Ушбу ҳикоялар бир мужоҳид биродаримизнинг ён дафтаридаги кундалик битикларга асосланган. Бу битикларни ўқиб чиққан бир неча биродарларимиз ундаги ҳикояларни ўқиб бошқалар ҳам ундан фойда ва ибратлар олишлари учун уларни интернетда оммага нашр қилишимизни маслаҳат бердилар. Бу таклифни ён дафтар эгасига билдирганимизда у биродаримиз ихлос ва амният риоясини қилган ҳолда ҳикоялардаги номларни ўзгартириш шарти билан уни интернетда нашр қилишимизга рози бўлдилар. Қуйида исми шартли равишда Сайфул-Азиз деб ўзгартирилган биродаримиз бошидан кечирган қизиқарли ва ибратли ҳикоялар берилган бўлиб, уларни ўқиб ўзингизга яраша фойда ва ибрат оласиз деган умиддамиз.
Менинг дин ҳақидаги дастлабки тасаввурларим
1996 йил, баҳор фасли. Университетда ўқиб юрган кезларим. Дин ҳақидаги тасаввурларим алкаш-чулкаш эди. Диндорларни кўрсам нафратланардим, чунки хурофий фикрларнинг ўша вақтларда мамлакат бўйича кенг қулоч ёйиши жоҳил одам учун ҳақиқий дин ва хурофот ўртасини ажратишга халақит берарди. Эшитган ва кўрганларим бўйича дин деганда сеҳр, фолбинлик, ўлим маросимлари ва қабристон кўз олдимга келарди. Лекин шундай бўлсада менда қисман сақланиб қолган фитрат қандайдир бир яратувчи борлигига далолат қилиб турарди. Онгимда кимгадир сиғиниш лозимлиги ҳақидаги фикрлар айланарди. Бу ҳақда билганларим шунчалик саёз эдики, ҳатто бир марта ўқишдан таътилга уйга борганимда энамдан: “Эна, Худо ким, пайғамбар ким, иккаласининг фарқи нима?” – деб сўраганимни ҳам аниқ эслайман. Ваҳоланки боболаримиз диндор, олим одамлар бўлишган. Беш вақт намоз ва бошқа ибодатларни канда қилмайдиган энам шунда: “Болам, Худо билан пайғамбар ўртасида фарқ жуда катта, Худо бу – Аллоҳ, яъни ҳаммани яратган зот, у Ўзи яратган бирон нарсага ўхшамайди. Пайғамбар эса Аллоҳ одамларни тўғри йўлга бошлаш учун уларга Унинг Ўзи юборган бир элчидир. Ҳар бир пайғамбар одамларнинг ичидан танлаб олинган. Ўтмишда ҳар бир элат учун алоҳида пайғамбар жўнатилган. Пайғамбарларнинг охиргиси Муҳаммад алайҳиссалом эса бутун одамзод учун пайғамбар қилиб жўнатилган…” – деган эдилар. Ўша вақтларда динни ўрганишга деярли барча шароитлар бор эди, лекин тўғрисини айтганда дунёвий тараққиётга қизиқишим мени бошқа барча яхшиликлардан тўсиб турарди.
Энг биринчи намозимни нима учун ўқидим
Бир куни дарслар тугагач, гуруҳдошларимиз билан бирга факултетимиз биносидан лифтда пастга тушарканмиз, Йўлдош деган гуруҳдошимиз жумъа намозига шошилаётгани ҳақида айтиб қолди.
— Мулла бўпқопсанми? – деб ҳазиллашдим.
— Жумъага фақат муллалар бормайди, ҳамма эркаклар боради, — деди у.
— Тўғри жумъа ҳамма эркакларга фарз, унга фақат қизлар ва қизчалиш болалар бормайди, — деб қитмирлик қилди яна бир Салим деган гуруҳдошимиз.
— Оғзингга қараб гапир, нима демоқчисан, — дедим тутоқиб.
— “Ўғил бола бўлсанг, сен ҳам боргин” демоқчи, — деди Йўлдош, вазиятни юмшатиш учун мулойим овоз билан.
— Намоз ўқишни билмасам қандай бораман, шу пайтгача бу ҳақда бир оғиз ҳам гап очмай, энди вақт тиғиз пайти эркак бўлиб қолдиларингми? – дедим, ён бергим келмай.
— Ҳечқиси йўқ, ҳозир биз билан юр, ҳозирча бошқалар нима қилса, шуни қилиб турасан. Келаси жумъагача ўзинг ўқишни ўрганиб оласан, — деди Салим ҳам мулойим овозда.
Эркаклик ғурурим топталмаслиги учун уларга эргашдим. Уччаламиз Йўлдошнинг машинасига чиқиб йўлга тушдик. Болалар Обидхон қорининг масжидига боришимизни айтишди. Шунингдек йўл-йўлакай намоз ва таҳорат ҳақида баъзи нарсаларни тушунтирган бўлишди.
Эски Жўва бозорига келдик ва бироз пиёда юриб, пештоқига “Тўхтабойвачча жомеъ масжиди” деб ёзилган масжид ҳовлисига кирдик. Обид қори “ота-онага яхшилик қилиш” ҳақида маъруза қилаётган экан. Таҳоратхонага тушиб, уларга тақлидан таҳорат қилгач яна уларга эргашиб юрдим. Аммо масжид ичкарисига кираётганимизда уларни йўқотиб қўйдим. Тўғрироғи улар сафлар оралаб олдинга ўтиб кетишди, мен эса тиқилинчга ўзимни ургим келмади. Мени қандайдир ҳаяжон босиб турарди. Масжид эшиги ёнида ўтирган бир қарироқ чолнинг ёнига чўкдим. Аммо бу қария ўтирганим заҳоти: «Таҳийяти масжидни ўқимасдан ўтирмагин!» – деб жеркиб берди. Мен эса намоз ўқишни билмаганим боис қотиб қолдим ва: “Мен ҳали намоз ўқишни билмайман, ҳалиги, ҳалиги…” — деб чайналиб қолдим.
Қария эса: “Намоз ўқишни билмасанг, пишириб қўйибдими мачитта!?” – деб яна жеркиди ва бир бўқрайиб қараб бошини ўгириб олди.
Хуллас ҳаяжон ва шармандалик ҳисларидан бўларим бўлди. Минг хаёллар билан бўлиб, одамларга қўшилиб қандай намоз ўқиб, қандай кўчага чиққанимни ҳам билмайман. “Иккинчи масжидга келмайман” – деб қасам ичдим ичимда. Аччиқланганимдан шерикларимни ҳам кутмасдан кетишга шошилдим. Масжиддан чиқиб автобус бекати томонга юрарканман масжид девори бўйлаб терилган китоблар растасига кўзим тушди. Бу китоблар асосан исломий китоблар экан. Болалигимдан китоб ўқишга қизиққаним учун тўхтадим. “Шамоили Муҳаммадия” деган китоб негадир диққатимни тортди. Уни сотиб олиб ижара уйимга келдим. Китобни бир ўтиришдаёқ ўқиб чиқдим ва жуда ҳайратландим. Унда энам айтган сўнгги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўринишидан тортиб, қилиқларигача жуда дақиқ қилиб ёзилган экан. Китобда пайғамбаримиз ўрта бўйли, чиройли юзли, тўлқинсимон сочлари елкаларига баробар тушиб турадиган, чиройли муомалали ва гўзал хулқли қилиб тасвирланган экан. Жуда хурсанд бўлдим. Наҳотки пайғамбаримиз шунақа одам бўлган бўлсалар деб ажабландим. Чунки Аллоҳ гувоҳки, пайғамбар деганда ўша масжидда рўбарў бўлган чолга ўхшаганлар кўз олдимга келарди. Шундай қилиб мени диндан тўсиб турган тўсиқлардан бири ўша куни чилпарчин бўлди. Лекин барибир ҳали динни тушунишимга мен учун эрта эди. Шунинг учун ҳам ўша куни “Энди намоз ўқимайман” деб қилган қарорим ҳозирча ўз кучини йўқотмади. Мен бунда Салим ва Йўлдошни айбдор деб билардим, шу боис эртасига ўқишга борганимда ўтган кунги таасуротларимни айтиб, улардан аразлаганимни изҳор қилдим. Улар эса елка қисганча: “Ўзинг биласан”- деб қўя қолишди.
Исломнинг ҳақлиги менга қандай аён бўлди
1996 йил, кузнинг боши. Ҳамма талабалар қатори янги ўқув йилида яна Тошкенга келиб, ўқишимни бошлаб юбордим. Бу йил тўртинчи курс эдим. Бир куни аудиторияда гуруҳдошим Адҳам қандайдир китобчани ўқиб ўтирган экан.
— Қанақа китоб ўқияпсан, — дедим қизиқиб.
— Ислом ҳақ дин, -деди у ва китобчани ёпиб менга узатди.
— Ислом ҳақ дин? – деб савол оҳангида унинг гапини қайтардим ва китобни олиб муқовасига қарадим. Унга “Абдурраҳмон ибн Ҳаммод Оли Умар, Ислом ҳақ дин” деб ёзилган экан.
— Яхши китобми? – дедим китобни варақлаб.
— Гап йўқ, исломни жуда зўр тушунтириб қўйган, иккинчи бор ўқиб чиқяпман, — деди Адҳам.
— Ўқишга бериб турмайсанми?
— Майли шуни олавер, сенга ҳадя. Уйимизда яна битта бор, — деб жилмайди Адҳам.
Миннатдорчилик билдириб, китобни танаффусдан фойдаланиб бироз ўқидим. Китоб Аллоҳни таниш билан бошланган экан.
Шу тариқа ҳар куни метрода ўқишга келаётганимда ва ўқишдан қайтаётганимда китобни ўқидим. Ҳақиқатан ҳам жуда зўр китоб экан. Китоб тавҳиддан бошланиб, иймон ва исломнинг рукнларини тушунтириш билан давом этган, шунингдек исломда адолат, исломнинг турли соҳалардаги манҳажи, исломдан чиққан фирқалар, бидъат-хурофот ва ҳақиқий нажот топувчи одамлар ҳақида жуда батафсил ва тушунарли тилда ёзилган экан. Айнан шу китоб менинг ҳидоятимга сабаб бўлди. Ислом дини ҳақидаги нотўғри тушунчаларимнинг ҳаммаси барҳам топди. Ким ҳақиқий мусулмон ва ким адашган фирқалардан экани ҳам менга ойдек равшан бўлди. Шунингдек мусулмонларнинг хатоларини кўриб, ислом шу эканда, деган нотўғри дунёқарашдан ҳам халос бўлдим. Тез орада китобда тасвирланган ҳақ тарафдорларини излаб топдим. Бундайлар талабалар орасида ҳам кўпчиликни ташкил қилар экан. Улардан намоз ўқишни ўргандим. Сўнгра кетма-кет Қуръон ўқишни ўргатадиган “Муаллими соний”, “Тажвид” ва араб тили бўйича “Мабдаъул-қироат” деган китобларни устозлар билан бир ой ичида ўқиб ўргандим. Бахтимга устозларим ҳақиқий салафлар йўлида юрадиган одамлар бўлиб чиқди. Улар менга иймон ва ақида бўйича ҳам дарслар беришди. Китоб ва илмга ташналигим сабабли Аллоҳ мени тез орада жаҳолат ўтидан нажот томонга бошлади.
Иймон йўлидаги қатъиятимга бўлган илҳомлар
Шу орада факултетдаги дарсларимиз режими ўзгариб, жумъа кунги намоз вақтига ҳафтада бир мартагина бўладиган “сиёсий менежмент” деган дарс тўғри келиб қолди. Жумъа куни келиб шу кунги охирги дарс, менежмент дарсида ўтирар эканман хаёлимни “Дарсдан қандай қилиб қочсам экан, ахир бу сафсата дарсни деб жумъа намозидан қолсам гуноҳкор бўламан” деган фикр батамом банд қилди. Шу пайт ўқитувчининг “Ручка ва биттадан оқ қоғоз тайёрланглар, беш минутдан кейин мустақил иш ёзасизлар” деган овозини эшитиб ҳушёр тортдим ва шу заҳотиёқ масаланинг ечими кўрингандек бўлди. Ручкамни столнинг тагига яшириб қўлим билан синдириб иккига бўлдим ва ўқитувчига кўрсатиб: “Домла ручкам синиб қолди, югуриб пастдаги дўкондан ручка олиб келай” – дедим.
Ўқитувчининг розилигини олгач, лифт билан пастга тушиб дўкондан ручка олдим ва таваккал дея дарсни ташлаб жумъага отландим. Университет биносидан чиқаётганимда ёнимга бир машина келиб тўхтади ва эшиги очилди. Биздан бир курс пастда ўқийдиган биродарлар экан. Биргалашиб жумъа намозини ўқиш учун “Чуқурсой” масжидига келдик. Бу масжидга биринчи марта келишим эди. Илгари фақат “Тўхтабойвачча”га борардим. Кейин билсам Обидхон қори ака тўғрисўзлиги учун масжид имомлигидан четлатилган экан. Гап билан бўлиб айтишни унутибман, бу вақтга келиб ҳукумат динга қарши кураш сиёсатини янада кенгроқ кўламда бошлаб юборган эди. “Чуқурсой”нинг имоми Тўлқин қори эса Обидхон қоридан ҳам кўра дангалроқ гапирар экан. Кейинроқ Тўлқин қори ҳам ҳайдалди. Ундан кейин Дониёр қори деб аталган илмли биродарнинг масжидига бориб жумъа намозни адо қиладиган бўлдик.
Шу тариқа йили бўйи жумъа куни охирги менежмент дарсига қатнашмадим. Гуруҳдошларимнинг баъзилари эса “Бу домла жуда қаттиққўл экан, бу кетишда сени курсдан қолдириши аниқ” деса, яна баъзи бирлари “Домланинг дафтарида 30 соатдан кўп дарсдан қолганинг белгиланган, 30 соат сабабсиз дарсдан қолганлар эса Университетдан ҳайдалади” деб қўрқитмоқчи бўлишарди. Мен эса “Нега сабабсиз бўлар экан, сабаби бор-ку!” дея ҳазиллашиб парвойим-палак эди. Йил охирида ҳамма имтиҳонларни аълога топширдим, фақат битта ўша менежмент дарсидан имтиҳон қолди. Бу имтиҳон энг охирига қўйилган экан. Менежментдан имтиҳонга икки кун қолганда факултет биноси эшигидан чиқаётган домлани кўриб қолдим. Домла шошиб тургани билиниб турарди. Менга эса шу нарса керак. Домланинг олдига бориб ҳол-аҳвол сўрагач, дедим:
“Домла, сизнинг дарсингиздан имтиҳонимиз бор экан, икки кундан сўнг, лекин мен амалий ишим эртага бошланиши керак. Бухоро вилояти ҳокимиятига амалий ишим тайинланган. Шунинг учун мендан бугун имтиҳон олишингизни талаб қиламан”, — дедим тутила-тутила.
Домла эса менга қараб кўзларини пирпиратиб ҳайрон бўлиб сўради:
“Сиз ўзи кимсиз, сизни биринчи марта кўриб турибман, қайси бўлимдан, нечанчи курсдансиз?
Домланинг саволига жавобан чўнтагимдан умумий баҳо дафтарчам (зачётка)ни олиб, очиб кўрсатдим. Домла дафтарчамдаги имтиҳондан олинган қатор беш баҳоларни кўриб, менга қайтадан тикилди ва:
— Сизни негадир эслолмаяпман, ҳозир эса менинг иш вақтим тугади, тезроқ уйга боришим керак – деб энсаси қотди.
Мен эса бўш келмай:
— Домла бугун имтиҳон олмасангиз амалий ишимга кеч бўлади, агар майли десангиз югуриб бориб деканатдан “аввалроқ имтиҳондан ўтиш” ҳақида рухсатнома олиб келаман.
Уйига тезроқ бориш истагининг чиппакка чиқишини ўйлаб домланинг янада энсаси қотди ва:
— Сизга ўзи неча баҳо керак, фақат имтиҳон олмасдан беш қўёлмайман, — деди ноилож.
— Домла шунча бешдан кейин тўрт ярашмайди-ку! – дедим ичимдаги хурсандчилигимни яшириб.
Домла чўнтагидан ручкасини чиқарди ва дафтарчамнинг махсус жойига “5 (аъло)” деган ёзувни ёзиб: “Энди қутулдимми?” – деди ва дафтарчамни қўлимга тутқазди ва кетишга шошилди. Мен эса ичимда Аллоҳга ҳамду-санолар айтган ҳолда домлага кулиб ташаккур билдирдим ва дафтарчамни деканатга топшириб, Бухорога билет олиш учун поезд йўл вокзалига йўл олдим. Чунки амалий ишим чиндан ҳам эртаси куни бошланиши тайинланган эди…
Кейинроқ билсам, домла имтиҳон куни ҳақиқатни билгач, роса тутоқибди ва заҳрини бошқаларга сочиб, ҳеч кимга беш баҳо қўймабди. Менга қўйган баҳосини эса ўзининг айби очилиб қолишидан қўрқиб шундоқлигича қолдирибди.
Бу воқеъани икир-чикирларигача ҳозиргача эслайман ва бу Аллоҳнинг ўша вақтлардаги иймонимга яраша менга бир ёрдами бўлса керак деб гумон қиламан…
Давоми билан кейинги янгиланишларда танишишингиз мумкин