Ёдгор

ШЕЪРИЯТ БЎСТОНИ
Эшик очилишин кутиб интизор,
Кўзлари мўлтиллаб қолган болакай,
Дадангни кутмагин энди сен, зор-зор—
Сен энди дадангни кутарсан токай?!
 
Ўзингни қийнама, бўлиб нигорон,
Айлама катталар кўнглини хира.
Фойда йўқ, фойда йўқ, энди болажон,
Энди дадажонинг қайтмагай сира.
 
Кутмоғинг бесамар, кўз ёш бефойда,
Энди наф бермагай қайғу ва алам.
Қанча кутган билан, кўрмоқлик қайда,
Бу кеч сен етимга айландинг, болам.
 
Бу кеча суйганинг—меҳрибон даданг
Жон берди миршаблар қонли қўлида.
Афсусга ҳожат йўқ, керакмас аттанг,
Даданг шаҳид бўлди, Аллоҳ йўлида.
 
Кофир қаршисида ҳаттоки бир зум,
Мардона бошини қуйи солмади.
На зиндон азоби, на қийноқ зуғум,
Метин иродасин бука олмади.
 
Топширди руҳини ёруғ юз ила,
Хушбўйлик таратиб оламга бутун.
Исломда энг аввал айтган сўз ила,
Ҳаётдан кўз юмди, даданг ушбу тун.
 
Бир вақтлар ортидан эргашиб доим,
Ажралгинг келмасди дадангдан сира.
Намозда кетидан бўлардинг қойим,
Энди бу нарсалар, фақат хотира.
 
Энди дадажонинг қайтмас ҳеч қачон,
Энди то қиёмат очилмас қабр.
Барчаси хотира энди болажон,
Чора йўқ,буёғи чиройли сабр.
 
Бошингни кўтаргин, арт кўз ёшингни,
Кофирлар кўрмасин сени бу ҳолда.
Эгилган ҳолатда кўриб бошингни
Юрмасин, бемаъни фикр хаёлда.
 
Даданг жиноятчи эмасдир асло,
Айби бир тақвоси, иймони эди,
Айбига далил деб, топилган ашё,
Биргина китоби—Қуръони эди.
 
Бу Китоб дадангдан сенга ёдгорлик,
Сен уни эъзозла, бағрингга босгин!
Унга амал қилган топмагай хорлик,
Унинг сўзларига қулоғинг осгин!
 
Қўлингда “харита”, айлагин шитоб,
Мард инсон йўлини эттиргин давом!
Дадангдан ёдгорлик бу нурли Китоб—
Энди сенинг йўлинг ёритсин мудом!
𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org