Мусулмонлар қай мақсадда жиҳод қиладилар?
Қуръони Каримнинг қуйидаги оятида зикр қилинган нарса содир бўлмагунича Ислом жиҳодга рухсат бераверади ва жанг қилишга ижозат этади:
“Токи уларга (ушбу Қуръон ростдан ҳам Аллоҳ томонидан нозил қилинган) Ҳақ (Китоб) эканлига аниқ маълум бўлгунича, албатта, Биз уларга атроф-офоқдаги ва ўз вужудларидаги (Бизнинг борлигимиз ва қудратимизга далолат қиладиган) оят-аломатларимизни кўрсатажакмиз”. (Фуссилат: 53)
Одамлар яқин-яқингача буни истеҳзо қилиб келдилар, лекин бугун айнан ўша кишилар жангга тайёргарлик кўриш тинчликка эришишнинг энг ишончли йўли эканлигини англамоқдалар. Аллоҳ жиҳодни мусулмонларнинг ундан туғён ва зулм воситаси сифатида фойдаланиши, ёки баъзиларнинг ўз шахсий манфаатини кўзлаган ҳолда амалга ошириши учун белгилаб қўймаган, балки жиҳод ислом даъватини ёйиш вазифасини ҳимоя этмоқлик учун амалга оширилади. Бу эса тинчликни кафолатлайди ва Аллоҳнинг қонуни жорий бўлишини билдиради. Бу мусулмонлар томонидан амалга ошириладиган масъулият ҳамда инсониятни ҳақиқат ва адолат томон етаклайдиган қонундир. Ислом жиҳодни қандай белгилаб қўйган бўлса, тинчликни ҳам худди шундай олқишлайди.Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Агар улар сулҳга майл қилсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, Унинг Ўзи эшитгувчи, билгувчидир.” (Анфол: 61)
Урушнинг мусулмонлар билан фақат биргина боғлиқлик жойи мавжуд. Бу ҳам бўлса Аллоҳнинг сўзини Олий қилмоқликдир. Умуман олганда, бошқа ҳеч қандай мақсадга ўрин йўқ. Шон-шуҳрат ёки мартаба таъма қилмоқлик мусулмон учун ножоиз саналади. Дунёга муҳаббат қўйиш, жангда олинган ўлжаларни ғайриқонуний ўзлаштириш ҳамда адолатсиз усуллар билан ўлкаларни истеъло қилишга уриниш – буларнинг бари мусулмонлар учун ҳаром қилинган нарсалардир. Фақатгина бир ниятда жиҳод қилмоқлик жоиз. Бу ҳам бўлса Аллоҳ йўлида ўз жонини фидо этиб инсониятнинг ҳидоятланиши учун машаққатларга дучор бўлмоқликдир.
Ҳорис ибн Муслимдан, у эса отасидан ривоят қилиб айтадилар:
“Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни бир сафарга юбордилар. Қачонки биз эгаллашимиз лозим бўлган ҳудудга етиб келганимизда, мен отимни ниқтаб ҳамроҳларимдан олдинга ўтиб олдим. Ҳудуд аҳолиси бизни дод-фарёд ила кутиб олди. Мен уларга дедим: “Агар Ла илаҳа иллаллоҳ деб гувоҳлик берсангизлар, омонликдасизлар”. Улар шундай дея имон келтирдилар. Шунда ҳамроҳларим мени “Сен бизни ғаниматлардан маҳрум қилдинг” – дея маломат қилишди. Росулуллоҳ соллаллоҳу аалайҳи васалламнинг олдига қайтиб борганимизда, улар у кишига менинг нима қилганимни айтиб бердилар. У киши эса мени тилга олиб, бажарган амалимни мақтовга сазовор деб топдилар. Кейин эса менга шундай дедилар: «Аллоҳ таоло, албатта, ҳар бир бани одам учун мана шунча, сен учун мана шунча ризқни олдиндан белгилаб қўйган”. Кейин яна давом этдилар: “Менинг ўзим сен учун ўлимимдан сўнг мерос тариқасида бирор нима ёзиб қўяман”. Ул зот шундай қилдилар, уни муҳрлаб менга топширдилар”. (Абу Довуд ривояти)
Шаддод ибн Ҳодий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади (ҳадис маъноси):
“Бир бадавий Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдига келиб иймон келтирди. Сўнгра эса деди: “Мен сиз билан сафарга чиқмоқчиман”. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча асҳоблар улушига уни ҳам қўшиб қўйдилар. Савашда бир қанча ғанимат қўлга киритилди ва Росулуллоҳ уни тақсимлай бошладилар. Бадавий ўз улушидан воз кечди ва сўради: “Бу нима?” Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “Мен буни сенга белгиладим”. Бадавий деди: “Мен бунинг учун сизга қўшилганим йўқ, балки мана шу йерда камон ўқи танамни тешиб ўтиб қатл қилинишим (кафтини бўйнига олиб бориб тасвирлайди) ҳамда жаннатга дохил бўлмоқлигим учун сизга эргашяпман”. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар айтганларинг чин бўлса, Аллоҳ хоҳишингни рўёбга чиқаради». Улар бир муддат туриб душман билан жанг қилишга чиқдилар. (жангдан сўнг) Бадавийни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдига олиб келишди. Ўқ айнан у қўли билан кўрсатган жойига санчилган эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бу ўшами?” Саҳобалар жавоб бердилар: “Ҳа”. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “У чин сўзлаган экан, шунинг учун ҳам Аллоҳ унга жавоб қайтарибди”. Кейин уни Росулуллоҳнинг либослари билан кафанладилар ҳамда Ул зот бадавий қошига келиб унинг ҳаққига дуо қилдилар. Мана бу оша дуодан парча: “Ё Аллоҳ, бу қулинг сенинг йўлингда муҳожир сифатида олға юрди ва қатл этилиб шаҳид бўлди. Мана мен бунга шоҳиддирман». (Насоий ривояти)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир одам келиб деди: “Эй Аллоҳнинг Росули бирор кимса жиҳод қилишни истаса-ю, лекин дунё матоҳини кўзлаган бўлса, у қандай одам ҳисобланади?” Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “Унинг учун ҳеч қандай ажр йўқдир”. У (савол берувчи одам) саволини яна уч бора такрорлади , бироқ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар “Унинг учун ҳеч қандай ажр йўқдир” деб жавоб беравердилар”. (Абу Довуд ривояти)
Абу Мусо Ал-Ашарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Алллоҳнинг Росули соллаллоҳу алайҳи васалламдан мардонавор жанг қилувчи киши, иштиёқ билан жанг қилувчи ва иккиюзламачилик билан жанг қилувчи кишидан қайси бири Аллоҳнинг йўлидалигини сўрадилар? У киши жавоб бердилар: “Қайси бири Аллоҳнинг сўзи Олий бўлиши учун жанг қилса, ўша Аллоҳнинг йўлидадир”. (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа ривоят қилган)
Саҳобаларнинг (розияллоҳу анҳум) муҳорабалардаги ҳамда улар фатҳ этган ерлардаги ўзини тутишлари шахсий истак ҳамда хоҳишларини жиловлай олишларининг миқёсини ва улардаги асосий ҳамда бош мақсад – Инсониятнинг ҳақ дин ила ҳидоятланишлиги ва Аллоҳнинг сўзи Олий бўлиши йўлидаги фидокорликлари кўламини кўрсатиб беради. Саҳобаларни ҳокимият ва куч-қудратга ўчликда, мамлакатлар ва халқларни талаганликда, ёки бойлик топиш илинжида фаолият олиб борганликда айблайдиган баъзи кимсаларнинг иддаолари эса пуч ҳисобланади.
Инглиз тилидан Муслим Бухорий таржимаси