Ёнғинда ёнмай қолган закот пуллари

ҲИКОЯЛАР

  Наманганлик бир инсон ҳикоя қилиб беради: Бир куни тўплаб қўйган пулимни ҳисобладим ва нисобга етганига бир йил бўлганини эсга олиб закотини ажратиб қўйдим. Бизнинг томонларда бу урфий одат бўлгани боис, закот беришим лозимлигини билардим. Бир воқеа рўй бермагунига қадар закот масаласини молни сақлаш учун қилинган ишгина деб ҳисоблардим. Аслида унинг моҳияти жуда-жуда кенг экан.

   Аниқ биламанки, закот пулимни кейинроқ шунга ҳақлироқ инсон топилса бераман, шкафнинг ичида турган, фақат тўй-маъракаларга киядиган кастюмимнинг чўнтагига солиб қўйдим. Ишим кўпайиб кетиб ҳақдорга бериш ёдимдан кўтарилибди.

    Бир куни уйимга ўт кетди. Уйда ҳеч ким йўғида, нимаики тўплаган бўлсам ярим соатнинг ичида ер билан битта бўлди. Хабарини эшитган заҳотим уйга отландим. Келиб қарасам, ҳамма нарса- уй ичидаги темир иситгичларгача эриб тўкилиб тушганди. Ўт ўчирувчлар сув сепиб ёнғинни тугатишгач, уйдан умидимни уздим. Ҳамма ёққа бир-бир назар соламан-у, бирор бир нарсанинг қолиб кетганига ишонмасдим. Шу пайти ўт ўчирувчилардан бири мени чақириб қолди. Борсам, минг ҳаяжон ила қўлида бир даста пул билан турибди. Инсофли йигит экан, бу пулни қаердан олганлигини ҳам айтди. Не кўз билан кўрсам, бу ўша – бундан бир неча кун олдин ҳақдор эгасига бераман, деб олиб қўйганим – закот пули эди. Ичимдан зил кетгандек бўлдим. Чунки уй нима учун ёниб кетганини англаб етгандим. Вақтидан ўтиб кетган пул ёндириб юборганди. Эгасига етиб бормаган пулнинг ҳақига қолган эдим.

  Ўт ўчирувчи йигитнинг нима учун топган пулини дарҳол менга бериб, ўзини инсофли кўрсатганлигини ҳам энди тушуниб етгандим. Аллоҳ менга кўрсатиб қўйди, закотини бермаган одамларнинг моли нима бўлишини, Аллоҳ менга яна бир буюк дарсини ўргатдики, хўл-у, қуруқ бир бўлиб ёнган уйнинг ичида бировнинг ҳақи куймай қолар экан. Закот деб ажратиб қўйганим, ўша пайти ҳақиқатан ҳам қалбимда ният қилганим боис, ўша пуллар ёнмай кўзи олдида ҳақни зоҳир қилиб турарди. Субҳаналлоҳ!

   Ана шу воқеадан сўнг, закотнинг асл моҳиятини англаб етдим. У нафақат дунёдаги саломатлигимизга сабаб экан, балки охиратимизнинг ҳам куйиб кетмаслигини таъминлайди экан.

Улашинг :
𝐌𝐮𝐡𝐚𝐦𝐦𝐚𝐝 𝐙𝐨𝐡𝐢𝐝
𝐴𝑙𝑙𝑜ℎ𝑑𝑎𝑛 𝑞𝑜'𝑟𝑞𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟 𝑣𝑎 𝑠𝑜𝑑𝑖𝑞𝑙𝑎𝑟 𝑏𝑖𝑙𝑎𝑛 𝑏𝑖𝑟𝑔𝑎 𝑏𝑜'𝑙𝑖𝑛𝑔𝑙𝑎𝑟!
https://sodiqlar.org

Мулоҳаза билдириш

Сизнинг email манзилингизни бошқалар учун кўрсатилмийди. Барча керакли жойларни тўлдиринг *