Собиқ черков роҳиби Иброҳим Сили ҳикояси

ҲИКОЯЛАР

      “Мен черков ғоясига қаттиқ берилган роҳиб эдим”, деб сўзини бошлайди Иброҳим Сили: “Черков хизматига бутун куч ва ижтиҳодимни сарфлар эдим. Балки, бунга ҳам қониқмай, миссионерлик фаолияти билан ҳам шуғулланардим. Бу ҳаракатларимни кўрган Ватикан мени Жанубий Африканинг энг катта роҳиби этиб сайлади. Мен бу лавозимдан руҳланиб, халқни христианликка чақиришни кучайтириб юбордим. Ватикандан келган маблағларни ҳам шу йўлда сарфлашни бошладим. Мактаб, боғча, касалхона, қишлоқ ва ўрмонларни зиёрат қилиб, одамларга пул, совға салом таклиф қилар шу орада уларни христианликка тарғиб қилардим.

    Ватикан менга ишонганидан ҳеч қандай маблағни аямас эди. Тез орада бойиб кетдим. Шу билан бирга одамлар ва роҳиблар орасида мартабам янада ўсиб борарди. Бир кун яна совға-салом олгани бозорга тушдим. Совғалар растасининг бирида куфий бош кийим кийиб олган бир кимса савдо қиларди. Уни мусулмон экани яққол билиниб турарди. У билан совғаларни нархида савдолашиб, арзонроқ нархда сотиб олдим. Мен узун оқ ёқали роҳиблар кийимида эдим. У мени кийимимдан билиб: “Сиз роҳибсиз, шундайми?” деди. Мен: “Ҳа, шундай”, дедим. У: “Сизнинг Худойингиз ким?” деди. Мен: “Ийсо Масиҳ барчани худосидир”, дедим. У: “Мен сизни мунозарага чорлаб айтаман, Инжилнинг бирор ерида Ийсонинг ўз тили ила “Мен худоман”, “Мен худо ўғлиман, менга ибодат қилинг!” деган сўзи йўқдир”, деди.  Гўё, бошимга гурзи билан урилгандек бўлди. Нима деб жавоб қайтаришни билмай қолдим. Ўйланиб қолдим, мендек Жанубий Африка роҳибларининг катталаридан бири бўлган кимсани, бир оддий мусулмон сотувчиси мунозарага чақириб турса, устига устак савол ташасаю, сал кам Инжилни барчасини ёд билишимга қарамай, ҳеч нарса дея олмасам. Инжилларни барчасини ёдимдан ўтқаза бошладим, ҳақиқатан “Мен худоман, менга ибодат қилинг” ёки “Мен худо ўғлиман, менга талпининг” деган Ийсонинг бирор бир сўзини тополмадим. Бу каби савол мендек ақли расо, зеҳни ўткир, ҳар бир нарсага бекордан бекорга ишониб кетавермайдиган, етти ўлчаб бир кесадиган кимса назаридан қандай қилиб ғофил қолди экан?!

     Қўлимдан тарвузим тушиб, черковга қайтиб келдим. Бир нарсасини йўқотиб қўйган гумроҳ каби айланардим халос. На ейиш ичишда ва на ўйқу ҳордиқда тинчлик бор. Хаёлимда фақат ана ўша мусулмоннинг саволи ва унга берилмай қолган жавоб. Жавоб бўлса берилади-да?! Кеч бўлишига қарамай черков кутубхонасига йўл олдим. Бирин кетин китобларни қўлимга ола бошладимда, ҳатто ичини очмай ҳам стол устига қўявердим. Чунки буларни барини ўқиб чиққан ва кўпларини ёд ҳам олган эдим. Барчасида мен ечим топмоқ истаган саволга жавоб йўқ эканлиги аниқ ва равшан эди. Курсийга ўлтириб яна ҳаёлга чўмдим. Ахийри бир китобни олиб, ўқий бошладим. Китобни ўқиб бўлгач, “Ийсо худо бўлмаса, ўликни тирилтирармиди?! Ёки дунёни сал кам ярми Ийсони худо деб, тан олармиди?!” дедимда  ўзимни ўзим овутган бўлдим.

    Эртаси кун яна ишларимга шўнғиб кетдим. Ҳалиги мусулмоннинг саволини ҳам унутаёздим. Якшанба куни бўлганида, одатдагидек черковда мавъиза қила бошладим. Биринчи айтган сўзим, қаердан келди билмадим?, “Ийсо худоми” бўлди. Барча “Ҳа” деди. Мен яна саволни қайтардим. Яна ўша жавоб. “Далилингизни келтиринг” дедим, барча жим. Улар мени олдин савол ташлаб, кейин ўзим жавоб беришимга кўникниб қолишган эди. Бу сафар ҳам жавобни ўзимдан кутишаётган эди. Лекин бу гал менда жавоб йўқ эканлигини билишмас эди. Ҳеч нарса демай ва ҳеч нарса қилмай туриб қолдим. Ҳамма ҳайрон. Бир роҳиб дўстимдан менинг ўрнимга мавъиза қилишини сўраб, ўзим хонамга кириб кетдим. Сўнгра барча роҳибларни тўплаб, мусулмон кимса билан бўлган суҳбатни ва унинг саволини айтдим. Улар: “Сени бир оми мусулмон динингдан қайтармоқчи бўлибди!”, дея айблай кетишди. Уларга: “Ундай бўлса саволига жавоб беринглар”, дедим. Яна ўша ҳолат барча жим. Уларни тарк этдимда, ҳоли бўлиб, осмонга юзландим. Кимга дуо қилишни билмасдим. Охири “Роббим, Холиқим, Сени борлигин аниқ ва равшандир. Менга сен томон бўлган барча эшиклар ёпилди. Ўзинг тўғри йўл кўрсатмасанг, ҳақиқатни топишим амри гумондир”, деб дуо қилдим. Яна қанча дуо қилиб турганимни билмайман. Кўзларимдан ёш шош қатор бўлиб оқар, шу зайлда ухлаб қолибман.

    Туш кўрибман. Тушимда бир нур ила тўла хона ичида эканман. Хонада мендан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Ногоҳ хона ўртасида бир кимса намоён бўлди. Нурга бурканганидан кўзларим қамашиб кетди. У: “Эй Иброҳим” деди. Ён атрофимга назар солдим хонада мендан бўлак ҳеч ким йўқ эди. У: “Сенсан Иброҳим, исминг Иброҳимдир. Ҳақиқатни билишни истамаганмидинг?” деди. Мен: “Ҳа”, дедим. У:  “Ўнг томонинга қара”, деди. Қарасам оппоқ кийим кийган, оқ салла ўраган кимсалар турибди. У кимса: “Агар ҳақиқатни топмоқчи бўлсанг, уларга эргаш” дедида ғойиб бўлди.  Уйқудан хурсанд ва кўнглим хотиржам уйғондим. Энди менга тушимда кўрган ўша оқ кийим ва оқ саллали кишиларни топиш қолганди. Ишимдан татил олиб, йўлга чиқдим. Кўпгина шахарларда бўлдим. Биринчи ўринда мусулмонларни қидира кетдим. Мен кўрган мусулмонлар шим ва куфий бош кийим кийишарди. Наҳотки тушимда кўрган кимсалар мусулмонлар бўлишмаса деган гумонга ҳам бордим. Бир куни сафарим асносида Йоҳанисбург шаҳридаги Африка мусулмонлари қўмита биноси олдидан чиқиб қолдим. Бино ичига кириб, ходимларни бирини олдига бордимда тушимда кўрган оппоқ кийим ва оқ саллали кимсалар ҳақида сўрай кетдим. У мени гадой деб ўйлаб, пул берди. Мен унга “Мен сўраган нарса бу эмас. Сизлар ибодат қиладиган жойингиз борми?” дедим. У яқин орадаги масжидни айтиб берди. Мен масжид томон юзланиб кетдим. Масжидга яқинлашиб келиб, ҳайратдан донг қотдим. Масжид эшиги олдида тушимда кўрган оппоқ кийим ва салла кийган кимсалардек кийинган бир кимса менга қараб жилмайиб турарди. Жуда хурсанд ҳолда унга яқинлаша бошладим. Олдига келганимда унга бир оғиз сўз айтмасимдан: “Марҳабо Иброҳим! Ҳуш келдингиз” деб кутиб олди. Яна ҳайратим чексиз эди. У мени тушиниб: “Ажабланманг! Тушимда сизни кўрган эдим. Ҳақ йўлни қидириб юрган эдингиз. Ҳақ йўл Аллоҳ бандаларига рози бўлиб туширган Ислом динидир”, деди. Мен сал ўзимга келиб: “Тўғри мен ҳақни қидириб юргандим. Тушимда бир нурли кимса келиб, сиз каби оппоқ кийим ва салла кийган жамоатни кўрсатиб, уларга эргашишимни айтган эди. Тушимда кўрган ўша нурли кимса ким эканлигини айтиб беролмайсизми”, дедим. У: “Бу кимса пайғамбаримиз, ҳақ дин бўлмиш Ислом пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар”, деди. Мен: “Ҳақиқатан У расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламмидилар” дедим. У: “Ҳа” деб жавоб қайтариб, ичкарига бошлаб кирди ва масжид охирига ўтқазиб қўйди. Пешин намози вақти экан улар намоз ўқишди. Мен уларни намоз ўқишларини томоша қила туриб, ўзимга ўзим “Аллоҳга қасам, ҳақиқий дин шудир, китобларда пайғамбар ва расуллар Аллоҳга сажда қилиб юзларини ерга қўйишганини ўқиганман”, дедим. Намоздан сўнг, улар олдимга келишди. Мендан Исломни қабул қилишимни сўрашди. Мен ҳеч иккиланиб ўтирмай шаҳодат калимасини сўзладим. Улар мени табриклай кетишди. Баъзилари ҳатто ҳавас назари билан қараб: “Бу Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кимса”, дейишди. Мен эса ўзимни йиғидан ҳарчанд уринмай тўхтата олмасдим. Бир оз вақт ўтгач, ўзимни қўлга олдим. Нафсим хотиржам, кўнглим таскин топган эди. Бир муддат улардан дин сабоғини олдим. Намоз, рўза каби арконларни, мулойимлик, бағри кенглик каби ҳусни хулқларни ўргандим. Сўнгра шаҳримга қайтиб бордим. Мени ҳамма қидириб юрган экан. Ишимга бориб Исломни қабул қилганимни, ҳақ йўл шу эканини баён этиб, уларни ҳам шу динга чақирдим. Улар мени эси пастга чиқара кетишди. Ҳар турли айбларни қўя бошлашди. Бу ишлари манфаатсиз кетишини билишгач ҳийла йўлига ўтишди. Ватикан менга катта маош, ҳашаматли уй, дабдабали ҳаёт ва агар ҳуҳласам Ватиканда катта лавозим таклиф қилди. Мен: “Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни менга (тушимда) юбориб, ҳақ йўлни кўрсатганидан сўнг, яна адашишлигимни хоҳлайсизларми?! Ҳаргиз ундай бўлмас. Мен сизларни Исломга чақираман”, дедим. Роҳиблардан икки киши алҳамдулиллаҳ Исломни қабул этди. Шундан сўнг мендан барча нарсаларни, уй жой, машина ва ҳоказоларни тортиб олишди”, дея ҳикоясини якунлади Иброҳим Сили.

Tagged
𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *