Диққат эълон!
“Одамлару одамлар, эшитмадим деманглар, эшитганлар дармонда, эшитмаганлар армонда! Бу дунёдаги энг катта хазина – бойликнинг яширилган жойи аниқланди. Фақат бу хазина яширилган жойга олиб борувчи харитани қўлга киритиш учун озгина машаққат чекиш талаб қилинади. “Шуни олдинроқ айтмайсанми, кимга машаққат чекиш ёқади”, — дейсизми?! Йўқ, йўқ, хулоса чиқаришга шошилманг, ахир бу хазинани қўлга киритсангиз бутун дунёни сотиб олсангиз бўлади. Бундай бахтга эришиш олдида озгина машаққат ҳеч нарча бўлмай қолади. Ахир бу хазинада неча тонналаб чиройли ишлов берилган бриллианту-олмослар, дуру-гавҳарлар бор. Наҳотки шундай катта бойликка эришиш учун озгина машаққатингизни аясангиз. Бунинг устига ҳали ҳеч ким бундай катта бойликнинг ҳатто юздан бирига ҳам эга бўлган эмас. “Хўш бу хазина харитасини қандай қилиб қўлга киритиш мумкин?”, — дейсизми? Бўлмаса эшитинг, гапларимга диққат билан қулоқ солинг! Хуллас, сизнинг эътиборингизга қуйидаги рисолани ҳавола қиламан. Бу рисолани яхшилаб ўқиб чиқсангиз, унда хаританинг аниқ манзили сирли равишда яширилган. Мен сизни аниқ ишонтириб айтаманки, бу рисолани жуда дақиқлик билан ўқиб чиқсангиз ва ундаги маънолар бўйича ҳаракат қилсангиз, сиз хазина харитасини ва у орқали бу мисли кўрилмаган хазинани албатта топасиз. Бунга 100 фоиз кафолат бор. Бу хабар барча одамларга бир вақтда айтилмоқда, шундай экан ҳар бир одамда бу хазинага эришиш учун бир хил вақт ва имконият бор. Мана сизларнинг ҳар бирингизга бу рисола, ҳаммага етади! Шундай экан хазинага эришиш учун шошилинг!”
Эй биродарим, бу эълонни ўқиб қандай хулоса чиқардингиз? Фақат “бу эълон ҳам ҳозирги кунда ривож бўлган спамлардан биридир-да” деб асло бепарволик қилманг. Чунки эълон берувчи бунинг эвазига сиздан ҳеч нарсани тамаъ қилаётгани йўқ. Шундай экан, озгина вақт ва диққатингизни сарфлаб бўлсада бир уриниб кўрсангиз сиздан нима кетди?! Ахир сиздан ҳеч нарса кетмайдику! Сиз бунга бепарво бўлиб ва хазинага бошқа одамлар эришиб кетса алам қилмайдими, ахир! Албатта, алам қилади…
Мана шундай ақл билан мулоҳаза қилган одам ҳеч тараддудсиз бу хазинага эришиш учун қаттиқ ихлос ва ишонч билан бу рисолани ўқиб, ундаги йўл-йўриқларни сирли равишда кашф қилишга бор эътибор ва тафаккури билан кўшиш қилишлиги шубҳасиз. Гарчи эълоннинг соҳиби ёлғончи эмаслиги аниқ бўлса, ҳар бир соғлом фикрли одам унга жуда кучли иштаҳа билан киришади. Ҳар бир одам бу хазина эгаси бўлишга фақат мен лойиқман, мен буни албатта топаман деган ҳолда ҳеч-ҳеч ноумид бўлмайди ва албатта тўғри қилади ҳам.
Бунинг учун ақлли одам нафақат битта рисолачани диққат билан ўқиб чиқишга тайёр бўлади, балки бундай катта ютуқ олдида юзлаб китобларни диққат билан ўқиб чиқишга, ҳатто ўз жонини хатарга қўйишга ҳам тайёр бўлади.
Инсон мутлақ бахтга эришиш учун нималарга эга бўлмоғи лозим? Албатта бу саволга турли замонларда турли хил мутафаккирлар ва файласуфлар турлича жавоблар берганлар. Аммо бу мутафаккирлар берган жавобга амал қилган ҳолда ҳали биронта одам уёқда турсин, ҳатто ўша мутафаккирларнинг ўзлари ҳам бахтиёр бўла олмаганлар. Магарам, ҳақиқий иймонга соҳиб бўлган мутафаккирлар ва Аллоҳнинг элчиларигина бундан мустасно. Нега биз иймон соҳиблари деяпмиз?! Чунки иймон соҳиблари ўзларининг Яратган Роббиларигина ўз махлуқотларининг қандай бахтли бўлиши мумкинлигини билишига иймон келтирадилар ва Роббилари чизиб берган чизиқдан чиқмай, икки дунёда бахтиёрлик шарафига эришадилар. Аммо қандай қилиб?!
Бугунги кунга келиб, на бойлик, на мансаб, на гўзаллик ва на обрў инсоннинг бахтиёр бўлиши учун етарли бўлмаслиги, балки аксинча инсоннинг бахтли бўлиш омиллари учун ҳатто халақит қилишлиги кўпчилилик фикрли инсонларга сир бўлмай қолди. Тўғрида, инсон қанчалик бойликка эга бўлмасин ва яна қанчалик бошқа инсонлардан дунёвий жиҳатдан устун бўлмасин, унинг қалби хотиржам бўлмаса, бу қандай ҳам бахт бўла оларди?!
Мана шу ерга келганда биз бахтиёр одамда албатта хотиржамлик бўлиши кераклиги ҳақидаги тушунчага йўлиқдик. Ҳа, албатта, хотиржамлик омили бахтиёрликнинг энг катта омилларидан экан. Бу ҳақда устозимиз шайх Абдулвалий қори ака ўз мавъизаларидан бирида шундай деган эдилар:
«Аллоҳ Ўзига инобат қилганларни ҳидоят қилишликни хоҳлаган. Ўзига инобат қилганлар кимлар? “Аллазина аману ва татмаинну қулубуҳум бизикриллаҳ” “Иймон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан хотиржам бўлган кишилар” “Ала бизикриллаҳи татмаиннул қулуб” “Огоҳ бўлингларки фақат Аллоҳнинг зикри билангина қалблар оромланади, хотиржам бўлади”. Мана бу оят ҳамма асрларда тушунарли бўлмаса ҳам, йигирманчи асрда ниҳоятда тушунарлидир. “Аллоҳнинг зикри билангина қалблар тинчланади”. Ҳамма маданиятнинг чўққисига эришган мамлакатларнинг биронтаси хотиржаммас. Хотиржамлик асбоблари – дунёвий сабаблар кўпайган сари хотиржамлик йўқолиб бораяпти. Ёши катта кишилар яхши тушунишадиларки, ҳаётнинг жиҳозлари бунчалик кўп бўлмаган бундан аввалги даврларда одамлар хотиржамроқ бўлганлар. Хонадонларда бир киши ишлаган, у ҳам бўлса, ёзда деҳқончиликка кетган, ёинки бир касб бўлган, касбнинг ҳам мавсумий вақтида ишлаган, аммо хонадондаги кишилар, ҳатто қариндошлари ҳам хотиржам бўлган. Ҳамма хотиржам яшаган. Аммо ҳозир ҳамма дунё топишлик ташвишида, лекин хотиржамлик йўқ. Хотиржам бўлишлик учун дунё топиляпти. Шу дунёни топсам, шу нарсани қилсам хотиржам бўлиб оламан дейди.Шоир айтганидек “бир тоғни босиб ўтсак ва охирги чўққи шу десак, кейин тоғлар дунёси кўринади бизга. “Тоққа чиққанмисиз ҳаётингизда? Тоғда энг баланд чўққи шу деб чиқсангиз, энг пасти шу бўлади-да, тоғлар дунёсига кириб қоласиз. Яна баландини кўриб туриб, шунга чиқадиган бўлсангиз, ундан кейин тоғ энди бошланибди дейсиз. Ҳозирги ҳаёт ҳам шундай бўлиб қолди, биродарлар. Мана шу ишни қилсам хотиржам бўлволаман дейишлигингиз билан ундан кейин 20-30та иш пайдо бўляпти. Улар ҳам рўбаруйингизга чиқиб “Шуни қилсангиз хотиржам бўласиз” деб турибди. Бу нарса билан, агар Аллоҳ ўлдирмай, бу 20-30 та ишларни бажариб олсангиз, кейин 100-200 та иш кўриняпти-ки, “бизни қиласиз, кейин хотиржам бўласиз” деяпти. Хотиржамлик — дунёда бирор нарса билан бўлмайди, магар Аллоҳнинг зикри билангина бўлади. Аллоҳни ҳар бир соатда ёдига олиб, ҳар бир амални Аллоҳнинг зикри билан, Аллоҳни бор деб, шу Аллоҳнинг буйруғига мувофиқ қилишлик билангина қалблар тинчланади. Дунё ҳамма жиҳозларга эришди. Нотинч! Бу ҳақиқат! Буни дунёнинг ҳамма жиҳозларига эришганлар гапиряпти. Буни фақат мусулмонларгина гапираётганлари йўқ. ”Нима сабаб хотиржамлик учун ҳаракат қилганимиз сари хотиржамлик йўқолиб бораяпти” — деб хотиржам бўлмаган динсизларнинг ўзлари айтяпти. Хотиржам бўлишмайди. Хотирлари жам бўлсин-ки — хотиржам бўлишмайди! Магар Аллоҳнинг зикри билан хотиржам бўлинади, қалблар тинчланади. Инсон ҳаётда оз нарсага қаноат қила олади, Аллоҳнинг зикри билан. Кўп нарсага сабр қила олади, туғён қилмасдан ўзи тинчланади. Қўлидаги бу молни Аллоҳнинг моли деб эътиқод қилади, бу нарсада Аллоҳнинг бандаларининг ҳаққи бор дейди. Уни кераклик жойларга сарф қилади, қалби тинчланади бу нарса билан. Фуқароларнинг ҳаққини беради, етимларнинг ҳаққини беради, бу билан қалби хотиржамланади. Касал бўлса Аллоҳнинг ҳукмига сабр қилади. Бунинг давосига киришади. Давосига киришишликни Аллоҳнинг қадари деб билади, худди дардни Аллоҳнинг қадари деб билгандек, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочади. У даволанишлик фойда бермаётгани сари, барибир унинг хотиржамлиги зиёда бўлиб бораверади. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу дардни берган, бунга албатта ажр беради дейди. Даволанишликни Аллоҳ буюрган, бу даволанишлигимга албатта ажр беради, дейди. Фарзандлари кўп бўлганлар хотиржам бўлади, чунки бу фарзандларни Аллоҳ берган, Аллоҳ буларга ризқ берган, бу ҳақда мен ташвиш қилишлигим тўғри келмайди, Аллоҳ мени ҳалол касбга буюрган, мен Аллоҳнинг буйруғини бажараман, ҳалол ишни қиламан деб хотиржам бўлади. У ҳаром нарсаларни топишликка ҳаракат қилмайди, чунки Аллоҳнинг зикри унинг қалбида, Аллоҳ ҳаромдан манъ қилган дейди. Фарзанд кўрмаган киши хотиржам бўлади, қиёмат куни мен масъул бўлмайман дейди, нима учун сен фарзанд кўрмасдан келдинг деган савол менга бўлмайди дейди. Хотиржам бўлади. Бу фарзандни бераётган Аллоҳ дейди, менга фарзандни бермаётган ҳам Аллоҳ дейди, фарзанд кўришлик учун Аллоҳ буюрган ҳамма сабабларга киришаман ва бу сабаблар фойда бермаса, менга Аллоҳнинг ҳукми шу экан деб хотиржам бўлади. Ҳаётининг ҳамма қисмини хотиржамлик эгаллайди. Аллоҳнинг зикри билангина хотиржамлик бўлади. Аллоҳнинг йўлида даъват қилади. Одамлар ҳидоятни қабул қилишган бўлса, Аллоҳга ҳамд айтиб, шукрлар қилиб хотиржам бўлади, мақтаниш унинг қалбида вужудга келмайди, туғён вужудга келмайди — менинг гапим сабаблик одамларни йўлга тушириб қуйибман, деган хато сўзга ўтмайди. Аллоҳ ҳидоят қилди, мени шунга сабаб қилди, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мени ҳам ажрлади, уларни ҳам ажрлади дейди. Йиллаб даъват қилган бўлса-ю, даъвати таъсир қилмаган бўлса ҳам хотиржам бўлади, мен елкамдаги масъулиятни ўтадим, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло буларни ҳидоят қилмади, чунки уларнинг қалби ҳарсангтош бўлиб даъватни масхара қилганлари сабабли Аллоҳ ҳидоят қилмади, Аллоҳнинг йўлида сабр қилади-да, Аллоҳ мени ажрдан маҳрум қилмади, деб хотиржам бўлади. Аллоҳнинг йўлида даъват бўлган вақтда мусибат етса хотиржам бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг йўлида маҳбус бўлиб қолса, хотиржам бўлади — масъулият мендан кўтарилди, қандай бахтлиман дейди-да, одамлар масъулият билан қолишди, мен бўлсам даъват қилишликка энди жавобгар эмасман, мен ихтиёримдан айрилдим деб хотиржам бўлади. Ҳар бир соатини текширинг, ўзининг ватанидан сургун қилинса ҳам хотиржам бўлади… Даъват йўлида уни шаҳид қилишса хотиржам бўлади — гуноҳлардан пок билиб, қабрдаги савол-жавобларсиз бўлиб жон беряпман, бу ўлим ҳаммага ҳам насиб бўлмаяпти, фақат мени Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бахтли қилган экан, менга насиб бўлди дейди, хотиржам бўлади. Аллоҳнинг ҳузурига хотиржамлик билан кетади ва Аллоҳ тарафидан хитобни эшитади-ки “Йаа айятуҳан-нафсул-мутмаиннаҳ, иржиъий ила роббики розиятам-мардийяҳ. Фадхулий фий ибадий, вадхулий жаннатий” “«Эй хотиржам-сокин кимса, сен (Аллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Роббинг (ҳузури)га қайт!” деган нидони эшитади жон таслим қилаётганда. “Иржиъи ила Роббики розиятам марзийяҳ”. “Ўзинг ҳам рози бўлган ҳолатда, сендан ўзгалар ҳам рози бўлинган ҳолатда, ҳаммасидан ҳам Робб субҳанаҳу ва таоло рози бўлган ҳолатда, қайт Роббингнинг ҳузурига” — дейди. ”Фадхулий фий ибадий” Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тарафидан шу нидони эшитади: “Бандаларим сафига киргин” — дейди. ”Вадхулий жаннатий” “жаннатимга киргин” — дейди. Хотиржам бўлади жаннатга кириб. Чунки у ҳаётида хотиржамлик билан ҳаёт кечирган. Бирор дақиқа беқарор бўлганмас.»
Рисоламизнинг аввалидаги эълонда мисли кўрилмаган хазина ва уни топиш йўли ҳақида айтилган эди. Аммо рисоламиз ўртасига келганда мавзунинг бошқа тарафга қараб ўзгараётганига қадрли ўқувчиларимизнинг асло кўнгиллари танг бўлмасин. Эълон берувчи ҳаргиз ваъдасига хилоф қилгани йўқ. Сиз сабр ва диққат билан рисолани охиригача ўқиб чиқсангиз ва у кўрсатган йўлдан ҳеч тараддудсиз юрсангиз, албатта хазинани топасиз. Хазина бўлганда ҳам ҳазилакам хазина эмас, унинг олдида 1 тонна дуру-гавҳар ҳам сариқ чақага арзимай қоладиган хазина.
Қизиқ, инсонга икки дунё бахтиёрлигига эриштирадиган хазинанинг харитасини кўрсатсангиз, бунга парво ҳам қилмайди. Аммо 1 тонна дуру гавҳар яширилган жойнинг харитасини қўлга киритиш учун ўз ҳаётини хатарли ҳолатларга қўйишга ҳам тайёр бўлади. Тарих зарварақларини варақлашнинг имкони бўлганда 1 тонна дуру гавҳар эмас, атиги 1 кг олтин яширилган жойга етиш учун инсонлар бир-бирларини бўғизлаганлари, ойлаб-йиллаб тинимсиз машаққатлар чекиб, охир унга етишганидан сўнг ҳам асло хотиржамликни топа олмасдан, охири бахтиқаро ҳолатда ўлиб кетган минглаб инсонлар мисолларини учратиш мумкин бўларди. Аммо эълон соҳиби бошида 1 тонна дуру-гавҳарни ваъда қилган бўлсада, рисола давомида унинг миқдорини янада оширган бўлса, бу асло ваъдадан қайтиш ҳисобланмайди, балки аксинча.
Эълон соҳиби, рисоланинг шу ерига келганда яна бир тантилик қилишга қарор қилди. Бошида бу рисолани диққат билан ўқисангиз, ундаги йўл-йўриқларни сирли равишда кашф қила олишингиз ҳақида айтган бўлса, мана шу ерда аввалда айтилган харитадан ҳам гўзалроқ харитани бир йўла қўлингизга тутқизиб қўя қолади. Бу харита “Қуръони Карим”дир. Ҳа, ҳа, сизни атиги 1 ёки 100 тонна дуру-гавҳарлар хазинасига эмас, балки беҳисоб, ҳисобини фақат Аллоҳгина биладиган хазинага, уни топсангиз сизни беқарор қилиб, оромингизни ўғирлайдиган, хотиржамлигингизга путур етказадиган хазинага эмас, балки икки дунёда ҳақиқий бахт ва хотиржамликка сабаб бўладиган, мисли ҳаргиз бу дунёда топилмайдиган хазинага етаклайди. Албатта бу харита орқали юрсангиз, бу хазинанинг бир қисми билан шу дунёнинг ўзидаёқ баҳраманд бўласиз, аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Асосийси ва аслийси у дунёда. Бу харита бўйлаб юрган одам учун у дунёда қурилган атиги биттагина қасрнинг ўзига минглаб тонна ҳақиқий дуру-гавҳарлар ишлатилган бўлади. Бу эса ушбу хазинанинг бир учигина холос. Аллоҳнинг гўзал Юзини кўриш бахти, Пайғамбарлар, Сиддиқлар, саҳобалар ва бошқа мўъмин биродарлар билан дийдорлашиш неъматлари, бири-биридан гўзал, фақат сиз учунгина хос яратилган беҳисоб ҳуру-айнлар, туганмас тансиқ таомлар, мушку-анбардан бўлган тупроқлар ва улар билан лаззатланиш бахти олдида минг-минг тонналаб дуру-гавҳарлардан қурилган қасрлар ҳеч нарса бўлмай қолади. Бу албатта неъматни пастга уриш эмас, балки нисбий қиёсдир холос.
Энди эса Содиқул-Амин, инсониятнинг энг ишончлиси бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу сўзларини тааммул қилинг:
Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган саҳиҳ ривоятда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар:
“Агар аҳли жаннат аёлларидан бирортаси ер юзига чиқса, еру-осмон ўртасини хушбўйга тўлдириб ва ёритиб юборган бўлур эди. Унинг бошидаги рўмоли дунё ва ундаги барча нарсалардан афзалдир”.
Энди ўзингиз бир хулоса қилинг, жаннат аёлларидан бирининг атиги битта рўмоли дунё ва ва ундаги барча нарсалардан афзалдир, дейиляпти. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто 1 тонна дуру-гавҳардан иборат хазинадан афзал ҳам демаяпти, балки бутун ер хазиналарини ҳам бу рўмолнинг олдида арзимас деб санаяпти. Жаннат аҳлидан бўлган бир аёлнинг биргина рўмоли, бу дунёдаги барча нарсалардан қиммат бўлса, унда бу жаннат аёлининг ўзи ҳақида нима дейиш мумкин. Бир рўмол шунчалик қимматбаҳо бўлса, унда жаннатдаги дуру-ёқутлардан қурилган қасрлар ва бошқа неъматлар ҳақида нима дейиш мумкин. Тарозининг бир палласидаги дунё ва ундаги барча нарсаларни тарозининг иккинчи палласига қўийлган жаннатдаги биргина рўмолча босиб кетяпти. Унда сиз нега дунёдаги арзимас бир хазинани (ажабо 1 тонна бриллиант арзимас бўлиб қоляпти!!!) топиш учун керак бўладиган харитани қўлга киритиш учун нафақат бу рисолани диққат билан ўқиб чиқишга, балки юзлаб китобларни ҳам мутолаа қилиш машаққатига рози бўляпсизу, тарозининг иккинчи палласини атиги биттагина рўмоли ҳам босиб кетадиган ҳақиқий, аслий, бебаҳо ва туганмас хазинага элтувчи харитани қўлингизга тутқазиб қўйилса ҳам ўқишга малолланасиз! Ахир бу қандай ақл! Бозорда сотувчи билан бор-йўғи 10 рупия ёки 10 сўм пул устида тортишишга етган ақлингиз, наҳотки бу бебаҳо нарса устида мулоҳаза юритишга, уни топиш учун ҳаракат қилишга заифлик қилса?! Ажабо, бу ҳақиқатан ажабланарли нарса!!!
Агар сиз ўзингиздан мамнун бўлиб, аллақачон бу харита бўйлаб кетаётганликни даъво қилсангиз ҳам адашасиз. Чунки тавбани ортга сурган ҳолда қилаётган гуноҳларингизнинг ўзи сизнинг бу харитадан юз ўгираётганингизни исботлаб туради. Биродарлардан ёмон гумон қилиш, уларнинг хатоларини ёйиб, фазилатларини яшириш, дўстлар ўртасини ислоҳ қилиш ўрнига ўрталарига раҳна солиш учун сўз ўйинлари қилиш, масъулнинг ўз қўл остидагиларга нисбатан лоқайдлиги-ю, оддий кишининг масъуллар ишига нисбатан қаноатсизлиги, бировни асоссиз ёлғончига чиқаришу, ўзи ёлғондан ҳазар қилмаслик, ҳаром ва ҳалолга, хусусан мўъминнинг қони ҳурматига нисбатан бепарволик, номаҳрамга назар солиш, газета ва журналлардаги, телевизор ва компютер экранларидаги ҳаромларга лоқайдлик ва бошқа-бошқа гуноҳларни такрор-такрор қилишнинг ўзи хазинага олиб борадиган йўлдан адашиб қолганлик, харитадан юз ўгирганлик, энг камида эса унга бепарво бўлиб қолганликни англатади.
Ушбу харитада эса, хазина ҳақиқий эгасининг қуйидаги Каломлари битилган:
“Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур” (Тоҳа сураси 124-оят маъноси)
“Эй иймон келтирган инсонлар, Аллоҳ ва Расул сизларни ҳаёт бахш этувчи нарсага чақиришган пайтда ижобат этинглар. Билингларки, албатта Аллоҳ инсон билан унинг қалби орасини тўсиб қўяжак, ҳамда сизлар Унинг ҳузурига тўпланурсизлар”. (Анфол сураси, 24-оят).
Бу оятда Аллоҳ иймон келтирган инсонларни Аллоҳ ва Расул айтаётган ҳар қандай таклифни қабул қилишга буюради ва бу таклифларни ҳаёт бахш этадиган неъмат сифатида таърифлайди.
Қуртубий: “(Эй мўминлар) тоат қилишга ва Қуръон ўз ичига олган амру наҳйларга риоя этишга чақирилганда ижобат этинглар. Чунки мана шу нарсаларда абадий ҳаёт ва туганмас неъмат бор. Баъзи уламолар “Ҳаёт бахш этувчи нарса” дегани жиҳоддир, дейишган… Тўғрироғи, бу ибора ҳамма ибодатларни ўз ичига олади”.
Демак, Аллоҳнинг бу оятдаги буйруғидан маълум бўладики, Унинг Ўзи ва Расули чақирган амалларнинг барчасини бирдек қабул қилиш даркор. Ҳақ даъват рўпарасида турли баҳоналар билан ўзини овутиб ёки алдаб қўймаслик лозим. Шунда инсон абадий ва ҳақиқий ҳаётга, бахтга, хазинага эришади. Бу Аллоҳ ва Расул даъватига лаббай деб жавоб берган инсонлар мушарраф бўладиган улкан мукофотдир. Энди бу бахтга ўз вақтида етиша олмаган ёки Аллоҳу Расул даъватларини қабул қилмаган, ё эса қабул қилдим деса ҳам амалга киришишни пайсалга солган инсоннинг оқибати нима бўлади? Бу саволга шу оятнинг ўзидаёқ жавоб бор: “Билингларки, албатта Аллоҳ инсон билан унинг қалби орасини тўсиб қўяжак”.
Саъдий: «Кейин Аллоҳ Ўзига ва расулига ижобат этмасликдан огоҳлантириб дедики: “Билингларки, албатта Аллоҳ инсон билан унинг қалби орасини тўсиб қўяжак”, бас сизлар Аллоҳнинг амрини дастлаб келган пайтда рад этишдан сақланинглар. Негаки, у амрни кейинроқ бажараман деганингизда Аллоҳ сиз билан у ишнинг ўртасини тўсиб қўяди. Қалбларингиз ўзгариб қолади. Чунки Аллоҳ инсон билан унинг қалби орасини ажратиб юборади. У қалбларни хоҳлаган томонга айлантиради, Ўзи истаган тарафга буриб қўяди.
Қуртубий: “…Қалб фикрлаш ўрнидир … У Аллоҳнинг қўлида – қачон хоҳласа у билан банданинг орасини бирор касаллик ёки офат билан тўсиб қўяди. Шу билан банда ақлини ишлата олмай қолади. Бунинг маъноси шуки, токи ақлингиз заволга юз тутиб, амал қилиш имкониятингиз йўққа чиқмасдан бурун ижобат этишга шошилинглар.”
Баъзи биродарлар ўз ҳаётининг зерикарли ўтаётганидан шикоят қилаётганини эшитасиз. Айнан мана шу зерикиш, танг ҳаёт, шунингдек, инсон билан унинг қалби орасида парда ҳосил бўлаётганининг аломати бўлса ажаб эмас (Аллоҳ бундан барча мўъминларни сақласин!). Аммо ҳақиқий мўъминнинг зерикиш деган иллатга мубтало бўлишга ҳаққи йўқ.
Ахир улар қайси соғлом қалб билан зерикишади, харитага қараб, хазина томонга юриш наҳотки унга завқу-шавқ бағишламаса?! Қалби бебаҳо хазинага етишиш учун талпинаётган инсон зерикиши мумкинми?! Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ юқоридаги оят тафсирида шундай дедилар: “Маъно шуки, Аллоҳ инсон билан унинг ақли орасини тўсиб қўяди, охири у ўзи нима иш қилаётганини пайқамайдиган бўлиб қолади”.
Улар ўз зерикишларини қондириш учун бўлмағур лағв амаллар, ғийбат, иғво, қўшиқ ва нашидаларга муккасидан кетиб, ҳар-хил кинофилмлар ва теле-радио дастурларга ҳаётий тажриба олиш баҳонасида шўнғиб кетаётганларига гувоҳ бўласиз. Шундан сўнг барча балолар кетма-кет кела бошлайди. Инсон аввало ҳаётбахш нарса, Аллоҳ ва Росулининг чақириғига ижобат қилишга бепарво бўлади. Бу чақириқ буюк хазинага таклиф қиладиган чақириқ эди. Инсон унга лоқайд бўлади. Шайтон уни бундан чалғитади. У ўз ҳавои-нафсининг майлларига қулоқ сола бошлайди, Аллоҳнинг эслатмасидан юз ўгиради. Натижада эса Аллоҳ унга танг ва зерикарли ҳаётни бериб қўяди. У ўз ибодатларида, намозларида ҳеч қандай лаззат топа олмай қолади. Чунки у ўз зерикишини қондириш учун лағв ишларга муккасидан кетади:
Аллоҳ таоло Мўъминун сурасининг илк оятларида шундай маънода марҳамат қилади:
Дарҳақиқат мўъминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир. Улар беҳуда – фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгиргувчи кишилардир. Улар закотни (адо) қилгувчи кишилардир.
Муфассирлар Қуръоннинг намоз зикр қилинган барча оятларида, намоздан сўнг, бирданига закот ҳам зикр қилинганлигини, фақат мана шу оятдагина намоз ва закотнинг ўртасида лағвдан юз ўгириш ҳақида зикр қилинганлигини айтганлар. Бунинг маъноси лағв амалларга берилиш намозни хушуъ ва ҳаловат билан ўқий олмасликнинг асосий сабаби эканлигини айтганлар.
Шундай экан лағв ва беҳуда амалларга берилиб кетганлар намозни хушуъ билан ўқиш ҳақида умуман гапирмасалар ҳам бўлади. Хушуъсиз намоз эса руҳсиз тана кабидир.
“Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур.” Уларнинг руҳсиз намозлари эса уларни бузуқлик ва ёмонликдан тўсишга қодир бўла олмайди.
Бу ҳам етмагандек Аллоҳ бу балоларнинг кетидан инсон билан унинг қалби орасини тўсиб қўяди, бас у шу билан ўз ақлини ишлата олмай қолади ва нима иш қилаётганини пайқамайдиган бўлиб қолади.
Эй Аллоҳ, бизларни бундай балоланишдан Ўзинг сақлагин! Ўз қалбидан узоқлашган инсондан ҳам кўра бахтсизроқ кимса бўлиши мумкинми?!
«Эй Аллоҳим!… Қуръонни қалбимнинг баҳори, кўнглимнинг нури, маҳзунлигимни кетказувчи ва ғам-ташвишимни аритгувчи қилгин»
Шак-шубҳа йўқки, ким Аллоҳдан шу нарсани ихлос билан сўраса, ҳамда бунга астойдил талпинган ҳолда оятларни тадаббур билан тиловат қилишга одатланиб, унинг буйруқларига амал қилиб, қайтариқларидан қайтишга ҳаракат қилса Аллоҳ унга Ўз каломини қалб роҳати ва кўз қувончига айлантириб қўяди. Бундай бахтли инсон ўйлаганда Қуръон билан ўйлайдиган, юрганда Қуръон билан юрадиган, қайтганда Қуръон билан қайтадиган, оятлар тиловати билан қалби роҳатланиб, ундан ҳузур ва ҳаловат туядиган бўлиб қолади. Ахир Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай эмасмидилар?!
Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари Қуръон эди”.
Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олинган гўзал намуна биз учун ҳаёт манҳажига айланиб қолмоғи лозим!
«(Эй мўъминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва Охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун — Аллоҳнинг элчиси (иймон-эътиқоди ва хулқи-атворида)да гўзал намуна бордир»
Қуръон Аллоҳнинг Каломи, яъни унинг сифати экан, Қуръонни севиш, Аллоҳни севишдир. Қуръондан юз ўгириш эса Аллоҳдан юз ўгиришдир.
Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир». (Оли Имрон, 31)
Эй Аллоҳим, Каломингни қалбимнинг баҳори қилгин, Каломингга нисбатан ҳақиқий муҳаббатни, Росулингга нисбатан ҳақиқий итоатни насиб эт!
Аллоҳ таоло Ўз каломининг Бақара сураси 2-оятида шундай маънода марҳамат қилади:
“Ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб Аллоҳдан қўрқадиган кишилар учун тўғри йўл кўрсатувчидир.”
Аллоҳ таоло ушбу оятда Ўз Китобининг тўғри йўлни кўрсатиши учун шарт қилинган энг катта сирни ошкор қилди. Бу ҳам бўлса Аллоҳдан қўрқишдир. Агар рисолани шу жойигача диққат ва сабр билан ўқиб келган бўлсангиз, ниҳоят энг катта сирлардан бири кашф бўлди. Демак, ушбу харита бизга тўғри йўлни кўрсатиши учун аввало биз ўзимизни ислоҳ қилмоғимиз лозим бўлар экан. Аллоҳдан қўрқиш дегани – унинг Каломида мужассам бўлган буйруқларини бажариш ва қайтариқларидан қайтиш билан ҳосил бўлади. Рисолани шу жойигача ўқишга сабр қила олмаган ёки кибр қилганлар эса хазина, яъни бахт ва хотиржамликни шу дунёдаёқ топа олмасалар, эълон соҳибини ваъдага хилоф қилганликда айбламасинлар. Албатта инсоннинг қалби Аллоҳдан қўрққан ҳолда унинг зикри, Қуръонни тиловат қилиш ва унга амал қилиш билангина хотиржам бўлади ва оромланади. Қуръон ва зикр билан оромланиш ва қалблар мутмаъин бўлиши эса хақиқий хазина томон харита бўйича оғишмасдан кетаётганликнинг аломатидир. Аллоҳ бизнинг қалбимизни доимо Ўзининг зикри – Қуръон билан мутмаъин бўлишда давомли қилсин! Зеро ҳақиқий бахт қалблар оромидадир:
“Аллоҳнинг зикри билангина қалблар хотиржам бўлади, тинчланади”
Сўзимизни Устоз Абдулвалий қори аканинг ушбу оятни тафсир қилган сўзлари билан тугатамиз:
«Инсон Аллоҳнинг зикри билангина хотиржам бўлади. Ҳар бир мўъмин одам бу оятни ўзига лозим қилиб, кўз олдида кўриб, хотиржам бўлиб олмоқлиги керак. Ким у хотиржам бўлганлар? “Аллазина аману ва ъамилус солиҳат туба лаҳум ва ҳусну мааб” Уларнинг сифатлари “иймон келтирган кишилар, бу иймонларини ўзларида мужассамлаштириб солиҳ амалларни қилган, уларга жаннат ва яхши оқибатлардир. Ҳақиқатда ҳам, инсон ҳаётида боши ёстиққа тегадиган соат яқинлашган сари, Аллоҳнинг ҳузурига кетиш соатлари яқинлашган сари гуноҳлар кўз олдига кела бошлайди, ҳаётдаги гуноҳлар саф-саф бўлиб, кўз олдига кела бошлайди, хотиржамлик йўқола бошлайди, лекин солиҳ амалларни қилганлигига кўп ҳамдлар айтиб хотиржамлик билан ётади. Дунёдан хотиржам бўлиб, кўз юмади. Ҳеч эшитганмисиз, бирор одамнинг дин йўлида хизмат қилганлигига аттанг қилиб ўлганлигини? Ҳеч эшитганмисиз, дин йўлида — Аллоҳнинг каломини ёд қилиб, Аллоҳнинг каломини ўрганиб, ҳаётини ўтказганлигига аттанг қилганлигини? Ҳеч эшитганмисиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиб, амал қилган ҳаётига аттанг қилганлигини? Ҳеч эшитганмисиз, фарзандларини солиҳ-солиҳа қилиб тарбия қилганлигига аттанг қилганлигини? Аммо минг-минг марта эшитгансиз-ки, ҳаётида дин билан курашганлигига кўп йиғлаганлигини, надомат қилганлигини, агар йиғлашга улгуриб қолса, бўлмаса ҳаромдек ўлиб кетса, йиғлашга ҳам улгурмайди. Ҳеч эшитганмисиз ўзининг диндорларга қарши курашганлигига аттанг қилмаганлигини? Ҳаётини даҳрийлик билан ўтказганлигига кўп аттанг қилмаганлигини эшитганмисиз? Кўп аттанглар қилганлигини эшитгансиз. Биронта одамнинг фахрланганлигини эшитганмисиз “ҳаётимда бирор вақт намоз ўқимасдан яхши ҳаёт ўтказибман” деганлигини эшитганмисиз? Минг афсуслар бўлсин, Аллоҳнинг бандаси бўлмабман, деб кўп аттанглар қилганини кўп марта эшитгансиз. Ҳеч эшитганмисиз, ёшлигимда яхши қиморларни ўйнаб олган эканман, маст қилувчи ичимликларни ичиб олган эканман, деб қувонганлигини? Йўқ. Ёшлигимни ҳайвонларча ўтказган эканман, деб аттанглар қилганлигини минг-минг эшитгансиз. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин-ки, инсон хотиржамлик дунёсини фақат шариат буюрган буйруқларни қилишлик орқали топади. Шунинг учун Муҳаммад Иқбол (Аллоҳнинг раҳмати бўлсин у кишига) айтган эканларки “Ҳақиқий мўъминнинг аломатини биламан десанг, жон таслим қилаётганда лабидаги табассумдан биласан” — деган эканлар. Чунки ҳаётида мамнун бўлиб, Аллоҳнинг бандаси бўлиб ўтаётганлигига, мусибатда ҳам, қувончда ҳам, камбағалликда ҳам, бойликда ҳам, йигитлик вақтида ҳам, қарилик вақтида ҳам — ҳамма вақтида Аллоҳнинг буйруғига мувофиқ яшаганлигига ҳамдлар айтиб, жон таслим қилаётган пайтида “Эй хотиржам кимса” деган хитобни эшитганда у ўзини тўхтата олмасдан лабида табассум билан жон таслим қилади. Умрининг охирида шундай бўлади. Шунинг учун, ҳаёт бизга исботлаб турибди-ки, фақат Аллоҳнинг зикри билангина қалблар тинчланади, қалблар хотиржамланади.»
Сўнгги дуомиз: «Бaрчa олaмлaр роббиси бўлгaн Aллоҳгa ҳaмдлaр бўлсин!».
Ассалому алайкум рисолади ўқиб кўп ўз айбларим кўзимга кўринди минг афсуслар бўлсин мен шундай эканман кўп зерикиб қоламан, шу рисолани хар куни ўқиб туришим керак экан, Аллоҳ таоло сиздан рози бўлсин
Амийн