Душманларни дўст тутиш дунёда хорлик ва охиратда азобдир

МАҚОЛАЛАР

Исломий фиқҳда ҳеч бир масалага душманларни дўст тутиш ва улар билан келишиш масаласига берилган эътиборчалик кўп эътибор берилмаган. Бу масала исломий фиқҳда катта ўрин эгаллайди ва турли хил мазҳаблар бу ҳақда бир фикрга келган.

Эҳтимол, бунинг боиси шу ҳақдаги шаръий ҳужжатларнинг кўплигидадир. Улар шу даражада кўпки, ихтилоф қилишга ўрин қолмаган ва душманларни дўст тутишнинг ҳаромлиги диндаги ўз-ўзидан маълум ишлар қаторига кириб қолган. Шунга қарамай, бу масалани таъвил қилувчилар ҳамон мавжуд. Кўрамизки, айримлар дўст тутиш маъноларининг бир қисмини қабул қилиб, ўз истагига тўғри келмайдиган бошқа бир қисмини олмайдилар.

Баъзилар душманнинг воқеини тасвирлашда гап ўйини қилади ва худди шундан келиб чиқиб, шаръий қоидалар ясайди. Қарабсизки, воқени ўзгартириб, одамларга душманни гоҳида дўст, гоҳида душман қилиб кўрсатади.

Айримлар эса батамом йўлдан озиб, дўстлик масаласида шаръий ҳужжатларни асос қилиб олишмайди. Ўзларининг қисқа ақлларидан келиб чиқиб, манфаатга асосланишади. Улар Британия бош вазири Черчиллнинг: «Доимий дўстлар ҳам, доимий душманлар ҳам бўлмайди, доимий манфаатларгина бўлади», деган гапини қабул қилиб олганлар.

Бу масаладаги ҳақиқий тадқиқот бизни аввало душманнинг ўзи кимлигини билиб олишга ундайди. Токи мусулмонларнинг душманлари кимлигини аниқ белгилаб олайлик. Зеро, душман ўзи кимлигини аниқлаб олганимиздан кейингина уни дўст тутиш ҳақида қатъий ҳукм чиқара оламиз.

Шак-шубҳасиз, Исломда душман куфрдир, душманлар эса кофирлардир. Зеро, куфр душманлар борлигининг аломатидир, яъни душман мавжудлигига далолат қиладиган шаръий сабабдир. Аллоҳ Таъоло деди:

يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لاَ تَتَّخِذُوا عَدُوِّي وَعَدُوَّكُمْ أَوْلِيَاءَ تُلْقُونَ إِلَيْهِمْ بِالْمَوَدَّةِ وَقَدْ كَفَرُوا بِمَا جَاءَكُمْ مِنَ الْحَقِّ

– „Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки улар сизларга келган Ҳақ (дин ва Қурoон)га кофир бўлгандирлар!“. [60:1]

Бу оят Аллоҳ ва Умматнинг душманлари Исломга кофир бўлган кимсалар эканлигини аниқ кўрсатиб берди. Шундан келиб чиқиб, куфр душман тутишга сабаб бўлди. Демак, биз одамларни куфрлари сабабли душман тутамиз. Биз билан бошқа одамлар ўртасидаги душманликнинг асоси куфрнинг мавжудлигидир. Шунинг учун агар куфр мавжуд бўлса, душманлик ҳам мавжуд, куфр йўқ бўлса, душманлик ҳам йўқ бўлади. Ҳатто баъзи мусулмонларнинг ўзини ҳам душман тутишнинг сабаби уларнинг кофирларни дўст тутишаётганига бориб тақалади. Яъни, улар ё куфр ҳукмларини татбиқ этаётган бўладилар ёки исломий ҳукмларни татбиқ этмаётган бўладилар. Шунга кўра, душманлик аслида куфр туфайли юзага келади.

Зиммий, аҳдлашилган ва келишилган кофирларга бу ҳукмнинг тушмаслиги зимма, аҳд ва келишув каби монеларнинг (тўсиқларнинг) борлигидандир. Агар бу монелар барҳам топса, душман бўлиш ҳукми яна ўз кучига киради.

Кофир душманларнинг ҳукми – мана шулар. Энди улар билан дўст тутинишга келсак, шариат мусулмонларга улар билан ёрдамлашиш, маслаҳатлашиш, йўл кўрсатиш, яхши кўриш, садоқатли бўлиш каби ҳамма маънодаги дўст тутинишни қатъий ҳаром қилган.

Ҳамма маънодаги дўстлик қатъиян ҳаром. Мусулмоннинг кофирга ёрдам бериши, таяниши, йўл кўрсатиши, бўйсуниши, у билан маслаҳатлашиши, дўстлашиши, уни яхши кўриши – ҳамма-ҳаммаси ҳаром. Агар шу ишларни қилса, кофирни дўст тутган бўлиб, унга кофирни дўст тутиш ҳукми тўғри келиб қолади. Фақат ўзини яширин тутиш ҳолатигина бундан мустасно. Аллоҳ Таоло айтади:

إِلَّا أَنْ تَتَّقُوا مِنْهُمْ تُقَاةً

– „Магар улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз (юзаки муомала қилсангиз жоиздир),…“. [3:28]

Бу кофир ҳукуматига бўйсунаётган, моли, жони ёки обрўсига нисбатан бирор зиёнга дуч келаётган бир ёки бир неча мусулмонларгагина тааллуқли заифлик ҳолатидир. Шу ҳолатдан бошқа ҳар қандай ҳолатда мусулмоннинг кофир билан дўст тутиниши мутлақо жоиз эмас.

Аллоҳ Таъоло эҳтиёткорлик юзасидан ёки мадад олиш учун кофирлар билан дўст тутинадиган заиф иймонли мусулмоннинг баҳоналарини рад этиб, шундай дейди:

بَشِّرْ الْمُنَافِقِينَ بِأَنَّ لَهُمْ عَذَابًا أَلِيمًا الَّذِينَ يَتَّخِذُونَ الْكَافِرِينَ أَوْلِيَاءَ مِنْ دُونِ الْمُؤْمِنِينَ أَيَبْتَغُونَ عِنْدَهُمُ الْعِزَّةَ فَإِنَّ الْعِزَّةَ لِلَّهِ جَمِيعًا

– „Бундай мунофиқларга улар учун аламли азоб борлигидан «хушхабар» бериб қўйинг! Улар мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутадилар. Улар ўша кофирлар олдидан куч-қудрат излайдиларми?! (Овора бўладилар!) Зеро, бор куч-қудрат Аллоҳникидир“. [4:138,139]

Бу оятларда Аллоҳ кофир билан дўст тутинадиган мусулмонни мунофиқ деб таърифлаяпти ва шу иши учун уни аламли азобдан огоҳлантиряпти ҳамда ҳақиқий мадад ва нусрат кофирлардан олинмаслигини баён қиляпти.

Мана шу етарли баёндан кейин ҳар қандай нуқсондан Пок Аллоҳ кофирларни дўст тутган мусулмонларнинг ўзларига қарши очиқ ҳужжат тайёрлаб бераётганларини, жаҳаннамга кириш учун «чипта» сотиб олаётганларини таъкидлаб, шундай дейди:

يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لاَ تَتَّخِذُوا الْكَافِرِينَ أَوْلِيَاءَ مِنْ دُونِ الْمُؤْمِنِينَ أَتُرِيدُونَ أَنْ تَجْعَلُوا لِلَّهِ عَلَيْكُمْ سُلْطَانًا مُبِينًا

– „Эй мўминлар, мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутманглар! Аллоҳ учун ўз зарарларингизга очиқ ҳужжат қилиб беришни истайсизми?!“ [4:144]

Уларни мунофиқ, деб таърифлаган Аллоҳ уларнинг биздан ҳам улардан ҳам эмаслигини уқтириб, шундай дейди:

أَلَمْ تَرَى إِلَى الَّذِينَ تَوَلَّوْا قَوْمًا غَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِمْ مَا هُمْ مِنْكُمْ وَلاَ مِنْهُمْ وَيَحْلِفُونَ عَلَى الْكَذِبِ وَهُمْ يَعْلَمُونَ

– „(Эй Муҳаммад), Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни (яҳудийларни) дўст тутган кимсаларни (мунофиқларни) кўрмадингизми? У (мунофиқлар) сизлардан (яъни мусулмонлардан) ҳам, улардан (яъни яҳудийлардан) ҳам эмасдирлар! Яна улар (ўзларининг мунофиқ эканликларини) билиб турган ҳолларида («Бизлар мусулмонлармиз», деб) қасам ҳам ичурлар“. [58:14]

Бу оятда кофирларни дўст тутганлар иккала тарафга ҳам қўшилолмасдан аросатда қолишлари айтилиб, уларга ўзига хос тарзда танбеҳ бериляпти.

Яна бир оятда эса уларнинг мусулмонлар сафидан бутунлай чиқиб кетишлари, яъни душман билан дўст тутинишлари уларнинг мажозий маънода ўшаларга қўшилиб олганликлари экани баён қилинган. Аллоҳ Таоло айтади:

يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لاَ تَتَّخِذُوا الْيَهُودَ وَالنَّصَارَى أَوْلِيَاءَ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ وَمَنْ يَتَوَلَّهُمْ مِنْكُمْ فَإِنَّهُ مِنْهُمْ

– „Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир“. [5:51]

Бу муборак оятлар кофирлар билан дўст тутинишнинг ҳукми қандай бўлишини очиқ баён қилиб, шундай қилганларга қаттиқ танбеҳ бериб, уларни энг хунук сифатлар билан таърифлаб, шу ишларида давом этаверишларига ҳеч қандай ўрин қолдирмаяпти.

Кофирларни дўст тутганларга қарата бўлаётган бу қадар танбеҳ бериш, огоҳлантиришлар бу ишнинг уммат учун нақадар хатарли эканини таъкидлаб турибди. У ҳамма балоларнинг боиси, ёмонликларнинг манбаи, иллатларнинг илдизидир. Бугунги кундаги умматнинг офату балолар, фалокату ҳалокатлар, хорлигу ночорликлар гирдобида қолаётгани ҳам худди мана шундан, ҳукмдорларнинг кофирлар билан апоқ-чапоқ бўлаётганларидан. Маълумки, натижа сабабга қараб бўлади. Агар сабаб бартараф этилса, натижа ҳам ўнгланади.

Улашинг :
𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *