.

   Али шижоатли, сўзда фасоҳатли, илмли, ахлоқли, сабрли, адолатли, ҳилимли, иффатли, тақводор, дунёда зоҳид, тавозеъли ва мусулмон йигитлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин киши эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен илмнинг шаҳри бўлсам, Али эшигидир», деб айтдилар.

   Али каррамаллоҳу важҳаҳу араблар орасида шижоатли, ботир, паҳлавонлардан эдилар. Бадр ғазотида мушриклар бошлиғи бўлган Валид ибн Утбани ер тишлатдилар. Уҳуд ғазоти куни байроқ кўтарган саҳоба Мусъаб ибн Умайр ўлдирилганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам байроқни ҳазрати Алига топширдилар. У киши Хайбарни фатҳ этишда ҳам жуда кўп жонбозликлар кўрсатганлар. Мана шу вақтда ёшлари ҳали 20 дан ўтмаган эди.

   Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эртага жангда байроқни бир кишига бераман, Аллоҳ ва Расули уни яхши кўради ва у ҳам Аллоҳ ва Расулини яхши кўради», деб айтдилар. Эртасига ҳамма саҳобалар ўша киши, ўзлари бўлишлини умид қилишганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алини сўраб қолдилар. Саҳобалар Алини кўзлари оғриётгани ҳақида хабар беришди. Расулуллоҳ у кишининг ҳузурларига борганларида, ҳақиқатда кўзлари оғриган эди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини Алининг кўзларига текказиб дуо қилдилар ва кўзлари шифо топди.

   Кўп саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидаги Алининг мазилларида бўлишликни орзу қилишар эди. Аллоҳ Расулуллоҳ билан Алининг манзилларини худди Мусо алайҳиссалом билан Ҳорун манзилидек қилди. Али каррамаллоҳу важҳаҳуниг жуда ҳам бир чиройли сўзлари борки, у биз–кейинги авлодларга ўрнак бўларлидир: «Менинг қўрқадиган нарсам ҳавои нафсга тобеъ бўлиш ва узун орзулар қилишликдир. Ҳавои нафсга тобеъ бўлиш ҳақдан қайтаради. Узун орзулар эса охиратни эсдан чиқартиради. Огоҳ бўлинглар, бу дунё орқада қолиб кетади. Охират эса олдингизга чиқиб кутиб олади. Сизлар охиратнинг боласи бўлинглар, дунёнинг боласи бўлиб қолманглар. Бу кунда амал бору ҳисоб йўқдир, эртага эса ҳисоб бору амал йўқдир».

   Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳижратнинг иккинчи йилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима онамизга уйландилар. Ҳазрати Али Фотима онамиздан ва бошқа хотинларидан ҳаммаси бўлиб 14 ўғил, 19та қиз фарзанд кўрдилар.

   Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 586та ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан кўп кишилар, жумладан, ўғиллари Ҳасан, Ҳусайин, Муҳаммад, Умар ҳамда Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Жаъфар, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Мусо ал-Ашъарий, Абу Саид ал-Худрий, Абу Рофиъ, Суҳайб, Зайд ибн Арқам, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Ҳурайра, Жобир ибн Самура, Барро Ибн Озиб, Жарир Ибн Абдуллоҳ ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлардир. Тобеинлардан Саид ибн Мусаййиб, Қайс ибн Хозим, Алқама ибн Қайс, Абу Асвад Жаулий, Аҳнаф ибн Қайс, Шурайҳ ибн Ҳоний ва бошқалар ривоят қилишди.

   Мўминларнинг амири Али ибн Абу Толиб масжидда имом бўлиб турганларида хаворижлар кишиси бўлган Абдураҳмон ибн Мулжам томонидан қилич билан уриб шаҳид қилинди. Бу ҳодиса ҳижратнинг 40-йили. Рамазон ойининг 23-си, Жума кунида содир бўлди. Бу пайтда у зот 63 ёшда эдилар.

   Бу ҳадис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўчирма гап шаклида эмас, балки, У зотнинг гапларини ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг иборалари билан ифода этиш орқали ривоят қилинмоқда.

  Албатта, саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари улуғ инсонлардирлар. Уларнинг саҳобалик шарафларининг ўзи қанчалик катта мартаба, қолаверса, уларнинг ҳар бирлари Ислом учун қанчадан-қанча хизмат қилган зот ҳисобланади. Шу билан бирга уларнинг ичида алоҳида мақомга эга бўлганлари ҳам бор. Шулардан ўн кишига Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатнинг башоратини берганлар. Ўша саодатман зотлардан бири ҳазрати Алидирлар. Мазкур ўнликдан тўрт халифа яна алоҳида ажралиб турадилар. Тўрт халифанинг бири ҳам ҳазрати Алидирлар. Ҳазрати Алининг Ислом учун қилган хизматлари жуда катта. Бунинг устига у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидан: Амакиларининг ўғиллари, куёв ўғиллари, яъни аҳли жаннатнинг сайиддаси Фотимаи Заҳронинг эрлари, Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайнларнинг оталаридир. Шунинг учун ҳам У кишини фақат мўмингина севиши ва фақат мунофиқгина ёмон кўриши ажабланарли эмас.

   Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, муайян бир шахсга муҳаббат қилишнинг ҳам иймон ва мунофиқликка дахли бор экан. Ҳа, ҳамма нарса иймон ўлчови билан ўлчанганда шундоқ бўлади. Кишини мансаби, пули, моли ёки бошқа нарсалари учун эмас, иймони учун, динга қилган хизматлари учунгина севилади.

   Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон-мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир–Аллоҳ қайтарган нарсадан (ҳижратда) узоқда бўлган одамдир»-дедилар. (Бешовлари ривоят қилган).

   Термизий ва Насаийлар: «Мўмин–одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» жумласини зиёда қилганлар.

Шарҳ: Ҳадиснинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс тақво ва зуҳдлари билан машҳур саҳобалардан эдилар. У киши оталари Амр ибн Оссдан аввал Исломга кирадилар. Абдуллоҳ ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бардавом бўлиб, У кишига нозил бўлаётган оятларни ёдлабгина қолмай, ёзиб ҳам олар эдилар.

   Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳ ибн Амрга: «Сени кундузларини рўзадор, кечаларини намоз ўқиш ва Қуръонни хатм қилиб ўтказишинингдан хабарим бор. Умринг узайиб, ёшинг улғайиб, буларга тоқат қилолмай қолишнгдан қўрқаман. Ойда уч кун рўза тут, бир марта Қуръонни хатм қил»-дедилар. Абдуллоҳ:

«Эй Расулуллоҳ, бундан ҳам кўпроғига қудратим етади»-дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бўлмаса ҳафтада икки кун рўза тутиб, ўн кунда бир Қуръонни хатм қил»-дедилар. Абдуллоҳ:

«Бундан ҳам зиёдасига қурбим етади»-дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рўзаларнинг саййиди Довуд алайҳиссалом рўза тутганидек рўза тут. У киши бир кун рўза тутиб бир кун тутмасдилар. Ҳар уч кунда Қуръонни хатм қил»-дедилар. Абдуллоҳ ибн Амр ёшлари ўтиб қолганига қарамай бу амалларида бардавом қолдилар.

   Абдуллоҳ ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 1000га яқин ҳадис ривоят қилганлар. Бу киши ривоят қилган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилишда мендан Абдуллоҳ ибн Амр ўзиб кетди», дер эдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр ҳижратнинг 93 йили вафот этдилар.

   Ушбу ҳадисда ҳамда унга Термизий ва Насаийлар ривоятдаги қўшимчада учта муҳим масала, учта муҳим таъриф келмоқда. Яъни ҳақиқий-афзал мусулмон, афзал муҳожир ва афзал мўмин ҳақида баҳс юритилмоқда. Ушбу ҳадисда келган мусулмон, муҳожир ва мўмин таърифи афзаллик таърифидир. Мисол учун,

«Мусулмон–мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир» деган жумладан «мусулонларга тили ва қўли билан озор етказган одам мусулмон бўлмайди», деган маъно чиқмайди. Бу таърифлардаги гаплар, «фалончининг одам деса бўлади», «фалончи ҳақиқий одам» қабилидаги гапга ўхшайди. Исломнинг беш рукнларига амал қилган одам мусулмон ҳисобланаверади. Аммо, мусулмонларга озор бермаган, уларга тили ва қўли билан зарар етказмаган одам афзал мусулмон бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзал мусулмонни бундоқ таърифлаш ларида оз сўз билан улкан маънони англатиш, луғат бойликларидан усталик билан фойдаланишнинг олий мақомлари ўз аксини топгандир.

   Ислом–мусулмон сўзлари саломатлик-тинчлик маъноларини ифода этади. Шунинг учун мусулмон–ўзга одамлар унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахсдир, дейилмоқда.

«Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзони кўзда тутилган эмас. Одатда кўпроқ одамларга тил ва қўлдан зарар, озор етади. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам озор бериш мумкин эмас. Ким бу ишни қилса мусулмонлик фазлини йўқотади.

«Муҳожир»–ҳижрат қилувчи (бошқа жойга кўчувчи), деганидир. Ҳижрат–Аллоҳнинг йўлида, дину диёнат йўлида элу юртининг фироқига учрашдир. Бу улуғ мақом Исломда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар мушриклар тазйиқи туфайли она юртлари–Маккаи Мукаррамани ташлаб Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан бошланган. Муҳожирлик–жуда ҳам улуғ мақом! Ушбу ҳадиси шарифда ўша улуғ мақомга яқин бир мақомга бошқа йўл билан ҳам эришиш мумкинлигини баён қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Муҳожир–Аллоҳ қайтарган нарсадан (ҳижратда) узоқда бўлган одамдир»-демоқдалар. Бу таъриф ҳам худди аввалги таърифда зикр қилинган нарсаларни ўзида мужассам қилгандир. Луғавий маъноси ватан, элу юрт ҳижронидан иборат бўлган ҳижрат, Аллоҳ қайтарган нарсалардан ҳижронда-узоқда бўлишда ҳам собит бўлиши мумкинлигини айтилмоқда. Дину-диёнат учун ватанидан, яқин қариндошларидан узоқда бўлишлик-муҳжирлик, деб аталади. Энди, Аллоҳ қайтарган ишлар-гуноҳлардан узоқда бўлишлик ҳам дин-диёнатга амал қилиш учун бўлгани туфайли муҳожирлик, деб аталмоқда.

Энди, Термизий ва Насаий ривоятларида келган:

«Мўмин-одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир»-деган таърифга тўхталайлик. Иймон-мўмин, сўзлари «амн»-омонлик, ишончли маъноларини англатади. «Мўмин» сўзи бизда ювош-хушфеъл маъносида ишлатилиши ҳам шундан. Мўмин одам доимо тинчлик, омонлик тарафдори бўлганидан одамлар унга ўта ишониб қоладилар. Яъни ўз жонлари ва молу-мулкларига мўминдан ёмонлик етмаслигига ишончлари комил бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмонларга озор-ёмонлик етказмасликка ҳаракат қилиш. Чунки ким мусулмонларга хоҳ тили билан, хоҳ қўли билан, хоҳ бошқа йўл билан озор етказса, ёмонлик қилса у мусулмонлик фазлидан маҳрум бўлади.

2. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ўзини тийишга қаттиқ уриниш. Чунки, гуноҳ ишларнинг ҳижрони ила муҳожирлик мақомига эришиш мумкин экан.

3. Одамларнинг жонига, қонига ва молу-мулкига кўз олайтирмаслик. Ким бошқаларнинг ўзига бўлган ишончини йўқотса одамлар ундан жонлари учун, моллари учун хавфсирайдиган бўлиб қолса, мўминлик фазилатини йўқотган бўлади.

   Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматлари бугунги кунимиз учун қанчалик муҳим эканини гапириб ўтиришга ҳожат бормикан? Ҳозирги кунда жамиятларимиз мусулмонларга тили ва қўли билан ёмонлик етказмайдиган мусулмонларга қанчалик муҳтож. Якка шахслар орасидаги муомалаларга қарасанг, мусулмон мусулмонга турли йўллар билан озор бераётганини кўрасан. Буларнинг мусулмонлик даъвосини кўрсанг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмон-мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамлир, деган гапларини тескари тушуниб олишганми?-деб ўйлайсан.

   Мусулмон гуруҳлар, ҳизблар, жамоаларни олсанг, аҳвол бундан ҳам бадтар. Кофирлар билан иши йўқ, осийлар билан иши йўқ, динсизлар билан иши йўқ, бирдан-бир иши–ўз йўлига юрмаган мусулмон гуруҳни йўқ қилиш. Бу мақсади йўлида тили, қўли, пулини ва яна нимаси бўлса, барини ишга солади. Бунда кофирларни ҳам ёрдамга чақиради. Нима қилиб бўлса ҳам ўзига ёқмаган мусулмон гуруҳини йўқ қилса бўлди. Мусибатнинг энг каттаси–бу ишларнинг ҳаммаси Ислом номи билан қилинишидир.

   Шунингдек, мусулмон, деб аталаётган давлатларни олиб кўрайлик. Булар бир-бирига душманлик қилишни ўзларига ҳам фарз, ҳам вожиб қилиб олганга ўхшайдилар. Ўз матбуот воситаларида бир-бирларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қиладилар. Сал нарсага жанжал чиқариб, йиллаб бир бирлари билан урушадилар. Миллионлаб аҳолининг ҳалок бўлишига сабабчи бўладилар. Аксинча, улар ҳозиргача бирорта ғайри муслим босқинчига тузукроқ қаршилик кўрсата олганлари йўқ.

   Меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирлик мақомига эришиш йўлини осонлаштириб, Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қайтган одам–муҳожир эканини эълон қилиб қўйибдилар. Ўзи шундоқ ҳам Аллоҳ қайтарган ҳар бир нарсадан қайтиш–мусулмон банданинг бурчи. Аммо меҳр ила, шафқат ила, бурчни бажарган одамга мукофот–муҳожирлик мақоми эълон қилинибди. Хўш, бу мукофотга мусулмонлар қанчалик интилмоқдалар! Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қанчалик қайтмоқдалар? Аллоҳ таоло мусулмонларни ёлғондан, ҳаромдан, ароқдан, зинодан, зулмдан, ўғриликдан, алдамчиликдан ва бошқа кўпгина нарсалардан қайтарган. Агар ушбу ҳадисга амал қилганимизда, ушбу разилатлар жамиятимизда мутлақо бўлмасди.

   Мўминлик–қандоқ яхши нарса! Мўминни кўрган одам ундан хурсанд бўлади, унга хавас қилади. Мўминлиги учун унга жонини, молинини ишонади. Чунки, мўминлик-омонлик тимсолидир. Афсуски, ҳозирда динга янги юзланганларнинг мўминлик даъвосини қилиб юрганлар қилмишидан нафратланиб, ҳаттоки диндан қайтиб кетган холлари ҳам бўлмоқда. Ислом таълимотларидан узоқлашишнинг, Пайғамбар алайҳиссалом суннатларидан узоқлашиб кетишнинг оқибати–шу!

   Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Исломнинг нимаси яхши?»-деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таом бермоқлигинг, ҳамда таниган ва танимаган одамингга салом бермоқлигинг»-дедилар. (Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган).

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Пайғамбаримиздан бир киши Исломнинг энг яхши фазилатлари ҳақида сўради. Ислом ўзи яхши нарса, лекин, сўровчи ўша яхши нарсанинг ҳам энг афзали ҳақида сўраган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, Исломнинг энг яхши фазилатларидан иккитасини айтиб берганлар. Нима учун айнан ушбу икки нарсани зикр қилганлари ҳақида гапирадиган бўлсак, уламоларимизнинг айтишларича, бировга яхшилик қилиш асосан икки хил бўлади:

Биринчиси моддий яхшилик, бунинг энг боши эса, бошқаларни таомлантириш.

Иккинчиси баданий яхшилик бўлиб, буннг боши салом беришдир, деганлар.

   Шу билан бирга савол берилган жой, вақт ва одамларнинг холати ҳам эътиборга олинган бўлади. Айниқса Пайғамбаримиз бошчиликларида саҳобалар янги ҳижрат қилиб келганларида Мадинаи Мунавварада очлик ҳукм сурар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда бировга овқат бериш, очнинг қорнини тўйдиришга жуда кўп тарғиб қилганлар. Шунингдек, танигану танимаган одамга салом беришлик ҳам доимо лозим ишлардан ҳисобланади.

  Ислом динининг ушбу икки фазилати ҳақида қанча кўп гапирилса шунча оз. Чунки, бу икки нарса инсониятга кўплаб хайри-баракот келтирадиган нарсадир.

𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *