Нусрат омилларидан иккинчиси – илм

МАҚОЛАЛАР

  Нусрат омилларидан иккинчиси бўлган илм ҳақида баҳс юритишдан олдин, аввало, илмнинг шариат мезонидаги ўлчови нақадар эканлигига эътиборингизни қаратмоқчиман. Аллоҳ таоло ўз элчисига илм сўраш таълимини қуйидаги оятда ўргатади.

Айтинг: “Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин”. (Тоҳо:114).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло илмни нурга, ёруғликка, кўзи очиқликка, илмсизликни эса зулмат–қоронғуликка, аъмо(кўр)ликка қиёслайди. Ва бу иккиси ҳаргиз баробар бўлмаслигини таъкидлайди.

Айтинг: “Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар. (Зумар:9)

Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур…  (Мужодала:11).

Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур… (Фотир:28)

Айтингки, “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳақ йўлга ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?” … (Рад:16).

Кўр кимса билан кўргувчи зот, зулматлар билан нур, соя (жаннат) билан – жазирама (дўзах) баробар эмасдир.  (Фотир:19 – 21).

Энди илм борасидаги ҳадиси шарифларга бир қулоқ тутайликчи, уларда нима дейилган экан?!

Муҳаддислар имомлари Бухорий ва Муслимларнинг Муовиия розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– » Кимгаки Аллоҳ яхшиликни ирода қилган бўлса, уни динда олим қилиб қўяди», – дедилар.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий розияллоҳу анҳуга:

– «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сен туфайли бир одамни ҳидоятламоғи сен учун қизил туялар сеники бўлмоғидан ҳам яхшироқдир», – дедилар.

Термизий ва Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Дунё малъундир, ундаги барча нарса ҳам малъун, магар Аллоҳнинг зикри ва унга яқин бўлган нарса (яъни, солиҳ амаллар) ҳамда олим ё эса мутаъаллим (таълим олувчи) бундан мустаснодир», – дедилар.

Имом Нававий  ушбу ҳадис шарҳида –  و ما والاهُ – калимасини «Аллоҳга бўлган тоат» – дея изоҳлаганлар.

Термизий Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Олимнинг обиддан афзаллиги менинг сизлардан энг пастингиздан афзаллигим кабидир » сўнг яна: «Албатта Аллоҳ ва Унинг фаришталари, осмонлар ва ер аҳллари, ҳатто, ўз уйидаги чумоли ҳам ва ҳатто, кит ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчилари(ҳаққи)га дуо қиладилар » – дедилар.

Бу умматдаги илм мерос олинган илмдир. Уни ҳеч ким ихтиро қилмаган. У замонлар ўтиши билан ўзгариб, янгиланиб турадиган эмас, балки уни ўрганиб бориладиган илмдир. Уни қанчалик кўп ўқиб, ўрганилса, ҳали умматга очилмаган қирралари намоён бўлиб бораверади. Шунинг учун ҳам Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: — Албатта олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир… —  деганларда.

Абу Довуд ва Термизий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида у: – Мен Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим, – дейди:

«Кимки, илм излаб бир йўлга кирса, Аллоҳ унинг учун жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта  фаришталар илм изловчининг қилган ишидан рози бўлиб, унга қанотларини ёйиб туради. Олим учун осмонлар ва ердагилар, ҳатто, сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. (яъни, гуноҳларини кечиришини Аллоҳдан ўтиниб, сўрйадилар). Олимнинг обиддан афзаллиги ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир. Ва Албатта олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар эса на дирҳам ва на дийнор мерос қолдирган, балки улар илмни мерос қолдирганлар. Кимки, ундан улуш олса, демак, у тўлиқ насибаланибди».

Имом Термизий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида у: – Мен Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим, – дейди:

«Биздан бир нарса эшитиб, уни эшитганидек етказганган кишини Аллоҳ (хулқини ва қадрини) гўзал қилсин. Баъзи–бир етказилган одам эшитган одамдан кўра онглироқ бўлади». Ҳасан ва саҳиҳ ҳадис.

Илм борасида келган оят ва ҳадислар кўп бўлиб, бу ерда уларнинг ҳаммасини келтириш имконимиз йўқ. Нусрат омилларининг иккинчи навбатида келтирилган, илм ҳақидаги ояту ҳадисларни ўқиган ўқувчимизда – Жиҳод қилиш учун илм шартми?! –  деган савол туғилиши мумкин.

Ислом динида мужоҳидга жиҳод қилиши учун илм  шарт қилинмайди, албатта. Илмсиз одам ҳам жиҳод қилиб, ажрланиши ва ўлдирилиб шаҳид бўлиши мумкин.  Бундай ҳодисалар асри саодат пайтида ҳам кўплаб содир бўлган. Бунга мисол қилиб Усайрим ибн Сомитни, Холид ибн Валидни ва жангу жадаллардан бўшамай, илм олишга фурсат топа олмаган кўплаб саҳобий ва тобеъийнларни келтириш мумкин. Ҳа, жиҳод қилувчи кишиларга жиҳоддан олдин илм олган бўлиши шарт қилинмайди. Лекин мужоҳидлардан ташкил топган жиҳодий жамоаларда олимларни бўлмаслиги мақсадга мувофиқ бўлмайди. Чунки жамоанинг юргизадиган сиёсати ва жанг услублари шариатга мувофиқ бўлиши учун илм зарур бўлади. Сафларида олимлари бўлмаган, фақатгина илмсизлардан ташкил топган жиҳодий жамоалар ўз йўли давомида кўплаб қийинчилик ва хатоларга дуч келиши табиий бир ҳолдир.

Ҳар бир  жамоада мужоҳидларга таълим бериб, уларни китобу суннат кўрсатмаларига йўллаб турувчи илм аҳлларининг бўлиши шу жамоа ва унинг аъзолари учун бир неъматдир. Чунки олимлар Аллоҳни бошқалардан кўра кўпроқ таниган, содир бўлаётган камчилик ва хатоларни ўзгалардан кўра сезувчироқ бўлади.

Жиҳод қилиш учун илмнинг шарт бўлмаслиги, – «мужоҳиддан  илм талаб қилиш соқитдир» – дегани эмас, албатта. Мужоҳидлардан бўш вақтларида илм билан шуғулланиш талаби бекор қилинган эмас. Жиҳод дегани доим узлуксиз жанг қилиш эмас. Мужоҳидларнинг бўш вақтлари ҳам бўлади.   Аллоҳ таоло буни бизга баён қилиб, шундай дейди:

Кўрмайдилармики, улар ҳар йили бир-икки марта балога – фитналарга йўлиқмоқдалар. Шундан кейин ҳам на тавба қиладилар ва на панд-насиҳат оладилар.  (Тавба:126).

Мазкур оятдан мусулмонлар бир йилда бир ёки икки марта қаттиқ қийинчилик ёки жанг қилиш машаққатлари билан синалиши ва мунофиқлар эса мана шу имтиҳонлардан ўтолмай, боз устига тавба ҳам қилмай кофир ҳолатларида қолиб кетаётганлари баён қилинади. Валлоҳу аълам.

Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хоҳ сафарда хоҳ ўз юртларида бўлсин фурсат топишлари билан ўз асҳобларига таълим беришни бошлар эдилар.  Мужоҳидларга ўзларининг бўш вақтларини бекор ўтказмасликларини тавсия этар эканман, уларга «Такасур» сурасини эслатиб, унинг маънолари ҳақида биргаликда тафаккур қилишга чорлашни лозим топдим.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1-2. (Эй инсонлар), сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизча (яъни, қабрга киргунларингизча) сизларни (мол-дунё) тўплаб-кўпайтириш (Аллоҳга тоат-ибодат қилишдан) машғул қилди!

3. Йўқ, сизлар яқинда (бу қилмишларингизнинг оқибатини) билурсизлар!

4. Яна бир бор йўқ, сизлар яқинда билурсизлар.

5. Йўқ, агар сизлар (дунёга қул бўлиб қолишнинг оқибати нима эканлигини) аниқ билиш билан билсаларингиз эди (унга қул бўлиб қолмас эдингизлар)!

6. Қасамки, албатта сизлар дўзахни кўрурсизлар!

7. Яна бир бор қасамки, сизлар уни аниқ кўриш билан кўрурсизлар!

   8. Сўнгра ана ўша Кунда албатта, (ҳаёти-дунёда сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида масъул бўлурсизлар.

Изоҳ. Дарҳақиқат, бутун ҳаётларида Аллоҳ таолога бирор кун ибодат қилмасдан мол-дунёга сиғиниб ўтадиган кимсалар жуда кўпдир. Бу хусусда “Саҳиҳул-Бухорий”да ривоят қилинган Пайғамбаримизнинг бир ҳадислари ўта ибратлидир: “Маййитнинг-ўликнинг ортидан уч нарса эргашиб боради ва кейин у учовидан иккиси қайтиб кетади, бири эса ўлик билан бирга қолади – унга бола-чақаси, мол-дунёси ва шу дунёда қилган амаллари эргашиб боради-да, сўнгра бола-чақаси ва мол-дунёси яна қайтиб кетади. қилиб ўтган амаллари эса у билан бирга қабрда қолади”.    

Ҳа, бу сура ва унинг шарҳидаги назарда тутилган одамлар мужоҳидлар эмас, албатта. Чунки мужоҳидларнинг аксари ўз молу жонларини Аллоҳ йўлида қурбон қилишни орзу қилган инсонлар дея яхши гумон қиламиз. Зеро, Қуръон ўқиган ҳар бир мусулмон унинг маънолари ҳақида тафаккур–тадаббур қилиб, ўзи учун тегишли хулоса олмоғи лозим. Шунинг учун бизлар ҳам ушбу сурадан ўзимиз учун тегишли бўлган томонини олиб, Роббимизнинг бизга берган икки буюк неъмати тансиҳатлик ва бўш вақтимиздан унумли фойдаланайлик демоқчиман. Фикримизни қувватлаш учун шу ўринда Имом Термизий ва Ибн Можжанинг ушбу сура шарҳидаги ривоятларини ҳам келтириб ўтамиз.

Яъни, –  «Сўнгра ана ўша Кунда албатта, (ҳаёти-дунёда сизларга ато  этилган барча) неъматлар тўғрисида масъул бўлурсизлар» ояти нозил бўлганида саҳобалар: – Биз қайси неъматдан сўраламиз ё Росулаллоҳ, емиш ва ичишимиз ҳар иккиси қора нарса хурмо ва сув бўлса?!, – дедилар. Шунда Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: – «Бу нарсалар тез кунда келади» – дедилар.

Бухорий ривоятида эса, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– «Икки неъмат борки, одамлардан кўпчилик у иккиси(дан сўралганлари)да зиён кўрадилар. У иккиси – тансиҳатлик ва бўш вақтдир», – дедилар.

Саҳобийлар розияллоҳу анҳум жиҳод қилишлари билан биргаликда илм талаби билан ҳам машғул бўлганлар. Улардан Абу Ҳурайра, Алий ибн Абу Толииб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр, Анас ибн Молик ваҳоказолар жиҳод қилиш билан бир пайтда умматнинг буюк олимлари бўлиб етишганлар. Улардан кейинги салафларимиз орасида ҳам бундай кишилар кўп ўтишган. Мисол тариқасида Саъийд ибн Жубайр, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ибн Қудома, Шайхул — ислом Ибн Таймийя, Иброҳим ибн Нухос, ва Иброҳим ибн Адҳам, Усома ибн Мунқиз, Абдуллоҳ ибн Аззом ва ҳоказо…. каби буюк кишилар ўз умрларидан самарали фойдаланган ва уммат учун ҳам кўп фойдали меросларни қолдирганлар.

Инсон қаерда бўлмасин унинг энг биринчи ва ашаддий душмани бўлмиш Иблис доимо у билан бирга бўлади. У лаъин ўз аскарларини тинимсиз равишда мусулмонлар, хоссатан, мужоҳидларга мафкуравий ҳужумлар уюштириш учун йўллаб туради. Унинг бу ҳамлалари натижасида инсон заифлашиб, эътиқоди сустлашиб қолиши эҳтимолдан ҳоли бўлмайди. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хабарини берганларидек инсоннинг иймон – ихлоси баъзан кучайиб, баъзан сусайиб турар экан.

«Шубҳасиз, иймон ҳар бирингиз қалбида худди кийим эскиргани каби эскиради. Аллоҳдан қалбларингизда иймонни янгилаб туришини сўранглар».  Ҳоким ва Табароний ривояти.

Демак, кийим эскириб йиртилгани каби қалбдаги иймон ҳам эскириши мумкин экан. Мўъминнинг қалбини баъзан маъсият булутлари қоплаб олиб, зулматга чўмади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ушбу ҳолатни ўзларининг қуйидаги ҳадисларида чиройли тасвирлаб берганлар:

 «Гоҳида ой нурини тўсиб қоладиган булут бўлгани каби ҳар бир қалбнинг ўз булути бўлади. Ой ёритиб турганда баъзан уни булут тўсиб қолади-да, унинг нури сусаяди. Булут аригач эса ой яна ёрита бошлайди».  Абу Нуъайм ривояти.

Эскирган иймонни янгилаш ва қалблардан булутларни аритишда олимлар суҳбати муҳим аҳамият касб этади. Бу мавзу янада тушунарлироқ бўлиши учун қуйида салаф олимларидан бирининг гапларини келтирамиз:

«Банданинг вақти-вақти билан ўз иймонини янгилаб туриши унинг билимлилиги аломатидир. Иймони кўпаяётгани ё камайиб бораётганини ҳис этиши ҳам унинг билимдон эканлиги аломатидир. Шайтон унга қай тарафдан васваса қилаётганини билиб туриши ҳам унинг билимдонлигидандир».

Буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларидан истифода қилинса ҳам бўлади.

«Ҳар бир ишнинг қизғин пайти бўлади, шунингдек, ҳар бир қизғинликнинг сусайиши ҳам бўлади, кимнинг сусайиши суннатимга мувофиқ бўлса зафарга эришади, кимнинг сусайиши ундан бошқага бўлса ҳалок бўлади». Аҳмад ва Баззор ривояти.

Ҳа, иймонни чарҳлаш ихлосни кучайтириш учун илм аҳллари билан иймонлашиб туриш доимо фойда беради.

Зикр–иймонлашув мажлислари иймонни зиёда қилишига далиллар Ханзала ал-Усайдийдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда ўз ифодасини топади. Унда Ханзала шундай деган:

«Абу Бакр розияллоҳу анҳу мени учратиб қолдилар. У киши:

— Эй Ханзала, қандайсан?- деб сўраганди, мен:

— Ханзала мунофиқ бўлиб қолди!- деб жавоб қилдим.

— Субҳаналлоҳ! Нима деяпсан?- деб таажжубга тушди у киши.

— Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бўлсак, у зот бизга дўзаху жаннатни эслатадилар, ҳаттоки, уларни ўз кўзимиз билан кўргандай бўламиз. Қачонки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларидан чиқсак хотин, бола-чақа, тирикчиликка аралашиб кетамизда, кўп нарсаларни унутамиз!- деб жавоб бердим мен.

— Аллоҳга қасам, биз ҳам шундай бўламиз!- деди Абу Бакр.

Шундан кейин мен Абу Бакр билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томон жўнадик, ул зотнинг ҳузурларига кирганимизда. Мен айтдим:

— Ё Расулуллоҳ, Ханзала мунофиқ бўлиб қолди!

— Нега ундай деяпсан?!- сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

— Ё Расулуллоҳ, сизнинг ҳузурингизда бўлсак, бизга дўзаху жаннатни ёдимизга соласиз, ҳаттоки, уларни ўз кўзимиз билан кўриб тургандай бўламиз, аммо сизнинг олдингиздан чиққанимиздан кейин хотин, бола-чақа, тирикчиликка аралашиб кетамизда, кўп нарсаларни унутиб қўямиз.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

— Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар менинг олдимда қандай бўлсангиз шу ҳолингизда ва зикрда давом этсангиз эди, фаришталар сизлар билан тўшакларингиз устида ҳам, йўлларингизда ҳам қўл беришиб кўришардилар. Лекин, эй Ханзала, бироз унақа бўлсангиз, яна бироз бунақа ҳам бўлиб турасизлар,- деб шу сўзларини уч марта қайтардилар». Муслим ривояти.

Саҳобалардан Аллоҳ рози бўлсин, улар Аллоҳни зикри учун йиғилишга ҳарис эдилар ва буни «иймонлашиш» деб номлардилар. Муъоз розияллоҳу анҳу бир кишига: «Келинг, бирга ўтириб бироз иймонлашайлик»,- деганлари зикр қилинади. Саҳиҳ ривоят, Албоний. (Муҳаммад Солиҳ Ал–Мунажжид, «Иймон заифлашуви»).

Олим киши раҳбар бўлган ёки олимлари бўлиб, улардан самарали фойдаланадиган жиҳодий жамоатлар файз–баракотли ва  саодатли жамоа бўлиб, унда ғайри шаръий ишлар содир этилишдан йироқроқ бўлади. Агар жиҳодий жамоатлар ҳар бир хоҳ катта хоҳ кичик бўлсин масалаларда илм аҳллари билан маслаҳатлашиб иш олиб борсалар, уларнинг олиб бораётган ишлари ҳам, сиёсатлари ҳам шариъатга мувофиқ бўлиб бораверади. Чунки, Аллоҳ  таоло олимлар ҳақида шундай дейди:

… Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур… (Фотир:28)

Ҳа, Аллоҳдан ҳақиқий тақво қиладиган олимлар ҳеч қачон ўз жамоатида бўлсин ё бошқа жойда бўлсин ғайри шаръий ишларга рози бўлмайди.

Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз ҳадисларида олимлар ҳақида шундай деганлар:

– «Албатта, олимлар Оллоҳнинг ўз халқи устидаги аминларидир». (яъни, ишончли вакиллари).

Демак, олимлар уммат орасида бўлаётган ишларга бефарқ бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда ўзининг аминлик бурчини адо қилмаган бўлади. Хоссатан, жиҳодий жамоатлар сафида бўлган илм аҳллари жамоат сиёсати, ички ва ташқи мулоқотлардан йироқ бўлмай, уларни мунтазам равишда кузатиб, тузатиб бормоғи зарур. Минг афсуслар бўлсинки, илм аҳли ўз бурчини адо этишга киришиб, қўлидан келгани қадар ҳаракат қилса, «масъулиятга – аниқроғи – амирликка интилаяпти» каби маломат ва ҳадиклар юзага келиши табиий бир ҳол. Кўпинча шу маломатлардан чўчиб қолган илм аҳллари ўзларини четроққа олиб туришни афзал кўрадилар. Бундан илм аҳллари қанчалар ўзларини оқламасинлар, барибир ўз зиммасидаги бурчини адо этмаган бўлиб қолаверадилар. Бу баҳона эртага Аллоҳнинг ҳузурида асқотмай қолиши мумкин. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг китобида баъзи қийинчилик ва ибтилоларга сабр–бардош бериб, ўзи буюрилган ишда бардавом бўлмаса, ҳатто, Пайғамбар алайҳис салом ўзига юкланган рисолатни етказмаган бўлишини таъкидлайди. Бу эса қуйидаги оятда ўз ифодасини топади:

Эй пайғамбар, сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг! Агар (бу фармонга амал) қилмасангиз, Унинг элчилигини (бандаларига) етказмаган бўлурсиз, Аллоҳ сизни одамлар (зарари)дан сақлагай... (Моида: 67).

Жиҳодий жамоатларда бўлган олимлар ёки илм аҳллари ҳам юқоридаги баҳоналар билан ўзларини четга олишса, демак, ўз зиммаларига юкланган вазифаларини адо этмабдилар. Ахир сизу бизларни ҳам мужоҳид бўлиб, жиҳод майдонларида юришимиз олимлар даъватларининг самараси эмасми?!…

Жиҳод майдонларидаги олимлар ва аҳли илмлар зиммасига юкланган масъулият – мужоҳидарни камолат сари даъват этиб, уларнинг диний, ақидавий савияларини ошириб, улар учун нималар жоизу нималар ножоиз эканлигини етказиш ва мужоҳидларнинг охиратларига хатари бўлган нарсалардан ўз вақтида огоҳлантириб туришдир. Акс ҳолда, қиёмат кунида илмсизликлари туфайли жиноятлар содир этиб қўйган мужоҳидалар ўзлари билган олимларнинг ёқасидан олишлари муқаррардир. Жиҳодий жамоатларда илм аҳллари фаоллиги бўлмай, ундаги ишлар жилови илмсиз жоҳил одамлар қўлида бўлиб қолса, асосий қилинадиган ишлар қолиб, бошқа томонларга ўтиб кетилади ва мужоҳидлар ўзлари сўраладиган ишлардан чалғиб, ўзлари масъул бўлмаган балки 3- ёки 4-даражали ишлар билан овора бўлиб, биринчи ва иккинчи даражали ишлар қолиб кетади. Зеро, Дору Қутний ва Ҳокимлар чиқарган ҳадисда Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– «Аллоҳ таоло бир қанча ишларни сизларга фарз қилди. Уни зоъе қилманглар! Ҳадларни чегаралаб берди, улардан тажовуз қилманглар! Бир неча нарсаларни сизга ҳаром қилди, уларни бузманглар. (яъни, қилманглар)! ва баъзи нарсалардан – унутмаган ҳолда, сизларга раҳмат қилиб, – сукут сақлади. Улардан баҳс қилманглар! – дедилар.

Олимлар ўз вақтида мужоҳидларни огоҳлантириб турмас эканлар, Аллоҳ буюрган фарзлар муҳмал қолиб, белгилаб берган чегаралар бузилиб, ҳаром амаллар содир этилиб, У Зот сукут сақлаган нарсалар ковлана бошланади. Бундай ҳолатга тушиб қолишдан барчамизга Аллоҳ паноҳ берсин.

Илм аҳллари таъна маломатларга қарамай ўз вазифаларини тўғри бажариб бораверишса, қиёмат кунида узрлари қабул бўлиб қолишига умид боғласа бўлади. Бу каби маломатлардан сақланиш учун илм аҳллари ўзларида ҳокимиятга интилишга қизиқмасликлари ва барча ҳаракатларини ҳолис Аллоҳ ризоси учун қилаётганини ўз шахсиятларида намоён қилиб, чўчийдиган кимсаларни қаноъатлантириб қўймоқлари лозим. Ва ҳаказо.

Баъзан  одам динни яхши тушунмай туриб, бирон дунёвий манфаат учун динни қабул қилади. Лекин у олимлар суҳбатларидан баҳра олиб, дин моҳиятини тушуниб етади ва унинг иймон–эътиқоди мукаммаллашади ва натижада  дин учун ўз жонини  фидо қилишга ҳам тайёр бўлиб қолади. Сўзимиз далили учун Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан бирини келтирамиз. Унда Пайғамбар алайҳис салом:

– Бир киши Исломга киришидан фақатгина дунёни ирода қилган бўлса–да, кўп ўтмай унга Ислом бутун дунё ва ундаги нарсалардан суюклироқ бўлиб қолади, – деган эдилар. (Муслим ривояти).

Агар бу инсон илм сарчашмасидан суғорилмаса, Ислом ҳақида қайғурмай, ўзининг дунёвий манфаати ортидан юраверади. Аллоҳ паноҳ берсин, агар унинг бошига исломи туфайли оғир кунлар тушса, ундан воз кечиб юбориши ҳам мумкин. Чунки бундай бўлиши мумкинлигини Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга хабарини берган:

Одамлар орасида Аллоҳга бир четда (яъни сидқидилдан эмас, балки тил учида) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир. Бас, агар унга (диндор бўлгани шарофатидан) яхшилик етса, ўша сабабли хотиржам бўлур, агар бирон фитна-бахтсизлик етса (диндан) юз ўгириб кетур. У дунёю охиратда зиён кўрур. Бу эса очиқ-аниқ зиёндир. (Ҳаж: 22).

Ҳозирги замонга келиб, жиҳод  йўлини танлаш гўё кофирлар ҳукмрон бўлган диёрларда яшаётган динсиз одамнинг динни қабул қилиши каби бўлиб қолди. Дин эса ҳозирга келиб, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлиридек бир чўққа айланиб қолди. Уни ушласанг қўлинг куяди, куйишдан чўчиб, қўйиб юборсанг ундан ажраб қоласан киши. Диндор бўлиш учун чўғнинг куйдиришига сабр қилишдан ўзга чора қолмади. Мусулмонларни мана шу «чўғ»дан халос қилиш учун бир тоифа инсонлар жиҳод йўлини танладилар. Уларга эса бутун дунё, ҳатто, содда ва «мўътадил» мусулмонлар ҳам қарши. Чор атрофдан ёғиладиган маломатларнинг чегараси йўқ.  Мусулмон диёрларидаги масжидлар, ҳатто, байтуллоҳдаги «Масжидул Ҳарам»дан ҳам мужоҳидлар ҳаққига дуо ўрнига маломатлар ёғилиб турган бир пайтда жиҳод майдонларида туриш ҳам оғирдир. Боз устига баъзи жиҳодий жамоат раҳбарлари тарафидан содир этилиб турадиган ғайри шаръий ишлар ҳам инсонни руҳан эзиб қўяр экан. Ҳа, минг афсуслар бўлсинки, бундай воқеъаларнинг ҳам гувоҳи бўлаяпмиз. Мужоҳидларининг хато камчиликларини ҳам кимдир кузатиб, уларнинг бу ишлари оқибатидан огоҳлантириб турмоғи зарур. Акс ҳолда инсон ҳеч қачон ўзи қилаётган ишини хато санамайди. Мабодо шариъатга зидлигини сезса ҳам ундан сўз очилишини истамайди. – «Шундай қилмаса бўлмайди», – дея ўзини оқлайди. Агар ҳеч ким унга бу хатосини англатмаса, уни қайтармаса,  ўз ишида ҳақлигига ишончи ортиб бораверади.

𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org