Фақат озод уламоларнинг фатволари олинадими, ёхуд пайғамбарларнинг меросхўрлари кимлар?

САВОЛ-ЖАВОБЛАР

:الحمد لله رب العالمين والصلاة والسلام على رسوله الأمين وبعد ‎

   Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Ҳурматли биродаримиз Муслим! Аллоҳ сиздан рози бўлсин ва Ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ қилсин! Мактубингиз матнини қуйида ўз ҳолича бермоқдамиз:

  Assalamu alaykum hurmatli sayt xodimlari. Mulohazalarni o‘qib yangi murji’a oqimi tarafdorlarining noinsoflik bilan qoldirgan mulohazalarini o‘qib yuragim siqildi. Ular sizlarni ulamolarning go‘shtini yeyishda ayblashibdi. Shunga o‘xshash mulohazalarni o‘qigach, haqiqatan ham shundaymikan deb saytdan ulamolar haqida yomon gaplar yozilgan yoki yozilmaganini tekshira boshladim. Deyarli butun saytni o‘qib chiqdim. Lekin biron joyda ulamolarning sha’niga noo‘rin so‘z yozilganini topmadim. So‘ngra ularning o‘zlarining saytlariga kirdim. Shunda shu narsaning guvohi bo‘ldim-ki, ularning ba’zi saytlarida ummat tan olgan ba’zi zabardast olimlarning go‘shti yeyilish uyoqda tursin, hatto itlarga ham tashlanibdi. Olimlarni bunisini bid’atchi, unisini xavorij, yana birini mushrik deb hukmlar chiqarib tashlashibdi. Hayron qoldim. Ular o‘zgalardan ayb qidirib, o‘zlarining qalashib yotgan ayblarini ko‘rmas ekanlar. Shu munosabat bilan sizlardan bir narsani so‘ramoqchiman.

Saytingizda ozod ulamolar haqida gapirgan ekansizlar. Faqat ozod ulamolarning fatvolari olinadimi?

Yana bir savol: Biz hozirda “Payg‘ambarlarning merosxo‘rlari” bo‘lgan olimlar deganda kimlarni tushunishimiz kerak. Har bir olim ham payg‘ambarlarning merosxo‘ri bo‘la oladimi?

   Ҳурматли биродаримиз! Аллоҳ ҳақни топиш йўлида қилган изланишларингизнинг охирини хайрли қилсин! Аллоҳ таоло айтади:

“Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир.” Анкабут сураси 69-оят маъноси.

  Саволингизнинг биринчи қисми озод уламолар ҳақида экан. Шунинг учун аввало «озод уламолар кимлар?» деган саволга қисқача жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Озод уламолар булар дорул-икроҳ ва дорул-туқиядан ташқари бўлган уламолардир. Чунки бу икки ҳолатга ҳақиқий тушган кишининг ҳатто куфрни тақозо қилувчи сўзлари ҳам куфр сифатида қабул қилинмайди.

   Қисқача қилиб айтадиган бўлсак икроҳ – бу мусулмон кишининг шариъатда жоиз бўлмаган сўз ёки амални, ўзи рози бўлмаган ҳолда биров томонидан қаттиқ азоб остида қилишга мажбур қилинишидир.

  Бас ким ( Тоғутга сажда қилишга ўхшаган ) куфр амалини қилиш ёки куфрдан бўлган бирон сўзни айтиш учун  икроҳ шартлари остида мажбур қилинса ва бу икроҳни дафъ қилиш учун куфр калимасини талаффуз қилиш ёки куфр амалини  қилишдан бошқа чора топа олмаса, қалби иймонга ва яқийнга мустаҳкам эътиқод қилган ҳолда қолиши шарти билан унга куфрнинг изҳори шаръан жоиздир . Бунга далил Аллоҳ таъолонинг қуйидаги Сўзлари:

 Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб ) кофир бўлса (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби иймон билан хотиржам ҳолда (куфрга) мажбур қилинса, у мустаснодир. Аммо кимки кўнгилни куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир!  (Наҳл 106)

  Расулуллоҳ  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг сўзлари ҳам бунга далилдир:

«Аллоҳ таоло мен учун умматимдан содир бўладиган хато, унутиш ва икроҳан қилдирилган гуноҳларни афв этди.[1]»

  Аммо бу ўринда шуни аниқ билиш керак-ки, агар, икроҳ шароити остига тушишдан олдин  қочиш, ҳижрат ва шунга ўхшаш бошқа йўллар билан  икроҳ шароити остига тушиб қолмаслик қўлидан келса-ю, лекин дунё ҳаёти ва унинг лаззатларини яхши кўрганидан  буни қилмаса, бундай ҳолатда у куфрга мажбурланганда куфрни зоҳир қилишлиги жоиз эмасдир, ва икроҳ бунга узр бўлмайди.

  Туқия эса бу ўз жонига ва аҳлига бирор зарар етишидан хавфланиб, қалбидаги адоват ва нафратини яширган ҳолда, фақат тилида (яъни амал билан эмас) мушрикларга дўстлик ва хушомадни изҳор қилишликдир.

  Мушрикларга тилда дўстликни изҳор қилишлик аслида шак-шубҳасиз куфрдандир ва албатта унинг соҳиби  туқиййасиз ёки бирон эътиборга молик хавфсиз изҳор қилган бўлса кофир бўлади.

 Бунга далил Аллоҳ таъолонинг қуйидаги Сўзлари:

28. Мўминлар турганида мўминлар кофирларни дўст тутмасинлар! Ким шундай қилса, Аллоҳга ҳеч қандай дахли қолмас. Магар, улардан эҳтиёт бўлиш учун (юзаки муомала қилсангиз) мумкиндир. Аллоҳ сизларни «Ўзидан» огоҳлантиради. Аллоҳ (ҳузури)га, албатта, қайтиш бордир.(Оли Имрон 28)

  Ибн Ҳажар  ат-Табарий  айтади: «Бунинг маъноси: Эй,  мўъминлар мўъминларнинг ўрнига кофирларни динларида дўст тутиб, мусулмонларга қарши  уларга ансор ва қўлловчи ўлароқ ёрдам берманглар, ҳамда мусулмонларнинг сирларини уларга айтманглар, албатта ким шундай қилса «Аллоҳга ҳеч қандай даҳли қолмас», яъни: Батаҳқиқ , у динидан қайтиб, куфрга кирганлиги учун Аллоҳнинг унга, унинг Аллоҳга таалуқли жойи йўқдир, «Магар, улардан эҳтиёт бўлиш учун (юзаки муомала қилсангиз) мумкиндир», яъни, илло уларнинг салтанати остида бўлсангиз, ва ўзларингизга бирон хавф сезсангиз, қалбларингиздаги адоватни яшириб, тилларингиз билан дўстлик изҳор қилишларингизда хараж йўқдир, аммо куфрдан бўлган бирон ишда улар тарафига ўтмангизлар, ва мусулмонларга қарши уларга ёрдам берманглар.»(Тафсири Табарий 3/227.)

  Саддий айтади: «Магар улардан хавфлансалар (мумкиндир)» яъни, бу уларга динларида дўстликни ва мўъминларга таалуқсизликни изҳор қилишликдир.

  Ибн Аббос айтади: Туқиййа тил билан(куфрона сўзларни ) сўзлашлик ва қалбнинг иймон билан хотиржам  бўлишидир.

Ибн Касийр ўз тафсирида айтади:

«Магар, улардан эҳтиёт бўлиш учун (юзаки муомала қилсангиз) мумкиндир» Яъни, агар ким баъзи шаҳарлар ва вақтларда уларнинг ёмонлигидан хавфланса, ботини ва ниятида эмас, зоҳирида улардан туқиййа қилиши керак.

 Бухорий   ривоят қилади: Ҳасан (р.а.) айтдилар: «Туқиййа қиёматгача давом этади.» Яъни, агар сабаб ва шартлари етарли бўлса.

  Туқиййа аҳллари  булар зулм, куфр ва зўравонлик ҳукм сурган диёрлардан чиқишга бирон чора ва йўл топа олмаган бечора мустазъафинлардир. Улар  ўз жонларини ва вужудларини қатл, истиъсол ва ҳибсхоналардаги қийноқларга дучор бўлмасдан сақлаш учун чорасиз ҳолда туқиййага мурожаат қилишга мажбур бўладилар. Улар Аллоҳ таъолонинг қуйидаги Каломидаги кишилардир:

 Фақат бирор чора-тадбирга қодир бўлмаган ва (ҳижратга) йўл топа олмайдиган ночор эркак, аёл ва болалар борки, айнан ўшаларни, шояд Аллоҳ афв     этса. Аллоҳ афв этувчи, кечирувчи зотдир.(Нисо).

  Бас туқиййа мана шулар учундир ва чора-тадбирга қодир ва йўл қидирса топа оладиган қавий одамлар учун эмасдир. Дорут-Туқиййа, яъни туқиййа диёри‏—‏бу зулм ‎диёридир. Туқиййа диёри бўлишлиги учун албатта ‎дорул-куфр ёки дорул‏-‏ҳарб бўлишлиги шарт эмас. ‎ Яна шуни билиш ўринлики, аҳли сунна баён қилган машруъ  туқиййа билан, ‎Рофизий-шийъа фирқаси иддао қиладиган бидъат ‎туқиййа ўртасида жуда катта фарқ бордир. Улар ‎ўзларининг бидъат туқиййалари билан оддий халқ ва ‎авом мусулмонларга ёлғон гапиришни ҳалол қилиб ‎олишган. Хавф туфайлими ёки ҳеч қандай хавфсиз ‎бўладими, бунинг уларга эътибори   йўқ.

  Икроҳ ва туқия ҳақида сайтимизда нашр қилинган шайх Абул-Басийр Тартусийнинг “Куфр амалини зоҳиран қилиш жоиз бўлган ҳолатлар” ‎ деб номланган китобида батафсил ўқишингиз мумкин. Хуллас юқорида айтилган таърифларни инобатга олган ҳолда айтамиз-ки, озод уламолар булар икроҳ ва туқия шароитидан ташқарида бўлган етук олимлардир. Уларнинг сўз, фатво ва амалларига ҳеч қандай хавф таҳдид қилмайди. Шунингдек улар ҳеч кимга қарам бўлмаган, муттақий илм аҳлларидир.

  Энди фатво олиш мавзусига келадиган бўлсак, фатвонинг маъно ва моҳиятига ҳам қаралади. Агар бир фатво туфайли муфтийнинг ҳаётига ва номусига аниқ таҳдид бўладиган бўлса, у ҳолда бу таҳдид унинг фатвосига таъсир қилиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Лекин бу дегани таҳдид бўлса фатво ҳам ҳар доим фосид бўлади дегани эмас. Баъзи ўринларда рухсатдан ҳам фойдаланмайдиган ва фақат азиматни танлайдиган ботир уламолар ҳам йўқ эмас. Буни ҳам унутмаслик керак. Бу ерда гап шундаки, агар бир масала бўйича хавф остида берилган фатво билан хавфдан ҳоли шароит остида берилган фатволар бир-бирига зид келиб қолса ва бу фатволар мутавотир даражасида бўлса, албатта бу ерда хавфдан ҳоли шароит остида берилган фатволар устун қўйилади. Агар бунинг устига хавф остида берилган фатво Қуръон, Суннат ва Ижмоъга ҳам зид келса, бу фатвонинг фосидлигида шак-шубҳа бўлмайди.

  Шунингдек бундай фатволарни олмаслик, муфтийни (фатво берувчини) ерга уришлик, ёки гўштини ейишлик дейилмайди. Чунки ноҳақликка эътироз билдириш машруъ ва ҳатто вожибдир. Кўпчилик биродарлар шу нарсаларнинг фарқига бормайдилар ва уламоларнинг барча сўзларини худди уламолар буткул маъсумдек қабул қиладилар. Ҳар қандай инсон, ҳатто уламоларнинг ворислари бўлган олимлар ҳам маъсум, яъни камчилик ва хатодан ҳоли эмасдирлар.

Албатта Қуръон ва Суннат олимларни мақтади, Қуръон:

    «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур.»

Ва: “Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!»

Яна:  «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур.» – деб уламоларни таърифлади.

Суннат эса илм аҳли ва уламоларнинг қадрини кўтариб:

«Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир» —  деди.

Аммо шу билан бирга Аллоҳ ва росули уламоларни маҳкам ушлашликни буюрдими. Йўқ, балки биз нассга биноан Қуръон ва Суннатни маҳкам ушлашликка буюрилганмиз. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 “Мен сизларга икки нарсани қолдирдим. Агар уни маҳкам ушласангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг Китоби ва менинг суннатимдир” (Саҳиҳ ҳадис), — дедилар.

Шунингдек яна:

 «Мендан кейин ким яна умр кўрса, кўп ихтилофу келишмовчиликларни кўради. Ўшанда менинг суннатим ва мендан кейинги хулафои рошидинлар суннатини маҳкам ушлангиз» (Саҳиҳ ҳадис), дедилар.

Аммо, “агар уламоларни маҳкам ушласангизлар ҳаргиз адашмайсизлар”, — демадилар.

Чунки ҳар қандай уламо ҳам адашиши, фикр ва фатволарига баъзи нарсалар таъсир этиши мумкин. Энди уламоларни мана шу адашишларга ҳам қарамасдан маҳкам ушлашликни эса Қуръон шундай тавсифлади:

«Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини Робб қилиб олдилар.«

Мавзудан бироз четлашганимиз учун узр сўраган ҳолда фатволар мавзусига қайтамиз.

  Бизнинг юқорида айтган гапларимиз барча фатволар озод уламолардан олиниши керак, дорул-туқия ва дорул-икроҳ шароитидаги уламолардан умуман фатво олиб бўлмайди дегани эмас. Бу албатта фатвонинг моҳиятига қарайди. Агар бир фатвони берувчига бу фатво қандай бўлишидан қатъи назар бирон бир хавф ёки таҳдид бўлмаса, бундай фатво билан озод уламоларнинг фатволарини олишлик  ўртасида фарқ бўлмайди. Бунга мисол қилиб таҳорат, рўза, муашарот ва бошқа баъзи масалалардаги фатволарни олиш мумкин. Бу масалалардаги фатволарга ҳозирги кунда деярли ҳеч қайси давлатда жиддий таҳдидли эътибор йўқ. Энди гап сиёсат, жиҳод, ҳижрат, ақида ва хоссатан ал-вало вал-баро ақидаси бўйича бўлса, бу масалалар золим ҳукмдорларнинг махсус назоратида бўлганлиги учун бу ҳақдаги фатволарни золим ҳукмдорларнинг назоратидан ташқаридаги озод уламолардан олишлик авлороқ, тақвога яқинроқ ва эҳтиётлироқ ҳисобланади. Бу ҳақдаги фикрларимиз тушунарли бўлса керак деган умидда унга нуқта қўямиз ва саволингизнинг иккинчи қисмига ўтамиз.

  Биз пайғамбарларнинг меросхўрлари деганда баъзи бир биродарларга ўхшаб “Улар фақат кибор уламолардир” дейишликдан узоқмиз. Бунга ҳеч қандай асос йўқ. У кибор уламо бўладими, ёки ҳеч кимга танилмаган ғариб бир инсон бўладими, унга агар фойдали илм берилган бўлса ва у Аллоҳдан қўрқувчи бўлиб, илмини ҳикмат билан бошқаларга тарқатиб, ўзи ҳам унга амал қилса, у маълум бир даражада пайғамбарларнинг меросхўридир. Энди у илм олган бўлса-ю, у бу илми билан Аллоҳнинг розилигини эмас, бошқа нарсаларни истаган бўлса, ёки бу илмидан фойдаланишда Аллоҳнинг розилигидан, дунёда яхши ва тинч яшашни, ўзи каби одамлар эътиборига тушишни устун қўйса, унда у шак-шубҳасиз пайғамбарларнинг эмас, иблиснинг вориси бўлиб қолади. Чунки иблис ҳам олим бўлган. Бу гапимиз албатта умумий бўлиб, бирон бир шахсга бу гапни қаратишга ҳаққимиз йўқ. Лекин шу нарса ҳақиқат-ки, ўзини пайғамбарлар меросхўри деб ўйлаб юрган иблиснинг меросхўрлари ҳам йўқ эмас. Балки шунинг учун ҳам, уларнинг фосид фатволари туфайли ҳам уммат бугун иблиснинг лашкарлари олдида хору-залил аҳволга тушган.

  Бизга мутлақ маълум бўлиши лозимки, ҳеч қачон бу умматни ташқи душманлар йўқ қилолмайди. Гарчи улар шу мақсадга интилишадиган бўлса ҳам. Балки бизнинг умматимизнинг бирлиги ва қудратининг йўқ бўлиб кетиши ички низолар ва душманликлар оқибатида рўй беради. Бу эса кўпинча уммат ичидаги вируслар бўлган ёмон уламоларнинг ислом душманларига ялтоқхўрлик қилишлари оқибатида келиб чиқади. Саъбон (розиаллоҳу анҳу) ривоят қилган бошқа ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам буни ниҳоятда аниқ айтиб берганлар:

«Аллоҳ мен учун бутун ерни қисиб, менга унинг шарқи ва ғарбини кўриш имконини берди. Дархақиқат, менинг умматим бутун дунёга тарқалади. Менга иккита – қизил ва оқ хазина берилди (олтин ва кумуш, яъни форслар ва византияликлар хазинаси). Мен Роббимдан умматимни қурғоқчилик билан ҳалок этмаслигини ёлвордим. Яна мен, уларга ўзларидан бошқа ва ўзларининг бирдамлик ва қудратини йўқ қиладиган нарсадан бошқа, ўзга халқлардан (ташқаридан) душман юбормаслигини сўрадим. Роббим деди:

«Эй Муҳаммад! Мен ҳукм этаётган вақтда у инкор этилиши мумкин эмас. Мен сенинг Умматинг учун қурғоқчиликдан ҳалок этмасликни сўраб қилган дуоингни қабул қилдим. Мен улар устига, уларнинг бирдамлиги ва қудратини йўқотувчи ташқи душманларни юбормайман, ҳаттоки ҳамма халқлар уларга қарши йиғилса ҳам. Бу ҳолат улар бири-бирини йўқота бошламагунча ва бири-бирини лаънатлай бошламагунча сақланиб қолади» (Муслим ривояти).

  Лекин шу нарса мусибат-ки, уламоларнинг яхши-ёмонини ажратишга келганда кўпчилик адашиб кетади. Бу эса ўша ёмон уламоларнинг одамларни ҳар хил безалган сўзлар билан Қуръон ва Суннатни ўрганишдан тўсишлари оқибатида юзага келади. Баъзилар айтадилар-ки, “Сен Қуръон ва Суннатни ўзингча ўқиганинг билан ундаги маъноларга тушуна олмайсан, Қуръон ва Ҳадисни бизга ўхшаган олимлар ўқиб сўнг сизларга тушунтириб беришлари керак.” – деб одамларни уни ўрганишдан қўрқитадилар. Натижада эса яхши-ёмонни улар ўз “олим”ларининг раъйига қараб ажратадилар.

  Аллоҳ таоло эса бундай деди: “(Ҳақ эканлигига) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб Аллоҳдан қўрқувчилар учун ҳидоят (тўғри йўл кўрсатувчидир)” (Бақара: 2)

  Аллоҳ таоло яна деди: “…Борди-ю, бирор нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва Пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ чиройлироқ ечимдир” (Нисо: 59).

   Ҳурматли биродаримиз! Сўзимизнинг сўнггидa шуни aйтмоқчимиз: Саволингизга қўлимиздан келганча ижобат қилдик. Аллоҳ барчамизни Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилсин! Агар ушбу жавоблар бирон инсоннинг тўғри йўл топишига сабабчи бўлса, албатта бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, Аллоҳга ҳамду-санолар айтамиз. Биз ислоҳнигинa мaқсaд қилдик. Аллоҳгагинa тaвaккул қилдик. Aллоҳ тaъоло ушбу сўзларни эшитувчи қулоқ вa тушунувчи қaлблaргa eтишигa муяссaр қилсин.

Сўнгги дуомиз: «Бaрчa олaмлaр роббиси бўлгaн Aллоҳгa ҳaмдлaр бўлсин!»


[1] Имом Аҳмад, ибн Можжаҳ, Табароний, Саҳиҳул Жомеъ:1731

𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *