Биз унга Ўз оятларимизни ато қилганимиздан сўнг уларнинг ичидан суғурилиб чиқиб, шайтонга қўшилиб кетган ва йўлдан озганлардан бўлиб қолган кимсанинг хабарини қавмингизга тиловат қилиб беринг. Агар биз хохлаганимизда уни ўша оятлар билан юксак даражага кўтарган бўлур эдик. Лекин унинг ўзи “ер”га интилди ва ҳавосига эргашиб кетди. Унинг мисоли итга ўхшайдики, ит ҳамла қилсанг хам тилини чиқариб ҳансирайди, ўз ҳолига қўйсанг ҳам тилини чиқариб ҳансирайверади. Бу Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Бас, бу қиссаларни сўйлаб беринг, шоядки тафаккур қилсалар. (Аъроф, 175-176)
Қуртубий ушбу оят тафсирида шундай дейди: “Қуръони Каримни билиб унга амал қилмаган кишилар мана шу оятда зикр қилинганлар мисолидир”.
Афсуски бугунги кунда мана шундай ҳавои-нафсга берилиб, мол-дунё истаб, шайтонга эргашган “олим”лар кўпайиб кетмоқда. Улар ҳақ сўзга ўзлари амал қилмагани етмагандай, бошқаларни ҳам ҳаққа даъват қилмай қўйдилар. Жамиятдаги долзарб масалалар ҳақида гап очмайдилар, амру маъруф қилсалар бировга озор бериб қўйишдан қўрқиб иккинчи даражали мавзуларда маъруза қиладилар. Бундай олимлар ислом ва мусулмонларга эмас балки кофирларга тарафкашлик қилиб, уларнинг қулоқларига ёқадиган сўзларни айтадилар. Бундай “олим”лар кофир ва мушрикларга ёқиш учун ҳалолни ҳаром, ҳаромни эса ҳалол дейишдан ҳам тоймайдилар.
Бунинг мисоли ҳозирги кунда юртимизда мастура опа-сингилларимизга, аҳли аёлларимизга очиқчасига ҳужум бўлиб турганда, баъзи “олимлар” мусулмонлар тарафини олишнинг ўрнига телевидение ва матбуот орқали чиқиб аёлларимизни “миллий” кийинишга ундаб, ҳижоблардан воз кечишга, яъни Аллоҳнинг амрини бир чеккага суриб қўйишга тарғиб қилмоқдалар.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ҳўш ҳозирги кунда ҳақ сўзни сўзловчи олимларни қандай қилиб ажратиб оламиз? Аввало шуни билишимиз керакки ҳақиқий олим инсон давлат ва ҳукмдорлардан йироқ туради. Бундай олимлар юқори лавозим ва амалларга қизиқмайдилар, содда ҳаёт кечирадилар ва шунга тарғиб қиладилар, ва шу сабабли кўпинча қувғинда ёки тазйиқ остида бўладилар.
Ибн Маъсуд р.а. айтган эканлар: “Киши ўз динини улуғламоқчи бўлса ҳукмдолар ҳузурига кирмасин” (Ад-Доримий ривоятлари).
Яна у киши р.а.дан ривоят қилинади: “Киши ҳукмдор ҳузурига ўз дини билан кириб, қуп-қуруқ қайтиб чиқади” (Имом Бухорий Ат-Тарихда ривоят қилганлар).
Суфён Саврий айтган эканлар: “Агарчи сизларни “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқиб бериш учун чақирсалар ҳам уларнинг ҳузурига борманглар”.
Молик ибн Анас айтади: “Мен ўндан ортиқ тобеинлар билан учрашдим ва уларнинг ҳар бири менга ҳукмдорларнинг ҳузурига боришдан ва уларга насиҳат қилишдан қайтардилар” (Ҳотиб Ал-Бағдодий)
Юқоридаги гаплар ўша даврдаги мусулмон амир ва подшоҳлар ҳақида айтилган экан, ҳозирги кундаги исломнинг душманлари бўлган ҳукмдорларга ёрдам бераётган олимларнинг ҳукми нима экан?
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам бундай олимлар ҳақида: “Шундай ҳукмдорлар бўладики, кимки уларнинг ҳузурига келиб, уларнинг зулмларига ёрдам қилиб, уларнинг ёлғонларини тасдиқласа, бундай кишилар мендан эмас ва улар ҳавзи-кавсарга яқин ҳам йўламайдилар. Кимки улар (ҳукмдорлар) ҳузурига бормай, уларнинг зулмига ёрдам қилмай, уларнинг ёлғонларини тасдиқламасалар, ўшалар биздандур ва ана ўшалар менинг ҳавзим олдига келадиганлардир”, деб айтганлар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Бухоро султони Имом Бухорийга одам юбориб: “Ал-Жомъе ва Ат-Тарих китобларини олиб кел, сени ўзингдан эшитай”, деганида Имом Бухорий: “Мен султон ҳузурига бориб, илмни ерга урмайман. Агар султоннинг илмга талаби бўлса менинг масжидимга ёки уйимга ўзи келсин”, дея жавоб қилган эканлар.
Афсуслар бўлсинки ҳозирда бунинг аксини кўряпмиз, баъзи олимлар давлат, мансаб, мол-дунё илинжида ўз динларини бир динорга пуллаб юбораяптилар. Бу беш кунлик дунёдаги мансабларини сақлаб қолиш учун ўз иймонларига, ўз динларига қарши чиқиб, давлат арбобларига ёқадиган, уларнинг кўнгилларини хотиржам қиладиган ширин сўзларни айтишдан ҳам тоймай қолдилар.
Олимлардан бири шундай деган экан: “Илм аҳлига подшоҳ ёки унинг ёрдамчиларини зиёрат қилгандан кўра каттароқ зиён йўқ. Сабаби улар мол-дунёга ҳирс қўйиб, шариат ҳаром қилган амалларга енгил қарайдилар” (Сайд ал-хатир, 418 б.).
Аввалида тақводор ва иймонли бўлган илм аҳли ҳам давлат лавозимини олганидан сўнг вақт ўтиши билан ҳукмдор кўнглини олиш учун ўз илмига, ўз иймонига ва энг асосийси Китоб ва Суннатга қарши чиқувчи сўзларни айтишга мажбур бўлади. Бундай олим бироз муддатдан сўнг нафақат ўз иймонидан балки халқ орасидаги ишончидан ҳам айрилиб қолади. Олган илмлари эса уларга ҳеч қандай наф бермайди.
Суфён Саврий айтган экан: “Илм подшоҳлар остонасига ташлангунига қадар қадрланади. Олимлар илм учун ҳукмдорлардан ҳақ олган кунлари Аллоҳ уларнинг қалбидан лаззатни кўтаради ва олган илмлари уларга наф бермайди”.
Яна олимлардан бири айтган экан: “Улар (ҳукмдорлар) токи иймонингдан бир парча олмагунларига қадар ўз дунёларидан сенга ҳеч нарса бермайдилар. Аслида ўша иймоннинг бир парчаси ҳам уларнинг мол-дунёсидан кўра яҳшироқдир”.
Абдуллоҳ ибн Аббос ривоят қилган ҳадисда Расулаллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Шундай ҳукмдорлар келадики, сиз уларда яҳшиликни ҳам ёмонликни ҳам кўрасизлар. Ким уларга қарши чиқса, саломат қолибди, ким улардан қочса, у ҳам саломат қолибди. Кимки уларга ёрдам берса, ҳалок бўлибди”, деб айтганлар. (Ибн Абу Шайба ва Табароний ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).
Абу Ҳурайра р.а. Расулаллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда: “Кимки ҳукмдорлар дарвозасига яқинлашса мағлуб бўлибди. Банда ҳукмдорга яқинлашиши билан Аллоҳдан узоқлашади” дейилади. (Имом Аҳмад ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).
Шайх ул-Ислом ибн Таймия айтган эканлар: “Китоб ва Суннатдан воз кечиб, Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига кўра давлат юргазмайдиган ҳукмдорга эргашган олим – муртад ва кофирдир. Улар бу дунёда ҳам охиратда ҳам жазога лойиқдирлар”. (Ал-Фатава, 35/373).
Ва бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Бундай “олимлар” ўзлари айтган сўзларига ўзлари амал қилмайдилар. Аллоҳ таоло уларга қарата: “Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?”, деб айтади (Бақара, 44).
Ундайларга оҳиратда аламли азоб бордир.
Абу Зайд Усома ибн Зайд ибн Ҳорисадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: «Қиёмат куни бир киши олиб келиниб дўзахга ташланади. У кишининг қорнидан ичак-чавоқлари чиқиб, худди эшак тегирмон атрофида айлангани каби айлантирилади. Кейин дўзах аҳллари унинг олдида тўпланиб: «Эй фалончи, сенга нима бўлди, сен яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар эдингку?» дейишса, у киши: «Ҳа, тўғри! Яхшиликка буюриб, ўзим бажармас эдим. Ёмонликдан қайтариб, ўзим қилар эдим», дейди», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Шунинг учун биродарлар юқоридагилардан тўғри ҳулоса қилиб бундай ёлғончи олимлардан ўзимизни олиб қочишимиз зарур. Агарчи у одам минглаб исломий китоблар чоп этиб, юзлаб фатволар берган бўлса ҳам. Уларни гап сўзларидан ажратиб олиш жуда ҳам осон. Уларга ҳозирги кунда авж олган, долзарб мавзуларда савол берилганида улар мужмал, олди-қочди ва бир якуний ҳулосасиз жавоб берадилар. Ўз нафсларига ёки ҳукуматга қарши бўлган мавзуларда умуман гапирмайдилар. Лекин давлат арбобларига ёқадиган гапларга келганда тиллари бурро бўлиб, Китоб ва Суннатдан далиллар билан кўмиб ташлайдилар. Бундай “олимлар” ҳақиқий Китоб ва Суннатга амал қилишга чақирган олимларни кўра олмайдилар, уларга “ваҳҳобий”, “салафий”, “бемазҳаб” каби тамғаларни босадилар (“салафийлик”ни даъво қилаётганлари эса уларнинг фикрларини тасдиқламаган ҳар бир кишини хавориж деб ҳақоратлайдилар – таҳририят изоҳи).
Ҳақиқий олимлар эса ҳақ сўзни айтишда ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрқмайдилар. Уларни хоҳ қамоқ билан хоҳ ўлим билан қўрқитинг ўзларининг ҳақ сўзларида ва эътиқодларида собит турадилар. Улар Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламнинг “Сизлардан ким бирор мункар ишни кўрса, бас уни қўли билан тўхтатсин. Агар бунга қодир бўла олмаса, бас тили билан тўхтатсин, бунга ҳам қодир бўла олмаса, бас дили билан қайтарсин. Бу эса энг заиф иймондир”, деган сўзларига тўлиқ амал қиладилар.
Ҳақиқий олимлар мункар ишни кўрганларида жим қараб турмайдилар, агарчи у ишни қилаётган киши подшоҳ бўлса ҳам. Зеро улар биладилар – энг афзал жиҳод бу “Золим подшоҳнинг олдида ҳақ сўзни айтиш”дир. (Насоий, 7834).
Убода бин Сомит разияллоҳу анҳу дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан байъат олдилар. Байъат пайтида у кишига берган ваъдаларимиздан бири шу бўлдики, қаерда бўлмайлик ҳақ сўзни айтамиз – Аллоҳ учун маломатчининг маломатидан қўрқмаймиз”. (Муттафақун алайҳ).
Мақоламизни Шайх Носир ибн Сулаймон Умарнинг сўзлари билан якунлаймиз:
Ҳақиқатни айтишга жасоратли бўлиш – олим киши сифатланиши зарур бўлган сифатлардандир. У яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтарсин, ёмонлик қилган одамга ким бўлишидан қатъий назар: “Сен ёмон иш қилдинг!”- деб айта олсин. Ҳозирги кунда яшаётган олимлар учун шонли тарихимизда яшаб ўтган уламоларимиз чиройли ўрнакдирлар. Биз улардан баъзиларини мисол тариқасида келтирмоқчимиз:
Биринчи мисол: Халифа Марвон ибн Ҳакам роҳимаҳуллоҳга нисбатан Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳунинг муносабати.
Марвон ибн Ҳакам ҳайит куни намозгоҳга келиб, намоз ўқишдан аввал (хутба ўқиш учун) минбар томон юра бошлади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу унинг кийимидан тортиб, норози оҳангда: “Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, сизлар (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар қилган ишни) ўзгартирдингиз!”- деди. Марвон ибн Ҳакам: “У даврдаги кўп нарсаларга амал қилинмай қолди”- деди.
Иккинчи мисол: Уламолар султони Изз ибн Абдуссалом роҳимаҳуллоҳнинг подшоҳ Солиҳ Айюбга муносабати.
Шоҳ Солиҳ Айюб Шом музофотининг ҳукмдори эди. Ўзи билан амакиваччалари ўртасидаги низо сабабли насороларга (христианларга) айрим қалъаларни бериб юборди. Изз ибн Абдуссалом роҳимаҳуллоҳ жума куни Дамашқ масжидларининг бирида хутба ўқиди. Унда жумладан: “Аллоҳим, бу Умматнинг ишини Ўзинг тўғрилик тарафига бургин. Сенга итоат қилганлар азиз, осий бўлганлар хор бўладиган, яхшиликларга буюрилиб, ёмонликдан қайтариладиган ҳолатни вужудга келтиргин!”- деган сўзларни айтди ва насороларга Дамашқда қурол-аслаҳа сотишни таъқиқлаган фатво чиқарди.
Подшо ғазабланиб, Изз ибн Абдуссаломни зиндонбанд қилди. Ундан аввал имом Аҳмад ва талайгина уламолар ҳам ҳибсга олинган эдилар: “Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?!” (Анкабут: 2).
Подшо зиндонга, Изз ибн Абдуссалом ёнига аъёнларидан бирини юборди. У: “Мен сиз билан подшо ўртасида воситачилик қилай. Бунинг учун сиздан бир нарсани сўрайман: подшодан кечирим сўраб, унинг бошини ўпсангиз”- деди (Бошни ўпиш арабларда ҳурмат рамзидир). Изз ибн Абдуссалом: “Мени тинч қўйинг. Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, подшонинг (пешонасини ўпиш у ёқда турсин), қўлларимни ўпишига ҳам рози эмасман. Аллоҳ Мени сизларни мубтало қилган мусибатдан сақласин! Мен бир водийда бўлсам, сизлар бутунлай бошқа водийдасизлар!”- деди.
Подшо насоролар билан учрашувга Изз ибн Абдуссаломни ҳам бирга олиб борди-да, чодирларнинг бирига банди қилиб қўйди. Подшо насоролар билан ўтирар экан, чодирдан Изз ибн Абдуссаломнинг Қуръон тиловати эшитила бошлади. Подшо: “Бу кимнинг товуши эканини биласизларми?”- деб савол берди.
Улар: “Йўқ”- дедилар.
– У бизнинг катта попларимиздан (уламоларимиздан демади) бири! Уни нега банди қилганимни биласизларми?”.
– Йўқ.
– У сизларга қурол-аслаҳа сотмаслик ҳақида фатво чиқарди.
— Тангри номига онт ичиб айтамизки, агар роҳибларимиздан бири шундай фатво берса эди, биз унинг оёқларини ювар ва ювиндисини шўрва қилиб, ичар эдик!
Подшо қилган ишидан пушаймон бўлиб, Изз ибн Абдуссаломни озод қилиш фармонини берди.
Учинчи мисол: Шайх Хазир Ҳусайннинг Муҳаммад Нажибга нисбатан муносабати
Мисрда мустақиллик инқилоби бўлганидан сўнг (давлат арбоби) Муҳаммад Нажиб: “Миср қонунчилигида эркак билан аёлни тенг ҳуқуқли қиламиз!” деди. Шундан сўнг Хазир Ҳусайн Муҳаммад Нажибга қўнғироқ қилиб: “Ё сўзингизни қайтариб оласиз ёки эртага Азҳарнинг барча шайхлари билан кафан кийиб кўчаларга тўкиламиз! Ё ҳаёт, ё мамот!”- деди.
Муҳаммад Нажиб ҳам, вазирликдагилар ҳам шайх Хазир Ҳусайн олдига кетма-кет келиб: “Сиздан узр сўраймиз, айтилган гап хато эди”- дедилар. У эса: “Узрингизни менга айтманг, халқдан узр сўранг!”- дер эди.
— Халқ олдига чиқиб узр сўраш жуда ҳам оғир.
— Ҳой Муҳаммад Нажиб, ё одамлар олдида айтган сўзларинг сабабли узр сўраб, ундан воз кечасан ёки эртага кафанларимни кийиб, кўчаларни тўлдираман!
Муҳаммад Нажиб эртаси куни матбуот ўзига ёлғон гапларни нисбатлаганини, ўзининг эса бу мавзуда гапирмаганини эълон қилди.
Ҳа, илм ва иймон олимни ҳақ узра журъатли бўлишга ундайди. Бас, олим Аллоҳ йўлида ҳеч қандай маломатдан қўрқмасин. Ўз масъулиятини адо этсин. Ўз обрўсини одамларнинг ўқларига нишон қилиб қўймасин.
Зеро, фитнага тушиб қолишдан қўрқиш баҳонаси билан ҳақни очиқ айтмай журъатсизликка йўл қўйиш тўғри эмас.”
Аллоҳ барчамизни ҳидоятга бошласин.