«Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин!

САВОЛ-ЖАВОБЛАР

  Сайтимиз электрон унвонига “Abdurrahmon” деб номланган биродардан навбатдаги мактуб келди. Қуйида мактуб матнини ўз ҳолича тақдим этамиз ва мактубда битилган саволларга жавоб беришга ўтамиз:

   Assalomu alaykum birodarlar. Biz hozir yashab turgan shaharda bir gap tarqaldi. Bir birodar aytdiki qaysidir bir birodarga OIHdan telefon orqali kimdir xabar bergan emish. Yani OIH haqida bitta sayt ochilgan emish va bu saytni sizlar ochgan emishsizlar. U saytda OIHga nisbatan juda yomon gaplar yozilgan ekan. Kegin bir birodar bilan o’sha saytga kirib yoqamni ushlab qoldim. Nahotki OIHdagilar shunchalik bo’lsa. Ammo bu saytni sizlar ochganlaringizga ishongim kelmadi. Chunki hali sizlar tarafdan OIHga biron nojo’ya gapni eshitmadim. Bilaman o;’rtalaringizda ixtiliof bor. Lekin sizlar sodiqlar saytida ham bu ixtilofni yashirishga harakat qilgansizlar. Chunki buni aqlli odam to’g’ri tushunadi. Bu narsani ovoza qilishdan foyda yo’q. Zarar bo’ishi mumkin. Hatto bu haqda men munosabatlaringiz haqida xat orqali so’raganimda ham ularni ham ayblamay, o’zlaringizni ham xorlamay chiroyli to’g’ri tushuntirib qo’ygan edingizlar. Men o’sha javobdan kegin ixtilof haqida ko’p savol bermaslik kerak ekan deb tushungan edim. Ammo bu yangi xabar bizni shoshirib qo’ydi. Men ishonmasam ham boshqa sodda ukalar ishonishdi. Bu xabar yashin tezligida chor atrofga tarqalib, bazilar OIHni bazilar sizlarni qattiq haqoratlar qilish darajasiga yetdi. Shunga iltimos o’tgan galdagiday savolimni javobsiz qoldirmaysiz degan umiddaman.

1.Haqqattanam shu saytni sizlar ochganmisizlar.
2.Agar ochmagan bo’lsangizlar kim ochgan bo’lishi mumkun.
3.Bu saytda yozilgan malumotlarga nima deysizlar, to’g’rimi bu malumotlar.
4.OIH sizlarni bayatni buzib jamoatdan chqqanlar va xoinlar deyishar ekan. Shu gapga nima deysizlar.

Shu savollarimga to’liq javob berishingizlarni so’ranaman.

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ! Ҳурматли биродаримиз Абдурраҳмон! Аллоҳ ажрингизни берсин!

   Аввало иккала жамоатдаги биродарларингиз ҳақида ҳам яхши гумон қилиб, улар ҳақида тарқалган гапларни текшириб кўришга уринишингиз таҳсинга сазовордир. Чунки Аллоҳ таоло айтадики: “Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!”

   Ихтилофлар ҳақидаги хабарларнинг биз истамасакда кенг оммага тарқалиб кетиши албатта бизни маҳзун қилди. Бу саволингизга ўхшаган саволларнинг электрон манзилимизга ҳар тарафдан келиши бунга далолат қилиб турибди. Ўйлаймизки, ҳозирги бераётган раддиямиз уларга ҳам жавоб бўлади, иншааллоҳ.

   Биз ўйлаймизки бу хабарларнинг тарқалиб кетишидан ЎИҲдаги биродарларимиз ҳам манфаатдор эмаслар. Айниқса ЎИҲни ёмонлаб очилган сайтнинг бизга нисбатлангани ҳақидаги гапнинг тарқалиши ЎИҲнинг сиёсий манфаатларига путур етказади. Шунинг учун бу хабарни ЎИҲ томонидан тарқатилганига биз ишонмаймиз.

   Чунки фитна ухлаб ётган илонга қиёсланган. Ўзига қарши бўлган фитнани уйғотишдан ЎИҲ манфаатдор бўлмайди. Бу фитнани ухлаб ётган илонга жуда ўхшашига бизнинг далилимиз бор. Чунки бу айтилган сайт интернетда танилмаган ва топиш қийин бўлган сайт экан. Бу сайт ҳақидаги хабар ЎИҲдаги биродарларимиз ҳақида биринчи марта бизга айтилганида интернетдаги GOOGLE қидириш хизмати орқали биз уни ҳар хил усулларда қидириб ҳам топа олмаган эдик. Чунки ЎИҲдаги биродарлардан бор йўғи “Салафлар алданманглар” деган сайт очилибди, шу сайтни ким очган бўлиши мумкин” деганга ўхшаш гапни эшитган эдик. Шундан сўнг GOOGLEда “Салафлар алданманглар” деган иборани ҳар хил кўринишларда ёзиб, қидириб топа олмаган эдик. Агар туҳмат бўйича фаразан бу сайтни ҳақиқатан биз очган бўлганимизда ҳам, биз албатта бу сайтни оммабоп ўқилиши ва машҳур бўлиши учун сабабларни қилган бўлардик. Бу нарса веб оламида “раскрутка сайта” деган русча ном билан аталади ва бу борада тажрибаларимиз етарли. Шундан ҳам кўриниб турибдики, бу сайтни тажрибасиз одам тузган.

   Аммо вақт ўтиши билан бу сайтнинг тўлиқ номи ёзилган савол хатлари кела бошлаганидан кейин, бу сайтга киришга муваффақ бўлдик ва уни таҳлил қилишга ҳаракат қилдик. Таҳлилимиз натижалари бўйича шундай хулосага келдикки, бу сайтдаги маълумотларни ЎИҲнинг яқин ўтмишидан жуда яхши хабардор бўлган одам ёзган. Айниқса Ўрукзой ғазваларида бўлиб ўтган ЎИҲ мужоҳидлари орасидаги воқеаларни икир-чикиригача билган одам бу маълумотларни ёзганини бу ерда юрган ҳар бир жиҳод аҳли пайқай олади. Бу нарса ЎИҲнинг бу сайтни бизга нисбатлашда манфаатдор эмаслигига яна бир сабаб бўлади. Шу ўринда 1- ва 2-саволларингизга жавоб ўз-ўзидан чиқади. Бу сайтни ҳатто ундаги маълумотларни тўғри деб эътиқод қилган тақдиримизда ҳам биз очмас эдик. Чунки бу сайтда ёзилган маълумотларни тарқатишдан на исломга, на умматга фойда эмас, аксинча зарар. Ухлаб ётган фитнани ёки маккор душман, ёки бу нарсаларга ақли етмайдиган гуноҳкор мусулмон уйғотиши мумкин.

   Бу сайтни Ўрукзой ғазвасида қатнашиб, сўнгра у ерда юз берган ғалва туфайли ЎИҲ сафидан чиқиб кетган одам ёзганлиги шундоққина кўриниб турибди. Бу одам кимлиги ҳақида тахминимиз бор. Бу борада ЎИҲ раҳбарияти биздан кўра закийроқ деб гумон қиламиз. Шунинг учун бу сайтнинг бизга нисбатланиши ҳақидаги туҳмат хабар ЎИҲдан чиққанлигига биз мутлақо ишонмаймиз. Албатта Аллоҳ билгувчироқдир. Биз фақат сабабларга ва зоҳирга кифояланиб бу гапларни айтяпмиз.

   Бу хабарни тарқатишда иккала жамоатни ҳам бадном қилиш ғоялари яширинган. Шунингдек бу хабар билан уни тарқатган кимса камида 3 та қуённи уришга ҳаракат қилган. Биринчидан, бу сайтни реклама қилиш орқали бу сайтда ёзилган гапларга ишонган одамлар учун ЎИҲ даги биродарларни бадном қилиш бўлса, иккинчидан бу сайтда ёзилган баъзи гапларнинг лофлигини пайқаган мусулмонлар учун ИЖИни бадном қилиш. Учинчидан эса кундан кунга муносабатлари яхшиланиб бораётган икки жамоатнинг орасига фитна солиш. Албатта ўз вақтида бунинг олди олинмаса бу кимса ёки кимсалар ўзларининг юқорида санаб ўтилган ёвуз ниятларига етишлари мумкин. Бундай кимсалар ичкаридами ёки ташқаридами деган саволларга биз жавоб беришдан ожизмиз. Аммо аввало Аллоҳга суянган ва ўз жамоатимиздаги бу борада ўрнатилган ўзига хос суннатий тадбирларга асосланиб ИЖИ сафида бундай одамлар йўқлигига ишонамиз.

   Энди учинчи саволингизга ўтадиган бўлсак, аввало биз бошқа жамоатда бўлаётган муаммоларни муҳокама қилишга ҳаққимиз борми ёки йўқми деган сўроқ ҳам кўндаланг туради. Шунинг учун биз ҳатто бу сайтда айтилган гапларнинг ичидаги ўнтадан битта чиқиб қоладиган ҳақиқатлар ҳақида ҳам бир нарса дейишга ожизмиз. Бу сайтда ёзилган маълумотларнинг аксар қисми эса факт билан исботланмаган, ҳуқуқий бирон асосга эга бўлмаган қуруқ гаплардир. Шунинг учун бу маълумотларга нисбатан муносабатимизни бу сайтнинг муаллифига насиҳат қилиш билан ифодалаймиз. Унга айтамизки: Эй оқиллиги ва мукаррамлиги эсидан чиққан инсон! Ҳатто ўта зулм кўрган мазлум ҳам ўзига зулм қилган одамга нисбатан зулм билан эмас, балки адолат билан муомала қилмоғи мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳатто душманни ҳам унда йўқ сифатлар билан сифатлашлик пасткашликдир. Ислом бизга нафақат биродарларимизга, балки ҳатто душманларимизга ҳам адолат қилишликка буюрган. Аллоҳ таоло айтадики (оятнинг ўзбекча маъноси):

   “Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун мағфират ва улуғ ажр бўлишини ваъда қилди. Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса жаҳаннам эгаларидир. Эй мўминлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини — бир қавм сизларга қўл кўтаришни (яъни ҳалок қилишни) қасд қилганида уларнинг қўлларини сизлардан қайтарганини эслангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Иймонли кишилар ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар!”

  Аллоҳ таоло ушбу оятларда адолат билан гувоҳлик беришга буюрди ва гувоҳликда адолатсизликдан қайтарди. Гувоҳликда адолатсизлик дегани бу ёлғон гувоҳлик бўлиб, исломда қайтарилган энг катта гуноҳлардан биридир.

Аллоҳ таоло айтади(оятнинг ўзбекча маъноси):

«Улар ёлғон гувоҳлик бермаслар» (Фурқон сураси, 72).

Бу Раҳмонга суюкли бандаларнинг еттинчи сифатидир.

   Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки қадами (турган еридан) қўзғалмай туриб Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади», дедилар» (Ибн Можа, Ҳоким ривояти).

   Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ёлғон гувоҳлик бериш уч маротаба Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилган», дедилар-да, кейин: «Бут-санамлардан иборат нопокликдан узоқ бўлингиз, ёлғон сўз-гувоҳликдан узоқ бўлингиз», оятини тиловат қилдилар (Табароний ривояти).

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта: «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталарини хабар қилайми?» деб сўрадилар-да: «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш. Огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш ва ёлғон гапириш», дедилар. Суянган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар-да, бу сўзни такрорлайвердилар, ҳаттоки биз: «Қанийди, сукут қилсалар», дедик (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло айтади:

«Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур» (Фотир сураси, 43).

Яъни, ёмон макр-ҳийланинг касофати макр қилган, уюштирган кимсаларнинг ўзига уради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: «Мўмин содда, улуғ бўлади, фожир эса маккор, хор бўлади» (Термизий, Абу Довуд ривояти).

Энди сизнинг охирги

“OIH sizlarni bayatni buzib jamoatdan chqqanlar va xoinlar deyishar ekan. Shu gapga nima deysizlar”

 — деган саволингизга келсак бу юқоридагилардан алоҳида бўлган масаладир. Албатта бундан олдин ҳам бунга ўхшаш саволлар бизга жуда кўп маротаба берилган, аммо бу саволларнинг биронтасига жавоб беришни лозим топмаганмиз. Ҳатто жавоб бермаганимиздан кейин, андешанинг отини қўрқоқ қўйган баъзи одамлар “ана жавоб бермаганларингдан ҳам билса бўладики, сизларда бир гап бор” дейишгача боришди. Аммо Аллоҳга қасамки, бу саволга жавоб бериб ўзимизни ва жамоатимизни ҳимоя қилиш манфаатидан кўра, мусулмонлар ичида ухлаб ётган фитнани уйғотиб юбориб, уммат бирлиги ва исломга зарар келтириб қўйиш эҳтимоли борлиги бизни бу ишдан тўсиб турар эди. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, ҳар бир ҳақ гапни гапиравериш ҳикмат эмас, ҳақ гап баъзи ўринларда яширишга ҳам эҳтиёж сезади. Хулоса шуки, ҳақ гапни ўз ўрнида ва ўз вақтида гапириш ҳикматдир.

Бу саволга нега олдин жавоб бермаганимизнинг сабабини тушунтирганимиздан кейин, энди саволга жавоб беришга ўтайлик.

   Аввало жамоатимизнинг аксар аъзолари ЎИҲга умуман алоқаси бўлмаган биродарлардир. Жамоатимиздаги жуда оз биродарларгина ЎИҲдан ажралиб чиқишган. Аммо ўша камгина биродарларимизнинг ҳам ЎИҲдаги байъатга хиёнат қилиб чиқиб кетганлиги ҳақидаги гаплар масала моҳиятини ёки умуман тушунмасликдан, ёки тушунишни хоҳламасликдан келиб чиққан десак тўғрироқ бўлса керак. Хўш ЎИҲдаги байъат кимга берилар эди? Албатта кўпчилик одамлар “ЎИҲдаги байъатлар ҳаракатнинг биринчи амири Муҳаммад Тоҳир Форуққа берилар эди” дейиши табиий. Аммо бу гапни айтадиганлар жуда элементар бўлган бир фактни эсдан чиқариб қўядилар. Бу факт овоз ёзиш тасмалари ва видеолавҳаларда муҳрланган. Бу лавҳалар ЎИҲ студияси томонидан бутун дунёга нашр қилинган. Бу лавҳаларда ҳаракатнинг биринчи амири (Аллоҳ у кишидан қилган ишларини ва шаҳодатини қабул қилсин) “Бу байъат менга эмас, балки амирул мўминийн Мулло Муҳаммад Умарга берилган байъатдир” деб таъкидлаганликларига гувоҳ бўладилар. Юзлаб биродарлар бунга нафақат видео лавҳалар ёки овоз тасмалари орқали, балки бевосита ўз кўзлари ва қулоқлари билан ҳам гувоҳ бўлишган. Байъат берган биродарлар ҳам онгли равишда Мулло Муҳаммад Умарга байъат беришган. Тоҳир ака бу байъатни етказувчи бўлганлар холос. Ўша байъатдан сўнг баъзи сабабларга кўра ЎИҲдан чиққан ва ўша пайтда ИЖИга кирган биродарлар асло байъатларини бузган эмаслар. Чунки ИЖИ илк ташкил бўлган кунлариданоқ Афғонистон Исломий Иморати итоатида бўлиб келмоқда. АИИ раҳбарияти ҳам ИЖИнинг итоатидан ва жиҳодда тутган ўрнидан бир неча маротаба ўз мамнунлигини изҳор этган. Албатта баъзилар тушуниб тушунмай шундай эътиқод қилаётган “хоинлар” билан ҳамкорлик қилиш АИИ раҳбариятининг шаънига ҳам тўғри келмайдиган гап. Наҳотки дунё мусулмонлари тан олган ва дунё кофирларини зир титратган Толибон ҳаракати хоинлар билан ҳамкорлик қилиш ва уларнинг ишидан рози бўлишдек ишни ўзларига эп кўрсалар. Шунинг учун бу гап нафақат бизга, балки биз билан ҳамкор бўлган АИИ ва Ал-Қоидага ҳам муносиб бўлмаган ёмон гапдир. Бу гапни тушуниб-тушунмай кўтариб юрганлар Аллоҳга тавба қилишса ўзлари учун албатта яхшилик қилган бўлардилар. Албатта хатосиз одамнинг ўзи йўқ. Балки ЎИҲдан чиқиш сабаблари доирасида баъзи биродарларимиз хато қилган бўлишлари мумкин. Кимдир арзийдиган, яна кимдир арзимайдиган сабаб билан жамоатдан чиққан бўлиши мумкин. Бир иш устида жамлангандан сўнг уни сабабсиз тарк этиш албатта яхши иш эмас, буни биз ҳеч қачон оқламаймиз. Бу ишда хато бўлган бўлиши ҳам мумкин, аммо байъатга хиёнат бобида жамоатимизнинг бирон аъзосидан хиёнат содир бўлмаган.

   Жамоатдан қачон ва қай ҳолатда чиққанларидан қатъи назар, ўша оз биродарларимизнинг аксар қисми Ал-Қоида уламолари билан машвара асосида чиқишган. Хўш шундай экан бу биродарларимиз “Аллоҳга, Росулга ва ўзларингиздан бўлган иш эгаларига итоат қилинглар” буйруғининг қайси бандига хиёнат қилишган?! (Аксар уламолар “ўзларингиздан бўлган иш эгалари”дан мурод – уламолар деб тафсир қилишган).

Ҳадиси шарифда: «Мўминнинг табиатида хиёнаткорлик ва ёлғончиликдан ташқари ҳар қандай хислатга мойиллик бўлиши мумкин», дейилган (Баззор, Абу Яъло ривояти).

   Албатта биз ҳам жамоатларнинг бирлашишини, ўрта ислоҳ бўлишини хоҳлаймиз. ЎИҲдаги биродарларимиз ҳам ислоҳни хоҳлашларини эътироф қилиб туришибди. Аммо ислоҳ ҳеч қачон муқобилининг устига мағзава ағдариш билан бўлмайди. Аксинча жамоатлар ўртасидаги ўзаро чиройли муомала, силаи-раҳм, хокисорлик, сўз ва амалдаги адолат, яхши гумон, шунингдек етишиб келаётган фарзандларимизнинг бир-бирларига нисбатан муҳаббат ва хокисорлик руҳида тарбияланиши ислоҳ ишларининг дебочаси ва калити деб ҳисоблаймиз. Бу иш осон эмас, аммо бунга чин кўнгилдан ҳаракат қилган ҳолда Аллоҳ таолодан бунга барчамизни ҳиссадор қилишлигини ўтиниб сўраб қоламиз. Аллоҳ таоло нафақат бу икки жамоатни балки бутун ислом умматини соғлом ақида, тўғри манҳаж ва хайрли истиқомат устида бирлаштиришга қодир бўлган Зотдир. Бутун оламлар Роббиси Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *