Ийд куни – Аллоҳга итоат қилувчи кимсалар учун хурсандчилик кунидир

ҲИКОЯЛАР

Мусулмонлар ийд куни халифа Умар ибн Абдулазизни қутлагани унинг ҳузурига киришди. Эркаклар кетгач ёш болалар ҳам кириб табрикладилар. Улар орасида Умар ибн Абдулазизнинг ўғли ҳам бор эди. Унинг эгнида эски кийим, бошқа болалар эса чиройли янги кийимлар кийган эдилар. Буни кўрган халифа йиғлади.

Ўғли отасининг ёнига келиб: Отажон, нима нарса сизни ўйлантирди ва йиғлашга мажбур қилди? — деб сўради.

Халифа Умар ибн Абдулазиз: Йўқ ўғлим, ҳеч нарса… Фақатгина халойиқнинг болалари янги кийимлар кийсаю, улар олдида сен эски ва кўримсиз кийимларда турганлигингни кўриб, бу ҳол сенинг қалбингни ўкситиб қўймадимикан, дея қўрқдим, холос.

Шунда ўғил отасига қараб: Эй отажон, Аллоҳни таниб туриб унга осийлик қилган кимсанинг қалби ўксинсин, ота-онасини норози қилган кимсанинг қалби эзилсин… Менинг қалбим нега ўксинар экан?! Ийд куни – Аллоҳни рози қилиб, унга итоат қилувчи кимсалар учун хурсандчилик кунидир! — деб жавоб қилган экан.

Tagged

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *