Салафи солиҳ, Аҳлус-сунна вал-жамоа эътиқодларининг асосларидан бири уларнинг: “Иймон қалб билан тасдиқлаш, тил билан талаффуз ва аъзолар билан амал қилишдир. У тоат қилиш билан кўпаяди ва гуноҳ қилиш билан озаяди”— деб айтишларидир.
Иймон сўз ва амалдир:
— Қалб ва тилнинг сўзи.
— Қалб, тил ва аъзоларнинг амали.
— Қалбнинг сўзи — унинг эътиқоди, тасдиғи, иқрори ва ишончидир.
— Тилнинг сўзи — унинг иқрори амал қилиш, демакдир. Яъни, шаҳодат калималарини талаффуз қилиш ва унинг тақозоси билан амал қилишдир.
— Қалбнинг амали — унинг нияти, таслим бўлиши, ихлоси, тўла бўйсуниши, солиҳ амалларни севиши ва хоҳлашидир.
— Тил ва аъзоларнинг амали — буюрилган нарсаларни қилиш ва қайтариқларни тарк этишдир.
(Иймон фақат амал билан комил бўлади, сўз ҳам амал ҳам фақат ният билангина эътиборлидир, сўзнинг ҳам, амалнинг ҳам, ниятнинг ҳам эътибори йўқ, фақат улар суннатга мувофиқ бўлсагина эътиборлидир) (Бу сўзни Имом Авзоий, Суфён Саврий, Ҳумайдий ва бошқа кўплаб салаф олимлари айтдилар, шунингдек уни Лалакаий ва ибн Батта ривоят қилдилар).
Аллоҳ таъоло Қуръони Каримда «мўминлар» сифатини иймон келтирган ва иймон келтирган нарсалари бўлмиш диннинг асослари, фуруълари, зоҳири ва ботинига амал қилган, иймон таъсирлари уларнинг эътиқодлари, сўзлари, ботиний ва зоҳирий амалларида намоён бўлган кишиларга истеъмол қилди. Аллоҳ таоло деди:
«Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинган вақтида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонларини зиёда қиладиган ва Ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган кишилардир. Улар намозни тўкис адо этадилар ва Биз уларни баҳраманд қилган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар. Ана ўшаларгина ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун роббилари ҳузурида (юксак) мақомлар, мағфират ва улуғ ризқ бордир» (Анфол: 2-4).
Аллоҳ таъоло Қуръоннинг кўп ерида иймонни амали солиҳга боғлаган:
Аллоҳ таъоло деди: «Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун Фирдавс жаннатлари манзил бўлур» (Каҳф:107).
«Албатта: «Роббимиз — Аллоҳдир» деб, сўнгра (Ёлғиз Аллоҳ таъолога ибодат қилишда) тўғри-устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, дерлар: «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар!» (Фуссилат: 30).
«Қилиб ўтган амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир» (Зухруф: 72).
«Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар).» (Вал-аср сураси).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳга иймон келтирдим”— деб айтинг сўнгра сабот билан туринг!” (Имом Муслим ривояти).
“Иймоннинг етмиш неча ҳам шохлари бор. Бу шохларнинг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасидир. Энг қуйиси эса йўлдан озорли нарсаларни олишдир. Ҳаё ҳам иймоннинг бир шохидир” (Имом Бухорий ривояти).
Илм ва амал бир-бирига чамбарчас боғланган бўлиб, амал илмнинг сурати ва аслидир.
Иймоннинг даражалари ва шохлари борлигига, иймон кўпайиб, озайиши ва иймон аҳлининг бир-бирларидан иймонда фарқли эканликларига далолат қилувчи кўплаб оят ва ҳадислар ворид бўлган. Аллоҳ таъоло деди: «….ва иймон келтирган зотларнинг иймонлари эса янада зиёда бўлгай» (Муддассир: 31).
«…Қани, бу сура қайси бирларингизнинг иймонларингизни зиёда қилди?, дейишади. Аммо у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта зиёда қилди» (Тавба: 124).
«…Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонларини зиёда қиладиган ва Ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган кишилардир.» (Анфол: 2).
«(Аллоҳ) ўз иймон-ишончларига яна ишонч қўшишлари учун мўминларнинг дилларига сакинат ором туширган Зотдир.» (Фатҳ:4).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ учун севган ва Аллоҳ учун ёмон кўрган кишининг иймони комил бўлибди» (Шайх Албоний: “Саҳиҳу Сунани Аби Довуд”).
Бошқа бир ҳадисда: «Сизлардан бирингиз (гуноҳ ишни) кўрса уни қўли билан ўзгартирсин, агар қодир бўлмаса тили билан, агар қодир бўлмаса қалби билан ўзгартирсин. Буниси (қалб билан ўзгартириш) иймоннинг энг заиф(лигининг далил)идир» (Имом Муслим ривояти).
Саҳобалар (Аллоҳ улардан рози бўлсин!) иймоннинг сўз, эътиқод ва амал экани, тоат билан зиёда, гуноҳ билан камайишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўргандилар ва тушундилар.
Амирул-мўминийн Алий разияллоҳу анҳу: «Сабрнинг иймонга нисбатан ўрни бошнинг жасадга нисбатан бўлган ўрнига ўхшайди. Сабри бўлмаган одамнинг иймони йўқдир»— дедилар. (Лалакаий: “Шарҳу усули аҳлиссуннати сал-жамоати минал-китаби вассуннати ва ижмаис-соҳабати ват-табеин”).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разиаллоҳу анҳу: “Илоҳим, бизга иймон, ишонч ва фиқҳни зиёда қил!”— деди (Лалакаий ривояти).
Абу Ҳурайра разиаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абуд-Дардо разияллоҳу анҳулар: “Иймон кўпайиб, озаяди”— деб айтардилар (Лалакаий ривояти).
Вақийъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ деди: “Аҳлус-сунна”: «Иймон сўз ва амалдир» — деб айтадилар” (Лалакаий ривояти).
Имоми аҳлиссунна Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ: “Иймон кўпайиб, озаяди. Унинг кўпайиши амал билан, озайиши эса амални тарк қилиш биландир”— деди (Лалакаий ривояти).
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Иймон зийнатланиш ва орзуланиш билан эмас, балки, қалбга ўрнашган ва амал уни тасдиқлаган нарса иймондир”— деди (Шайхул ислом Ибн Таймийя: “Китабул-ийман”).
Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ: “Иймон сўз ва амалдир. У кўпайиб, озаяди. Тоат билан кўпаяди, маъсият-гуноҳ билан озаяди”— деди ва Аллоҳ таъолонинг: «….ва иймон келтирган зотларнинг иймонлари эса янада зиёда бўлгай» (Муддассир: 31) оятини тиловат қилди (“Фатҳул-Борий: 1/ 62. “Китабул-Ийман”).
Имом Абу Умар Ибн Абдулбар “ат-Тамҳид” китобида шундай деди: “Фиқҳ ва ҳадис аҳллари иймоннинг сўз ва амал эканига, ниятсиз амал бўлмаслигига ижмоъ қилдилар. Уларнинг эътиқодларида иймон тоат билан зиёда, гуноҳ билан кам бўлади ва тоатларнинг барчаси иймондир” (Шайхулислом Ибн Таймийя: “Китабул-ийман”).
Барча саҳобалар, тобеинлар, уларга яхшилик билан эргашган муҳаддис, фақиҳ ва дин имомлари ва уларга эргашганлар шу тушунчада эдилар. Уларга бу тўғрида ҳақиқатдан четга чиққан кимсалардан бошқа ҳеч ким мухолиф бўлмади.
“Аҳлус-сунна вал-жамоа” иймонни амалдан ажратган кимсаларни “муржиа”, иймонга иймондан бўлмаган нарсаларни қўшган кимсаларни “бидъатчи” деб атадилар.
Кимки шаҳодат калималарига тили билан иқрор бўлса, қалби билан Аллоҳнинг бирлигини эътиқод қилса, лекин, аъзолари билан Ислом рукнларига амал қилмаса, унинг иймони мукаммал бўлмайди. Биз бундай кишиларга умумий суратда, ҳукман ва исман иймон (яъни, мўмин) лафзини истеъмол қила оламиз. Аммо шаҳодат калималарига иқрор бўлмаган кишиларга иймон исми истеъмол қилинмайди.
“Аҳлус-сунна вал-жамоа” иймонда истисно бор дейдилар. Яъни, Аллоҳ таъолодан жуда ҳам қўрққанлари, тақдирни исбот этган ва ўзларини мақташдан сақланганлари учун ўзларига мутлақ иймонни нисбат қилишда жазм қила олмайдиларда: “Иншааллоҳ, мен мўминман”— дейдилар. Чунки, мутлақ иймон барча тоатларни қилиш ва қайтариқларнинг ҳаммасини қилмасликни ўз ичига олади. Агар истисно иймонда шак қилиш кўринишида бўлса, улар бу каби истиснодан қайтарадилар. (Яъни, мен мўмин бўлсам керак иншааллоҳ дейишдан қайтарадилар. Бу каби ўринларда жазм қилиш керак бўлади.) Бунга Қуръони Карим, суннат, салаф солиҳ ва уламолар сўзларида кўп далиллар бор. Аллоҳ таъоло деди:
«Ва бирон нарса ҳақида: «Мен албатта бу ишни эртага қилгувчиман», дея кўрманг, магар «Иншааллоҳ-Аллоҳ хоҳласа», (денг)» (Каҳф: 23, 24).
«… Сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! Унинг Ўзи тақводор бўлган кишиларни жуда яхши билгувчидир.» (Нажм: 32).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабристонга кирган пайтларида: “Ассаламу алайкум аҳли диёр мўмин ва мусулмонлар! Иншааллоҳ, бизлар ҳам сизларга етиб келгувчилармиз. Аллоҳдан биз ва сизлар учун офиятни сўрайман”— дер эдилар (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разиаллоҳу анҳу: “Ўзининг мўмин эканига гувоҳлик берган киши, ўзининг жаннат аҳлидан эканлигига ҳам гувоҳлик берсин”— деди (Лалакаий ривояти).
Жарир раҳимаҳуллоҳ: “Мен Мансур ибн Мўътамир, Муғийра, Аъмаш, Лайс, Умора ибн Қаъқо, ибн Шубрума, Ало ибн Мусайяб, Язид ибн Абу Зиёд, Суфён Саврий, ибн Муборак ва бошқа учратганим барча кишиларнинг иймонда истисно қилганлари ва истисно қилмаганларни айблаганларини эшитдим” — деди (Лалакаий ривояти).
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан: “Иймон нима?”— деб сўралганда, у шундай деб жавоб қилди: “Сўз (талаффуз), амал ва ният”. Яна сўрадилар: Бирон киши «сен мўминмисан» деб сўраса бўладими? “Бундай савол бериш — бидъатдир”— деб жавоб берди. “Ундай саволга нима деб жавоб бериш керак”— деб сўрадилар: “Иншааллоҳ, мўминман”—деб жавоб беради деди. (Лалакаий ривояти).
“Аҳлус-сунна вал-жамоа” эътиқодида, “иймон”, аслининг йўқ бўлиши билан йўқ бўлади. Аммо гуноҳларни қилиш ва буйруқларни қилмаслик билан унинг шох (тармоқ)ларининг йўқолиши иймонни камайтирсада бироқ, уни бутунлай йўқ қилмайди. Банда ўзини иймонга киргизган нарсасини инкор этсагина иймондан чиқади. Баъзан инсонда иймон ва куфр, ширк ва тавҳид, тақво ва фожирлик жам бўлиши мумкин. Аллоҳ таъоло деди: “Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар” (Юсуф: 106).
“Улар у кунда иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар” (Оли Имрон: 167).
Гуноҳи кабира — Катта гуноҳларни қилган киши иймондан чиқмайди. У бу дунёда иймони кемтик, иймони билан мўмин ва қилган катта гуноҳи билан фосиқдир. Охиратда эса Аллоҳ таъолонинг ихтиёридадир: хоҳласа уни кечиради, хоҳласа жазолайди.
Иймон бўлиниши мумкин. Аллоҳ таъоло иймоннинг ози билан ҳам жаҳаннамга кирган кишиларни чиқаради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қалбида ҳардал уруғича иймони бўлган кишилар жаҳаннамга кирмайдилар” (Имом Муслим ривояти).
Шунинг учун ҳам, “аҳлус-сунна вал-жамоа” иймоннинг аслини маҳв этадиган гуноҳдан бошқа гуноҳларни қилган аҳли қибладан биронтасини кофир ҳисобламайдилар. Аллоҳ таъоло деди: “Албатта Аллоҳ ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечирур.” (Нисо: 48).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаброил алайҳиссолату вассалом ҳузуримга келиб: “Умматингиз ичидан бири Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмай вафот этса жаннатга киради”— деб башорат берди. Мен: “Зино ва ўғирлик қилса ҳам-ми”— дедим, у: “Зино ва ўғирлик қилса ҳам”— деди” (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра разиаллоҳу анҳу деди: “Иймон пок нарсадир. Шунинг учун ҳам, иймон зино қилган кишидан чиқади. Агар у нафсини маломат қилса ва қайтса, иймон ҳам унга қайтади” (Лалакаий ривояти).
Абуд-Дардо разиаллоҳу анҳу деди: “Иймон худди бир кийиб, бир ечадиган кийимингизга ўхшайди. Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, ўз иймонига хотиржам бўлган кимсадан иймони тортиб олинади ва уни излаб топа олмайди” (Лалакаий ривояти).
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ шундай деди: “Мен Ҳижоз, Мадина, Басра, Макка, Восит, Бағдод, Шом ва Миср аҳлларидан бўлган мингдан ортиқ олимлар билан бир неча бор учрашдим, қирқ олти йилдан кўпроқ бўлади мен улар билан кўришдим, уларнинг ҳаммаси унда бор эдилар. —Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ уларнинг элликдан ортиғини номма-ном зикр қилади. Сўнгра: “Биз сўзни чўзмаслик учун шу исмлар билан кифояланамиз”— дейди. Мен уларнинг биронтасини: Аллоҳ таъолонинг: “Холбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У Зот учун Динни холис қилган, Тўғри Йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу Тўғри Диндир.” (Баййина: 5) оятига биноан: «Дин — сўз, ва амал» эканида ихтилоф қилганларини кўрмадим.
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ сўзларининг давомида уларнинг қолган эътиқодларини ҳам баён қилдилар. (Лалакаий: “Шарҳу усули аҳлиссуннати вал-жамоати минал-китаби вассуннати ва ижмаис-соҳабати ват-табеин”).
Alloh barchaga iymon bersin!