«Ла илаҳа илаллоҳ» ва жаннатга кириш

ФАТВОЛАР

Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ««Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур расулуллоҳ» деган одам жаннатга киради», дедилар. Мен шуни билмоқчиман, одамнинг у калимани ҳаётида бир марта ёки бир неча марта ёхуд ўлими олдидан ёда қачондир бир пайт айтиши етарлими? Талаффуз қилган одам гуноҳ ишларга қўл урган бўлса ҳам, бу калима фойда бераверадими? Аллоҳ сизга билдирсин, бизга тушунтириб берсангиз.  

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (фатво № 15):

Агар банда «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ),– деб айтиб, «Муҳаммадур расулуллоҳ» (Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир),– деб чин юракдан иймон келтириб гувоҳлик берса, Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилиб, ибодатда Аллоҳни яктоласа: У билан бирга мурдалар, дарахтлар, бутлар, юлдуз (бурж)лар ва бошқа нарсаларга ибодат қилмаса, балки Аллоҳнинг ўзигагина сиғиниб, Унинг инсону жинларга юборилган пайғамбарини тасдиқлаб, унга гувоҳлик берса, сўнгра шу ҳолатида гуноҳларга муккасидан кетмай, мусулмонлиги ва шу шаҳодатларни келтириши билан вафот этса, у жаннат аҳлидан бўлади (иншааллоҳ).

Аммо, зино ёки ароқ ичиш ёхуд ота-онага оқ бўлиш ё қариндошлар билан аразлаш каби гуноҳлари бўлса, бундай банда Аллоҳнинг хоҳишига ҳаволадир: хоҳласа афв этади, хоҳламаса жаҳаннамга киритиб, гуноҳининг ҳажмига қараб жазо беради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:

{إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ}

«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48).

Банда бу икки шаҳодат калимасини талаффуз қилиш билан бирга беш вақт намозларни адо этиши, закотни бериши, рамазон ойи рўзасини тутиши, Каъбатуллоҳни ҳаж қилиши, қўйинки, Аллоҳ фарз қилган ибодатларнинг барчасини қилиши керак. Бундай қилиши заруратдир. Бундан ташқари, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан йироқ туриши лозим. Чунки шаҳодат калималарини айтган бўлсада, Исломни бузадиган ҳаром ишлардан биронтасини қилиб қўйса кофирга айланади. Зеро мунофиқлар «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ» деб гувоҳлик берган бўлсалар ҳам, ботин – ички дунёларида Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи дедилар-да, жаҳаннамнинг тубида азобланадиган кофирга айландилар. Бинобарин, «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир» дея гувоҳлик берган, сўнгра эса Ислом дини ёки Аллоҳни ҳақорат қилган одам, Аллоҳ сақласин, мусулмонликдан чиқади.

Шунингдек, фарзлигини инкор этамасада намозни қасддан ўқимаган одам ҳам, кўплаб илм аҳлларининг фатвосига кўра, кофир бўлади. Шу фатво тўғридир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

«У (мушрик)лар билан ўртамиздаги аҳд – намоз ўқишдир. Ким намозни тарк қилса, кофир бўлибди» (Имом Аҳмад 5/346; термизий 2621; насоий 463; Ибн Можа 1079);

«Киши билан куфр ва ширк ўртасида намозни тарк қилиш бордир» (Имом Муслим 82; Термизий 2620; Абу Довуд 4678; Ибн Можа 1078; Имом Аҳмад 3/389; Доримий 1233).

Намознинг фарз эканини инкор этган одамнинг, гарчи намоз ўқисада, кофир эканида уламолар якдил фикрдадир. Чунки у, Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни рад этган бўлади.

Бироқ, рўза тутиш ёки закот беришнинг фарз эканини била туриб тарк этса, рўза тутишнинг фарз эканини била туриб уни тутишда лоқайдлик қилса, катта гуноҳ ва осийликка қўл урган бўлади. Аллоҳ таоло бундай одамга Қиёмат куни қаттиқ азобни ваъда қилди. Агар хоҳласа уни кечираверади. Шунинг учун ундай одам Аллоҳнинг хоҳишига ҳаволадир.

Шунга кўра, юқорида эслатиб ўтилган ароқ ичиш ёки ота-онага оқ бўлиш ёхуд судхўрлик қилиш каби гуноҳларга қўл урган одам, модомики Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол демас ва уларнинг гуноҳ эканини била туриб нафсу ҳавоси, шайтони ва ёмон дўстларига эргашиб қилган экан, катта гуноҳни қилган бўлади. Бу билан унинг иймони камайиб, заифлашади. Аҳли суннат эътиқоди бўйича, ундай одам Аллоҳнинг хоҳишига ҳаволадир. Шундай бўлсада унга, хаворижларга қарши ўлароқ, кофир ҳукми берилмайди. Балки у Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола этилади ва иймони камаяди. Аллоҳ хоҳласа мағфират қилади, хоҳласа жаҳаннамда қилган гуноҳига яраша жазолайди. Жазосини олиб гуноҳлардан поклангач, Аллоҳ уни жаҳаннамдан чиқаради ва азоблар ичида мангу қолдирмайди. Зеро жаҳаннамда кофирларнгина мангу қоладилар.

Жаҳаннамда муваққат қолиш эса қотил ва зоний одамлар учун белгиланганидек, айрим осийларгагина хосдир. Буни «муваққат мангулик»– деб аталади. Кофирлар мангулиги эса, чексиздир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

{كَذَلِكَ يُرِيهِمُ اللَّهُ أَعْمَالَهُمْ حَسَرَاتٍ عَلَيْهِمْ وَمَا هُمْ بِخَارِجِينَ مِنَ النَّارِ}

«Шундай қилиб, Аллоҳ таоло уларнинг қилган амалларини ўзларига ҳасрат-надомат қилиб кўрсатади ва улар жаҳаннамдан чиқувчи бўлмайдилар» (Бақара: 167);

{يُرِيدُونَ أَنْ يَخْرُجُوا مِنَ النَّارِ وَمَا هُمْ بِخَارِجِينَ مِنْهَا وَلَهُمْ عَذَابٌ مُقِيمٌ}

«Улар дўзахдан чиқмоқчи бўладилар-у, ҳеч ундан чиқувчи бўла олмайдилар — улар учун доимий азоб бордир» (Моида: 37).

Аллоҳ таолодан офият сўраймиз.         

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Улашинг :