Ватан. Бу сўзни айтганда, эшитганда, ўқиганда ҳамманинг кўз олдига ўз ватани — ота-онаси яшаган юрт келади. Биз ҳозир айнан бир мамлакат ҳақида ёки ўз ватанимиз ҳақида тўхталмоқчи эмасмиз. Давлат ва унинг қонунлари ҳақида ҳам гапирмаймиз. Миллати ва эътиқодидан қатъий назар инсоннинг ўз туғилиб ўсган, ота-онаси яшаган юрт – ватани бор.
Бугунги кунда ватан тушунчаси ҳақида ҳар бир юртда шундай кўп гапириладики, уларнинг ҳаммаси ватанни севишга, миллатпарварликка тарғиб қилишдан иборат. Она юртида яшаб ўтган ота-боболар билан фахрланиш, юртини дунёга танитиш ва шунга ўхшаш гап сўзларнинг бари гўзал шиор ва яхшилик бўлиб кўринсада, уммат учун энг катта хавф туғдираётган миллатчилик иллати ҳам шундан келиб чиқмоқда.
Аслида ватанга бўлган муҳаббат туғма бўлади. Ватанни севишга тинмай даъват қилавериш худди онани ўз фарзандини яхши кўришга чақиришга ўхшайди. Қайси она фарзандини ёмон кўради!? Ўз туғилиб ўсган ерини яхши кўриш ҳам ана шундай. Бу шундай муҳаббатки, уни одамларга ўргатишнинг ҳожати йўқ. Аксинча бу туйғуни жиловлашни, унинг меъёрини сақлашни ўргатиш лозим. Ватаннинг тинчлигига, барча дунёвий марраларни эгаллашига ҳисса қўшяпман деган хаёлда тарихда Исломга қарши чиқиб ўз ватанини гўёки ҳимоя қилган, аслида эса ватанига Аллоҳнинг ҳақ йўли кириб келишига ва Аллоҳнинг шарияти билан бирга файз ва барака кириб келишига тўсқинлик қилганлардан бўлиб қолмаслик лозим.
Бугун оғизни гупуртириб ватан — давлат мадҳини куйлаётган маддоҳлар эртага аввалгига зид бўлган бошқа раҳбар ва бошқа тузум келса, уни ҳам шундай мақтайдилар. Бундайлар тарихда ҳам, яқин ўтмишда ҳам бўлган ва бугунимизда ҳам бор. Улар икки юзламачи одамлардир, ўзларини гўёки ватан ишқида ёнаётгандай кўрсатадилар, аслида улар ватани учун, халқи учун зарардан бошқа нарса келтиришга қодир эмас.
Яқин ўтмишга назар солсак, ҳамма босмачиларни ёмон кўрар эди. Ватанига, халқига хиёнат қилганлар деган айблов юклатилган эди уларга. Аслида ватанни СССРга ялоқхўрлик қилганлардан кўра севдим дейишга лойиқ бўлганлар босмачилар эканини бугун ҳамма тушунди. Лекин яна ўтмиш хатоси такрорланмоқда. Бугун динини фитналардан сақлаш учун ҳижрат қилганларга босмачиларга қўйилган айблов қўйилмоқда. Оми мусулмонлар ҳам шунга ишонади. Улар ўйламайдики, масжид Америкада ҳам, Русда ҳам, Европада ҳам қурилмоқда, аммо мўмин учун шарият керак! Қуръон ҳаётга татбиқ қилинадиган қонун бўлиши керак! Мана шу мақсадда ҳижрат қилганларни ватанфуруш дейиш мантиқсизликдир. Айниқса бундай айбловларни мусулмонлардан, намозхон инсонлардан эшитиш ўта ачинарли.
Қачонки биз бегона уйда қолсак, ўз уйимизни қўмсаймиз. Қачонки бошқа шаҳарга борсак, ўз шаҳримизга талпинамиз. Қачонки бошқа бир мамлакатга бориб қолсак, ўз юртимизни соғинамиз. Буни бизга биров ўргатмайди, ватанга бўлган бу муҳаббат туғма туйғудир. Агар биз расулимиз соллаллоҳу алайҳи вассалам айтганларидай ўзимизнинг мусофир эканимизни ҳис қилиб яшаганимизда эди, ернинг қай бир жойида бўлмайлик Одамнинг асл ватани — Жаннатга интилган бўлар эдик. Мана шу интилиш иймондандир. Чунки Жаннатга интилмаслик охиратга ишонмасликдан, ёки унга шубҳа қилишдандир.
Мусофирлар — иймон эгалари учун бу дунёнинг ҳамма ери баробардир, чунки улар шунчаки йўловчи эканини — асл ватани бўлмиш Жаннатга ҳали етмаганини англаган оқил кишилардир. Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳидоятига эришган зотлардир. Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад), Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: «Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда чиройли амал қилган зотлар учун (охиратда) чиройли (оқибат – жаннат) бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб- китобсиз тўла тў кис қилиб берилур.» (Зумар, 10)
«Аллоҳнинг ери кенгдир». Ўз юртида Аллоҳга ибодат қилишга имкон топа олмасдан, имкон қадар тўла тўкис ибодат қилиш учун ҳижрат қилганларни ватанфуруш дейдиганлар Аллоҳдан қўрқсин! Зеро, биз ҳали асл ватанимизга етмадик. Биз фақат Аллоҳга ибодат қилиш учунгина яратилдик.
«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зарият, 56)
Манба: Исламият