Шу йили маҳалламиздан Саид деган синфдошим ҳам Тошкентга ўқишга кирди. У билан болалигимизданоқ қалин ўртоқ эдик. Шунинг учун ўзим топган иймон бахтини унга ҳам бўлишини жуда истардим. Уни кўп даъват қилдим. Аммо у табиатан қатъиятли бўлгани учун аввалда даъватимга эътироз билдирмасада, лекин қабул ҳам қилмади. У бир нарсанинг моҳиятига мутлақ етмагунча унга яқинлашмасди. Шундай бўлсада унга тушунтиришга ҳаракат қилавердим. Унга кўплаб китоблар олиб бердим. Жумладан ўзимнинг ҳидоятимга сабаб бўлган “Ислом ҳақ дин” китобини ҳам. Аллоҳ эса хоҳлаган бандасини Ўзи хоҳлаган вақтда ҳидоят қилар экан.
У бу буюк омонатнинг масъулиятини ҳис қиларди. Бу буюк омонатни елкасига олгандан сўнг уни то ўлгунича елкасидан қўймаслиги зарурлигини ҳам биларди. Шунинг учун у “қўрқарди”. Бу омонатга хиёнат қилиб қўйишдан қўрқарди. Лекин у бу омонатни қабул қилишдан бошқа ақллироқ чора йўқлигини тўлиқ ҳис қила олмасди.
У буни кўп мушоҳада қилди. Айниқса бизнинг иймон йўлидаги синов ва мусибатларга қатъият билан туриб бераётганимиз унга кўп даъват бўлди. У ўзи бой оилада туғилиб ўсган бўлсада жуда яхши хулқ эгаси эди. Мактабни синфдаги энг аълочи ўқувчилар қатори битирганди. Лекин табиатан қайсар ва камгап эди. Шу камгаплик сифати уни кўп мушоҳада ва тафаккурга ундарди.
Иймонга қадам қўйишидан бир кун олдин у билан қаттиқ тортиш қолдик. Мени унинг қайсарлиги ҳайрон қолдирарди. Ҳамма нарсани тушунади, аммо бўйнига олгиси келмайди. Ўша куни унинг хонасидан чиқиб кетаётганимда охирги сўзим тақрибан шу бўлди:
“Кўзингга қарагин, ақлинг бўлса ақлингни ишлатгин, бу дунёда иккита йўл бор. Бири иймон, бири куфр. Бирининг охири абадий жаннатга, бирининг охири абадий дўзахга олиб боради. Бу дунё ўткинчи. Эртага аслий дунё келади. У ҳеч қачон тугамайди. Қайсини танлайсан, минг қайсар бўлсанг ҳам каллангни ишлат. Сенга бошқа гап керакмас!”
Ўша куни ундан қаттиқ хафа бўлиб чиқиб кетдим. Лекин хафалигим эртагача ҳам чўзилмади. Болалигимизда шунақа эдик. Бир биримиз билан ҳатто қаттиқ урушиб, муштлашиб қолсак ҳам бир соатдан кейин яна қалин ўртоқ бўлиб кетаверардик. Лекин ҳозир бизнинг ўртамизни иймон девори тўсиб турган бўлсада, негадир хафалигимни унутиб унинг хонасига ошиқдим. Хонасининг эшигини таққиллатдим. Ҳеч қандай овоз бўлмагач, ҳали ўқишдан келмадимикан деб эшигини итариб кўрдим. Эшик қулфланмаган экан, очилиб кетди. Эшик ичкарисида кўзимга энг биринчи кўринган нарса ерга ёзилган жойнамоз бўлди. Ундан сўнг эса намозда қаъдада ўтирган Саид. Кўзларидан эса шашқатор ёшлар чиқиб, юзини ювиб турибди. “Аллоҳу акбар!” деб бақирмоқчи бўлдим, аммо унинг намозига халақит бермайин деган илинжда овозимни ичимга ютдим ва эшикни ташқаридан секин ёпдим. Бир неча сония ўтгач, ичкаридан “ким у?” деган овоз эшитилди ва эшик очилди. Юзини ювган кўз ёшларини артиб ташлабди. Ҳеч нарса демасдан уни қучоқладим. Бу гал худди Аллоҳ йўлидаги биродаримни қучоқлагандек қучоқладим. Бу гал кўз ёшлар менинг юзимни ювди…
Саидни ҳам ўзимнинг хонамга кўчириб олиб келдим. Унинг иймони шу даражада кучли бўлдики, бунчалик бўлади деб ҳеч ҳам ўйламагандим. У ҳам устозлардан дарс ола бошлади. “Муаллими соний” ва “Тажвид” дарсларидан ўзим дарс бердим. Унда Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш сифати шаклланди. Унга уйидагилари, айниқса катта жойда ишлайдиган отаси тарафидан қаттиқ тазйиқлар бўлди. Барчасига матонат билан сабр қилди. Жаҳолатда юрганида тўлачадан келган, билаклари кучга тўлган бола эди. Иймон йўлидаги синовлар ва ғам унинг танасини оздириб юборди. (Уни ҳозир эсласам саҳобалардан Мусъаб ибн Умайр ёдимга келади. Чунки у ҳозир ўз отасининг талаби билан узоқ муддатли қамоқда ўтирибди. Аллоҳ унга тезда нажот берсин!)
У ўқийдиган ўқишда талабаларга ойлик стипендия берилмас эди. Уйидан эса пул узилган. Шунинг учун у баъзи вақтларда бошқаларга оғирини туширмаслик учун мардикор бозорига чиқиб ишлаб, пул топиб келарди. Баъзида уйимдан оладиган пулим етарли бўлсада, унинг дардига ҳамдард ўлароқ мен ҳам унга қўшилиб ишга чиқиб келардим. Якшанба кунларидан бирида у одатдагидек мардикор бозорига чиқиб кетди ва пешиндан кейин қаттиқ чарчаган ҳолда кириб келди. Бироз тамадди қилгач, дам олиш учун каравотга чўзилди. Бир пайт қўшни хонадан қаттиқ мусиқа овози эшитилди. Қўшниларимиз Сурхондарёлик тожик жоҳил болалар эдилар. Улар мендан бир курс тепада яъни бешинчи курсда ўқишарди. Бу болалар полвон деб номи чииқанлиги учун ҳам жуда кибрли болалар эдилар. Бунинг устига мендан аввал айнан шу болалардан бири ётоқхонада талабалар шўроси раиси бўлганлиги учун ҳам ҳеч бўйин эггилари келмасди. Улар ҳозир ҳам худди атайлабдан ғазабимизни қўзимоқчи бўлгандек, мусиқани бақиртириб қўйишарди.
Чиқиб хонасини таққиллатдим. Бир барзанги чиқди. Унга “магнитофонни пастроқ қўй, ўзинг эшитадиган қилиб” дедим. У индамасдан кибр билан кириб кетди ва магнитофонни бироз пасайтириб қўйди. Лекин беш дақиқа ўтмасдан яна аввалгидан ҳам баландроқ қилиб қўйди. Қаттиқ жаҳлим чиққан бўлсада, ўзимни босишга ҳаракат қилиб, эшигини очиб талабимни яна такрорладим. Аммо бу сафар “Аллоҳдан қўрқмайсизларми?” деган гапни зарда билан қўшимча қилдим. Барзанги заҳарханда тиржайиб:
— Хўп бўлади домулло, бир оғиз гапингиз, — деб магнитофонни ўчириб қўя қолди.
Эшикни ёпарканман:
— Ана бўларканку, аммо мен сенга домулло эмасман, — дедим.
Хонамга кириб наҳв дарсидан ёзган нарсаларимни ёдлашни давом эттирдим. Саид эса ухлаёлмай ётган жойида у ёқдан бу ёққа ағанарди. Тўсатдан яна қўшни хонадан қўшиқчи Тоҳир Содиқовнинг “Болалаааар, куйлар сизларгаааа” деб бақиргани эшитилди. Худди эшак ҳанграгандаги товушни эшитгандек “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” дедим. Саид эса ўрнидан туриб кетди. У авзойидан жуда қаттиқ ғазабланган эди. У қаттиқ сўкинди ва эшикка отилди. Орқасидан ҳайрон бўлиб қараб қолдим. Унинг қўшни хона эшигини қаттиқ силтаб очгани ва қаттиқ “ўчир!” деб бақиргани эшитилди. У яна бир неча бор:
— Ўчир ҳезалакнинг овозини! — деб бақирди.
Қўшниларнинг ҳам бақириғи эшитилди. Жанжал чиқиши аниқ эди. Барзанги Саидни бир мушт билан чўзиб қўйиши эҳтимолдан холи эмасди. Шунинг учун югуриб чиқдим. Чиқсам барзанги ётган жойидан бақириб сўкинди ва ўрнидан туриб Саид томонга учиб кела бошлади. Мен унинг йўлини тўсдим. У мени йўлдан олиш учун итарди ва Саидга қараб тожикчалаб сўкинди. Мен унинг билагидан икки қўллаб ушладим ва орқага қаттиқ тортдим. У мендан бунчалик қалтисликни кутмагани учун бироз эсанкираб қолди ва:
— Сен аралашма, ҳозир унинг пачағини чиқараман, — деб ўшқирди.
— Ўлгинг келаётган бўлса бор уриш, — дедим ҳийла қилишдан бошқа чора йўқлигини билиб, – Унинг кимлигини биласанми ўзи, ўзингни пачағинг чиқиб қолмасин яна, — дедим ва бир қўлим билан билагини қаттиқ сиқиб, иккинчиси билан қорнига кафтимни тирадим.
У эса:
— Отам ҳам менга бундай муомала қилмаган, нимага бақиради, ким бўпти у?! — деб ўшқирди яна. Аммо гапининг маъносидан бироз ён бераётгани маълум бўлди. Бундан илҳомланиб яна дедим:
— Отанг сени аяши мумкин, лекин у аяб ўтирмайди. Карате бўйича спорт мастери, сен ким бўпсан уни олдида. Бир тепки билан ухлатиб қўймасин тағин!”
Бу гапдан у қўрқиб кетди ва паст кета бошлади:
— Одамга ўхшаб гапирса бўладику, Брюсли бўлса ҳам!
— Одам бўлсанг одамни гапини тушунасанда, неччи марта бориб айтдим. Мендан катта бўлганинг учун ҳурматингни қилгандим, ўзинг бор ҳурматингниям пачақ қилдинг, — дея вазиятдан фойдаланиб овозимни аввалгидан кўра бир поғона кўтардим ва эшик олдида турган Саидга қараб кўзимни қисиб қўйдим.
Саид эса бу пайтда бироз ўзини босган эди, шундай бўлсада, ясама ғазабнок қиёфада:
— Қўйворавер, музика эшитиш қанақалигини кўрсатиб қўяман бу нонполвонга, ўзи анчадан бери муштлашмаганимга қўлим қичиб юрипти, — деб бақирди.
Барзанги унга бироз ижирғаниб қараб турди, сўнг қўлимни силтаб ташлаб халос бўлди ва аввал ётган жойига бориб ётиб олди. Бу пайтда унинг шериклари магнитофонни ўчиришга улгурган ва қани нима бўларкан деганча жойларидан қимирламасдан ўтиришарди. Барзанги тожикчалаб бир нарсалар деб ғудранди. Шерикларидан бири унга қараб бақирди. Энди улар ўртасида ўзаро жанжал чиқаётган эди. Мен уларнинг гапини яхши тушунмасам ҳам, бизга тегишли иш ҳал бўлганини билиб уларнинг хонасидан чиқдим ва ўзимизнинг эшигимизни очиб, Саидга:
— Кир ичкарига! — дедим.
Саид хонага кираркан:
— Зўрга зўрлик қилсанг юмшоқ жойини қисади! — деди ва кулди.
Мен эса Аллоҳдан қўрқмайдиган одамларнинг нақадар қўрқоқ одамлар бўлишига ажабланиб кулиб қўйдим.
Шу воқеъадан сўнг ётоқхонада магнитофонни бақиртириб мусиқа қўядиган “мард” чиқмади.
Ҳа, айтгандай бу воқеъадан бир неча ой сўнг ётоқхонага бир неча янги болалар кўчиб келишганда, улар билмасдан Юлдуз Усмонованинг “Адашдим, адашдим” деган қўшиғини баланд овозда қўйиб юборишган, уни эса биродарим ва устозим Солиҳ тинч йўл билан ҳал қилиб, ҳақиқатан ҳам адашганликларини тушунтириб келганди.
Ҳа, кимга яхши гап, кимга сўкиш, кимга эса таёқ даво дегандай биродарларим ҳар бир ҳолатга ўзига яраша жавоб топишарди.
Давоми билан кейинги янгиланишларда танишишингиз мумкин иншааллоҳ.