Кофир диёрларда асир тушган мусулмонни қамоқхонадан қутқариш учун қамоқхона бошлиғига пора сифатида асирларнинг фидяси учун вақф қилинган пуллардан берсак бўладими? Қамоқхонанинг катта лавозимдаги бошлиқларидан бири катта миқдорда пул эвазига асирни қамоқхонадан чиқаришга ваъда беряпти. Бу нарса мусулмонни фидя эвазига қутқариш ҳукмига кирадими? Ёхуд шариъат қайтарган пора бериш ҳукмига кирадими? Хоссатан, асир куфр юртларида узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган бўлса! Аллоҳ сизларни яхшилик билан мукофотласин.
Ҳа, асирни озод қилиш учун саволда зикр этилган йўл билан асирларнинг фидяси учун вақф қилинган пуллардан берса ҳам ёки бошқа пуллардан берса ҳам жоиз бўлади. Имом Бухорий Абу Мусо ал-Ашаърийдан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Асирни озод қилинглар!”. Бу ҳадисда буйруқ умумийдир, (демак, асирларни озод қилиш учун жон билан қутқариш керак бўлса жон бериб қутқарилади, агар мол талаб қилинса молу-дунё билан озод қилиш керак бўлади).
Имом Моликдан сўралди: Мусулмонларга мусулмонлардан асир тушганларни фидя эвазига қутқариб олиш вожибми? Имом Молик: “Ҳа, ахир мусулмонларга асирларини озод этмагунларигача жанг қилмоқликлари вожибми?” Савол берувчи: “Ҳа” — деди. Имом Молик: “Шундай экан, қандай қилиб моллари билан асирларни қутқаришлик вожиб бўлмасин?!”
Имом Молик: “Асирларни фидя бериб қутқариб олиш мусулмонларга вожибдир, гарчи ҳамма дунёсини бериб бўлса ҳам. Бунда ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Фидя беришнинг иложи бўлмаганда асирларга ҳамдард бўлиш мусулмонларга вожибдир.”
Умар ибн Хаттоб айтади: “Кофирларнинг қўрғонларидан биронта қўрғоннинг битта мусулмонни қатл этилишлиги билан фатҳ бўлишлигини хуш кўрмайман”.
Имом Қуртубий Қуръондан қуйидаги оятни келтириб, у ҳақида шундай дейди: ““…Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир..”. (Анфол сураси, 72 — оятдан).
Душман еридан ҳижрат қилиб чиқмаган мўъминлар мусулмонлардан ўзларини душмандан қутқариш учун ёки аскар сўраб ёрдам талаб қилишса, мусулмонларга уларни қутқариш учун ёрдам бериш лозим бўлади. Уларни ёрдамсиз ташлаб қўйиш жоиз бўлмайди. Агар у қавм билан мусулмонлар ўртасида сулҳ-шартнома бўлса, токи шу сулҳ бузулмагунича у мўъминларга у қавмнинг зиддига ёрдам бериш жоиз эмас. Лекин ўша юртлардаги мусулмонлар бечора-заиф бўлсалар, у мустазъафинлар билан бошқа мусулмонлар ўртасида яқинлик мавжуд бўлиб, уларга ёрдам бериш бошқа мусулмонлар учун вожибдир.”
Имом Нававий айтади: “Агар душман битта ёки иккита мусулмонни асир олса, бу масъала душман Ислом юртига бостириб киргандаги маъсала билан тенг бўлади. Чунки Исломда бир мусулмоннинг ҳурмати юртнинг ҳурматидан қадрлироқ ва буюкроқдир. Демак, бу ерда бир ёки икки асирни озод этиш учун амал қилиш вожиб бўлади.”
Ибн ал-Аъробий шундай дейди: “Душман еридан ҳижрат қилиб чиқолмаган ожиз-бечора мўъминлар билан ўртамизда яқинлик қойим бўлиб, уларни қутқариш учун агар бизларнинг ададимиз, эъдодимиз ва тоқатимиз кўтарадиган бўлса, уларни қутқариш учун бор кучимизни ишлатиб, бирор қудратли одам қолмагунча ёки бирортамизда бирор дирҳам қолмагунча ҳаракат қилмоғимиз вожиб бўлади.”
Аммо куфр бошлиқларига бериладиган пуллар улар учун ҳаромдир. Зеро, улар бу пуллар пилан янада гуноҳларини зиёда этадилар. Бу иш бизларга фойдани ҳосил қилиш учунгина шариъат тарафидан рухсат берилган. Хулоса, асирни озод этиш учун маблағ беришнинг ҳеч зарари йўқ, балки тезлик билан бажариладиган вожиботлардандир. Лекин, бу аҳдни бузишлик ёки хиёнат йўли билан бўлмаслиги лозим. Аллоҳ билгувчироқдир.
Шайх Абу Валид ал-Ансорийнинг фатволар тўпламидан таржимон тарафидан баъзи иловалар қўшилган ҳолда иқтибос қилинди
Араб тилидан Абу Холид Бухорий таржима қилди